UZ

Сўнгги янгиликлар

18:00Усик - Фьюри жанги учун 500 тага яқин чипта сотилмай қолди 0 17:30"Металлург" янги мавсумни Суперлигада ўтказмайди 0 16:55Владимир Кличко: "Умид қиламанки, Усик мени нафақада олиб қолади" 0 16:16Тайсон Фьюри: жанглар статистикаси, рекорд, ғалаба ва мағлубиятлар 0 15:00Александр Усик: жанглар статистикаси, рекорд, ғалаба ва мағлубиятлар 0 14:37"Ал Насср" етакчиларидан бири Европага қайтмоқда 0 14:16Усик - Фьюри. Тайсон рақибидан 25 кг оғир чиқди 0 13:34Кадетларимиз Қозоғистондаги қўшма ўқув-машғулот йиғинида иштирок этяпти 0 13:13Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси фаолиятини юртимизда давом эттиради 0 12:52Бугун узоқ кутилган Усик - Фьюри реванш жанги ўтказилади (жанг вақти, кард ва трансляция) 0 12:3123 декабрь куни Олимпиада йилининг энг яхшилари эълон қилинади 0 12:10Жиу-житсу бўйича Ўзбекистон кубоги бошланди 0 11:49"Арсенал" январда "Барселона"дан кетиши мумкин бўлган Ольмога қизиқмоқда 0 11:28Навоийда самбо бўйича Ўзбекистон кубоги старт олди 0 11:07Гилберт Бернс Колби Ковингтоннинг "вызов"ига "ответ" қилди 0

16 ноя 12:16
Янгиликлар

Бокс/ММА

Руслан Чагаев: “Тез орада Ўзбекистонимга қайтаман”

Руслан Чагаев... Бу боксчи ҳақида ортиқча таърифга ҳожат йўқ. Чунки унинг ҳаваскор ва профи-боксда эришган натижаларидан барча бокс ихлосмандлари хабардор.

Бу боксчимиз яқинда ўз фаолиятига якун ясади. Мухлисларимиз ҳам уни соғинганлиги сир эмас. Шуларни инобатга олган ҳолда Руслан билан боғланиб, суҳбат қуришга муваффақ бўлдик. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.


– Руслан, сизга қуёшли юртимиздан алангали саломлар. Шубҳасиз, сиз ҳам Ўзбекистонни соғинган бўлсангиз керак?

– Аввало, барча юртдошларимга ассалому алайкум. Менинг Ватаним – менинг Ўзбекистоним. Албатта жуда-жуда соғиндим.

– Кутилмаганда фаолиятингизни тугатасиз, деб ўйламаган эдик. Наҳотки кўзингиз жиддий шикастланган бўлса?

– Вақт ўз ҳукмини ўтказади. Боксда узоқ қолиб кетдим. Етар шунча рингга кўтарилганим. Охирги Олимпиадада чемпион бўлган боксчи йигитларимизнинг жангларини кўриб туриб, ўйлаб қолдим. Бу йигитлар фаолиятимни бошлаган вақтларимда туғилган эдилар. Сиз нима, деб ўйлайсиз? Боксни тарк этиш вақтим келмадимикан?! Ҳамма ишни ўз вақти-соати бор. Навбат ёшларга!

– Андижонга келишингиз ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

– Албатта, тез орада бораман. Ҳамма ишларимни йўлга қўйиб бўлиб, қадрдон Ўзбекистонимга қайтаман.

– Германиядан Россияга кўчиб ўтиш режаси қандай пайдо бўлди?

– Шунчаки клубимни алмаштирдим. Яхши шароит ва шартнома таклиф қилишди. Бу кўчиб ўтишим учун асосий омил бўлиб хизмат қилди.  Боксчи учун мукаммал шароит асосий рол ўйнайди. Ажойиб муҳит, ажойиб мухлислар ва эътиборга эга бўлиш албатта ёқимли!


– Ҳозир нима билан машғулсиз?

– Боксдан кейинги ҳаёт тарзимни йўлга қўйиш билан бандман, десам ҳам бўлади. Бўш вақтим кўп бўляпти. Оилам даврасида кўпроқ бўлишга ҳаракат қиляпман. Асосий вақтимни фарзандларимга бағишламоқдаман.

– Лукас Браун билан бўлган жанг фаолиятингиздаги энг аламли мағлубият бўлди, тўғрими?

– Мен ҳакамнинг қарорига қўшилмайман. Лекин у шундай баҳоладими, демак, тортишиб ўтиришга ҳожат йўқ. Ҳеч ким ҳеч қачон буни ўзгартира олмайди. Бу спорт, спортда ғалаба ва мағлубият ёнма-ён юради.

– Рамзан Қодиров билан дўстлик ришталари қачондан бошланган?

– У билан 2010 йилда танишганмиз. Шундан бери дўстона муносабатдамиз.


– Ўзбек боксчиларининг Рио Олимпиадасидаги иштирокини қандай баҳолайсиз? Уларнинг қай бири профи-рингда ҳам мўъжиза кўрсатолади?

– Баракалла, йигитлар! Бу жуда оғир меҳнат – тер ва машаққатли машғулотлар самараси! Фикрим шуки, Ўзбекистон терма жамоаси боксчилари томонидан намойиш этилган жанглар мамлакатимиз тарихидаги, қолаверса, Рио Олимпиадасининг энг яхшилари бўлди. Улар учун, юртимиз учун жуда хурсандман. Ўйлайманки, келажакда янада улкан муваффақиятларга эришадилар. Уларда характер, маҳорат, ватанпарварлик туйғулари мужассам. Уларни ёрқин келажак кутмоқда. Бунга ишонаман! Меҳнат қилишдан, ўз устида ишлашдан бўшашмаса, профи-боксда ҳам яхши натижалар қайд эта олади. Олға, йигитлар!!!

– Рамзан Қодиров ва унинг промоутерлик компаниясининг боксчиларимизга қизиқиши қай даражада?

– Рамзан Аҳматович спортнинг ҳақиқий жонкуяри, буни бутун дунё яхши билади. Жумладан, боксга ҳам қизиқиши юқори. Ҳар доим бокс оламида нималар бўлаётганини кузатиб боради. 


– Профида фаолият олиб бораётган ҳамюртларимизнинг жангларини ҳам кузатиб боряпсизми? Уларнинг қай бирини алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?

– Албатта, барчасини кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Айниқса, Россияда бўлиб ўтадиган жангларни бевосита томоша қилишга ҳам муваффақ бўлдим. Яхши боксчиларимиз жуда кўп. Ҳали жаҳонда ўз сўзини айтишади. Омад ҳар доим уларга ёр бўлсин! Уларнинг биринчи рақамли мухлисиман!

– Балки энди мураббийлик ёки промоутерлик билан шуғулланарсиз?

– Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Буни вақт кўрсатади(кулади).

– “Оқ Тайсон” лақабини қаерда олгансиз ва ким берган бу номни сизга?

– Бу ҳақда нимани айтиш мумкин. Бунинг тарихи узун. Энди булар ўтмишда қолди (кулади).


– Фаолиятингиздаги энг ёрқин ғалаба Николай Валуев ва Феликс Савон билан бўлган жангдаги муваффақиятлар, деб ҳисоблайсизми?

– Ҳар бир ғалабанинг ўз ўрни бор. Саволингизга ҳа, деб жавоб бераман. Чунки Савон билан бўлган жанг ҳаваскорлар ўртасидаги жаҳон чемпионлиги учун бўлган эди. Валуев билан эса, профи-боксда шундай титулни қўлга киритиш учун бўлган. Шу боис ҳам бу эсда қоларли ва ёрқин ғалаба сифатида эътироф этилади. Ажойиб ғалабалар кўп бўлган. Уларни бирма-бир санаб ўтишни лозим топмайман. Чунки юртдошларимиз буни яхши билади ва кузатганликларига аминман.

– Қайта жанг ўтказилиш имконияти пайдо бўлса, қайси бири билан тўқнаш келишни истардингиз – Кличко, Поветкин ёки Лукас Браун?

– Энди буларнинг аҳамияти йўқ. Барибир қайтиб келмайди. Ҳаётга реал кўз билан боқиш керак. Фаолиятимни тугатдим. Буларнинг бари энди ўтмиш, холос!

– Миллий таомларимизни соғингандирсиз? Россияда ҳам таомларимиз тайёрланадиган ошхоналар кўп. Лекин юрт ҳавоси ва суви таомларга ўзгача лаззат беради. Бу фикрга қўшиласизми?

– Албатта қўшиламан. Паловни ҳеч қайси мамлакатда Ўзбекистонимда тайёрланадигандай ширин, мазали қилиб пишира олишмайди. Юртимиздаги ҳар бир оилада пайшанба ва якшанба кунлари ош пиширилади, тўғрими? Балки бошқа кунлари ҳам тайёрланар, лекин мен шу анъанага содиқ қолганман (кулади).


– Демак, ҳар пайшанба ва якшанба паловхўрликка борсак бўлар экан-да?

– Албатта, меҳмон кутишнинг ҳам ўзгача гашти бор (кулади).

– Боксдаги ягона армонингиз ҳаваскор боксда олимпия медалини қўлга кирита олмаганлигингиз, деб айтсак бўладими?

– Албатта бу ягона армоним.

– Умуман олганда, спортдаги фаолиятингиздан қониқиш ҳосил қилдингизми?

– Баъзида қониқиш ҳосил қилмаган вақтларим бўлди. Баъзан ҳа. Умуман айтганда, кўнглим тўлди, деб айта оламан. Афсусланмайман. Чунки буларнинг бари Яратганнинг менга берган инъоми. Пешонамга ёзилгани бўлди. Демак, шундай бўлиши керак. Ҳаваскорда натижалар қайд этдим. Профи-боксда ҳам чемпион бўлдим. Ўйламанки, фаолиятим ёмон бўлмади.


– Руслан, халқимиз сизни яхши кўради ва фахрланади. Юртдошларимизга айтар сўзингиз...

– Ўз халқимни жуда севаман! Ўзбекистоним, Ватанимни севаман! Юртимиз тинч, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин. Ҳамма юртдошларимга соғлик, бахт-омад тилайман.

– Таҳририятимиз номидан кейинги фаолиятингизга омад тилаймиз!

– Чин кўнгилдан раҳмат айтаман, аввало, эътибор ва қизиқарли саволлар учун. Доимо омад ёр бўлсин!


Аҳмаджон ЭШМАТОВ ёзиб олди

“News Arena” газетасининг 28-сонидан (2016 йил) олинди


Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг