UZ

Сўнгги янгиликлар

19:02Футзал. Осиё Кубогида Ўзбекистонга ютқазган Вьетнам ўтиш ўйинида Қирғиз Республикасига ҳам ютқазди 0 18:41Арман Царукян дисквалификация қилиниши мумкин 0 18:20"Ролан Гаррос"нинг мукофот пули оширилмоқда 0 17:58Альдо бокс жангида иштирок этмоқчи 0 17:57ЎзДЖТСУда кураш бўйича халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди 0 17:37ПСЖ Франция чемпионати рекордини ўрнатди 0 17:16Францияда Олимпиада-2024 вақтида теракт тайёрлашда гумонланган ўсмир хибсга олинди 0 16:55Арман Царукяннинг навбатдаги рақиби ва жанг санаси маълум бўлди. У бу сафар ММАда жанг қилмайди 0 16:34Тошкентда мамлакат чемпионати давом этмоқда: соврин жамғармаси 75 минг АҚШ долларини ташкил этади 0 16:27Хави «Барселона»да қолиши маълум бўлганидан сўнг нималар деди? 0 16:06Жозе Альдо Макгрегор - Чендлер жангида кимга мухлислик қилишини айтди 0 15:45Cўнгги лицензион турнирда иштирок этадиган эркин курашчиларимиз таркиби маълум 0 15:24Чендлер Махачев ҳақида: "Мен унинг ўрнида бўлганимда..." 0 15:02"Интер" эгалари ўзгариши мумкин 0 14:41Енгил атлетика. Ёшларимиз илк кунда 4 та медаль қўлга киритишди 0

22 май 14:55
Янгиликлар

Таэквондо, Токио-2020, Қизиқарли!

Таэквондо. ЖЧ якунлари, таҳлил, Олимпиада лицензияси учун имкониятлар ва бошқалар ҳақида

Хабарингиз бор, 15-19 май кунлари Англиянинг Манчестер шаҳри таэквондо бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди.

Ушбу нуфузли мусобақада жаҳоннинг 150 дан ортиқ мамлакатидан 1000 нафарга яқин спортчи иштирок этди. Беллашувларда ўзбекистонлик таэквондочилар ҳам совринли ўринлар учун кураш олиб боришди. 

Терма жамоамиз беллашувларда 12 нафар спортчи билан иштирок этди:

Эркаклар:

-54 кг: Валентин Хегай

-58 кг: Суҳроб Бобобеков

-74 кг: Никита Рафалович

-80 кг: Шуҳрат Салаев

-87 кг: Максим Рафалович

+87 кг: Дмитрий Шокин


Аёллар:

-49 кг: Мадинабону Маннопова

-53 кг: Чарос Қаюмова

-57 кг: Зария Қосимова

-62 кг: Феруза Содиқова

-67 кг: Нигора Турсунқулова

+73 кг: Светлана Осипова.

Яхши биласиз, 2018 йили Индонезия мезбонлик қилган Осиё ўйинларида ўзбекистонлик таэквондочилар муваффақиятли иштирок этиб, 6 та медаль билан билан юртимизга қайтишганди - 1 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза. Юртдошларимиз ичида Никита Рафалович олтин медалга эга чиққан бўлса, Дмитрий Шокин, Ниёз Пўлатов ва Мадинабону Маннопова кумуш медалга эга чиққандилар. Нигора Турсунқулова ва Светлана Осипова терма жамоамиз ҳисобига бронза медалини қўшиб қўйишганди. Осиёча спорт турида Осиё мамлакатларига қарши баҳсларда бундай иштирокдан сўнг биз жаҳон чемпионатида ҳам вакилларимиздан медаллар шодасини кутгандик. Афсуски, якунда бундай бўлмади. 


Тайёргарлик

Терма жамоамиз учун жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида бир қатор йиғинлар ташкил этиб берилди. Спортчиларимиз январь-май ойи давомида кўплаб ўқув-машғулот йиғинлари олиб боришди. Жумладан, таэквондо ватани ҳисобланган Жанубий Кореяда машғулотларда қатнашишди, Туркия ва Эрондаги халқаро мусобақаларда иштирок этишди. Бундан ташқари апрель ойида айнан Манчестер шаҳридаги ўқув-машғулот йиғинлари спортчиларимиз учун ташкил этиб берилганди. Бундан ташқари, Ҳумсонда ҳам таэквондочиларимиз йиғинларда қатнашишди. Афсуски, ушбу йиғинлар ва халқаро мусобақалар гувоҳи бўлганимиздек ўз самарасини бергани йўқ. Ишонган спортчиларимиздан на Дмитрий Шокин, на Никита Рафалович мусобақада совриндорлар қаторидан ўрин ола билишди. Бизга маълум бўлишича, 2018 йилнинг декабрь ойида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида баҳслар 2 дақиқадан эмас, 1 дақиқаю 30 сониядан ўтказилган. Бўлимлар орасидаги танаффус эса халқаро нормаларда бўлгани каби 1 дақиқа эмас, 30 сонияни ташкил этган. Бир қарашда бу унчалик ҳам муҳим кўринмас, лекин машҳур иборани эсдан чиқармаслик керак: "в спорте мелочей не бывает"! Жаҳон чемпионатида ҳар бир сония бир спортчи тақдирини ҳал қилиб қўйганига бир неча бор гувоҳ бўлдик.


Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчилар томонидан қайд этилган натижалар: 

Эркаклар: 

-54 кг: Валентин Хегай (1-даврада даниялик рақибга ютқазди)

-58 кг: Суҳроб Бобобеков (1-даврада эстониялик спортчини мағлуб этди, 2-даврада ирландиялик рақибга ютқазиб қўйди)

-74 кг: Никита Рафалович (2-даврадан баҳсларга қўшилди ва Бенин вакилини мағлуб этди, 3-даврада иорданиялик рақибга ютқазди)

-80 кг: Шуҳрат Салаев (1-даврада бельгиялик рақибга қўшимча вақтларда ютқазди) 

-87 кг: Максим Рафалович (1-даврада Тринидад ва Тобаго вакилини мағлуб этди, 2-даврада россиялик рақибга ютқазди)

+87 кг: Дмитрий Шокин (2-даврадан бошлади ва грециялик рақибини мағлуб этди, 3-босқичда қозоғистонлик спортчидан устун келди, чорак финалда мексикалик рақибга ютқазди) 


Аёллар:

-49 кг: Мадинабону Маннопова (1-даврада индонезиялик рақибасидан устун келди, 2-даврада қўшимча вақтда эронлик таэквондочига ютқазди)

-53 кг: Чарос Қаюмова (1-даврада португалиялик рақибини мағлуб этди, 2-даврада колумбиялик спортчидан устун келди, 3-босқичда латвиялик таэквондочига ютқазди)

-57 кг: Зария Қосимова (1-даврада сенегаллик рақибасини мағлуб этди, 2-даврада хорватиялик спортчига имконият бой берилди)

-62 кг: Феруза Содиқова (1-даврада иорданиялик рақибасидан устун келди, 2-босқичда туркиялик спортчига ютқазди)

-67 кг: Нигора Турсунқулова (2-даврадан қўшилди ва бельгиялик рақибини мағлуб этди, 3-босқичда иорданиялик рақибасига ютқазди)

+73 кг: Светлана Осипова (1-даврада испаниялик рақибасини мағлуб этди, 2-даврада британиялик спортчига ютқазди).


Аввалги жаҳон чемпионатида натижамиз қандай бўлганди?

Сўнгги маротаба 2013 йилда Мексиканинг Пуебла шаҳрида ташкил этилган жаҳон чемпионатида медалсиз қолгандик. 2015 ва 2017 йилги дунё биринчилигида медаль билан қайтганмиз. 

Челябинск-2015: 1 та олтин, 2 та кумуш.

Дмитрий Шокин - олтин

Никита Рафалович - кумуш

Жасур Бойқўзиев - кумуш.


Мужу-2017: 1 та кумуш, 1 та бронза.

Никита Рафалович - кумуш

Динорахон Мамадибрагимова - бронза.

Кўриб турганингиздек, сўнгги икки жаҳон чемпионатида таэквондочиларимиз жаҳон биринчилигидан медалсиз қайтишмаган. Бу сафар эса вакилларимиз қуруқ қўл билан юртимизга қайтишга мажбур бўлишди. Спортчиларимиз фақатгина рейтинг очколари жамғариш билан кифояланишди. 

Манчестердаги жаҳон чемпионати якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Жанубий Корея терма жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Таэквондо ватани вакиллари мусобақада 4 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалига эга чиқишди. Иккинчи ўриндан эса мезбонлар - Буюк Британия терма жамоаси аъзолари жой олишди - 3 та олтин, 1 та бронза. Кучли учликка хитойлик таэквондочилар 2 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медали билан якун ясашди. Манчестердаги жаҳон чемпионати давомида 18 та мамлакат вакиллари медаль билан уйга қайтишди.


Олимпиада лицензияси учун имкониятларимиз ҳақида

Яхши биласиз, келаси йили Токио шаҳри навбатдаги Олимпия ўйинларига мезбонлик қилади. 2016 йилги Рио Олимпиадасида уч нафар таэквондочимиз иштирок этган (Дмитрий Шокин, Никита Рафалович ва Нигора Турсунқулова). Хўш, бу сафар кунчиқар юртда бўлиб ўтадиган мусобақада лицензия олиш учун имкониятларимиз қандай? Аввало, Токио Олимпиадаси учун лицензия олиш йўллари ҳақида маълумот бериб ўтсам. 

Таэквондода 2020 йилги Олимпия ўйинларида ҳар бир вазн тоифасида 16 нафар спортчи иштирок этади. Беллашувлар 8 та вазн тоифасида ташкил этилади: эркаклар ўртасида -58 кг, -68 кг, -80 кг, +80 кг, аёллар ўртасида эса -49 кг, -57 кг, -67 кг, +67 кг. 


Вазн тоифаларида 16 нафар иштирокчи қандай аниқланади?

2019 йил 6-7 декабрь: Якуний Гран При турнири ғолиби (1)

2019 йил 9 декабрь: декабрь ойида эълон қилинадиган рейтингда кучли бешликка кира олган таэквондочилар (5)

2020 йил: Европа саралаш турнири: (2)

2020 йил: Африка саралаш турнири: (2)

2020 йил: Океания саралаш турнири: (1)

2020 йил: Панамерика саралаш турнири: (2)

2020 йил 10-12 апрель: Осиё саралаш турнири: (2) (Хитойнинг Ухи шаҳрида ўтказилади)

2020 йил: Мезбон мамлакат ёки таклиф асосида: (1)

Демак, ўзбекистонлик таэквондочи учта йўл орқали Олимпиадага бора олиши мумкин. Бунинг учун, декабрь ойида Москва шаҳрида ўтказиладиган Гран При, Олимпия рейтингида кучли бешликка кириш ёки Хитой мезбонлик қиладиган Осиё саралаш лицензион турнирида камида финалга чиқиш. 

Айни пайтда, Олимпия рейтингида ҳамюртларимиздан фақатгина Никита Рафалович лицензия берувчи - 4-ўринни эгаллаб турибди (янгиланган рейтингда у кучли бешликни тарк этиш эҳтимоли бор).


Олимпия рейтингида ТОП50 га кирган ўзбекиcтонлик таэквондочиларнинг ўрни (май ойи учун):

Эркаклар:

-58 кг: Улуғбек Рашитов (43-ўрин)

-68 кг: ТОП50да ХЕЧ КИМ ЙЎҚ

-80 кг: Никита Рафалович (4-ўрин), Максим Рафалович (33-ўрин)

+80 кг: Дмитрий Шокин (10-ўрин), Жасур Бойқўзиев (48-ўрин)


Аёллар:

-49 кг: Мадинабону Маннопова (46-ўрин)

-57 кг: ТОП50да ХЕЧ КИМ ЙЎҚ

-67 кг: Нигора Турсунқулова (12-ўрин)

+67 кг: Светлана Осипова (43-ўрин)


Демак, Никита Рафаловичдан ташқари рейтинг орқали лицензия қўлга киритиш имконияти таэквондочиларимизда жуда кам, деярли йўқ ҳисоби. Асосий умид Москва шаҳридаги Гран При ва Ухи шаҳрида Осиё мамлакатлари таэквондочилари учун ташкил этиладиган саралаш лицензион турнири. Маълумот учун, 2016 йилги Рио Олимпиадасидаги 3 та лицензиядан иккитаси ана шундай Осиё лицензион турнирида қўлга киритилган. Филиппинда ўтказилган мусобақада Никита Рафалович олтин, Нигора Турсунқулова кумуш медални қўлга киритиб, Рио Олимпиадаси йўлланмасига эга чиққандилар. Дмитрий Шокин эса +80 кг вазн тоифасида Олимпия рейтингда биринчи ўринни эгаллаш орқали лицензия соҳибига айланган. Қизиқ жиҳати, ўша йили мазкур рейтингда бошқа бир таэквондочимиз Жасур Бойқўзиев иккинчи ўринда қайд этилганди. Аммо, Олимпиадада бир вазн тоифасида бир мамлакатдан фақатгина бир нафар спортчи иштирок этиши сабабли, якунда Дмитрий Шокин Бразилиядаги Олимпиадада қатнашиб, якунда бешинчи ўрин билан кифояланганди. 

Олимпиада бошланишига 1 йилдан кўпроқ вақт қолди. Кўриб турганингиздек, имкониятларимиз у қадар катта эмас. Агар бу борада тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмаса, Токиода таэквондо бўйича нафақат медаллар, балки лицензия масаласи ҳам муаммо бўлиб қолиши мумкин. 


Азиз Тўхтамуродов

Рейтинг: -2   

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг