18 фев 16:53
Янгиликлар
2 хил спорт турида чемпион бўлган ўзбекистонлик спортчи билан интервью
- Ўзингиз ҳақингизда тўхталиб ўтсангиз…
- 2005 йил бахтсиз ҳодиса туфайли ўнг қўлимдан айрилганман. Шундан сўнг, спортга бўлган қизиқишим туфайли 2007 йил биринчи бўлиб, стол теннисига боришга қарор қилганман. Кейинчалик, у айрим сабабларга кўра ёпилиб кетган. Бироз танаффусдан сўнг, футбол бўйича ампутантлар терма жамоасига қабул қилиндим. Улар билан биргаликда машғулотларга қатнашдим ва дарвозабон сифатида ўйнай бошладим. Ҳаммаси яхши кетаётганди. 1 ой ўтгач, чап қўлимдан жароҳат олдим. Бу воқеа афсуски, 2008 йилги Пекин Олимпиадасида қатнашишимга тўсқинлик қилди ва уни телевизор қаршисида Олимпиада орзусида кузатдим.
- Кейинги фаолиятингиз қандай давом этди?
- 2009 йил енгил атлетика спорт тури билан шуғуллана бошладим. У ерда менга мураббий - Анна Валерьевна яқиндан ёрдам берди. Астойдил меҳнат қилдим ва кўп йиллар 800 метр ва 1500 метр масофага югуриш бўйича Ўзбекистон бўйича биринчиликни қўлдан бермадим. Бундан ташқари, Дубайда халқаро Гран-При ғолиби бўлдим, Европа очиқ чемпионатида 3-ўринни олдим.
2012 йилда спорт формам энг юқори чўққига чиққан даврда, машғулот пайтида ўнг елкамни синдириб олдим. Афсуски, Лондон Олимпиадасини ҳам ўтказиб юбордим.
Орадан вақт ўтгач, паралимпия мураббийи бўлишимни таклиф этишди. Мен ҳали ўзимни кучли ҳис қилардим ва катта спортдан кетишни хоҳламасдим, Балки, шунинг учундир, бу таклифни ўйлаб ўтирмасдан рад этдим.
- Камондан отиш спорти варианти қаердан пайдо бўлди?
- Ҳаётдаги қийинчиликлардан сўнг, руҳий тарафдан менга ёрдам бериши мумкин бўлган спорт тури сифатида айнан камондан ўқ отишни танладим. Интернет орқали бу ҳақда маълумотлар қидира бошладим. Дунё чемпионлари билан Facebook’да алоқага чиқдим. Америкалик жаҳон чемпионигача ёздим. У “кел, мен сенга ёрдам бераман, бироқ мен Ўзбекистонга боролмайман”, - деб айтди. Моддий қийинчиликлар сабабли бора олмаслигимни билдирдим.
2018 йили интернет орқали украиналик таниқли бир мураббийни топдим ва у билан алоқага чиқдим. Мураббий мени анча вақт синади ва мени руҳий тарафдан камонга мослаштириб борди. 2 ойдан кейин у мени Украинага таклиф қилди.
- Украина сафари қандай кечди?
- Украинага бордим, мураббий билан яқиндан танишдим ва биз анча суҳбатлашдик. Олдинда турган мақсадим камон олиш эди. Менда эса етарли маблағ мавжуд эмасди. Украиналик қурувчи йигитларга алоҳида раҳмат айтишим керак, чунки улар менга моддий тарафдан қўлларидан келганича кўмак беришди.
Мураббий 1 ҳафта ичида менга елкамга киядиган мосламани ясатиб беришда ҳам ўз ёрдамини аямади.
- Ўзбекистонга қайтгач, дарҳол жиддий машғулотларга киришдингизми?
- Ҳа, албатта. Камонни маҳорат билан ишлатаётганимни кўрган Камондан отиш федерацияси раиси Отабек ака Имомов мени қўллаб-қувватлай бошлади. У кишидан жуда миннатдорман. Отабек ака ва Паралимпия ассосацияси ёрдамида Укаринада йиғинда ҳам бўлиб қайтдим.
2019 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида шоҳсупага кўтарилдим. Шу орқали ўзбек спорти тарихидан жой олдим яъни 2 хил спорт турида чемпион бўлган ягона инсонга айландим.
- Токиодаги Паралимпия ўйинларига лицензия ютиш имконияти сизда борми?
- Ҳа, апрель ойида Италияда, июнь ойида эса Чехияда мусобақалар ўтказилади. Насиб қилса, шу турнирларда яхши натижалар қайд этиб, лицензияга эга бўлишга ҳаракат қиламан.
- Хоббийингиз?
- Хоббийим футбол ўйнаш ва компютерда ишлаш. Клавиатура билан кўзим ёпиқ ҳолатда ҳам ишлай оламан. Реал воқеаларга асосланган ёки мелодрама киноларни хуш кўраман.
- Нечта давлатларда бўлгансиз?
- Дания, Беларус, Украина, БАА, Польша, Жанубий Корея давлатларида бўлганман.
- Ўқ мўлжалга аниқ етиб бориши учун нималарга эътибор бериш керак?
- Камондан ўқ узаётганда гап кучда эмас, гап руҳиятда ва тўғри нафас олишда эканлигини кўпчилик билмайди. Демак, руҳият ва нафас олишга эътибор бериш лозим.
Бундан ташқари, камон об-ҳаводан келиб чиққан ҳолда созланади. Камчиликлар устида ишлаш учун ўқув-йиғин машгъулотларида фаол қатнашиш керак.
- Давлат томонидан ёки Федерация томонидан ғалабалар пайтида рағбатлантириш қандай бўлади?
- Рағбатлантириш мана шу машғулот майдони ва Осиё чемпионатидаги иштирокимни таъминлашда ёрдам кўрсатиш. Қолган харажатлар ўзимдан.
- Ҳаёт синовларида енгилмасдан, сизни олдинга ундаб турувчи куч?
- Паралимпия ўйинларида иштирок этиш орзуси - доим мени олға интилишга ундайди. Қолаверса, атрофимдаги яқин инсонлар менга имконияти чекланган инсон сифатида қарашларини истамайман, муваффақиятларимдан чин дилдан фахрланишларини хоҳлайман ва бу туйғу мени ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтишга, таслим бўлмасликка даъват этади.
Токиода қатнашиш – менинг асосий ниятим бўлиб қолаверади.
Шерзод Нурматов тайёрлади
Фикрлар