UZ

Сўнгги янгиликлар

20:38Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси: Ўзбекистон асосий жамоаларида ғалабалар, учинчи терма жамоа Германияга ютқазди (барча натижалар) 0 19:02Арман Царукян нима учун UFC чемпионлик камари учун барча пулидан воз кечишга тайёрлигини тушунтирди 0 18:32Рафинья Ямални "Олтин тўп"га лойиқ деб ҳисоблайди 0 17:45Фёдор Емельяненко UFC собиқ чемпиони билан жанг қилмоқчи 0 17:16Mangu 5: Бу сафар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида кичик турнир бўлади 0 16:30Арман Царукян UFCдан допинг-тест учун махсус куртка олди 0 15:51Месси учун 500 млн: ақл бовар қилмас трансфер тафсилотлари ошкор бўлди 0 14:46Расман: Ўзбекистон бокс терма жамоасининг Осиё ўйинларида иштирок этувчи таркиби эълон қилинди 0 14:32Триатлончиларимизнинг Аичи-Нагоя-2026 Осиё ўйинлари учун таркиби маълум. Француз спортчимиз ҳам Японияга боради 0 13:45Осиё ўйинлари. Ўзбекистон аёллар МТЖ Хитой билан дуранг ўйнади 0 13:14Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси. Бугунги рақибларимиз ва жуфтликлар билан танишинг 0 12:53Бобур Абдулазизов илк бор Тошкентда ўтказиладиган IBA Nomad турнирида жанг қилади. Рақиб эски таниш (ПОСТЕР) 0 12:05Ҳиндистон шахмат терма жамоаси Самарқандда ташкилий муаммога дуч келди 0 11:22Ўзбекистон Кубоги чорак финалига қуръа ташланди 0 09:45Оксана Чусовитина ҳам Осиё ўйинларига боради! 0

03 ноя 16:49
Янгиликлар

Футбол

Ўзбекистонлик ўсмирлар мундиалга қандай тайёргарлик кўрди?

Теглар :  Ўзбекистон U 17
Ислом Исмоилов шогирдлари турли йиғинлар доирасида 15 та назорат учрашувида майдонга тушди.

3-27 ноябрь кунлари Қатарда 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказилади. Унда дунё бўйлаб ўз минтақасида сараланган 48 жамоа, шу жумладан, Ўзбекистон иштирок этади. Кичик мундиал олдидан Ўзбекистон терма жамоасининг турнирга тайёргарлиги ҳамда мусобақадаги рақиблари тўғрисида мулоҳаза юритамиз.

ГУРУҲ БОСҚИЧИ

Гуруҳ босқичида 48 жамоа 12 гуруҳга бўлинган ҳолда беллашади. Дастлабки икки ўринни эгаллаган, шунингдек, учинчи ўринни эгаллаган энг яхши 8 жамоа кейинги босқичга йўл олади.

Осиё чемпиони сифатида мундиалга ташриф буюрган Ислом Исмоилов мураббийлигидаги Ўзбекистон "J" гуруҳида Парагвай, Панама ва Ирландия Республикаси билан куч синашади.

Ҳамюртларимиз мусобақани 5 ноябрь куни Парагвайга қарши учрашув билан бошлайди, 8 ноябрь санасида Ирландияга рақиб бўлади, 11 ноябрь куни эса Панамани имтиҳондан ўтказади.

МУНДИАЛГА ТАЙЁРГАРЛИК

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси жаҳон чемпионатига жиддий тайёргарлик кўрди ва кўплаб назорат учрашувларида майдонга тушди.

Жумладан, июнь ойида Чилида мезбон давлат билан икки ўртоқлик учрашуви ташкил этилди ва унда ўзбекистонликлар 1:0 ва 2:1 ҳисобларида зафар қучди.

Сўнгра ушбу мамлакатда Боливияга учрашувлар ўтказилди. Дастлабки ўйинда 0:2 ҳисобида ютқазган "оқ бўрилар" кейинги баҳсда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Июль ойида Россиянинг Москва шаҳрида ЦСКА ўсмирлар жамоасига қарши майдонга тушган Ўзбекистон 1:0 ҳисобида устун келди. Шунингдек, "Чертаново" жамоаси билан ўйинда кучлар тенг келди – 1:1.

Август ойида Биринчи лига иштирокчиси "Цементчи" билан назорат учрашуви ташкиллаштирилди. Унда жанговар – 3:3 ҳисоби қайд этилди.

Сентябрда Ислом Исмоилов шогирдлари Испаниянинг Херес шаҳрида йиғин ўтказди ва учта назорат учрашувида майдонга тушди. Аввалига Англияга 1:3 ҳисобида имконият бой берилди, сўнгра Канада билан тўқнашув 2:2 ҳисобида якунланди. Марокашга қарши баҳсда эса 3:4 ҳисоби қайд этилди.

Октябрь ўрталарида Тошкентда Туркия ўсмирлари билан икки ўртоқлик учрашуви ташкил этилди. Муросасиз беллашувлар муроса билан якунланди. Дастлаб 2:2, сўнгра 0:0 ҳисоблари қайд этилди.

Октябрь ойининг иккинчи қисмида Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилиб, учта назорат ўйини ташкиллаштирилди.

Дастлаб Венесуэлага қарши баҳсда 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. Кейинчалик Кот-д'Ивуар 2:0 ҳисобида таслим этилди, охирги учрашувда эса Буркина-Фасога 0:4 ҳисобида имконият бой берилди.

РАҚИБЛАР

Парагвай

Парагвай "J" гуруҳи фаворитларидан бири сифатида эътироф этилаётган бўлса-да, саралашдаги натижалари ўта ҳавас қиларли даражада эмас. Йўл-йўл ранглилар Жанубий Америка чемпионатида 5-ўринни қўлга киритган ҳолда жаҳон чемпионати иштирокчисига айланди. Гуруҳ босқичида Колумбия, Чили, Аргентина ва Перу билан бир гуруҳдан олган Мариано Углессич шогирдлари 4-ўринни эгаллади.

5–8-ўринлар учун беллашувларда эса дастлаб Эквадор, сўнгра Аргентина пенальтилар сериясида мағлуб этилди.

Парагвайнинг кичик мундиалда иштирок этадиган таркибида деярли маҳаллий лига иштирокчиларидан иборат. Фақатгина Лео Кристалдо Аргентинанинг "Велес" клуби шарафини ҳимоя қилади.

 

Панама

Панама Шимолий ва Марказий Америка мамлакатларидан иборат CONCACAF минтақаси саралаш босқичида Доминикан Республикаси, Аруба ва Гренада билан бир гуруҳдан ўрин олиб, пешқадам сифатида кичик мундиал йўлланмасини қўлга киритди.

Панама таркиби ҳам маҳаллий лига футболчиларидан иборат. Фақатгина Эстевис Лопес Аргентинанинг "Ривер Плейт" клуби аъзоси ҳисобланади.


Ирландия Республикаси

Ирландия Европа минтақасида Бельгия, Польша ва Исландия билан бир гуруҳдан ўрин олиб, энг яхши 2-ўринлар қаторида жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.

Ирландия таркибида бошқа мамлакат чемпионатларида тўп тепадиган футболчилар бисёр. Жумладан, "Ҳоффенҳайм", "Ньюкасл", "Брюгге", "Бёрнли", "Бенфика", "Лорьян", "Саутгемптон" жамоаларидан ўспиринлар жалб этилган.

ХУЛОСА

Ўзбекистон терма жамоаси мундиал олдидан турли қитъа жамоаларига қарши жиддий тайёргарлик кўрди. Менимча, "оқ бўрилар" учун гуруҳдан чиқиш муаммога айланмайди. Плей-офф босқичида эса кўп нарса қайси рақиб дуч келишига боғлиқ. Ўйлашимизча, жаҳон чемпионатида "қош қоқишлар"га кўп маротаба гувоҳ бўламиз.


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Рейтинг: +1   

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг