UZ

Сўнгги янгиликлар

21:39Нодирбек Абдусатторов амалдаги жаҳон чемпиони Гукешни қора доналарда мағлуб этди 0 20:32Муроджон Аҳмадалиев Наоянинг бугунги ғалабасига эътибор қаратди + ФОТО 0 20:11Хосеп Гвардиола: "Байрамда йиғилган барча ортиқча вазн шу ўйинда ташланди" 0 19:50Исраэль Адесанья: "Яна таваккал қилмоқчиман" 0 19:29Наоя Иноуэнинг Пикассога қарши жанги тўлиқ давом этди 0 18:09The Ring V. Накатани Эрнандес устидан ғалабага эришди 0 17:57"Наполи" "Реал" ҳужумчисини нишонга олди 0 17:36Дана Уайт собиқ жангчиларнинг UFC’га қарши даъвоси бўйича далилларни йўқ қилишда гумонланиб, судга чақирилди 0 17:15Надаль фаолиятини сиёсатда давом эттирадими? Рафанинг ўзи жавоб берди 0 16:54Ислам Махачев титул жанги учун икки номзодни айтди 0 16:33"Реал" Зиданни қайтармоқчи 0 16:12YouTuber Пётр Янга тикди ва миллион доллардан ортиқ пул ютиб олди + ФОТО 0 15:51Ислам Махачев Шавкат Раҳмоновга қарши жанг ҳақида гапирди 0 15:30Наоя Иноуэ ва Алан Пикассонинг бугунги жанги учун гонорарлари эълон қилинди 0 15:09"Ливерпуль” собиқ футболчиси "Манчестер Юнайтед"га Стерлингни сотиб олишни таклиф қилди 0

09 фев 15:37
Янгиликлар

Дзюдо

Ифтихор. Юрт шаънини елкага олиб

“Эл ори эр бўйнида”, дейишади. Бу таърифни бемалол дзюдо бўйича Тошкент вилояти терма жамоаси бош мураббийи Аваз Коргановга нисбатан ишлатиш мумкин.

Чунки у болалигидан ҳозирга қадар дзюдо гиламида Ватани, жамоаси манфаатини, ютуқларини муносиб ҳимоя қилиб келаётир. Корганов 2007 йил, 19 ёшида мамлакат чемпиони бўлиб, мамлакат миллий терма жамоасига қабул қилинди. Терма жамоа сафида  2008 йилда Токиода ўтган жаҳон чемпионатида жамоавий баҳсларда кумуш медалга эришди.

Бош жамоа сафида унга 2009 йил Туркияда, 2011 йил Эронда, 2012 йилда Тошкентда ўтган халқаро мусобақаларда кучли учликдан жой олиш насиб этди. Жароҳати туфайли Лондон-2012 Олимпиадасида қатнаша олмаган бўлса-да, ўзи севган спортни ташлаб кетмади. Аксинча, майдонга мураббий сифатида қайтишга муваффақ бўлди. Бир муддат Сергели туман спорт мактабида мураббийлик қилди, сўнгра уч йил давомида Жанубий Кореяда ҳам фаолият кўрсатди. 

2021 йилдан Чирчиқ шаҳар спорт мактабида дзюдо бўлимида ишлаш асносида кўплаб ёшларни ўз ортидан эргаштира олди. Яъники, шогирдларини ҳам ўзи каби дюздо гиламидан ғолибона тарк этишга ўргатди ва ўргатмоқда. Дзюдо сирларини ўрганаётган 50 нафардан ортиқ ўғил-қиз орасида иқтидорлилари талайгина. Жумладан, Бекзод Адҳамов, Фирдавс Фоворисов, Ашраф Қурбонов, Азизбек Турсунбоев сингари шогирдлари устози каби мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишни мақсад қилишган.

— Ёшим 12 да, — дейди бир неча бор ўз тенгқурлари орасида республика чемпиони бўлган Бекзод Адҳамов. — Устозимиз Аваз ака машқ пайтида усулларни жуда чиройли бажариб кўрсатади. Мақсадим — мусобақаларда кўпроқ қатнашиб, катта спортда ҳам яхши натижаларга эришмоқчиман. Устозим жароҳат олгани сабаб Олимпиадада қатнашолмаган экан. Катта бўлсам, Олимпиадага чиқиб, кетма-кет ғалабаларга эришишни, устозим ва ота-онамни хурсанд қилишни истайман!

Қаердаки, раҳбар фидойи бўлса, ўша жойда натижа ҳам, ўсиш ҳам тезда кўзга ташланади. Чирчиқ шаҳар спорт мактаби директори Суҳроб Султонов нафақат муассаса тарбияланувчиларига, балки Тошкент вилояти терма жамоасига ҳам машғулотлари учун қулай ва зарур шароитларни яратиб берган. Чунки у дзюдо кураши бўйича вилоят спорт федерацияси раҳбари. 

Айни пайтда вилоят терма жамоаси май ойида Нукус шаҳрида ўтадиган Ўзбекистон кубоги баҳсларига қизғин ҳозирлик кўраётир. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, вилоат термасининг 5-6 нафар аъзоси дзюдо бўйича мамлакат терма жамоаси мураббийларининг ҳам рўйхатидан ўрин олган. Мақсад — уларнинг сонини янада ошириш, яратилган кенг имкониятлардан оқилона фойдаланиш. Чирчиқ шаҳар спорт мактабининг дзюдо зали ўзининг кенглиги, ёруғ ва озодалиги билан шуғулланувчиларга қўшимча куч, иштиёқ бағишлаб туради. Устознинг дил сўзларига қулоқ тутамиз.

— 2025 йил шогирдларим, ҳатто ўзим учун ҳам  жуда кўп йирик  мусобақаларга бой йил, — деди Аваз Корганов биз билан суҳбатда. — Ўтган йил ноябр ойида АҚШнинг Лас-Вегас шаҳри мезбонлик қилган дзюдо бўйича фахрийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида  90 кг. вазн тоифасида италиялик, бразилиялик, АҚШ ҳамда франциялик курашчиларни ютиб, финалда эстониялик курашчига бой бериб қўйдим. Энди жорий йилда бу натижамни яхшиламоқчиман. Орзум - жаҳон чемпионатининг олтин медали!

Бунгача эса май ойида Хитой Тайпейи давлати мезбонлик қиладиган Бутунжааҳон мастерлар ўйинларида ҳам Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш ниятим бор. Қолаверса, Тошкент вилоятидан республика терма жамоаларига муносиб ўринбосарлар тайёрлаб берсак, мухлисларимизни хурсанд қилган бўлар эдик.

Шу ўринда бизга барча шароитларни муҳайё қилаётган Чирчиқ шаҳар  спорт мактаби директори ҳамда дзюдо бўйича Тошкент вилояти федерацияси раҳбари Суҳроб Султоновнинг жонкуярлигини, фидойилик билан қилаётган саъй-ҳаракатларини эътироф этишни ўринли деб биламан...  

Ҳа, спортчилик, мураббийликнинг машаққати оғир. Аммо ойлаб-йиллаб қилинган машқлар мусобақаларда ғалабалар сари бошласа, сизни умид билан қўллаб-қувватлаётган кўп сонли ишқибозларни хушнуд этса, чеккан барча заҳматларингиз унут бўлади. Ватан орини елкага олиш, юрт шаънини ҳимоя қилиш саодати, бахти ҳам аслида шу бўлса керак!

Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг