UZ

Сўнгги янгиликлар

21:39Нодирбек Абдусатторов амалдаги жаҳон чемпиони Гукешни қора доналарда мағлуб этди 0 20:32Муроджон Аҳмадалиев Наоянинг бугунги ғалабасига эътибор қаратди + ФОТО 0 20:11Хосеп Гвардиола: "Байрамда йиғилган барча ортиқча вазн шу ўйинда ташланди" 0 19:50Исраэль Адесанья: "Яна таваккал қилмоқчиман" 0 19:29Наоя Иноуэнинг Пикассога қарши жанги тўлиқ давом этди 0 18:09The Ring V. Накатани Эрнандес устидан ғалабага эришди 0 17:57"Наполи" "Реал" ҳужумчисини нишонга олди 0 17:36Дана Уайт собиқ жангчиларнинг UFC’га қарши даъвоси бўйича далилларни йўқ қилишда гумонланиб, судга чақирилди 0 17:15Надаль фаолиятини сиёсатда давом эттирадими? Рафанинг ўзи жавоб берди 0 16:54Ислам Махачев титул жанги учун икки номзодни айтди 0 16:33"Реал" Зиданни қайтармоқчи 0 16:12YouTuber Пётр Янга тикди ва миллион доллардан ортиқ пул ютиб олди + ФОТО 0 15:51Ислам Махачев Шавкат Раҳмоновга қарши жанг ҳақида гапирди 0 15:30Наоя Иноуэ ва Алан Пикассонинг бугунги жанги учун гонорарлари эълон қилинди 0 15:09"Ливерпуль” собиқ футболчиси "Манчестер Юнайтед"га Стерлингни сотиб олишни таклиф қилди 0

26 окт 13:12
Янгиликлар

Дзюдо

Иродали мураббий Авазбек Корганов билан яқиндан танишамиз

Оиладаги муҳит, ота-онасининг тўғри тарбияси, акаларининг спорт билан ҳамнафаслиги бўлмаганида Авазбек на спортчи ва на бу қадар салмоқли натижаларга эришмаган бўлармиди?

Авазбек Коргановга бугун кўпчилик ҳавас қилади. Келинг, барчасини бошидан бошлаймиз. У 1988 йилда Чимкент шаҳрида туғилди. Авазнинг акалари Алишер ва Анвар дзюдо машғулотларига қатнар, катта-кичик мусобақаларда иштирок этиб, медалларни қўлга киритади. 

Шу сабаб ёш Авазбекда ҳам дзюдога бўлган қизиқиш ортиб, ҳали мактабга қадам қўймасдан Чирчиқ шаҳридаги "Кимёгар" спорт мажмуаси томон йўл олди. "Кимёгар"даги дзюдо секциясида илк устозлари, тажрибали мураббийлар Виктор Галкин ва Андрей Штурбабин қўл остида машғулотларга тезда киришиб кетди. Авазбекдаги иқтидорни англаган мураббийлари уни беллашувларда синаб кўришга қарор қилишди. 

Дастлаб  шаҳар, сўнгра вилоят биринчилигида ғалабалар қўлга киритилди. Ёш дзюдочи энди мамлакат миқёсидаги мусобақаларда иштирок эта бошлади. Илк бор 1999 йили Қарши шаҳрида ўтган ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида 45 кг вазн тоифасида иштирок этиб, олтин медалга сазовор бўлди.  

2000 йил Самарқандда ўтган мамлакат чемпионатида учинчи, 2001 йил Қаршида ташкил этилган Ўзбекистон чемпионатида иккинчи, 2004 йил Хоразмда бўлган чемпионатда эса биринчи ўрин қўлга киритилди. 2005 йил Қаршида ўтган ёшлар ўртасидаги мамлакат чемпионатида яна шоҳсупанинг энг юқорисидан жой олди. 

Кетма-кет Ўзбекистон чемпионати ва турнирларда   кучли учликдан жой олиб келаётган Авазбек 2003 йилда Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига (ўша пайтдаги Чирчиқ ОЗК) ўқишга қабул қилинди. Марказдаги дзюдо бўйича устозлари Искандар Расулов, Сервер Муродасиловлар қўл остида машғулотларни давом эттирган Авазбек катталар ўртасидаги чемпионатларда ҳам иштирок эта бошлади. 

2006 йил Самарқанд мезбонлик қилган катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида 73 кг. да иккинчи, 2007 йили Чирчиқ шаҳрида ўтган мамлакат чемпионатида биринчи ўринни қўлга киритган Авазбекни миллий терма жамоасига қабул қилишди. 

Терма жамоа сафидан муносиб жой олган Авазбек Корганов 2007-2008 йиллари Эрон, Ҳиндистон, Қозоғистон давларида ташкил этилган халқаро турнирларда медалларни қўлга киритишга муваффақ бўлди. Терма жамоа бош мураббийи Андрей Штурбабин қўл остида шов-шувли натижларга эришиб бораётган Авазбек 2008 йили Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказилган дзюдо бўйича жамоавий жаҳон чемпионатида ўша пайтдаги энг номдор дзюдочилар Абдулла Тангриев, Ришод Собиров, Рамзиддин Саидов, Ўткир Қурбонов, Хуршид Набиев, Наврўз Жўрақобилов ҳамда Мирали Шарипов билан биргаликда жамоавий баҳсларда иккинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлишди.

Андрей Штурбабин бош мураббийлигидаги жамоага 2009 йил Туркияда, 2011 йил Эронда, 2012 йилда Тошкентда ўтган халқаро мусобақаларда кучли учликдан жой олиш насиб этди. Лондон-2012 Олимпия ўйинларига етарлича очко тўплаган ҳолда бир олам орзулар билан машғулотларни давом эттираётган пайтда бехосдан орттирилган белдаги жароҳат Авазбекнинг энг нуфузли мусобақада иштирок этиш орзусини армонга айлантирди. Бироқ қаҳрамонимиз спортдан чекинмади. Жароҳати тузалгач яна спортга қайтди. Энди спортчи бўлиб эмас, дзюдо бўйича мураббий сифатида.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида Арслон Элов, Шуҳрат Арслонов каби етук мутахассислар устозлигида таҳсил олиб, олий маълумотли мураббий дипломига эга бўлган Авазбек бир муддат Сергели туман спорт мактабида мураббийлик қилди. Сўнгра 2017 йилдан 2020 йилгача уч йил давомида Жанубий Кореяда ҳам дзюдодан мураббий сифатида фаолият кўрсатди. 

У 2021 йилдан бошлаб эса Чирчиқ шаҳар спорт мактабида дзюдодан ўғил-қизларга сабоқ бериб келмоқда. Авазбекнинг таъкидлашича, Спорт мактаби директори Сухроб Султонов бошчилигида болаларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитлар муҳайё этилган. Ҳозирда Авазбек Корганов қўл остида дзюдо сирларини ўрганаётган 50 нафардан ортиқ ўғил-қиз орасида иқтидорлилари талайгина. Бекзод Адҳамов, Фирдавс Фоворисов, Ашраф Қурбонов, Азизбек Турсунбоев сингари шогирдлари устози каби мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишни мақсад қилишган ва бунга эришмоқдалар. 

Дзюдо бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси ва йирик халқаро мусобақаларнинг шода-шода медаллари соҳиби ҳисобланган қаҳрамонимиз ҳозирда Чирчиқ шаҳар спорт мактабида дзюдо бўйича олий тоифали мураббийи бўлиб фаолият юритмоқда. 

Дарвоқе, Авазбек Корганов спортдаги юришини ҳам давом эттирмоқда. У 2023 йилда Абу Даби шаҳрида фахрийлар ўртасида дзюдо бўйича ташкил этилган жаҳон чемпионатида 81 кг вазнда бронза медалини қўлга киритган бўлса, жорий йил Латвиянинг Рига шаҳридаги Европа Очиқ чемпионатида олтин медалга сазовор бўлди. Польшада ўтказилган Европа Очиқ чемпионатида ҳам бронза медалига эришди.

Эндиги бор эътибор ноябрь ойида фахрийлар ўртасида АҚШнинг Лас-Вегас шаҳри мезбонлигида ўтадиган жаҳон чемпионатига қаратилган. Ҳа, Авазнинг акалари мамлакат чемпиони бўлишганди. Алишер Корганов дзюдо бўйича халқаро тоифадаги ҳакам, Анвар эса дзюдо бўйича Ўзбекистон чемпиони ва турнирлар ғолиби сифатида танилганди. 

Кўз тегмасин, Авазбекнинг натижалари янада залворли бўлмоқда. Демак, инсон ўз матонати, меҳнати ва иродаси билан барча ҳавас қиларли ютуқларга ва ибратли ҳаёт йўлига эришмоғи мумкин экан...  

Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг