14 сен 07:58
Янгиликлар
ЎзДЖТСУ 65 ёшда! Кўзгуда – адаптив жисмоний тарбия ва спорт турлари кафедраси
Мамлакатимизда Истиқлолнинг илк йилларидаёқ ҳукуматимиз томонидан миллат генафондини яхшилаш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, айниқса, ёшлар ўртасида спортга бўлган иштиёқни кучайтириш мақсадида кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилди. Айниқса, кейинги йилларда спортга бўлган эътибор янаям кучайтирилди. Бунинг натижасида спортга ошно бўлган миллионлаб ўғил-қизлар орасидан истеъдодли спортчилар бўй кўрсатишди. Хусусан, бу борада имконияти чекланган болаларнинг кўпчилиги ҳам спортни танлаб хато қилмади. Машаққатли машқларни бўйсундириб, катта спорт сари дадил қадам ташлади. Ва ҳамон машғулотларга зўр бериб, ғалабали юришларини давом эттиришмоқда. Гапимизни муболағага йўймаслигингиз учун 2016 йили Рио де Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XV ёзги Паралимпия ўйинларида спортнинг енгил атлетика, сузиш, дзюдо, ўқ отиш, оғир атлетика турлари бўйича 32 нафар спортчимиздан 31 нафари 8 та олтин, 6 та кумуш ва 17 та бронзани қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Марказий Осиё давлатлари ўртасида 1-ўринни, МДҲ давлатлари ўртасида 2-ўринни (1-ўрин Украина), Осиё давлатлари ўртасида 2-ўринни (1-ўрин Хитой) эгаллашга муваффақ бўлганини эслашнинг ўзи кифоя, назаримизда.
Сўзимизни бежизга имконияти чекланган спортчилар ҳақида бошламадик. Боиси, навбатдаги саҳифамизда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Спортни бошқариш ва касбий фанлар факультети негизидаги Адаптив жисмоний тарбия ва спорт турлари кафедраси фаолияти ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Билсангиз, МДҲ давлатлари ичида биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда ногиронларнинг ҳуқуқларини ўз ичига олган ҳуқуқий база яратилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5270-сонли Фармони қабул қилинди. Мазкур фармонга кўра, замонавий тиббиёт ва илм фаннинг илғор ютуқлари, диагностика, даволаш ва реабилитациянинг сифат стандартлари асосида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, соғломлаштириш хусусиятидаги чора тадбирларни яхшилаш, соғлом ва фаол турмуш тарзини олиб бориш маданиятини тарғиб қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги, шу жумладан, ногиронликни белгилашнинг самарали мезонларини қўллашга қаратилган илмий тадқиқотларни фаоллаштириш вазифаси алоҳида белгилаб қўйилди.
Шу боис бугун кафедрада адаптив жисмоний тарбияни янада ривожлантириш, спорт турлари бўйича етакчи мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Кафедра илк фаолиятини 2018 йилдан Паралимпия спорт турлари кафедраси номи билан бошлаган бўлса, 2019 йилдан университет кенгашининиг Қарори билан Адаптив жисмоний тарбия ва спорт турлари номи билан иш фаолиятини давом эттирмоқда. Айни пайтда кафедрада 2 нафар педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), 2 та в.в.б. доцент, 1 нафар катта ўқитувчи, 2 нафар ўқитувчи – жами 7 нафар профессор- ўқитувчилар талабаларга мутахассисликлар бўйича дарс беришади. 2 нафар ўқитувчи мустақил изланувчилар сафида бўлиб, бугунги кунда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ўз илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар.
Кафедрага ҳозирда в.в.б. бўлиб доцент Мехриддин Хайриддинович Миржамолов раҳбарлик қилмоқда. Мехриддин Миржамолов 2005-2009 йилларда ЎзДЖТСУнинг касб таълими ихтисослигини имтиёзли диплом билан тамомлаган. 2009-2011 йилларда Адаптив жисмоний тарбия йўналиши бўйича магистратура босқичида ҳам имтиёзли диплом олишга эришди. 2012-2013 йиллар ЎзДЖТСУ аспиранти саналган.
Меҳнат фаолиятини 2011 йилда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти Жисмоний тарбия назарияси ва услубияти кафедрасида ўқитувчиликдан бошлаган М. Миржамолов 2013 йилда Жисмоний тарбия назарияси ва услубияти кафедрасида катта ўқитувчи, 2015-2018 йилларда Кўпкураш спорт турлари факультетида декан муовини лавозимида ишлади. Ушбу лавозимида ишлаган вақтдан бошлаб факультетнинг илмий-услубий, спорт ва маънавий ишлари самарадорлигини ошириш борасида изланиб, ўқув дастурлари ва ўқитилаётган фанлар бўйича ўқув-услубий мажмуаларни ҳамда маърузаларни янгилаш, замонавий талаб даражасига мос кўринишга келтиришда жонбозлик кўрсатади.
2015 йилда Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш марказида малака ошириб, сертификатга эга бўлди. М. Миржамоловнинг илмий раҳбарлигида 2015 йил Жисмоний тарбия, спорт назарияси ва амалиёти фани бўйича талабалар Республика фан олимпиадасининг иккинчи босқичида Хуршид Қурбонов 1-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Унинг бевосита илмий раҳбарлигида Жисмоний тарбия назарияси ва услубияти кафедрасининг талабаси Р.Чориев 2015 йил Ибн Сино номидаги давлат стипендияси соҳибига айланди. Доим илмий изланишда бўлган М. Миржамолов “Жисмоний имконияти чекланган ўқувчиларнинг спорт машғулотларига мослашиши” номли ўқув услубий қўлланма нашр эттирди. М.Миржамолов 2018 йил Ўзбекистонда жисмоний имконияти чекланган ўқувчиларнинг махсус жисмоний тайёргарлигини оширишнинг педагогик механизмларини такомиллаштириш мавзусидаги педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертациясини ҳимоя қилишга эришди. 2018-2020 ўқув йилларда “Соғломлаштириш технологияси” номли ўқув қўлланма, “Паралимпия тарихи ва ўйин қоидалари”, “Паралимпия ҳаракати” номли услубий қўлланмалар ҳамда “Жисмоний имконияти чекланган ўқувчилар билан олиб бориладиган жисмоний тарбия ва спорт машғулотларининг илмий-услубий асослари” номли монографияси нашр қилинди. М.Миржамолов 70 дан ортиқ илмий-услубий йўналишдаги ишлар муаллифи ҳисобланади.
Кафедра ўқитувчиси сифатида фаолият юритаётган Л. Б. Собирова ҳам “Бошланғич синф ўқувчиларининг қадди-қомат бузилишини олдини олишда махсус жисмоний машқлар мажмуидан фойдаланиш самарадорлиги” мавзусидаги педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эришди. Шунингдек, кафедрада ўқитувчилардан С.А.Юнусов “Методические особенности построения годичного цикла подготовки паралимпийцев пауэрлифтёров” мавзусида, Ш.А.Абдиев “Ҳаракати чекланган юқори малакали улоқтирувчиларни спорт машғулотларини режалаштириш орқали юқори натижаларга эришиш” мавзусида мустақил изланувчи сифатида илмий тадқиқот ишларини олиб боришмоқда.
Кафедра мудири Мехриддин Миржамолов бошчилигида халқаро ҳамкорлик ишларига ҳам алоҳида эътибор қаритилган. Халқаро ҳамкорлик доирасида Россия Федерациясининг П.Ф.Лесгафт номидаги миллий жисмоний тарбия ва саломатлик университети билан, Япониянинг JICA ва халқаро алоқалар агентлиги – Тохоку Маркази, “So-innovation laboratory” ташкилоти билан яқин алоқалар ўрнатилган. Ушбу ташкилот билан 2019 йил имконияти чекланган инсонларни спорт билан шуғулланиш орқали ижтимоий мослашувини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик натижасида 38 млн. сўмлик халқаро мини-грант қўлга киритилди.
Кафедрада илмий-тадқиқот ишларини янада ривожлантириш мақсадида 2017-2021 йилларга мўлжалланган истиқболдаги режалар ҳам ишлаб чиқилган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳиятини талаба ёшларга тизимли равишда тушунтириб бориш, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича “Халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш муҳим масала эканлиги ва шу асосида ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз кексалар, кўмакка муҳтож қатламдагиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жойларда маънавий-маърифий тадбирларни ташкиллаштириш;
2020-2021 ўқув йилида университет профессор-ўқитувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзи асосларини тарғиб этиш, спортнинг оммавийлигини таъминлаш мақсадида “Саломатлик кундалиги”ни тарғиб этиш;
2020-2021 ўқув йилида Хотин-қизлар спортини янада такомиллаштириш мақсадида – университетда “Жисмоний тарбия ва спорт саломатлик гарови” шиори остида оммавий спорт мусобақаларини ташкиллаштириш ва университет хотин-қизларидан иборат ўқитувчилар ўртасида спортнинг волейбол, стол тенниси, енгил атлетика, бадминтон, шахмат, шашка спорт турларидан мусобақалар ўтказиш;
Спортни жадал ривожлантириш, ёшларни янада спортга жалб этиш мақсадида халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган малакали спортчилар билан мастер класслар ташкил этиш;
“Буюк даҳоларимиз – бебаҳоларимиз” мавзусида алломаларимизнинг бой илмий мерослари тарихини ўрганиш, уларнинг асарларидаги маънавий юксаклик, комиллик, ватанпарварлик каби тарбиявий жиҳатларни ўқиб-ўрганиш ва тарғиб қилиш асосида маънавият тадбирлар ташкил этиш, талаба ёшлар иштирокида оммавий тадбирларни амалга ошириш;
Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг биринчи ташаббуси доирасида талаба-ёшлар орасида китобхонлик маданиятини ошириш ва тарғиб қилиш бўйича амалдаги олиб борилаётган ишларни давом эттириш мақсадида китобхонлик кечаларини давомий ташкил этиш ва “Китобхонлик саодати” маънавий-маърифий тадбирларини ташкил этиш, асар муаллифлари иштирокида ижодий кечалар, давра суҳбатларини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида аҳоли орасида жисмоний тарбия ва соғломлаштириш, оммавий спорт ишларини ташкил этиш ва бу борада маҳаллалар ҳамкорлигида мусобоқалар ташкил этиш ишларини амалга ошириш.
Дарвоқе, кафедра халқаро мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари, олимпия ўйинларининг йўлланмаларига эга спортчилари билан ҳам фахрланишади. Боиси, Японияда ўтадиган навбатдаги ёзги Паралимпия ўйинларида талабалардан Темур Ғиёсов (пара атлетика), Шаҳноза Мирзаева (пара каноэ), Ҳайитмурод Шерқўзиев (параканэ) йўлланмаларни нақд қилишган бўлишса, пауэрлифтинг бўйича жаҳон рейтингида учинчи ўринни эгаллаб турган Рўза Қўзиева йўлланмага эришиш арафасида турибди. Бундан ташқари талабалардан Наврўзбек Абдурасулов пауэрлифтинг спорт тури бўйича жаҳон чемпиони ҳисобланса, Яшинбек Олтиев, Ҳусниддин Усмонов, Тозабой Холназаров, Нуриддин Мингязовлар пауэрлифтинг спорт тури бўйича Осиё чемпионатида олтин медалларни қўлга киритишган. Таэквондо бўйича Махфуза Қурбонова ҳамда Гулмира Дадажоновлар эса кўп бор Ўзбекистон чемпионлигига эришган.
Бир сўз билан айтганда, кафедра ўқитувчилари талабаларнинг ўзлари танлаган мутахассисликлари бўйича етук кадрлар бўлиши йўлида доимий изланишда. Зеро, изланиш, ўқиш, янгилик яратишга интилаётган, умрини адаптив жисмоний тарбия ривожи учун бахшида қилган фидойи устоз ва шогирдлар учун бугун университетда яратилган шарт-шароитлар ҳар қачонгидан аъло!
Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади, ўз мухбиримиз
Фикрлар