03 авг 18:52
Янгиликлар
Ўзбекистон – Қозоғистон: ким узоқроқ, баландроқ, кучлироқ?
Қозоқ нашрларидан бирида яқинлашиб келаётган Осиё ўйинларида Ўзбекисон ва Қозоғистоннинг енгил атлетикадаги икмониятлари ҳақида мақола чоп этилди. Olamsport.com сайти ушбу материални ўзбек тилида тақдим қилади.
"2023 йил 23 сентябрдан 8 октабргача Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган ХIХ Осиё ўйинлари бошланишига икки ойдан камроқ вақт қолди. Аммо ҳозирда мутахассислар бўлажак стартлар натижалари бўйича тахмин қилишга ҳаракат қилмоқдалар. Ва, албатта, энг кўп эътибор анъанавий равишда энг кўп медаллар ўйналадиган спорт турларига - сузиш ва енгил атлетикага қаратилади. Афсуски, Осиё спорти (ва енгил атлетика ҳам бундан мустасно эмас) COVID-19 пандемиясидан энг кўп зарар кўрди. Очиқ иншоотлардаги енгил атлетика бўйича сўнгги йирик мусобақа ўша йилнинг апрел ойида Қатар пойтахти Доҳа мезбонлигидаги 2019 йилги Осиё чемпионати эди. Бу қанчалик катта танаффус эканлигини тасаввур қиляпсизми?
Жуғрофий қўшнилар ва азалий рақиблар – Ўзбекистон ва Қозоғистон спортчилари 2023 йилги мавсумнинг асосий стартига қандай етиб келаётганлигини солиштириш янада қизиқроқ
Бу рақобат узоқ тарихга эга. 1920 йилда Тошкентда ўтказилган биринчи Ўрта Осиё олимпиадасида ўша пайтда Чимкент ва Қизилўрда деб аталган Черняев ва Ак-Мечет спортчилари қатнашган. 1934 йилдан бошлаб эса Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг ҳатто Улуғ Ватан уруши йилларида ҳам ўтказилган турнирлари санаб ўтилди: 1943 йилда Олма-Отада, 1944 йилда Тошкентда ва 1945 йилда Фрунзеда. Вилоятда ташкил этиладиган спартакиададан ташқари, 80-йилларнинг бошларигача ҳақиқий енгил атлетика бўйича мусобақалар ўтказиб келинди. Ва ҳар сафар бош соврин – “Бронза югурувчиси”ни Ўзбекистон ва Қозоғистон спортчилари қўлга киритган.
СССР халқлари ўртасида ўтказилган спартакиада кунларида ҳам қардош республикалар ўртасида муросасиз кураш кечди, биринчиси 1956 йилда, охиргиси 1991 йилда бўлиб ўтди. Қолаверса, спортчиларнинг рақобати икки республиканинг етакчи футбол клублари – Олма-Отанинг “Қайрат” ва Тошкентнинг “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги рақобатга ўхшарди: бир хил иштиёқ, очколар ва юқори ўринлар учун кураш.
СССР парчаланиб, суверен давлатлар ташкил топгач, рақобат Осиё ва жаҳон чемпионатларида, Осиё ва Олимпия ўйинларида давом этди. Сўнгги Марказий Осиё ўйинлари 2005 йил Тошкентда бўлиб ўтган.
Бундай мусобақаларни 2019 йил апрел ойида Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ташкил этилган Марказий Осиё енгил атлетика ассоциацияси (АЛАЦА) жонлантириши мумкин, унинг вазифаларига минтақада енгил атлетикани ривожлантириш, шунингдек, барча ёшдагилар учун Марказий Осиё чемпионатларини ташкил этиш киради. Айни пайтда бу вазифаларни ҳал этишни асосан Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси ўз зиммасига олган. АЛАЦА офис aйнан Тошкентда фаолият кўрсатмоқда, ўтган йили Самарқандда катталар ўртасида Марказий Осиё чемпионати, Тошкентда эса ёшлар ўртасида худди шундай чемпионат бўлиб ўтди. Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси билан биргаликда ассоциация оммавий мусобақаларни ташкил этишда, ҳакамлар ва мураббийлар учун курслар ва семинарлар ўтказишда фаол иштирок этади.
АЛАЦА президентининг шахсияти қизиқ, чунки ўтмишнинг машҳур босқон улоқтирувчиси Андрей Абдувалиев 2023 йил март ойида ушбу лавозимга сайланган. СССРда хизмат кўрсатган спорт устаси, 1992 йилда Барселонада бўлиб ўтган Олимпия ўйинлари чемпиони. Икки карра жаҳон чемпиони (1993 ва 1995 йиллар) аллақачон Ўзбекистон Республикаси байроғи остида. Спорт карерасини якунлаган Абдувалиев ҳам худди шундай муваффақиятли мураббийга айланди. Бир неча йил Хитой терма жамоасида мураббий бўлиб ишлади, бўлажак Олимпия чемпионлари Кожи Мурофуши (Япония) ва Дилшод Назаровларни (Тожикистон) тайёрлашга ёрдам берди.
2023 йилнинг 11июлида Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган Осиё енгил атлетика ассоциацияси (ААА) Конгрессида унинг ушбу ташкилотнинг беш вице-президентидан бири сифатидаги ваколатлари тасдиқланди. Қозоғистон Республикаси Енгил атлетика федерацияси президенти Даниал Ахметов ААА Кенгашига сайловда энг кам - 5 овозга эга бўлди ...
Бу ўринда Ўзбекистоннинг оммавий спортни, хусусан, енгил атлетикани ривожлантириш борасидаги тажрибасига назар ташлашимиз керак
2018 йилнинг 5 март кунини бошланғич нуқта сифатида қабул қиламиз, чунки айнан шу сана Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинган эди. Гарчи унда енгил атлетика ҳақида айтилмаган бўлса-да, у ушбу спорт бўйича кейинги барча дастурий қарорлар учун асос бўлиб хизмат қилган.
Хуллас, енгил атлетикани оммалаштириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини тайёрлаш мақсадида “Янги нафас” ва "Мен ғолибман" оммавий пойгаларини ўтказиш дастури ишлаб чиқилди. Дастур Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олган. Дастурга марафон (42 км 195 м) ва ярим марафон (21 км) пойгалари, шунингдек, барча ёшдаги ва тайёргарлик даражасидаги 1 км ва 3 км масофага югуриш киради.
Ушбу пойгаларда иштирок этиш барча ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари учун мажбурийдир ва назорат стандартидир. Масалан, ғолиб ва совриндорлар олий ўқув юртларига киришда маълум имтиёзларга эга бўлиши ёшларни ўзига жалб қилади. Бундан ташқари, барча иштирокчилар медаллар, футболкалар, бейсбол қалпоқлари ва бошқаларни олишади. Тўрт йил давомида бу пойгаларда 250 000 дан ортиқ киши қатнашди, уларнинг кўпчилиги кейинчалик енгил атлетика секцияларида шуғулландилар.
Ушбу оммавий тадбирларни ташкил этиш учун масъулият вилоятлар ҳокимлари ва Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг зиммасига юкланди. Шунингдек, Президентимнинг 2020 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “Тошкент халқаро марафони”, “Оролни асранг” ва “Янги нафас” марафонлари алоҳида қаторга киритилган.
Ёшлар спортини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли янги номлар порлади. 16 ёшли Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакраш (14 м 04 см) бўйича ўсмирлар ўртасида 2022 йилги жаҳон чемпиони бўлди. У 2022 йилда Истанбулда бўлиб ўтган Ислом Бирдамлик ўйинларида ҳам ғолиб чиқди.
Шунингдек, баландликка сакраш бўйича Сафина Саъдуллаева, узунликка сакраш бўйича Анвар Анваров ва босқон улоқтириш бўйича Сухроб Хўжаев номларини келтириш мумкин. Бундан ташқари, Фарида Солиева Истанбулда кумуш (400 метрга югуриш), бронза медаллари Роксана Худоярова (узунликка сакраш) ва Наргиза Қўчқоровага (найза улоқтириш) насиб этди. Анваров Европадаги мусобақаларнинг бирида 8 м 24 см масофани босиб ўтган – жаҳон даражасидаги натижа!
Умуман олганда, Саъдуллаевани алоҳида таъкидлаш керак. 24 ёшида у баландликка сакраш бўйича элита клубида мустаҳкам ўрин эгаллади: 2021 йилги Токио Олимпиадасида - 6-ўрин, 2022 йилги ёпиқ иншоотлардаги жаҳон чемпионатида (Белград, Сербия) - 6-ўрин, 2022 йил ёзги Жаҳон кубогида (Евгений, АҚШ) - 5-ўрин. Ўтган йилнинг август ойида Сафина Полшанинг Чоржов шаҳрида Токио-2020 бронза медали ва жаҳон чемпионатининг икки карра кумуш медали совриндори украиналик Ярослав Магучини ортда қолдириб, Ўзбекистон енгил атлетикаси тарихида илк бор Олмос лигаси босқичида ғолиб чиқди.
Ва буларнинг барчаси маҳаллий мураббийлар томонидан тайёрланмаган ва соф ўзбек спортчилар эмас.
2023 йилги Осиё ўйинларига қайтсак. Марказий Осиё давлатлари Осиё ўйинларида илк бор 1994 йилда қатнашган. Агар 2014 йилгача, жумладан, қозоғистонлик спортчилар Осиё ўйинларининг медаллар ҳисобида Ўзбекистондан доимо олдинда бўлган бўлса, 2018 йилдан бошлаб бунинг акси кўринди. Ва бу фарқ ҳар йили ортиб бормоқда. Бунга Қозоғистоннинг кўплаб етакчи атлетлари – Олимпия ўйинлари чемпиони Олга Рипакова, Маргарита Мукашева, Ирина Эктова, Никита Филипповларнинг фаолиятини якунлагани катта таъсир кўрсатди.
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, 2020-22 йилги мавсумда осиёлик спортчилар COVID-19 пандемияси туфайли қитъа миқёсидаги мусобақаларда қатнаша олмади. Шу сабабли таққослаш учун Жаҳон Атлетика веб-сайтида жойлаштирилган 2022 йил статистик маълумотларга эътибор қаратамиз. Собиқ Халқаро Атлетика Федерациялари Ассоциацияси, IAAF ҳозир шундай номланади.
2022 йилги мавсумда Осиёнинг энг кучлилари рўйхатида қозоғистонлик спортчилар учта биринчи ўринни (барчаси кениялик спортчилар), иккита иккинчи ва учта учинчи ўринни, Ўзбекистон терма жамоаси иккита биринчи ва битта иккинчи ўринни эгаллади. Ҳаммаси яхшидек туюларди, лекин ...
2023 йилнинг 12-16 июл кунлари Бангкокда (Таиланд) тўрт йиллик танаффусдан сўнг навбатдаги Осиё чемпионати бўлиб ўтди ва унда турли сабабларга кўра ҳар икки жамоанинг бир қатор етакчилари иштирок этмади. Ўзбекистон ва Қозоғистон бир хил миқдордаги медални қўлга киритди – биттадан олтин, иккита кумуш ва биттадан бронза. Аммо бу медалларнинг сифатини оладиган бўлсак, Ўзбекистон терма жамоасининг медаллари анча юқори. Нега?
Қозоғистон терма жамоасининг Ханчжоу Осиё ўйинларидаги олтинли умиди Осиё чемпионатини ўтказиб юборган Надежда Дубовитская(баландликка сакраш)да. 3000 метрга тўсиқлар оша югуриш бўйича жаҳон чемпиони Нора Жеруто кўздан ғойиб бўлди, Қозоғистон фуқаролгини қабул қилган кенияликларнинг Бангкокдаги ҳалокатли иштирокидан сўнг олтин ютиш имкониятлари катта шубҳа остида. Лекин юқорида санаб ўтилган Ўзбекистон терма жамоаси етакчилари Осиё ўйинлари ғолиби бўлишлари мумкин.
Июн ойи бошида Жанубий Кореяда бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Қозоғистон терма жамоаси 11, Ўзбекистон терма жамоаси эса 9 медални қўлга киритди. Аммо Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида тўртта, қозоқларда эса бирорта ҳам медал йўқ (Қозоғистон терма жамоаси легионарлардан иборат). Лекин бу ўсмирлар бир-икки йилдан кейин терма жамоаларга қўшилишади! Бош қотириш керак бўлган жиҳатлар бор.
Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси мамлакат ҳукумати, МОҚ ҳамда Спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги томонидан катта ёрдамга эга бўлмоқда. ФЛАУ ихтиёрида меҳмонхона, кафе, тиббиёт ва фитнес марказига эга уч қаватли офис, шунингдек, жорий йилнинг апрел ойида 600 дан ортиқ атлетлар иштирокида ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати юқори савияда ўтказилган стадион мавжуд. 2025 йилда Тошкентда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари учун улкан спорт мажмуаси қурилмоқда.
Буларнинг барчаси қўшнимиз - Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида енгил атлетика бўйича тренд соҳиби бўлишга жиддий ёндашганидан далолат беради. Энди биз ҳам улардан ўрнак олиб, болалар ва ўсмирлар спортини ривожлантиришга ўз кучимизни, билимимизни ва, албатта, маблағимизни сарфлашни бошламасак, қўшниларимизнинг юксак муваффақиятларига ҳавас қилибгина қолаверамиз", - дея якун ясалган мақолага.
Сарвиноз Рахмонқулова таржимаси
Фикрлар