29 ноя 13:51
Янгиликлар
Жавоҳир Синдаров: "Ҳаяжондаман!"
Тўртинчи тур якунига етгач, амалдаги жаҳон тожи соҳиби Гукеш Доммараджу ва Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдаров матбуот анжуманида иштирок этди.
"Агар икки томон ҳам яхши ўйнаса, партия одатда дуранг натижа билан тугайди"
Синдаров ҳам, Гукеш ҳам ғалабали партияларнинг йўқлигидан норози бўлаётган баъзи мухлисларнинг эътирозини изоҳлашди. Жавоҳир шахматчиларнинг ўйин сифати юқори бўлса, дуранг натижа адолатли бўлишини таъкидлади.
"Умуман олганда, шахмат тенг ўйин. Агар икки томон ҳам яхши ўйнаса, партия ҳар доим дуранг билан тугайди. Лекин бугун анча қийин партия бўлди ва менимча, иккимиз ҳам яхши ўйнадик. Шунинг учун дуранг - бу яхши натижа", - деди Синдаров.
Жавоҳир ўз навбатида, жаҳон чемпиони унвони учун ўзининг биринчи ўйини ҳақидаги таассуротларини ва қолган партиялардан нималарни кутаётганини ўртоқлашди.
"Бу ерда бўлаётган барча нарсалардан ҳаяжондаман. Менимча, бу партиялар жуда яхши чиқди. Олдимизда яна 10 та партия бор ва менимча, бу жуда қизиқарли бўлади", - деди ўзбекистонлик гроссмейстер.
Маълумот учун, бугун жаҳон тожи учун матчнинг 5-турида Жавоҳир Синдаров оқ доналарда ўйнайди. Учрашув Тошкент вақти билан соат 19:00`да бошланади.

Фикрлар