21 фев 17:37
Янгиликлар
Орамиздаги одамлар ёки Бегламишнинг футболчи қизлари
Баҳор қайтади. Борлиқ яна уйғонади. Ўт-ўланлар яна ердан бош кўтаради. Қийғос гуллайди. Мева тугади. Шоша-пиша уруғ ташлаб, хазон бўлади. Кўклам дегани одамзод учун қайта тирилишга ишора эмасмикан? Баҳорни кузатсангиз бунга аниқ ишора бор.
Ўн саккиз минг оламни яратган Эгам ёруғ оламга, еру осмонга, тирик оламга ризқ-рўз, барокатли умр бераётганига ишонган одам қишда она замин оппоқ кўрпасига бурканиб ором олаётгани, куч-қувват тўплаётгани, ҳадемай кўклам келганида яна уйғониб, гуллаб-яшнашига бемалол ишонади.
Юртимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби Чироқчи томонларда, Кўкдала ҳудудининг Бегламиш қишлоғида ҳам фасллар шундай. Бир маромда, адашмай ўтади. Қишда кўпкарисини чопонга ўраниб томоша қилсанг ҳузурланасан, Замин кўклами кўрпача бўлган Наврўзда курашини кузатсанг лол қоласан. Одамлари бағри кенг, ориятли, меҳр-оқибатни унутмаган. Илм-маърифатга интилиб, шу йўлда мақсад-муддаоларига етаётган зиёлилар ҳар оилада борлиги нақадар яхши.
Кўкдалада ҳам, Бегламишда ҳам кўпкари ва курашда чор атрофга довруқ таратган тенгсиз полвонлари билан машҳур эканлигига оқсоч тарих гувоҳ. Бугун бу қишлоқда нафақат кураш, улоқ-кўпкари, балки спортнинг бошқа турлари билан шуғулланиб, мақсадлари сари дадил бораётган ўғил-қизлар кўпчилик экани, қишлоқ одамларининг соғлом турмуш тарзининг асоси – жисмоний тарбия ва спортнинг афзалликлари хусусида аллақачонлар англаб етгани бор ҳақиқат.
Сизга ҳикоя қиладиган саҳифамиз қахрамони Илҳом полвон Чоршанбиев ҳам шу қишлоқда туғилиб вояга етган. Оиласида соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиб, спортни кундалик турмуш тарзига уйғун ҳолда олиб боришини, ўзи ва қизлари томонидан спортда бир қатор ютуқларни қўлга киритаётганини кўпчилик билади, кўпчиликнинг эса хабари йўқ. Очиғи, бизнинг ҳам хабаримиз йўқ эди. Тасодиф туфайли Чироқчининг Еттитом деб номланган ҳудудидаги бекатда танишиб қолдик. Гап, гурунг кўпкари, отлар ҳақида борар экан полвоннинг отларга меҳри ўзгача экан-да, деган фикрга бориб турганимда, ёнидаги ҳамроҳи “Полвоннинг олти қизи бор, олтови ҳам футбол ўйнайди, иккита қизи республика терма жамоаси аъзолари саналади” деб гапга қўшилганда, очиғи ҳайрон қолдим.
Мамлакатимизда аёллар футболи ҳақида устозимиз Ойбек ака Юнусовчалик кўп ва хўп ёзган, аёллар футболида тўп сураётган футболчилар ҳақида у кишичалик биладиган журналист йўқ, дедим-да устозга телефон қилдим. Рост экан. Мен эса асли чироқчилик бўлиб спортчи оила ҳақида хабарим бўлмаганидан бироз хижолатда қолдим. Полвон билан тезда хайрлашиб, пойтахтга қайтдим.
Тошкентда устоз Ойбек Юнусов билан кўришиб, Илҳом полвон ҳақида сўраганимда, Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ўтган йили декабрь ойида ўтказилган йил лауреатларини аниқлаш маросимида “Йилнинг энг ибратли оиласи” деган фахрий номинацияни қўлга киритгани-ю, чавандозликда етакчи экани, қизларининг терма жамоалар сафида мустаҳам ўрин эгаллагани каби бир қатор ютуқлари ҳақида сўзлаб бериб, шу оила ҳақида нимадир ёзиш керак, дея маслаҳат берди. Шу-шу бўлди-ю Илҳом полвон ва унинг спортга, футболга ошно қизлари хусусида мақола ёзишга қарор қилдик. Тошкентдан атайин Чироқчи тумани Бекламиш қишлоғига Илҳом Полвон хонадонига бордик ва бир кеча тунни тонгга улаб, отлар, улоқ-кўпкари, футбол, кураш мавзуларида гурунглашдик.
Илҳом полвоннинг айтишича, қишлоқнинг ҳамма хонадонида қадимдан яккамихда от боғланиб турган. Ҳозир ҳам шундай. Полвоннинг ҳам ота томонидан Абдулла полвон, она томонидан Бердиёр полвон, Сори полвонлар кураш тушиб, от ўйнатиб улоқ-кўпкарида номи чиққан полвонлар бўлган. Она томонидан бобоси Бердиёр полвон умрининг сўнгги йилларида ўзи минган оти эгар-жабдуқларини Илҳом полвонга ҳадя қилгани-ю, мерос қолдирганидан кўринадики, Илҳом полвонда отга бўлган ошнолик болаликдан пайдо бўлган.
Бироқ 1973 йилда туғилган Илҳом полвон ёшлигида кўпкари эмас, футбол билан шуғулланиб, яхшигина ютуқларга ҳам эришган. Боксда ҳам истеъдоди ниш урганини, зарбалари залворли бўлганини тенгқурлари ҳалигача гапириб юради. Ўқувчилик пайтидаёқ мактабдаги жисмоний тарбия фанидан дарс берган устозлари Нормурод ва Яшин домлалар ундаги футболга бўлган қизиқиш ва истеъдодни сезиб, Кўкдаладаги жамоага таклиф қилган.
Тўғрисини айтиш керак, у пайтлари спортга, болалар спортига, хусусан, футболга бўлган эътиборнинг деярли йўқлиги боис Илҳом сингари истеъдодлар ярим йўлда орзуларига ўралиб қолиб кетаверган. Бир муддат иккинчи лигада ҳам тўп суриб, омадини синаб кўрган.
Кўринишидан бўйлари баланд, кенг елкали, чапдаст ва чаққон, ерга урса осмонга сапчийдиган, югурса етиб бўлмас болакай тақдири билан ўша пайтлари қизиқадиган, қўлидан етаклаб катта шаҳарлардаги катта-катта устозлар қўлига тутқазиб қўядиган топилмаганидан ҳалигача афсус чекишини кўпам гапиришни хоҳламайди. Энди у сароб кўринган орзулари рўёбини фарзандлари, янаям аниқроғи қизларида кўришни жон дилидан истайди. Бу истаклар бирин-кетин амалга ошаётганидан худди ёш боладек қувониб кетиши табиатига хос. Бу ҳақида кейинроқ.
Хуллас, шароит ва эътиборнинг йўқлигидан, кейин қонида номдор чавандозлар қони оқаётганидан, отларга ҳам меҳри ўзгачалиги, кўнглининг энг тубига яширган нияти – зўр жийрон билан кўпкарида солимнинг зўрини тўдадан айириш эди. Кунларнинг бирида полвон туш кўради. Тушида боболари от миниб, кўпкарига киришини, улоқчи-чавандоз бўлишини, агар бу йўлни тутмаса, ўзлари билан олиб кетиб, у ёқда худди шу ишни улар кўмагида амалга оширишини айтади.
Эрта саҳар туриб кўрган тушини ота-онасига сўзлаб бериб, яхши от олиб беришини сўраб ёлворади. Кўрган туши ўнгидан келиб, улоқчи-тулпорга эга бўлган Илҳом полвон биринчи кўпкарига киришидаёқ зот айиришни уддасидан чиқади. Чавандозларнинг тили билан айтганда, узангидошлари Ихтиёр Эргашев, Мақсуд Жалилов, Жалил Сориев, Мавлон Бегимов билан қаерда кўпкари дарагини эшитса, ўша томонга отини буради. Туман миқёсида, вилоят, қўшни вилоятлар, ҳатто водий вилоятларига бориб, улоқ айирганларини айтмаса бўлмас. Бир ёши элликни қоралаб бораяпти-ю, ҳали-ҳамон улоқ-кўпкарига кириб, етакчилар қаторида бўлаётгани таҳсинга лойиқ.
Илҳом полвон шифокорлар оиласида вояга етган. Отаси Шоди Чоршанбиев Кўкдаладаги марказий поликлиникада болалар шифокори, акаси Рустам Чоршанбиев 2-сонли Кўкдала шифохонасининг бош шифокори. Укаси Ҳасан эса Қарши шаҳрида невролог шифокор сифатида фаолият юритади. Опа-сингиллари ҳам ибратли оилаларга келин бўлиб, умргузоронлик қилишмоқда. Бир сўз билан айтганда, ибрат олса арзийдиган оила.
Юқорида полвоннинг қизларини футбол бўйича мамлакат терма жамоалари сафида, деб таъкидлаб ўтган эдик. Энди шу хусусида. 1996 йили полвон қишлоқдоши Васила Маҳмарасулова билан севишиб турмуш қурди. Бирин-кетин фарзандлар дунёга келди. Шаҳзода (1997 йил), Лайло (2000 йил), Амина (2002 йил), Райҳона (2004 йил), Эътибор (2006 йил), Ўғилой (2010 йил). Тақдирнинг полвонга ёзган ёзиғини қаранг. Йигитларнинг сардори Илҳом полвон ўғил фарзанд кўриб, тўй қилмаса-я, тўйида узангидошларини чақириб кўпкари беролмаса-я. Йўқ, полвон ва унинг рафиқаси Васила келин умидини сўндирмади. Яратганга ялиниб, ёлворишдан чарчамади.
Шукур, Ўзингга шукур Яратган Эгам! 2014 йил полвоннинг кенжа фарзанди ўғил бўлди. Ўғлининг исмини бокс бўйича Олимпия чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаевга ҳавас қилиб, Муҳаммадқодир деб қўйди. Ҳозир у беш ёшда. Беш ёшида отга миниб, отасига эргашганини кўрган бобоси Шоди бобо ва момоси Иззат хола бу кунидан шодумон.
Катта қизи Шаҳзода мураббий-ўқитувчи йўлини танлади. Ҳозирда тумандаги 2-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабида мураббий.
Бокс қироли Муҳаммад Алининг қизи Лайло Али эсласангиз, 2000 йилда бокс бўйича жаҳон чемпионатида чемпион бўлиб, довруғ қозонганди. Ўша Лайлога ҳаваси ортган ота иккинчи қизи исмини Лайло деб қўйди. Полвон қизини олти ёшлигидаёқ боксга бермоқчи эди. Шароитнинг йўқлиги боис футбол машғулотларига етаклади. 11 ёшидан Қаршининг “Севинч” кулубида тўп тепишни бошлаб, бир йил ичида жамоа аъзосига айланди. 12 ёшида ўн олти ёшли қизлар билан бир жамоада ўйнаб, мутахассислар эътиборига тушди. Бир муддат “Машъал” ва “Олмалиқ” жамоаларида ҳам ўйнади.
“Севинч”нинг энг ишончли ўйинчиларидан бирига айланиб, олий лигада бир неча бор ғалаба қозонди. Аёллар терма жамоаси сафида Эрон, Хитой, Иордания, Малайзия сингари йигирмага яқин далатларга бориб, юрт шаънини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Ҳозирда 19 ёшгача бўлган қизлар терма жамоасида сардорлик ҳам Лайлога ишониб топширилган.
Учинчи қизи Амина ҳам опаси Лайлони этагидан тутиб, футболни танлади. “Севинч” клубида шуғулланиб, биринчи лигаларда иштирок этиб, тажрибасини бойитди. Ҳозирда Навоий вилоятининг “Гули” жамоаси аъзоси. Амина ҳам 19 ёшгача бўлган қизлар терма жамаосида етакчи ўйинчилардан саналади. Миллий терма жамоа сафида опа ва сингилнинг бўлиши қандай яхши-а!
2004 йилда туғилган Райҳона ҳам “Севинч”да. Шу клубга аъзо сифатида биринчи лигада ишончли ўйин кўрсатмоқда. Эътибор исмли бешинчи қизи ва олтинчи кенжа қизи Ўғилой ҳам футбол тўгаракларига мунтазам қатнайди. Улар ҳам опалари сингари “Севинч” клубининг ёшлар таркибида Дилмуҳаммад Қурбонназаров қўл остида машғулотларга зўр беришган. Ўн ёшидан футболга кириб келган Эътибор қиз тенгқурлари орасида истеъдоди юқори экани боис, ёшлар ўртасида ўтказилаётган беллашувларда рақиб дарвозасига бешта, олтитагача тўп киритиб, мақтов ёрлиқларини тўплашни бошлаган.
Илҳом полвон Баҳром Норсафаров, Гулнора Тўраева, Карима Йўлдошева ва бошқаларнинг олти опа-сингилга устоз-мураббийлик қилаётганидан миннатдор. Ота-онанинг тилида ва дилида ҳамиша уларга нисбатан раҳматлар айтишдан чарчамайди.
Тилаб топгани Муҳаммақодир (кўз тегмасин) эса энди бешга кирди. Бокс қўлқоплари, футбол коптоклари бир талай. Отанинг нияти номдор боксчи бўлиб, Олимпиада чемпиони даражасига етказиш, аммо ўғилнинг негадир бокс қўлқопини кийгиси йўқ. Коптокни изидан югургани югурган. Телевизорда футболга оид кўрсатувларни кўришдан чарчамайди, машҳур футболчиларни ҳатто характерини чизиб беради. Ҳойнаҳой футболга ошиқ бўлади-ёв.
Хулоса қиладиган бўлсак, Бегламишда дурустгина футбол майдонининг ўзи йўқ. Туман марказидан олисда. Лекин полвоннинг қизлари мамлакат терма жамоалари сафида бири сардорлик боғичи остида, иккинчиси ҳужумда ўйнайди. Қолган қизларига ҳам мураббийлар катта ишонч билдирмоқда. Полвон ва унинг умр йўлдоши Васила келиннинг ҳам спортчи болаларидан ишончи катта. Шароит етарли бўлмаган қишлоқдан ҳам чемпион фарзандлар чиқишини уддалаган оилани мамлакат миқёсида намунали оилалар қаторига қўшсак, нима дейсиз, азиз мухлис.
Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади, ўз мухбиримиз
Фикрлар