22 мар 16:04
Янгиликлар
Интервью. ММАчи Маҳмуд Муродов Ўзбекистон фуқоролиги, Муниса Ризаева билан муносабат ва бошқалар ҳақида
Унинг натижалари борасида эса, тўхталиб ўтишни лозим топмадик зеро, бу борада барча мухлисларимиз яхшигина маълумотга эга эканликлари аниқ. Унга ёшлиги ва баъзи миш-мишларга ойдинлик киритиш борасидаги саволлар билан мурожаат қилдик. Биринчи бор жангларини кўрганимда шундай ажойиб спортчи ҳамюртим эканлигидан фахрланган эдим. Бугунги сухбатимиз мобайнида эса, самимий ва камтарин инсон эканлиги билан яна бир бор катта таассурот қолдирди. Қуйида мазкур сухбатни эътиборингизга хавола этамиз.
-Маҳмуд қаердадир қулоғимга чалиниб қолди. Мактабда ўқиб юрганингиздаёқ тадбиркорлик қилган экансиз. Яъни газли сув сотган экансиз?
-Дархақиқат, бу бор гап!
-Балким бу саволим бироз оғир ботар. Лекин ўринли танқид фойдадан холи эмас... Чех ва рус тилини мукаммал биласиз, она тилимиз ўзбек тилида қийналар экансиз... Мисол учун, Димитрий Шокин , Михаил Волинкинлар соф ўзбек тилида сўзлашишади. Балки улардан ўрнак олиш керакдир. Ҳар холда, сиз каби спортчиларимиз ватанимиз, миллатимиз юзи ҳисобланади?
-Бу борада кўп маротаба саволлар билан мурожаат қилишган. Энди бунинг ўзига яраша сабаби бор. Биринчидан мен Тожикистонда туғилганман. 1992-1993 йиллар Ўзбекистонга яъни Бухорага кўчиб келганмиз. Чунки, онажоним асли Бухорадан эди. Бухоро шаҳрида эса, аксарият инсонлар тожикчада мулоқот қилишади. Мен эса, 1-9 синфгача рус мактабида тахсил олганман. Уйда ҳам рус тилида гаплашар эдик. Отам автохалокатга учраганидан сўнг, 14-15 ёшимдан ишлагани чиққанман. 16-17 ёшимда эса, акам билан биргаликда Россиянинг Томск шаҳрига бориб ишлаганмиз. Чунки, отам уч йил шифохонада ётган. Шунинг учун, бу холат вазият тақазоси билан юзага келган. Кейинчалик юртимизга қайтдим ва айни ўша дамда Чехия варианти юзага келди. Яна шуни айтиб ўтишим лозимки, Бухоро она шаҳрим гарчи мен у ерда туғилмаган бўлсамда... Ватанимизни севаман вахоланки менда Ўзбекистон республикасининг фуқаролиги ҳам йўқ. Одамлар шуни ҳам билмасдан туриб нега ўзбекча гапирмаслигимни мухокама қилишади? Аслида, ўзбеклигимдан – ўзимга беклигимдан жуда фахрланаман. Юртимга фойдам тегиши учун астойдил ҳаракатдаман. Яна бир бор таъкидлайман, мен “Патриотман” шундай экан, ватанимни жуда севаман!!!
-Мана хеч қанча вақт бўлмади. Худди сиз каби фуқаролиги бўлмаган инсонларга юртимиз паспорти берилди. Сиз бу борада мурожаат қилмаганмисиз?
-Мурожаат қилганмиз. Насиб қилса бу борада ҳам бир кун келиб, ижобий жавоб олиб қоларман.
-Муниса Ризаева сизни тансоқчим деб таништирди. Аслида ҳам шундайми? Лекин миш-мишларга ишонадиган бўлсак, муносабатлар жиддий эканлигини англатмоқда?
-Муниса Ризаева мазкур интервьюни бераётганида ўзим ҳам ўша ерда эдим. Дарҳақиқат, тансоқчим дея айтиб ўтган. Лекин охирида хазиллашганини ҳам билдирган эди. Одамлар эса, ўзларига керак жойини эшитадилар холос. Албатта бу ижодкор билан жуда илиқ муносабатдаман. Ашулаларини севиб тинглайман. Эътибор берган бўлсангиз охирги жангимда унинг қўшиқлари остида октагонга чиқиб келдим. У хақиқий талант. Унинг оиласидагилар билан ҳам муносабатим яхши. Муниса энг яхши дўстларимдан бири. Шундай инсон ва дўст менинг ҳаётимда борлигидан жуда ҳам хурсандман.
-“Asian Fight” да иштирок этдингиз ва бу жанг кечаси борасида кўп маълумотга эгасиз. Ташкилотчиларга нисбатан эътирозлар бўлди. Улар орасида спортчилар ҳам бор. Жумладан, Анвар Бойназаров ҳам танқидий фикр билдирди. Сиз бу турнир борасида қандай фикр билдира оласиз?
-Биласизми, бундай шоуларни, турнирларни янада кўпроқ ўтказиш керак. Ватанимизда, мухлисларимиз кўз ўнгида жанг ўтказишдан жуда хурсанд бўлдим. ММА юртимизда қонунийлаштирилса, бундай шоулар, турнирлар ўтказиш борасида умуман олганда ММА ривожи учун ўзимнинг ҳиссамни қўшган бўлардим. Бунинг учун ўзига ҳос режа ва мақсадларим бор.
-Сиз ММА да танилгунингизга қадар Бухорода мазкур спорт тури борасида Музаффар Ражапов анча машҳур эди. Умуман олганда Музаффар билан муносабатларингиз қай кўринишда ва унинг фаолиятига қандай баҳо берасиз?
-Музаффар ака билан шахсан танишмиз. Бу инсон Бухорода биринчилардан бўлиб, бу спортда ўз фаолиятини бошлаган ва шаҳримизда аралаш қоидалар бўйича жанг санъати ривожига ўз хиссасини қўшиб келаяпти. Қолаверса, иккимизнинг ҳам устозимиз битта инсон. Ҳар иккимиз Шуҳрат ака Казаковни шогирдлари бўламиз. Ҳар икки инсонни жуда қаттиқ хурмат қиламан.
-Юртимиз ММА сининг намояндалари деганда кўз олдингизга кимлар келади?
-Бундай инсонлар жуда кўп. Қолаверса, иқтидорли ёш спортчиларимиз ҳам бисёр. Лекин, уларни юртимизда ривожланишлари жуда қийин деб ўйлайман. Шунинг учун 2-3 йилнинг ичида юртимизда аралаш жанг санъатига асосланган мактабимни очмоқчиман. Энг асосийси бу бепул ва хоҳлаган инсон бу ерга келиб шуғулланиши мумкин бўлади. Бу менинг орзуим. Орзуни эса, амалга ошириш ниятидаман. Бу борада ҳукумат розилиги керак холос. Мактабимда болалар бу спортнинг сир-асрорларидан воқиф бўлгач, Европа ва Россия октагонларини забт этишлари учун қўлдан келганча ҳаракат қиламан. Ҳали, жуда кўп чемпионларимиз чиқади. Бунга ишонаман! Зеро, биз буюк Амир Темур авлодимиз!
-Бухоро, Тошкент ва Прагадаги шахсан сиз учун энг яхши ресторан ёки кафе?
- Миллий таомларимиз ёқади. Айниқса, онам тайёрлаган бўлса, бу таомларга хеч қандай ресторан ёки кафе таомлари тенглаша олмайди.
-Футболга қизиқишингиз қандай, Чехияда жахонга машхур футболчилар жуда кўп. Мисол учун, Карел Поборски, Павел Недвед, Ян Коллер, Патрик Бергер, Владимир Шмицер, Петр Чех, Милан Барош...Балки, мазкур футболчилардан бирортаси билан учрашгандирсиз?
-Футболни севаман. Тез-тез ўйнаб тураман. Санаб ўтганларингиздан Петр Чехнинг ашаддий мухлисиман. Бу дарвозабон билан шахсан учрашганман. Жуда яхши ва самимий инсон.
-Айтингчи, чехларнинг “Skoda”си қулайми ёки бизнинг “Shevrole” автомобилларими?
-Машина мен учун транспорт воситаси холос. Бунга катта аҳамият бермайман.
-Спортчилар орасидаги энг яқин дўстингиз ким?
-Бундай дўстларим жуда кўп. Алоҳида таъкидлаб ўтиш эса жуда қийин. Уларни бир-биридан устун қўймайман. Бироқ шуни таъкидлаб штмоқчиманки, шундай дўстларим ва қадрдонларимни ҳаётимда борлиги учун ҳар доим яратганга шукроналар келтираман.
-Промоутерингиз Мейвезер Макрегор билан жанг ўтказмоқчи ММА қонун қоидасига асосан. Ўз-ўзидан Флойдга мухлислик қилишингиз аниқ. Лекин ғалаба қозониш учун унда имконият бор деб ўйлайсизми?
-Бу жангга келадиган бўлсак, бу хеч қачон амалга ошмайди. Чунки Флойдга бу жанг керак эмас. Шунчаки текин пиар холос. Мейвезер барчага жаҳондаги энг кучли боксчилардан бири эканлигини исботлаб бўлган.
Энди ММА даги жангчилар рўйхати билан таништираман. Уларни бирма-бир танлашингиз керак бўлади.
Конор Макгрегор - Хабиб Нурмагомедов?
Гегард Мусаси- Александдр Шлеменко?
Тайрон Вудли - Стивен Томпсон?
Чейл Соннен – Вандерлей Сильва?
Майкл Биспинг - Крис Вайдман?
Даниэль Кормье – Джо Джонс?
Стипе Миочич- Кейн Веласкез?
Фёдор Емеляненко – Фабрицио Вердум?
Мурод Хонтўраев – Мирко Крокоп?
-Мен бошқачароқ жавоб бермоқчиман. Яъни булар орасида биттасини танлайман. Яъни Фёдорни. Чунки унинг жангларини кўриб катта бўлганмиз ва бу спортга мехримиз ошган. У хақиқий афсона. Қолганларнинг барчаси ҳам ажойиб супер жангчилар. Лекин, Фёдор Емеляненко бор жойда бошқасини танлашим амримахол!
-Бир қатор қийинчиликларни енгиб ўтибсиз. Айнан шундай қийинчиликларга рўбарў келган ёш спортчиларимизга қандай маслаҳатлар бера оласиз?
-10 йил аввал акам билан қурилишда ишлардим. Ҳаёт кечириш учун пул топардик. Ҳозир эса, Ўзбекистоннинг энг машҳур спортчиларидан бириман. Бу билан мақтаниш ниятим йўқ. Аксинча, ҳозирги ёш авлодга ўз олдига қўйган мақсадлари учун астойдил ҳаракат қилишларини айтмоқчиман. Яъни хеч қачон қаддингиз букилмасин, сизга кўпчилик ишонмасада, барчаси ўз қўлингизда эканлигини хис қилинг! Мана мен шундай йўлни босиб ўтдим. Сиз ҳам албатта орзуингизга эриша оласиз!
Аҳмад ЭШМАТОВ ва Ихтиёр НЕЪМАТОВ сухбатлашди.
Фикрлар