16 авг 13:45
Янгиликлар
“Оёғингнинг жароҳати билан нариги дунёга дунёга равона бўласан”. Совет жангчиси уруш пайтида оёғини кесишларидан бош тортди, кейин 1952-йилдаги Олимпиадада кумуш медални қўлга киритди
Ватандагилар олтин медал ҳакамлар томонидан ўғирланган, деб ҳисоблайди
Совет боксчиси Сергей Шербаков Улуғ Ватан урушига ўз ихтиёри билан кетди, қаҳрамонлик билан хизмат қилди, бироқ яраланди, натижада оёғидан ажралишига бир баҳя қолди. Сергей гангрена бўлиши мумкинлигини билса-да, шифокорларни оёғини кесмасликларига кўндирди, чунки рингга қайтиш унинг орзуси эди.
Шербаков тузалди: ҳар куни оёғини даволади, юришга ҳаракат қила бошлади. Спортчининг боксга қайтишини эшитганлар унинг устидан кулишди, ҳамда бир умр ногиронлар аравачасида қолишини айтишди. Аммо Сергей таслим бўлмади, сабаби бокс ҳаётининг мазмуни эди.
Шербаков билан мўжиза содир бўлди: тузалганидан бир неча ой ўтиб СССР да биринчиликни, 1952-йилги Олимпиадада эса кумуш медални қўлга киритди. Кўпчилик Сергейдан Хелсинкидаги ҳакамлар чемпионликни СССР га бўлган муносабати сабаб тортиб олишди, деб ҳисоблашади.
Шербаков немисларга қарши жангда оёғидан жароҳат олди. Шифокорлар оёғини кесиш кераклигини айтишди, бироқ боксчи рози бўлмади
Сергей Шербаков 1918-йил Москвада туғилган. Акаси Вячеслав бокс билан шуғулланган, шу туфайли болалигида бу спорт турига кела бошлаган. Лекин илк машғулотлар унга ёқмайди: мураббий болаларга қўлқоп бермаган, фақат турли машқлар қилдирган. Шундан сўнг Сергей акробатикага ўтиб кетади, аммо боксдан воз кеча олмади.
Акаси сайрга чиққанда, Сергей унинг қўлқопларини олиб ҳовлига чиқар ва болалар билан беллашар эди. Улар битта қўлига қўлқоп кийиб жанг қилишган, шу тариқа Сергей ўнг ва чап қўлида зарба беришни ўрганган.
Ҳовлидаги жанглар тез ниҳоясига етди: акаси унинг ишини сезиб қолганидан кейин қўлқопга тегинишни тақиқлаб қўйди. Шербаков болалар билан жанг қилишни тўхтатди ва бутун эътиборини акробатикага қаратди. Унда туғма қобилият бор эди, енгил атлетика, сузиш билан ҳам шуғулланиб яхши натижалар кўрсатган. Унинг энергияси ҳаммасига етар, бироқ боксни орзу қилар эди.
Шербаков мактабни тугатгач, заводга ишга кирди ва акробатика билан шуғулланишни давом эттирди. Бироқ боксчиларнинг машғулотларига ҳасад билан қарар эди.
Шербаков ўзининг хотираларида : “ Машғулотларим тугагач, боксчиларни кузатгани борардим. Уларнинг чақмоқдек тез, кучли зарбаларини кўрар ва овозини эшитар эдим. Нега мен ҳам омадимни синаб кўрмаслигим керак? Аммо яна машқ бажаришга мажбурлашади, лекин қўлқоп беришмайди”-деб эслаган.
Бироқ Сергей ўзини қўлга олди ва боксга келди. Мураббий Александр Бессонов унинг жисмоний тайёргарлигини билиш учун икки ўқувчисига (буларнинг орасида ўз оғли ҳам бор эди) қарши жангга ташлади. Шербаков кўп йиллардан бери машқ қилиб юргани ва ҳар томонлама тайёр бўлгани сабабли иккаласининг устидан ғалаба қозонди. Бессонов йигитни қабул қилди, Шербаков СССР чемпионатида 1939-йилда 3-ўринни, 1940-йилда 2-ўринни эгаллади.
Шербаков 23 ёшдалигида уруш бошланди. Заводда “Динамо” жамоасида орасида қолиши мумкин эди, лекин ихтиёрий равишда фронтга кетди. Спортчилар сафида Сергей ҳам дивизионга қўшилди, уларнинг кўпчилиги немисларга қарши портловчи мослама етказиб беришар эди. 1942-йил қишда Шербаков вазифасини бажараётганда оғир жароҳатланди. Портловчи қутининг парчаси унинг оёғига келиб тушган эди.
Унинг ўзи: “Кейинги қутига қараб ҳаракатланишни бошлаганимизда, қаттиқ зарбани ҳис қилдим-оёғим узилиб кетгандек бўлди. Зўрға гапирдим:”Гриша! Оёғим парчаланиб кетди!” У тез орқага сурилиб қаради ва секин пичирлади:” Оёғинг жойида!” Этигимни ечишга уринди, аммо қўлидан келмади”,-деб айтган.
Сергейни шифохонага олиб келинганда фақат бир нарса ҳақида ўйлар эди:”Энди бокс нима бўлади? Бунақа оёқ билан қандай қилиб бокс билан шуғулланаман?”. Шербаковнинг жароҳатини кўрган шифокорлар яра йиринглай бошлаганини айтишади. Боксчи оёғини ҳис қилмас: жуда ишган унинг оғирлиги 100 килограммдай туюлар эди.
Шифокорларнинг қарори жуда қўрқинчли бўлди: ампутация қилиш керак. Шербаков: “Бироқ мен боксчиман. Чемпион бўлишга улгурганим йўқ. Қандай қилиб бир оёқ билан уддалайман…”,-деб ялинар эди. Шифокорлар бу жароҳат билан фаолияти ҳақида эмас, балки яшаб қолиши ҳақида ўйлаши кераклигини айтишди. Лекин Сергей кескин туриб:” Бокс-менинг ҳаётим. Боксчи бўлиш учун иродам етарли бўлди, демак, ҳаётдан кетишга ҳам етади”,_деб жавоб берди.
Сергейни операция қилишди ва эрталаб у яраланган оёғи бинт билан боғланганини кўрди. Оёғини кесиб ташлашди, деб ўйлаб қўрқиб кетди, лекин бармоғининг бир қисми чиқиб турганини кўриб тинчланди. Шифокорлар уни огоҳлантириб:”Сенинг талаб ва қўрқувинг сабаб жароҳатинг гангренага айланиб, оёғинг билан ўзинг ҳам нариги дунёга кетишинг мумкинъ-деб такидлашди.
Шербаков ногирон бўлиб қолиши мумкин эди, бироқ у оёққа тура олди ва 52-йилдаги Олимпиадада кумуш медални қўлга киритди
Шербаков яшаб қолди, лекин оёғи деярли ҳаракатлана олмас ва доимий оғриқлардан азобланар эди. Шифохонада ётганида Сергейни беморлар деярли жиннига чиқариб қўйиб: “Яхшироқ машқ қил ёки қандай қилиб аравачада юрасан”,-деб гапиришарди.
Шербаков узоқ вақт даволанди, лекин оёққа тура олди. Шифохонадан чиққанига 2 ой бўлганида яна рингга кўтарилди. 1944-йилда ўртаярим вазн тоифасида СССР нинг чемпионлик камарини қўлга киритди ҳамда 1953-йилгача ўзида сақлаб қола олди.
Шербаков фронтга икки дўсти билан бирга кетган эди, бироқ иккаласи ҳам ҳалок бўлди. Кетишдан олдин улар қайси бири тирик қолса, ўша одам қайғули хабарни яқинларига айтишга келишиб олишганди. Бу мажбурият Сергейнинг елкасига тушди ва фарзандларини йўқотган оналарга хат ёзди.
Акаси Вячеслав ҳам урушдан тирик қайтди, у яхши боксчи бўлмагани сабабли тез-тез мағлубиятга учрар ҳамда урушгача бўлган вақтда ҳам кичкина укасининг соясида қолиб кетган эди. Вячеслав фронтда бир қўлини йўқотган ва энди нима қилишини билмас эди. Кейин заводга механик бўлиб ишга кирди (ҳаммасини бир қўли билан бажарган), ундан кейин бокс бўйича яхши мураббий бўлди.
1952-йил СССР жамоаси таркибида Шербаков ҳам Хелсинкидаги Олимпиадага жўнаб кетди. Мусобақада Сергей кумуш медални қўлга киритди. Бу ноҳақлик бўлгани ҳақида кўпчилик гапирди.
Ўзининг хотираларида Шербаков Олимпиада тартибсиз бўлганини, Ирландия ва Италиялик ҳакамлар совет боксчиларини ёқтирмаганини ёзган. СССР қаршилик билдирди, бироқ деярли ҳеч нарса ўзгармади. Совет боксчилари ғалабани шундай қўлга киритишлари керакки, ҳатто судялар ҳам буни инкор қила олмасликларини тушуниб етишди.
Олимпиада ўйинларида қатнашиш омадсиз бўлди, биринчи ўринни АҚШ эгаллади, совет боксчилари эса биронта ҳам олтин медал қўлга кирита олишмади. Боксдаги ҳакамларнинг ноҳақлигини ҳаттоки европалик журналистлар ҳам кўрсатиб беришди.
Сергейнинг гапларини француз газеталарида: “ Ғолиблик миллатга ва кайфиятга қараб аниқланди”,-дея ёзиб чиқишди.
1953-йилда Шербаков Полшада бўлиб ўтаётган Европа чемпионатида қатнашди. Финалда яна Хыхле билан қарама-қарши келди. Бу сафар жанг бир томонлама бўлди, совет боксчиси Зыгмунтни ҳамманинг кўз ўнгида ер тишлатди.
Сергей биринчи раунддаёқ Хыхлени деярли нокаут қилган эди, бироқ у туриб жангни давом эттирди. Шербаков иккинчи раундда янада яхши ҳаракат қилди. Учинчи раундда иккала жангчи ҳам чарчаб қолди, натижа дурранг бўлди. Жанг ниҳоясига етганда Сергей жуда хурсанд эди, мухлислари гул беришар, ҳаттоки рақиби ҳам уни қўлини сиқиб ғалаба билан табриклади.
Олтин медал деярли чўнтакда эди. Ҳакам қарорини кутмасдан журналистлар уни ўраб олган, ҳамма уни табриклаб гул бера бошлади. Бироқ… диктор натижаларни айтди, ҳакамлар Хыхлени ғолиб деб эълон қилишди.
Шербаковнинг юзида ҳеч қандай ўзгариш сезилмас эди, у рақибининг ёнига бориб ғалаба билан табриклади. Ҳакам қарори боксчи учун қонун эди ва Сергей ҳам ҳеч нарса демади. Бироқ Хыхле унга ғолиблик учун берилган букетни югуриб бориб Сергейга берди.
Шундай қийин вазиятларда ҳам Шербаков машғулотларни тўхтатмади. Эртанги кун одатдагидай бошланди: машқ қилиш, 12 километрга кросс югуриш, қоп билан ишлаш.
Боксчи 35 ёшга кирди ва у олтинга қайтадан ҳаракат қилишни бошламасликни ҳамда кетиш вақти етганини ҳис қила бошлади. Шербаков яна бир марта СССР чемпионатида қатнашди, ўнинчи марта чемпион бўлди ва шундан кейин мураббийлик қилишни бошлади.
Шербаковнинг фаолияти ажойиб бўлди: СССР жамоасининг асосий мураббийси бўлди ва Мельбурун-56 да ғалабага эришди. Сергейнинг тайёрлов режаси иш берди: “Кеча қандай ишлаган бўлсам, бугун ҳамма шундай ишлаши керак”. Бу ўзининг натижасини кўрсатди: совет боксчилари АҚШ ва Буюк Британияни ортда қолдириб учта олтин медални қўлга киритди.
Шербаков фаолияти давомида 227 та жангдан 207 тасида ғалабани қўлга киритган, урушда кўрсатган қаҳрамонлиги учун “Ҳарбий хизматлари учун”, “Жасорати учун” медалларини олган. Боксчининг биринчи мукофоти душман алоқасини бузгани, жароҳат олгани учун берилган. Иккинчисини эса душманнинг озиқ-овқат етказиб берадиган поездини йўқ қилгани ҳамда фронт чизиғидан ярадор ҳамкасбини кўтариб келгани сабаб беришган.
Шербаков 1994-йилда 75 ёшида вафот этди. У Олимпиада чемпиони бўла олмади, бироқ спортдаги ғалабадан ҳам катта ишларни амалга оширди. Биз Шербаковни уруш қаҳрамони, спортга қайтиш учун ўлимга ҳам тайёр инсон сифатида, шунингдек, ўзидан қолдирган “Боксчининг хотиралари” мемуари билан эсда сақлаймиз.
Sports.ru сайти асосида Озода Қаюмова тайёрлади
Фикрлар