14 сен 18:48
Янгиликлар
Олимпиада совриндори Элмурат Тасмуродов билан интервью: "Юртбошимизнинг руҳи қўллайди бизни"
Бу йигит ҳақида исталганча сўз юритиш мумкин. Юнон-Рум кураши бўйича юртимизнинг энг таниқли ва совриндор спортчиси. Унинг инсоний хислатлари ҳам тахсинга сазовор. Камтарин, хушчақчақ, ҳушфел. Бир сўз билан айтганда, ажойиб инсон! Эндигина 24 ёшга тўлган спортчимиз, залворли ютуқларни қайд эта олди. Лекин энг яхши натижаларим ҳали олдинда деб мехнат қилишда давом этаётган ушбу Юнон-Рум кураши устасининг қандай қийинчиликлар ортидан ушбу даражага етишгани мухлислар ва ёш спортчиларимиз учун қизиқ эканлигини инобатга олиб, Унинг курашга кириб келиши, фаолияти, Олимпиада таассуротлари ҳақида батафсил сухбат қурдик.
News Arena маълумотномаси
Элмурод тасмуродов 1992 йил 12 декабрда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Янги овул қишлоғида таваллуд топган. Юнон –Рум кураши бўйича 59 кг вазн тоифасида бахс олиб боради. Ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида Осиё чемпиони. Жаҳон чемпионатининг бир неча бор совриндори, кўп карра Гран При турнирлари совриндори. Рио Олимпиадаси бронза медали соҳиби.
Юртбошимиз хотирамизда мангу қолади
Биласизми? Хали-ҳануз юрагимга сиғдира олмаяпман. Сўнги кунларгача умид қилгандим. Хеч қандай гап-сўзларга, миш-мишларга эътибор қаратмагандим. Афсуски, бу ҳақиқат бўлиб чиқди. Ушбу инсоннинг биз ёшларга, юртимизга қилган эзгу ишлари ҳақида гапиришга тилим лол! Буни барча халқимиз яхши билади. Қанчалик ушбу инсон билан учрашиб, оқ-фотихасини олишни истаганимизни тасаввур қилсангиз эди. Ўйлайманки, юртбошимиз бутун юртимиз ахолисининг қалбида мангу яшайди. Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиадада ҳам бизни руҳлари қўллаб-қувватлашига ишонаман. Насиб қилса, ўшанда албатта олтин медални қўлга киритишга ҳаракат қиламан.
Юнон Рум курашига ошно бўлган кунингиз...
Аслида, курашга кириб келишимнинг асосий сабабчиси дадам бўлади. У инсоннинг талаби билан ушбу спорт турига кириб келганман. Дастлаб, дзюдо, эркин кураш спорт турлари билан шуғулланганман. Кейинчалик, юнон-рум курашини танлаганман ва хато қилмабман.
Яхши мураббий муваффақият гарови
Илк мураббийим Абдурауф ака Яқубов бўлади. Ушбу инсонга мингдан-минг рахмат айтаман. Чунки спортда тетапоя бўлишимга айнан шу инсон сабабчи бўлади. 2008 йилдан терма жамоа таркибига жалб этилганман ва у ерда Рустам ака Қудратов қўл остиларида машғулот ўтказа бошладим. Ушбу мураббийимдан юнон-рум курашининг ўзига ҳос сир-асрорларини ўрганиб, мукаммал формага эга бўлдим. Қолаверса, хали-ҳануз ўрганиб келмоқдаман. Айтишадику, яхши мураббий муваффақият гарови деб. Шундай мураббийлар шогирди эканлигимдан фахрланаман.
Отамнинг насиҳатлари ғалабага ундаган
Юқорида айтиб ўтганимдек, дадамнинг хохиш-истаклари билан спортчи бўлганман. Ҳар қандай спортга бефарқ эмас, ҳақиқий ишқибози. Дадам ҳайдовчи бўлган. Кўпроқ машинасини тузатиб, қўллари мой бўлганда, менга кўрсатиб, ўғлим шундай қўлинг мой бўлиб юргани яхшими ёки шинам ареналарда машғулотлар ўтказиб, чет-элларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш яхшими деб кўп гапирарди. Қолаверса, қаттиққўл ва талабчанлиги ҳам бор. Ҳозирга қадар, назорат қилиб туради. Ёшлигимда эрталаб уйғотиб, машғулот ўташимга мажбур қиларди. Бир кун машғулотлардан қолсам, керак бўлса, калтак ҳам ердим. Машғулотларга бориш учун, 5 км тўқай оралаб юриб, кейин автобусга ўтирардим. Автобус ҳам тўққизта бекат юргандан сўнг, машғулотлар залига етиб борардим. Баъзан автобус бўлмай қолса, деярли пиёда келардим. Қоронғу тушиб кетарди. Қишлоғимиздан ҳар куни ҳар-хил болалар шерик бўларди. Чунки, бир кун борса, қолган куни боришмас эди. Кўпчилик қизиқиб, бориб юришди. Лекин охирига етказа олмадилар. Мен эса, дадамдан қўрққанимдан ҳам хеч қолдирмай борар эдим. Шукрки, дадамнинг орзусидаги спортчи бўла олдим деб ўйлайман. Шукрки, шундай инсонни фарзанди эканман. Ўша вақтдаги талабчанлиги эвазига ҳозирда шундай натижаларга эришдим. Дадмаг биричи машина совға қилганимда ўзимни жуда баҳтиёр хис қилганман. Дастлаб, Спарк машинаси совға қилгандим. Эндиликда Малибуни ҳам дадамга совға қилдим зеро буларнинг барчасини дадамнинг шарофати билан қўлга киритганман.
Осиё ва Жаҳон чемпионати ҳамда Олимпиада ўртасидаги фарқ ҳақида
Юнон-Рум кураши, умуман олганда ҳар қандай яккакураш спорт турлари Осиё миқиёсида яхши ривожланган. Деярли кичик жаҳон чемпионати дейилади. Мисол учун, Дзюдода ғолибликка даъво қилиш учун, Европадан Франция, Италия, Россия ва Украина, Америка қитъасидан Бразилия қўшилиши мумкин. Қолгани барчаси Осиё давлатлари, Таэквондо WTF ни олинг барчаси Осиё давлатлари, мана бокс, Россия билан Кубани ҳисобга олмасангиз барчаси Осиёликлар. Юнон-Румда ҳам шундай деб бемалол айта оламиз. Қозоғистон, Қирғизистон, японияликлар қандай кучга эга эканлигини Олимпиада ҳам кўрсатиб қўйди.Яна бир омил, Осиёликлар теҳникага асосланган кураш намойиш этади. Шунинг учун ҳам, шахсан менга бу ноқулайликлар туғдиради.Европаликлар бироз вазминроқ, Лотин америкаси вакиллари эса, жисмоний холатдан мукаммал бўлади. Бундай курашчилар билан бахс олиб бориш эса, менга қулайроқ. Шунинг учун ҳам Осиё чемпионатининг савияси қолганлардан хеч бир жабҳада қолишмайди. Барибир, алоҳида биттасини кўрсатиб айтадиган бўлсак, Жаҳон чемпионатининг савияси кучли, чунки, унда жуда кўп спортчилар иштирок этади. Олимпиадада эса, вазн тоифасида спортчи кам бўлади. Қолаверса, курашда тасодифлар кўп, баъзи кучли спортчилар ҳам арзимас хато билан Олимпиада йўлланмасига эга чиқа олмай қолиши мумкин. Жаҳон чемпионатида эса бундай холатлар бўлмайди.
Энг аламли мағлубияти ҳақида
Спортда доимо ғалаба ва мағлубият ёнма-ён юради. Бу табиий холат. Лекин шундай мағлубиятлар бўладики, уни эсдан чиқариш мушкул бўлади. Фаолиятимда шундай мағлубиятлар ҳам бўлган. 2013 йил Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган Универсиадада қозоғистонлик Алмат Кедесбаевдан ва 2015 йил Лас-Вегасда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида болгариялик Жаҳон чемпиони Иво Ангеловдан учралган мағлубиятимни ҳазм қилиш жуда оғир кечган. Дарвоқеа, Иво Ангеловни Рио Олимпиадаси йўлланмаси учун кечган бахсда 10:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб ўзига хос реванш олишни уддалаганман.
Миш-мишлар борасида?
Интернет сайтларидан турли ҳил гап сўзларни ўқиб, нотўғри хулосага эга бўлганлар ҳам топилаяпти. Дастлаб, Қозоғистон терма жамоасига жалб қилиниб, ўта олмаган экан. Туркистон шаҳрида ўқийди, ота-онаси ҳам Қозоғистонда яшар эмиш деган гап сўзларнинг барчаси ёлғон ва миш-миш холос! Ота-онам Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Янги овул қишлоғида истиқомат қилади. Ўзим эса, дастлаб Ангрен пединиститутда ўқиганман. Ҳозирда эса, иккинчи мутахассислик учун, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтининг тўртинчи босқичида тахсил олаяпман.
Кураш назарияси ҳақида
Барибир ҳар бир сохада назария мухим ўрин тутади. Спортда ҳам шундай. Тўғри, барибир амалиётдаги мукаммаллик кўп нарсани англатади. Лекин бу билан назарияни кейинга суриб қўйиш тўғри эмас. Тактик қўлланмалар, рақиб ҳаракатларини тахлил қилиш ғалабанинг асосий гарови ҳисобланади.
Гиламда рақиб, ҳаётда эса дўст
Баъзи бир рақибларим билан жуда яхши, дўстона муносабатдаман.Баъзан фикрлар алмашамиз. Ҳангомалар қилиб турамиз. Уларнинг орасида Беларусиялик Сослан Довуров, россиялик Лондон Олимпиадаси совриндори Миндиян Семёновлар билан жуда қадрдонмиз. Улар гиламдагина рақиб холос. Табиатан оғир, босиқ ва хушмуомла инсонлар.
Олимпиада таассуротлари
Рио Олимпиадаси жуда ҳам эсда қоларли бўлди. Чунки, ушбу тўрт йилликнинг энг катта мусобақасида совриндор бўлишнинг ўзи ҳам катта натижа деб биламан. Лекин бунданда юқори натижани қайд этаман деб мақсад қилгандим. Афсуски, бу сафар буни уддалай олмадим. Лекин медал билан қайтганимга ҳам шукр қиламан. Энг қувонарлиси, Ўзбекистон делегацияси ажойиб натижани қайд этди. Шундан бошим кўкка етди. Делегациямиз аҳиллиги ва бирдамлиги билан барчада яхши таассурот қолдирди.
Кубалик рақиби ҳақида?
Исмаэл Баррера билан ярим финал беллашувида жуда қўпол хатога йўл қўйдим. Тактика танлашда адашдим. Яъни мураббийлар кўрсатмасини бажара олмадим. Бир оз шошилиб қолдим. У асосан жимоний бақувватлиги эвазига кураш олиб боради. Мен ҳам унинг йўлига тушиб қолдим. Биласиз асосан техник ҳаракатлар орқали бахс олиб бораман. Ўша куни у каби тактика танлаб адашдим. Хабарингиз бўлса, уни Тошкентда 10:0 ҳисобида мағлубиятга учратгандим. Шундай бўлсада, рақибим ғалабани хаққоний қўлга киритди. Ундан ҳам насиб қилса, реванш оламан.
Бронза жангидаги тахликали холат борасида?
Ушбу бахсга рухан толиқиш билан чиққандим. Чунки, ниятим олтин медални қўлга киритиш эди. Ғалабамга ишонгандим. Дастлаб беш баллни қўлга киритдим. Кейин бироз ҳотиржамликка берилдим шекилли.Қолаверса, партерда ҳам камроқ ишлаган эдик. Битта икки баллни қўлга киритди ва партерда тўрт баллни қўлга киритди. Ўшанда, кўз олдимга қилган мехнатларим, гўёки ота-онамнинг йиғлаб турганлари, ишонч билдирган халқимизнинг хафсаласи пир бўлиб, қўл силтаганликлари келди. Шундан сўнг, хушимни йиғиб, яратганни ўзи куч бериб, ғалабани қайтариб олдим.
Кутиб олиш ва халқимиз эътирофи ҳақида?
Биласизми? Бу даражадаги эътиборни кутмагандим. Нафақат мен барча спортчилар қойил қолди. 20 соатлик учиш мобайнида ҳориб келгандик. Бундай манзарани кўриб чарчоқлардан асар ҳам қолмади. Барибир ватанимизга хеч қайси мамлакат етмайди.
"News Arena" газетасидан олинди
Аҳмадбек Эшматов суҳбатлашди
Фикрлар