03 июн 13:35
Янгиликлар
Ярим аср камера билан бирга
Ўтган ҳафта Тошкентда оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтганидан хабарингиз бор. Тантанали очилиш маросимида кўплаб оператор ва фотосуратчилар фаол ишлашди. Энг мақбул ракурсни танлашга ҳаракат қилаётган тажрибали операторга қараб спортимиз фахрийлари “Анвар ака ёшлардан ҳам чаққон-а, қойил!” дейишгани эътиборни тортди. Ўйлаб қарасам, Анвар ака Авазхўжаев нақ 75 ёшга кириб қўйибди.
Ярим асрдан ошиқ давр мобайнида кино, теле, видеокамера ҳамда фотоаппарат билан дўст тутинган, 400дан зиёд ҳужжатли, манзарали, илмий-оммабоп фильмлар ва роликлар муаллифи бўлган серқирра ижодкорни кўплаб соҳа вакиллари жуда яхши билишади. Айримлари ҳақида алоҳида эслаб ўтишни жоиз топдик.
Тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт мусобақалари олимпия ўйинларини тасвирга тушириш ҳаммагаям насиб этавермайди. Анвар ака 1988 йилдан бошлаб нақ еттита олимпиадада ишлади. Мамлакатимиз спортчиларининг халқаро ареналарда қўлга киритган кўплаб ажойиб ғалабаларини тарих учун муҳрлади. 2000 йили Ўзбекистон байроғи остида ёзги олимпиадаларнинг дастлабки чемпиони бўлган Муҳаммадқодир Абдуллаев билан илк эксклюзив интервьюни айнан Анвар ака тасвирга туширган. 2008 йили Пекинда дзюдо бўйича финалга етиб борган Абдулла Тангриев ҳақидаги “Тиллакамарлик полвон” ҳужжатли лентамизни яратиш жараёнида операторимиз машҳур спортчи туғилиб вояга етган Сурхондарёга махсус сафарга бориб фильм янада таъсирли чиқиши учун зарур лавҳаларни олиб келган.
Профессионал боксда энг обрўли саналмиш ўта оғир вазн тоифасида андижонлик Руслан Чагаев енгилмас чемпион Николай Валуевга қарши жанг ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритганида Анвар ака ҳужжатли фильм ишлашни таклиф қилди. Тажрибали операторимизнинг бисотида Руслан ўсмирлигида Москвада ўтган Бутунжаҳон ёшлар ўйинларидаги иштироки, Андижондаги мактабда машғулотларда шуғулланаётган кадрлар сақланганига қойил қолгандик. Тасвирлаш учун видеолавҳалар етарли бўлганида сценарий ёзишим ҳам енгил кечди. Бутун дунё эътиборини тортган жанг арафасида Ўзбекистон телевидениесида премьераси бўлиб ўтган “Рингга чақириладилар: Руслан Чагаев...” ҳужжатли фильми мутахассис ва мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди. Кейин эса Анвар ака баҳайбат Валуевни ишончли тарзда таслим қилган Чагаев диёримизга қайтганида ҳамроҳлик қилиб яна кўплаб лавҳаларни суратга олди.
1998 йили футбол бўйича жаҳон чемпионатини Франция қабул қилган эди. Биз Анвар ака билан мундиал шукуҳидан баҳраманд бўлганмиз. Тасвир нуқтаи назаридан чемпионат атрофидаги воқеа-ҳодисаларни имкон қадар тўла ёритишга ҳаракат қилган операторимиз Тулуза мэрияси олдидаги майдонда аргентиналик ва япониялик ишқибозларнинг ўзаро тўп тепиб баҳслашганидаги шижоат ва дўстона табассумни кўрсатганини, ташкилий қўмита вакилининг шаҳарларни безашга қандай эътибор қаратилгани ҳақидаги ҳикоясини лавҳалар билан тасдиқлаб тўлдирганини, Фантомас ва комиссар Жюв ҳақидаги машҳур комедиялар тасвирга олинган Каркасонда бразилиялик мухлислар нафақат футбол, балки бошқа соҳаларга қизиқишини очиб берганини, жаҳон чемпионатига борган юртдошларимизнинг мундиал ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини француз шаҳарлари фонида ўзига хос ракурс остида суратга туширганини Ўзбекистон телевидениесининг турли каналларида эфирга берилган лавҳаларда томоша қилганлар юксак баҳолашган.
Анвар ака мустақиллик йилларида юртдошларимиз қатнашган Осиё ўйинларининг аксариятида ишлагани эътиборга лойиқ. У фотосуратчи Анвар Илёсов билан бирга бундай комплекс мусобақаларга илк бора ташриф буюрган ёш ҳамкасбларига тавсия ва маслаҳатлари билан ёрдам берганини таъкидлаш даркор. Бу каби мусобақаларда спортнинг кўплаб турлари бўйича баҳслар эрта тонгдан то кечга қадар бирин-кетин ва параллель равишда ўтказилади. Операторимиз ўзбек атлетларининг ютуқларини тарихда қолдириш учун бир аренадан бошқасига жуда тез етиб бориши ҳамда ўз ишини сифатли бажариш учун қулай жой топишига тан берганмиз. Осиё ўйинларидан қайтгач Анвар ака ўзига хос ҳисобот тарзида ҳужжатли фильмларни яратиши анъанага айланган. Жумладан, “Доҳанинг олтин қуёши” фильмимиз бир қатор танловларда совриндор бўлган.
Анвар Авазхўжаевнинг бисотида спорт курашлари билан боғлиқ материаллар жуда кўп. Юртимиз ва хорижда ўтказилган нуфузли мусобақаларда ўзбек полвонлари қўлга киритган ғалабаларнинг аксариятини тасвирга тушириб, мухлисларга етказган. Умуман олганда, спорт соҳасига оид 80дан зиёд фильмни яратишда тажрибали операторимиз фидойилик кўрсатгани таҳсинга лойиқ.
Шу ўринда яна бир фактни таъкидлаб ўтиш зарур. 2000 йиллар аввалида самолётларда видеотасвир намойиш қилувчи экранлар урфга айлана бошлади. Анвар аканинг саъй-ҳаракатлари билан ҳаво кемаларимизда Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, диққатга сазовор обидалари, ҳунармандчилик намуналари ҳақидаги фильмлар намойиш этила бошланди. Лайнер хориждаги аэропортдан самога кўтарилганда олдинда кутиб турган Ўзбекистоннинг тарихи, бугуни, табиати, мевалари, гуллари намойиш этилса, айтайлик, Самарқандга қўниш арафасида ушбу кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар ҳақида фильм йўловчилар эътиборига ҳавола этилган. Кейинчалик кемаларимиз парвоз қиладиган чет эл шаҳарларига қўнишдан олдин бу диёрда нималар кутаётгани ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар хусусида фильмлар бевосита Анвар Авазхўжаев иштирокида тасвирга олиниб, намойиш қилина бошлаган.
Табиатни жуда яхши кўрадиган оператор кўплаб фильмларида юртимизнинг жаннатмонанд ўлка эканини, ҳайвонот ва қушлар оламимизнинг ўзига хослигини кўрсатишга муваффақ бўлган. Эсимда, “Ўзбекистон кабутарлари” фильми учун материал тўплаётган Анвар ака Таиланд пойтахти Бангкокда кабутарлар кўргазмасини синчковлик билан тасвирга тушириб, кейинчалик биздаги кабутарлар билан таққослагани лентани бойитишга хизмат қилган.
Умуман олганда, тажрибали тасвирчи ҳар қандай вазиятга ўзига хос назар билан боқиши таҳсинга сазовор. Эътирофга лойиқ кадрни суратга олиш учун кечаю-кундуз ишлашга тайёр Анвар аканинг ғайрати одатда биз каби ҳамкорлари, ҳаммуаллифларига кўчади. Паттайяга кетаётган машинани тўхтатиб, плантациядаги баланд дарахтдан айнан ўзимиз банан тераётганимиз, ёки дунёга донғи кетган орхидеялар мажмуасида бевосита бизникилар юрганини кўрсатишга эътибор қаратиши ўзбек томошабинига алоҳида таъсир қилишини таъкидлашдан чарчамайди.
Анвар ака барча билан ўта самимий, мулойим мулоқот қилиши, одамийликни биринчи ўринга қўйиши боис ҳурмат-эътибор қозонган. Кўп йиллар мобайнидаги фидойи меҳнати давлатимиз томонидан юксак баҳоланган: “Дўстлик” ордени билан тақдирланган, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонига лойиқ кўрилган.
Анвар ака Авазхўжаев яна кўп йиллар мобайнида янги ва янги асарлари билан барчамизни хурсанд қилишларига тилакдошмиз.
Мирзаҳаким Тўхтамирзаев
Фикрлар