20 авг 20:20
Янгиликлар
Хабиб, Конор, Ислам ва бошқалар. Суперюлдузларнинг UFC'даги дебюти қандай бўлган?
Хабиб Нурмагомедов
Хабиб UFC'даги дебютини 2012 йилда қилган. Унинг рақиби Камал Шалорус эди - 7-2-1 рекорд. Хабибдан кейин Шалорус фақат Жим Миллерга ютқазди. Фақат МДҲда жанг қилган Нурмагомедовни Ғарб томошабинлари танимас эди, шу боис унинг дебютигача ҳеч қандай шов-шув бўлмаган. Шалорус 23 ёшли Нурмагомедов учун қийин рақибдек туюлди. Аммо жангда Хабиб тўлиқ устунлик қилди: у бир неча марта тейкдаун амалга оширди, рақибни нокдаунга учратди ва учинчи раундда уни бўғиб қўйди.
Нурмагомедовнинг ўзи дебютидан мамнун эмасди. Нокдаунга қарамай, зарба жуда хом эди. Партерда ишлаш ҳақида ҳам саволлар бор эди - Хабиб ҳали graund-and-paund машинасига айланмаган эди. Иккинчи раундда у Шалорусни икки марта йиқитди, аммо фаол ҳаракатлар йўқлиги сабабли ҳакам уларни тўхтатди.
«Менга жуда катта босим бўлди, олдин ҳеч қачон октагонда жанг қилмаганман ва машқ қилмаганман, ҳатто уни жонли кўрмаганман. Бунгача МДҲда фақат гиламда ёки рингда чиқиш қилганман. Эсимда, дебют жангимдан сўнг уйга қайтиб келганимда отам менга: «Нима деб ўйлагандинг, у ерда сенга осон бўлади дебми? Ёки у ерда сени шунча вақт кутишган деб ўйладингми? Сен ушбу лига билан шартнома имзолаган 600 нафар жангчининг бирисан. Агар сен энг зўр бўлишни истасанг, машқ қилишинг, умид қилишинг ва чидашинг керак», - деган эди дея хотирлаб ёзди Нурмагомедов ижтимоий тармоқларда.
Ислам Махачев
Махачев ҳам АҚШга келгунига қадар октагонда жанг қилмаган. «Мен ҳаётимда биринчи марта октагонни кўришим эди. Доғистонда октагонлар йўқ, бизда фақат гилам бор. Ва мен Хабибдан сўрадим: «Илтимос, Хавьер Мендезга октагонга киришни хоҳлаётганимни айта оласизми, у ерда бир неча раунд қолиш мумкинми?» Хавьер эса: «Ҳа, лекин бизда битта йигит бор, кўриниши бироз катта, ажойиб панчер»,- деди. Мен шунчаки: «Майли», - деб кетдим. Мураббийим: «Унда жуда яхши хай-кик бор, эҳтиёт бўл», - деб маслаҳат берди. Биз Леон Эдвардс билан спарринг қилдик: ажойиб раунд ўтказдик. Ўша пайтда у курашини яхшилаш учун АКАда ишлаётган эди», - деди Махачев.
У дебютини 2015 йилда Лео Кунцга қарши ўтказди, бу эса промоушендаги биринчи жанг эди. Иккинчи раунддаёқ Махачев жангни якунлади - у рақибини бўғиб қўйди. Ғалабани нишонлаш чоғида Абдулманап Нурмагомедов Россия байроғини октагонга олиб чиқди. Ўша жангдан кейин унинг Америка визаси бекор қилинган. Нурмагомедов виза муаммолари бевосита Россия рамзлари намойиши билан боғлиқ деб ҳисоблаган.
Махачев ва Абдулманап Нурмагомедов жуда яқин муносабатда бўлган. Хабиб тез-тез Ислам отасининг энг севимли шогирди эканлигини айтарди. Нурмагомедовнинг мураббийлик фаолиятидаги энг ҳиссий эпизод айнан Махачев билан боғлиқ.
«Сўнгги йилларда спортдаги кўз ёшларим Америкада Ислам Махачев ва Мартинс ўртасидаги баҳсда оқди. Жанг масаласини курашда ҳал қилиш мумкин бўлсада, зарбалар алмашишда Исламга рухсат бериш борасида Хавьер Мендес билан келишиб олдим. Махачев йиқилди, даҳшатли зарбани ўтказиб юборди. Фаолиятидаги ягона мағлубият. Биринчи муваффақиятсизлик. Бу менинг мураббийликдаги бахтсиз хатоим бўлди!» - деди Абдулманап Нурмагомедов.
Конор Макгрегор
2013 йил 11 февралда Дана Уайт биринчи марта ММАни бутунлай ўзгартирган одамнинг исмини эшитди. Уайт Дублинга иш билан келди ва у ерда маҳаллий барлардан бирида UFC мухлислари билан суҳбат қурди. «Бар одамлар билан гавжум эди. Мен тун бўйи ўша ерда ўтирдим ва бу вақт давомида мухлислар фақат Конор Макгрегор ҳақида гапиришди», - деб эслайди Уайт.
Лас-Вегасга қайтаётган Уайт матчмейкер Шон Шелбига Макгрегор билан шартнома имзолашни айтди. Икки ой ўтгач, Конор Маркус Бримейжга қарши Стокголмдаги турнирда дебют қилди. Ўша пайтда Бримейж истиқболли жангчи ҳисобланарди, фаолиятида фақат битта мағлубият, UFC'да эса - 3:0. Жангдан олдин Бримейж шундай деди: «Ирландияда ҳамма Конорга худди Масиҳ каби ибодат қилади. Унинг аввалги ҳамма рақиблари руҳий жиҳатдан cинган ҳолда жангга киришган. У мени навбатдаги «мешок» деб ўйлайди - ўша пайтда мен уни осмондан ерга тушириб қўяман».
Аммо, бундай бўлмади. Макгрегор 67 сонияда рақибини нокаутга учратди, бу эса трибунада ажиотаж юзага келишига сабаб бўлди. «Таърифлашга тил ожиз. Бу унинг UFC'даги дебюти, аммо у октагонга кирди, бу унинг промоушендаги 100-жангидек ҳаракат қилди. Жанг бошиданоқ Конорнинг ҳаракатлари енгил эди. Нокаутдан кейин ҳам бу унинг учун одатдаги ишдек туюлди. У хотиржам эди, бу йигит ҳақиқий монстр», - дея ҳайратда қолди Уайт.
Макгрегорга мағлуб бўлганидан кейин Бримейж яна еттита жанг ўтказди ва фақат бир марта ғалаба қозонган. У охирги марта 2022 йилда ёстиқ уриши турнирида қатнашган.
Макгрегор иконага айланди: «Мен бу спортни деб ақлдан озганман, худди, ҳаётини санъатга бағишлаган ва бу йўлда ақлини йўқотган ван Гог каби. Мен билан ҳам шундай бўлди. Чемпионлик камари белимда бўлса, онам катта қасрга, қизим ўзи истаган машинага, ҳатто, болаларимнинг болалари ҳам хоҳлаган нарсасига эга бўлади, шунда ҳаммаси ўзини оқлайди. Мен бу спорт учун боримни берганимдан бахтиёр бўламан.».
Жон Жонс
Жонс ўзининг профессионал ММАдаги биринчи жангини 2008 йил апрель ойида ўтказди ва август ойида UFC'да дебют қилди. Промоушендаги илк баҳсга қадар яъни уч ой ичида 6:0 ҳисобидаги рекордга эга бўлди. Илк жангдаги рақиб ММАда ҳали мағлуб бўлмаган, UFC'да дебют қилаётган Андре Гусмао эди (5:0). Ажабланарлиси шундаки, Жонс бу курашга камтарона ёндашди. «Менимча, бу мен учун яхши. Мен Нью-Йорклик оддий йигитман, бу ҳақда жуда кам одам билади», - деди Жонс. Ўшанда у мағлубиятдан қўрқмаслигига ишонтирди: «Дунёнинг барча буюк жангчилари ўз фаолиятида бир марта бўлса ҳам мағлубиятга учраган. Агар ютқазсам, бу менинг ўсишимга, янада кўпроқ ишлашим ва кўп нарсаларни ўрганишимга ёрдам беради».
Жангда Жонс ажойиб арсенал намойиш этди: айланма зарбалар, тизза зарбалари, кураш, тай клинчи. Жанг якунланганидан сўнг Андре қўлларини кўтариб, ғалаба қозондим деб ўйлаган бўлсада, Жонс унга ҳеч қандай имконият қолдирмаганди. Буни кузатган шарҳловчи Жо Роган шундай деди: «Гусмао қайси жангни томоша қилганини билмайман, лекин бу октагонда у аниқ ютқазди». Ва шундай бўлди - Жон Жонс бир овоздан ғалаба қозонди. Кейин нима бўлганини ўзингиз биласиз: Жонс UFC тарихидаги энг ёш чемпион бўлди. Аввалига яримоғир вазн тоифасида, кейин эса оғир вазн тоифасидаги камарга эга чиқди..
Алекс Волкановски
UFC'дан олдин Волкановски 13-1 рекордига эга эди, лекин энг муҳими, уни қўллаб-қувватлайдиган хотини ва иккита кичик фарзанди бор эди. Кундалик машғулотлар ишлаш учун вақт қолдирмасди. Минтақавий лигалардаги жанглар учун бериладиган гонорарлар жуда кам эди, шунинг учун у оиласи билан онасининг уйида яшади.
«Мен UFC'га кириш орзуим йўлида ҳаётимни четга суриб қўйдим», - деди Волкановски. Ҳатто унинг дўстлари ижтимоий тармоқларда сignVolkanovski ҳештегни ҳам бошладилар. Бу ёрдам берди - UFC шартнома таклиф қилди ва матчмейкер Жо Сильва унга ўзининг ватани Австралияда дебют жангини ташкил этишга ваъда берди.
Волкановски қуйидаги воқеани билгунига қадар жангга тайёргарлик кўраётган эди: «Ўша пайтдаги менежерлик компаниям тўсатдан мен бошқа промоушенда жанг қилиш учун рўйхатдан ўтганимни эълон қилди. Улар мени UFC'да дебют қилиш имкониятидан маҳрум қилишди. Маълум бўлишича, улар буни Австралиядаги кардга бошқа жангчини тиқиш учун қасддан уюштирган».
Аммо Волкановскининг UFC билан келишувида ташкилот билан қайта шартнома қилиш имконини берувчи банд борлиги маълум бўлди. Лекин вақт йўқотилганлиги сабабли Австралия карди аллақачон тўлганди. «Бу оғир зарба бўлди, лекин мен ижобий фикрлашга ҳаракат қилдим. Ўша рақиб (Алекс ҳеч қачон исмини ошкор қилмаган) мен учун қийин эканлигини, ютқазиб қўйиб UFC'ни тарк этишим мумкинлигини айтиб ўзимни овитардим».
Кейинроқ UFC яна Австралияда ивент уюштирди. Волкановски ўзининг орзусидаги дебютини енгил вазнда Юсуки Касуига қарши ўтказди. Биринчи раунд тенг курашлар остида кечди. Иккинчисида Волкановски рақибини йиқитди ва юқоридан кучли зарбалар билан рақибининг ҳимоясини бузиб ташлади.
Жангдан кейин Волкановски шундай деди: «Мен бу онларни қанча вақт кутгандим! Ҳамма билади, мен UFC'да анча олдинроқ бўлишим керак эди. Мен енгил вазн тоифасида энг кичигиман. Агар промоушен менга ярим енгил вазнга тушишим кераклигини айтса, мен пастга тушаман. Агар улар менга ўрта вазнга ўтишни айтишса, мен юқорига кўтариламан, менга фарқи йўқ».
Волкановскийнинг кейинги жанглари ярим енгил вазн тоифасида бўлиб, 2023 йилда у яна енгил вазн тоифасига кўтарилиб, Ислам Махачевга фаолиятидаги энг қийин жангини тақдим этди.
Исраэль Адесанья
Адесанья UFC'га жуда таниқли жангчи сифатида келган. 2010 йилда дебют қилиб, кикбоксинг, бокс ва ММА бўйича 100 га яқин жанг ўтказган. Адесанья боксда катта муваффақиятларга эришмаган бўлсада, кикбоксингда ўрта вазн тоифасида GLORY чемпионлиги учун курашган. Адесанья ММА бўйича кетма-кет 11 ғалабадан иборат ажойиб рекордга эга бўлди, барчаси нокаут билан. Ҳеч бир жанг икки раунддан ортиқ давом этмади. UFC'да узоқ кутилган дебют 2018 йилда австралиялик Роб Уилкинсонга қарши бўлганди.
«Биз UFC билан шартнома имзолашга шошилмадик. Kучли 10, кучли бешликдаги йигитлар билан жанг қилишга тайёр эдик. Бунинг учун мен шу йиллар давомида ишладим. Дебют жанг учун йиғин саккиз ҳафта эмас, балки мен ММА бўйича машғулот ўтказган саккиз йил давомида ўтди», - деди Адесанья.
Жангда Уилкинсон Адесанья билан стойкада жанг қилмасликка қарор қилди, шунинг учун у биринчи раундданоқ баҳсни партерга туширишга ҳаракат қилди. Адесанья тейкдаунлардан ҳимояланиш учун етарли физика ва техникага эга эканлигини кўрсатди. Иккинчи раундда у рақибини нокаутга учратиб, нафақат UFC'даги биринчи ғалабасини, балки оқшомнинг энг яхши жанги учун бонусни ҳам қўлга киритди.
Дастин Порье
Порье дастлаб WEC (Wоrld Extreme Cagefighting) жангчиси эди. Ушбу ташкилотда у атиги икки марта (1:1) - 2010 йилда UFC WECни ўзига қўшиб олмагунича жанг қилди. Шу тариқа, у янги промоушенга ўтди. Ундан олдин 145 фунтда WEC чемпиони Жозе Альдо эди. Жозе камарни ўзида сақлаб қолди ва автоматик равишда ярим енгил вазн тоифасида биринчи UFC чемпионига айланди (бундан олдин ташкилотда бундай дивизион йўқ эди). Биринчи ҳимояни Жош Гриспига қарши ўтказиш режалаштирилган, бироқ жангдан бир ой олдин Альдо бўйнидаги жароҳат туфайли жанг қила олмади. Ўрнига Дастин Порье келди. 14 та ғалаба ва атиги битта мағлубиятдан иборат ажойиб рекордга эга бўлган Жош Гриспи мантиқан бу камарга даъвогар саналарди. Порье эндигина 21 ёшда - ҳеч қандай статусга эга эмасди.
Жанг 2011 йил 1 январда бўлиб ўтди. Порье баҳсда ўзига хос бокс ва жиу-житсу маҳоратини намойиш этди, бу эса Гриспининг курашини нейтраллаштирди. Дастин бир овоздан ғалаба қозонди ва бу оқшомнинг энг кутилмаган воқеасига айланди.
«Жангда мен кучли ҳаяжонландим, техникани унутиб қўйдим. Бир вазиятда мен уни жароҳатладим деб ўйладим ва нокаут қилиш учун шошилдим, лекин хотиржам бўлиб, зарбаларни нишонга аниқ йўллашим керак эди. Агар ўша пайтда у менга қарши ҳужум қилганида, мени нокаутга учратган бўларди, чунки қўлларим пастга тушган эди», - деди Дастин жангдан кейин.
Унинг сўзларига кўра, жангнинг ўзи эмас, тайёргарлик кўпроқ қийинчиликларни келтириб чиқарган: «Улар менга қўнғироқ қилиб, жанг таклиф қилишганида, бу бир умрлик имконият эканини дарҳол англадим. Жанг учун вазн ташлаш оғир кечди, чунки, тайёргарлик учун бир ой вақт қолганди. Бунгача мен енгил вазнда жанг қилганим, кейин эса ярименгил вазн тоифасига ўтишга қарор қилганим ҳам мураккаб жараён. Гап шундаки, UFC'да енгил вазн тоифасидагилар жуда катта, шунинг учун мен 145 фунтда ўзимни яхши ҳис қиламан деб ҳисобладим».
Кейинчалик Порье яна енгил вазн тоифасига ўтди, чемпионлик номи ва БМF камари учун курашди (муваффақиятсиз). Эндиликда у ярим ўрта вазнда ўзини синаб кўриши ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда.
Петр Ян
Ян UFC билан 2018 йилнинг январида шартнома имзолаган. UFC'даги илк мижози Петр бўлган менежер Саят Абдраҳмонов шундай деб ёзди: «Ишонч учун Петяга катта раҳмат! Биз уч ярим йил олдин учрашганимизда, Петя ҳали бирорта профессионал жанг ўтказмаган ва мен менежерлик фаолияти билан шуғулланмаганман. Ишончим комилки, уч йилдан кейин Петя аллақачон ушбу ташкилотнинг чемпиони бўлади». Аммо Ян икки йилдан сўнг чемпион бўлди. Яннинг UFC'даги биринчи рақиби Теруто Ишихара эди. Ўша вақтга келиб Ишихара промоушенда еттита жанг ўтказган эди (рекорд - 3-1-3). У хавфли чап қўл билан ажойиб панчер ҳисобланарди.
«Ушбу жанг билан мен UFC'да «юриш» қилишга тайёр эканлигимни кўрсатмоқчиман. Мен собиқ АCB чемпиониман, кучли йигитлар билан жанг қилдим ва жаҳон даражасида рақобатлаша оламан деб ўйлайман. Бугун мен энг яхши UFC жангчилари билан баҳслаша оламан ва уларнинг кўпчилиги жиддий рақобатлаша олади. Мен бу ерга шунчаки иштирок этиш учун эмас, балки ўзимни, маҳоратимни, характеримни ва Сибир кучини кўрсатиш учун келдим».
Дебют 2018 йил июнь ойида Cингапурда бўлиб ўтди. Биринчи сонияданоқ Яннинг стойкаси Ишихарадан бир неча поғона юқори эканлиги аён бўлди. У рақибини илк раунддаёқ нокаутга учратди.
«Бу менинг UFC'даги дебют жангим эди, шунинг учун бироз асабийлашдим. Менинг режам: вақтини пойлаб, рақибнинг очилишини кутиш ва шундан кейингина ҳужум қилиш эди. Ўз вазиятимни тўғри топдим ва муддатидан аввал ғалабага эришдим», - деди Ян.
Шундан сўнг у еттита ғалабали серияга эришди. Бу кўрсатгич чемпионлик камарига эга бўлиш ва P4P рейтингига кириш шунинг ҳам етарли бўлди. Кейин кескин пасайиш бошланди - кетма-кет учта мағлубият. Ҳозирда у енгил вазн тоифасида бешинчи ўринни эгаллаб турибди.
Камару Усман
Камару Усманнинг UFC дебютигача бўлган йўли Тhe Ultimate Fighter шоуси орқали ўтди. 21-мавсумда Флориданинг ўша пайтдаги иккита асосий ММА зали - Аmerican Top Team ва Blackzilians рақобатлашди. Усман дастлаб ТUF'да иштирок этишни истамади, аммо Blackzilians эгаси Глен Робинсон уни шоуда ғалаба қозониши мумкинлигига ишонтирди. Усман икки рақибидан ўтиб, ярим ўрта вазн тоифасида турнир финалига чиққанида Робинсоннинг ишончи оқланди. ТUF'ни суратга олиш чоғида Усман кулгили эпизодга дуч келди. Кўрсатувда меҳмон сифатида иштирок этган Майкл Биспинг ҳазил тариқасида Усманнинг юзига ўт ўчиргич сувини сепди. Орадан етти йил ўтгач, Биспинг воқеа учун кечирим сўради, аммо Камару узрни қабул қилмади. ТUF финалида Усман ярим финалда Висенте Луке устидан ғалаба қозонган Хайдер Ҳассан билан тўқнаш келди.
Усман: «Мен уч йил давомида ММА билан шуғулландим ва шу вақт ичида Ҳасcан ҳақида ҳеч қачон эшитмаганман. Аммо ТUF'даги биринчи жангдан сўнг мен у билан финалда жанг қилишим кераклигини дарҳол англадим. У шоу бошланганидан бери тинимсиз гапиради, шунинг учун унинг овозини ўчириб қўймоқчиман».
Финал жангининг биринчи раундида Хассан Усманнинг оёқ зарбаларидан қўрқиб ҳаракат қилди. Рақибнинг пассивлиги Камаруга октагон марказини олиб, Хайдерни октагон панжараларига сиқиб пўйиш имконини берди. Иккинчи раундда эса мураббийлар маслаҳатига кўра, Хассан босим ўтказа бошлади ва ҳатто Усман бир марта апперкот қабул қилиб олди. Лекин дарҳол вазиятни қўлга олди. Камару Усман Тhe Ultimate Fighter чемпиони бўлди ва оқшомнинг энг яхши жанги учун 50 минг доллар бонус олди, UFC эса жамоавий ғалаба қозонгани учун Blackzilians'га 300 минг доллар берди. Ўшанда улар Аmerican Top жамоасини тахтдан ағдариб, Флорида қиролига айланганга ўхшарди, бироқ 2015 йилда зал эгаси Глен Робинсоннинг тўсатдан вафот этиши Blackzilians'ларга қаттиқ таъсир қилди - спорт зали икки йилдан сўнг ёпилди.
Хамзат Чимаев
Тез кўтарилганларнинг яна бир мисоли. 2020 йилнинг июлигача Хамзат Чимаев ҳақида деярли ҳеч ким билмас эди. Асли чечен бўлган спортчи Швециядаги Allstars Training Center'да Александр Густафссон билан бирга шуғулланган. Миш-мишларга кўра, UFC Густафссоннинг ҳомийлиги туфайлигина Чимаев билан шартнома имзолаган.
«У нафақат яхши курашчи, балки ҳеч ким Хамзатдек машғулот қила олмайди. Мен дунёни кезиб, кўплаб жангчиларни машқ қилганини кўрганман. Чимаев чарчоқ нималигини билмайди, бу йигит оғриқни ҳис қилмайди», - дея мақтади жамоадоши Густафссон.
Чимаев Густафссон ҳақида ҳар доим илиқ фикрлар билдиради: «Эҳтимол, агар Алекс Швецияда бўлмаганида, аралаш яккакурашларни бошламаган бўлардим. Усиз мен UFC'да бўлмаслигим мумкин эди. Жангга борадиган барча швед йигитлари Алексдан миннатдор. Гарчи камар қўлга киритмаган бўлсада, у биз учун ҳақиқий чемпион».
Чимаев 2020 йил - пандемия вақтида «Жанглар ороли»да дебют қилган. У Жон Филлипс билан курашиб, иккинчи раундда рақибини бўғиб қўйди. 10 кундан сўнг Чимаев яна октагонга чиқди, Риса Макки уч дақиқада манзилига етиб келди. Бу ютуқ Хамзатга UFC томонидан йилнинг энг яхши дебюти совринини тақдим этди.
Идеал дебют шахсий муаммолар туфайли бузилди. «Яқинда холам вафот этди. Ундан олдин мен онамга тез орада катта пул топишимни ва ҳаммаси яхши бўлишини айтдим. Онам эса: »Қанийди, бу пуллар ҳозир бўлганида» - деди. Аммо холам оламдан ўтди. Менинг мақсадим бошқа ҳеч қачон пулимиз бўлмайдиган вазият такрорланишига йўл қўймаслик», - деган эди BORZ.
Хорижий материаллар асосида Сарвиноз Рахмонқулова тайёрлади
Фикрлар