14 апр 09:06
Янгиликлар

Янги Ўзбекистон иқтидорлари: Орзулари қўшқанот йигит!
“Ката” машқларининг нафислиги ва теран фалсафаси, “кумитэ”нинг жанговорлиги ҳар доим бу спорт турига қўшимча жозиба беради. Шу сабаб аксарият ота-оналар фарзандининг каратэчи бўлишини истайди. Боласининг қўлидан ушлаб, спорт зали томон етаклайди.
Комил Адилов — каратэ бўйича бир неча бор мамлакат чемпиони ва кубоги баҳслари ғолиби, миллий терма жамоа устози сифатида фаолият олиб борган мутахассис. Табиийки, тажрибали мутахассис ўз фарзанди Саидкамолда ҳам татамига муҳаббат уйғота олди.
Дастлаб машғулотларда тенгдошлари билан спарринг баҳслар олиб борган Саидкамол секин-аста расмий баҳсларда татамига чиқа бошлади. Тошкент вилоят биринчилиги, Республика кубоги ва чемпионати баҳсларида иштирок этди. Тезкорлиги, узун қўл ва оёқлари уни ғалабалар сари етаклади.
Саидкамол илк бор 2018 йилда, 7 ёшида вилоят биринчилигида ғолиб чиққан бўлса, 2019 йил Қарши шаҳрида ташкил этилган Республика мусобақасида кумуш медалига мушарраф бўлди. Худдди шу йил Чирчиқда олтин медални ўзиники қилди. Самарқандда бронза медалига эришди.
2020 йилда Бекобод шаҳрида ўтган турнирда иккинчи, 2021 йил Урганч шаҳри мезбонлик қилган биринчиликда эса вазндошлари оарсида биринчи ўринни ҳеч кимга бермади. Пойтахт мезбонлик қилган республика мусобақасида барча рақибларидан устун эканини кўрсатиб, мухлис ва мутахассислар эътиборига тушди. 2022 йил ҳам ўз тенгқурлари орасида тенгсиз эканини исботлаган Саидкамолни энди вилоят терма жамоасига жалб қилишди.
Машғулотлар сифати яхшиланди. Талабчан ва меҳрибон мураббий, "Keles karate" клуби раҳбари Дилшод Юсупов ўқув-машғулот йиғинларида унга каратэнинг теран фалсафасини сингдира борди. Бу эса 2024 йилги республика ва халқаро мусобақаларда ўз самарасини берди. Июнь ойида Тошкент туманидаги турнирда 1-ўрин, Чирчиқда олтин медал, октябрь ойида ўтган Ўзбекистон чемпионатида 2-ўрин, ноябр ойида эса Бирлашган араб амирлигининг Абу-Даби шаҳри мезбонлик қилган халқаро турнирда янада шарафли антжага — чемпионликка эришди...
Йилдан-йилга мусобақалар жўғрофияси кенгайди. Энди мураббийлар ёш Саидкамолни халқаро турнирларга ҳам жалб эта бошлашди. Жумладан, 2024 йилнинг декабр ойида Туркиянинг Истанбул шаҳрида анъанавий “Burca Cup” халқаро турнирида Адилов бронза медалига сазовор бўлди.
Халқаро турнирда 4000 нафардан ошиқ каратэ усталари қатнашгани, мусобақага дунёнинг каратэ энг ривожланган давлатларидлан терма жамоалар иштирок этгани мазкур бронза медалининг қадри ва аҳамияти нақадар юксаклигини намоён этади. Бироқ ёш Саидкамол ва унинг фидойи мураббийи Дилшод Юсуповни бу натижа қаноатлантирмасди.
Устоз-шогирд “Burca Cup” мусобақаси видеоёзувини қайта кўриб чиқишди, ютуқ ва камчиликлар таҳлил қилинди. Янги машғулотлар дастури ишлаб чиқилди. Икки ойлик кучайтирилган машқлар натижаси феварлаь ойида Таиланд давлати мезбонлик қилган “Tayland karate cup international Championships-2025” халқаро турнирида ўз мевасини берди. Нуфузли турнирда юртимиз каратэчилари 4 та олтин ва 4 та кумуш медалига сазовор бўлиб, умумякунда 2-ўриндан жой олишди. Саидкамолнинг кўксини бу сафар кумуш медали безади.
— Таиланддаги мусобақага устозларимиз билан аниқ дастур асосида тайёргарлик кўрдик, -деди биз билан суҳбатда Саидкамол. — Шунинг учун, ҳар биримизда ғалабага ишонч, иштиёқ юқори эди. Декабрь ойидаги натижамни бироз яхшилаганимдан, бронзани кумушга ўзгартирганимдан мамнунман. Энди олтин медал учун бор кучимини ишга солмоқчиман! Бу мақсад йўлида устозим билан ҳамфикрмиз!
Ёш чемпион Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 224-сонли мактабда 8-синфда таҳсил олаётир. Машғулот ва мусобақаларда қаттиқ ишласа-да, ўқувчилик масъулиятини бир зум ҳам унутмайди. Аксинча, аъло баҳолари ва намунали хулқи билан тенгдошлари орасида ажралиб туради.
— Каратэ бўйича жаҳон чемпиони бўлиш - энг катта орзум! Ғалабам шарафига байроғимиз кўтарилса, мадҳиямиз янграса, отам ва устозимнинг ишончларини оқласам, дейман, - келажак ниятларини баён қилди ёш спортчи биз билан суҳбатда.
Туркиядаги халқаро турнир якунига етгач, Саидкамол Адилов спорт усталигига номзод талабларини бажарди. 14 ёшли спортчи учун бу катта спортга дастлабки пиллапоя.
Қаҳрамонимиз аввал спортчи, сўнгра мураббий сифатида юксак марраларни забт этмоқчи, жаҳоннинг, Халқаро каратэ федерациясининг энг кучли жангчиси бўлишга аҳд қилган бўлса-да, унинг энг олий орзуси бу эмас. Саидкамолга шифокор бўлиш, инсонлар дардига малҳам улашиш истаги ҳам тинчлик бермайди. Шунинг учун у фанлардан қўшимча сабоқлар олиб, билимларини мустаҳкамлаб бормоқда.
— Энг муҳими, интилиш. Инсонда мақсад сари интилиш бўлса, кучли ирода ва матонат ҳам шакллана боради, - деди бизга чемпионлар устози Дилшод ака Юсупов. - Саидкамол йил давомида жуда кўплаб мусобақаларда иштирок этади. Республиканинг турли шаҳарларига боради, хорижга чиқади. Шода-шода медалларни қўлга киритяпти, аммо мени хурсанд қилгани унда ўз ғалабаларидан ҳаволанишни кўрмайсиз. Кибрланиш йўқ. Ўқийдиган мактабида ҳам камтарлиги ва одоби билан бошқаларга намуна. Татамида хатолари устида ишлашдан қочмайди. Бу унинг энг катта устунлиги. Насиб этса, унинг келажагидан, истиқболидан кўп нарса кутяпмиз.
— Ота-она учун фарзандининг ютуғи қувонч, уларни парвозга чорлайдиган қанот, — деди биз биларн суҳбатда чемпионнинг отаси Комил Адилов. - Онаси иккимизнинг баъзида Саидкамолга раҳмимиз келади. Ўқишлари, қўшимча сабоқлардан ортиб, устози билан мусобақаларга тайёргарлик кўради. Ёши улғайган сайин жанглар ҳам қийинлашади. Қолаверса, халқаро мусобақаларда натижа кўрсатиш машаққатини ўзингиз яхши биласиз. Биргина хато қимматга тушиши мумкин. Шу боисдан, ўғлимнинг ҳар бир ғалабаси биз учун жуда қадрли. Фурсатдан фойдаланиб, Саидкамолга бор юрак меҳрини бериб, ўқитаётган устозларига, уни ҳақиқий яккакураш устаси қилиб тарбиялашга аҳд қилган мураббийларига катта раҳмат айтмоқчиман.
Бу йилги мусобақалар тақвими ҳам жуда зич тузилган. Фарзандимга, унинг тенгдошларига, жамоадошларига кучни тўғри тақсимлаб, рақибларни яхши ўрганиб, кўзлаган марраларини забт этишини тилаб қоламан...
Биз ҳам юқоридаги ойдин орзу-истакларга қўшиламиз. Ишонамиз, ёш каратэ устаси оламшумул ғалабалари билан ўзбекистонлик спорт ишқибозларига шодлик улашади. Шунингдек, ўзи орзулагандек, яхши шифокор ҳам бўлиб етишади, эл-улусга хизмат қилади...
Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади
Фикрлар