10 фев 15:26
Янгиликлар
Аҳмадалиев бошлаб берди. Кейингиси ким? Яқин орада жаҳон чемпиони бўлиши мумкин бўлган ўзбек боксчилари (ТОП-5)
Жаҳон чемпионлиги номига ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев ўзининг 8-жангидаёқ сазовор бўлди. Бу ҳали бошланиши албатта. Ҳозирги кунда бир қанча бошқа профессионал боксчиларимиз ҳам юқори рейтингларда қайд этилган. Келинг, уларнинг чемпионликка қай даражада яқин эканлигини таҳлил қилиб кўрамиз. Демак бизда чемпионликка яқин турган боксчилар TOP-5лиги.
1. Қудратилло Абдуқаҳҳоров (17-0, 9 КО)
Қудратилло Абдуқаҳҳоров ҳозирги кунда ярим ўрта вазнда ( -66,6 кг) IBF рейтингида биринчи, WBC рейтингида бешинчи ва WBО рейтингида тўққизинчи ўринда бўлиб, ҳозирда Эррол Спенс (26-0, 21 КО)га тегишли бўлган IBF чемпионлик камари учун мажбурий даъвогар сифатида қайд этилган. Аммо, Спенс автофалокатга учрагани ва жароҳат олгани боис IBF вақтинчалик чемпионлик камари учун Қудратилло Абдуқаҳҳоров ва рейтингда 3-поғонада бораётган Россиялик Сергей Липинец (16-1, 12 КО) ўртасидаги жангга буйруқ берди. Мазкур жанг ғолиби кейинчалик чемпионга қарши рингга чиқиш ҳуқуқини қўлга киритадиган бўлди. Абдуқаҳҳоров ва Липинец жанги март ойи охирлари ёки апрель ойи бошига режа қилинмоқда.
2. Исроил Мадримов (4-0, 4 КО)
Исроил Мадримов ҳозирда биринчи ўрта вазнда (69,8 кг) WBА рейтингида 3-ўринда қайд этилган. У профессионал фаолияти давомида барча жангларида рақибларини муддатидан олдин мағлубиятга учратган. Мадримов ўзининг навбатдаги жангини WBА рейтингида 10-поғонада бораётган Чарли Наваррога (29-9, 22 КО) қарши ўтказади. Бу жанг 10 раундлик этиб белгиланган ва WBА Eleminator (чемпионлик жанги учун даъвогарлик) жанги ҳисобланади. Аммо бу вазнда 2 та чемпионлик камари бор. Aсосий камар Хеисон Росариога (20-1-1, 14 КО) тегишли бўлса WBА Regular (мунтазам) чемпионлик камари кубалик Эрисланди Ларага тегишли. Мадримов айнан Ларага тегишли камарга даъвогарлик учун рингга чиқади.
3. Азизбек Абдуғофуров (13-0, 5 КО)
Азизбек Абдуғофуров суперўрта (76,2 кг) вазнда WBC Silver камари соҳиби ва ушбу йўналиш рейтингида 2-поғонада бормоқда. Бу йўналиш чемпиони америкалик Давид Бенавидес ( 22-0, 19 КО) ва мажбурий даъвогар WBC рейтингида 1-ўриндаги Анви Йилдирим (21-2, 12 КО) ҳисобланади. Бу иккала боксчи ўзаро жанг ўтказгач, табиийки рейтингда 2-поғонадаги ҳамюртимиз мажбурий даъвогарга айланади ва чемпионлик жангида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Азизбек ўзининг навбатдаги жангини 11 апрелда Англиянинг Лондон шаҳрида Лерроне Ричардсга (13-0, 3 КО) қарши ўтказиши ва WBC Silver камарини ҳимоя қилиши режа қилинмоқда. У Англиянинг "Quensberry" промоутерлик компанияси билан 5 та жангга шартнома қилган ва 1-жангини ўтказиб улгурган. Қолган 4 та жанглардан бирида у чемпионлик учун рингга чиқиши кутилмоқда.
4. Шоҳжаҳон Эргашев (18-0, 16 КО) ва Шаҳрам Ғиёсов (9-0, 7 КО)
Биз бу икки боксчининг имкониятларини ҳозирги ҳолатдаги рейтингдан келиб чиқиб тенг баҳоламоқдамиз. Шоҳжаҳон Эргашев суперенгил (63,5 кг) вазнда WBА ва IBF рейтингида 6, WBО рейтингида 13-поғонада қайд этилган бўлса, Шаҳрам Ғиёсов WBА рейтингида 7, IBF рейтингида 15-поғонадан ўрин олган. Аммо, ушбу вазнда WBА ва IBF йўналиши чемпиони Жош Тайлор ( 16-0, 12 КО) кейинги жангини IBF йўналишида мажбурий даъвогар Апинун Конгсонгга қарши ўтказиши, уни WBА йўналишида ҳам мажбурий даъвогар Льюис Ритсон кутиб турганини, кейинчалик эса WBC ва WBО чемпиони Хосе Рамиресга қарши мутлақ чемпионлик учун рингга чиқишни режа қилаётганини ҳисобга олсак, бу йил иккала боксчимиздан ҳам асосий камарга чиқиш имкони йўқ эканлиги маълум бўлади. Аммо, уларда ҳозирда Маррио Барриосга тегишли WBА Regular (мунтазам) ва Алберто Пуэллога тегишли WБА Interim (вақтинчалик) чемпионлик камарларидан бири учун 2020 йилнинг ўзидаёқ рингга чиқиш имконияти бор. Бунга боксчиларнинг рейтинги ва имкониятлари ҳам бирдек етарли.
5. Бектемир Мелиқўзиев (4-0 3 КО)
Бектемир Мелиқўзиев проф рингда 4 та жанг ўтказган бўлсада, бокс оммасига танилиб улгурди. У 3-жангида Вон Александрни очколар ҳисобида ҳакамларнинг бир овоздан қарори билан (100-90 ҳисобида) мағлуб этди ва супер ўрта вазнда (76,2 кг) WBА Americas камарини қўлга киритиб, рейтингда 15-ўринга кўтарилиб олди. Мелиқўзиевнинг асосий шартномаси "Мир Бокса" компанияси билан. Шу билан бирга у машҳур Оскар Де Ла Хойяга қарашли "Golden Boy" промоутерлик компанияси билан сопромоушен(қўшимча ҳамкорлик) шартнома имзолади. Бу орқали унинг жанглари "Golden Boy" ташкил қилган жанг кечаларида ўтказадиган бўлди. Унинг промоутерлари режага кўра 10 та жанггача чемпионлик камари учун жанг қилиниши кўзда тутилган.
Биз барча боксчиларимизга омад тилаймиз. Ғалабалар давомли бўлсин...
Жалол Аҳмедов тайёрлади
Фикрлар