UZ

Сўнгги янгиликлар

21:42Бокс. "Президент кубоги". 4 нафар боксчимизнинг жанги якунланди 6 20:09"Барселона" Неймар бўйича навбатдаги таклифни амалга оширди 0 19:55Жўрабек Каримов Грузияда чорак финалга чиқди 0 19:25"Атлетико" навбатдаги трансферга қўл урди 0 19:00Расман: Бетербиев Гвоздик ўртасидаги бирлаштирувчи чемпионлик жанги санаси ва манзили маълум 2 18:44Каратэ. Осиё чемпионати олдидан матбуот анжумани ташкил этилди + ФОТО 0 18:38UFCнинг Канада кечасида супер тўқнашув бўлади 0 18:15Формула-1 жамоaлари сони оширилиши мумкин 0 17:52Тур де Франс. Юэн 11-босқич ғолиби 0 17:30Фекир Ла Лига клубига ўтишга яқин 0 17:15Бокс. Уч нафар қизимиз Қозоғистондаги "Президент кубоги"да жанг қилди 1 17:09“Лейпциг“ ПСЖ ярим ҳимоячисини сотиб олди 0 16:42Усик Кличко ва Ломаченко ҳақида фикр билдирди 0 16:37Аламжон Муллаев Осиё каратэ федерацияси Ижроқўм аъзолигига сайланди 0 16:16Мейвезерга Пакьяо билан бўладиган жанг қизиқ эмас 0

10 мар 11:06
Янгиликлар

Бокс/ММА, Таэквондо, Кикбоксинг, Муайтай

Бутунжаҳон ММА ассоциацияси президенти: "Ўзбекистонда федерция ташкил этиш ваколатига эга эмасман"

Куни кеча оммавий ахборот воситаларида Бутунжаҳон ММА ассоциацияси президенти Мастер Лининг Тошкентга келганлиги ва мамлакатимизда ММА федерацияси тузилиб, унга ушбу йўналиш бўйича жаҳон чемпиони Суннат Ильясов раҳбар бўлганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди.

Бу воқелик менга реалликдан бироз узоқроқдек туюлди. Шу боис бунга ойдинлик киритиш  мақсадида воқеа жойига  йўл олдик. Эътиборлиси асли жанубий кореялик бўлган нуфузли спорт ташкилоти раҳбари пойтахтимизга келган экан. Бизнинг мақсадимизни билиб очиқ юз билан розилик билдирди.

- Жаноб Ли юртимизга хуш келибсиз!

- Мастер Ли: Раҳмат!


- Кечирасиз, дастлаб, бироз ваколатингиз борасидаги савол билан мурожаат қилмоқчиман?

- Мастер Ли: Майли, ҳар қандай саволингизни бераверинг.


- Унда айтингчи, Сиз Ўзбекистонда федерация ташкил қилиб, унга раҳбар тайинлаш ваколатига эгамисиз?

Мастер Ли: (кулиб) Биласизми? Мен Ўзбекистонда федерация ташкил қилиш, унга раҳбар тайинлашга хақли эмасман. Бу ички ишлар саналади. Шунчаки, юртингизда ушбу спорт турини ривожлантириш учун кўмак бериш имкониятимиз бор. Қолаверса , Жанубий Корея ва Ўзбекистон яқин ҳамкор мамлакатлар саналади. Бу икки юрт ажралмас ришталар билан боғланган десам муболаға бўлмаса керак. Шунинг учун нафақат спорт борасида балки, юртингизда туризмни ривожлантириш борасида ҳам ўзимизнинг бизнес режамиз бор. 20 дан ортиқ тадбиркорларни (уларнинг аксарияти Хитой ва Жанубий Кореядан) юртингиз билан яқиндан таништириб чиқяпман. Ҳозирданоқ шуни ишонч билан айтмоқчиманки, уларнинг Ўзбекистонга бўлган ҳурмати ошиб бормоқда. Шу боис улар юртингизга инвестиция киритишни режалаштриб турибди. Бир сўз билан айтганда улкан режалар мавжуд, буни амалга ошириш учун ҳаракат қиламиз. 


- Демак, оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабар, яъни федерация ташкил қилиниб, унга Суннат Ильясовнинг раҳбар бўлганлиги нотўғри эканда?

Суннат Ильясов:- Ҳа, бироз тушунмовчилик бўлган. Ҳозирча, хеч қандай расмий федерация очилгани ҳам йўқ. Лекин мазкур ишни амалга ошириш ҳаракатидамиз. Тўғри, раҳбарлик лавозимига муносиб кўрилдим. Аммо, Ўзбекистон ММА федерациясига эмас балки, Бутунжаҳон ММА федерациясининг Марказий Осиёдаги вакили бўлиб тайинландим. 

- Жаноб Ли, мана Ўзбекистондаги сафарингиздан  келиб чиқиб, юртимизда ММАнинг яқин келажакдаги ривожини қай холатда кўрмоқдасиз?

Мастер Ли: Албатта,бирор спорт турни ривожлантириш учун фидойи инсонларнинг жонбозлиги керак бўлади. Мен бу ерда шундай инсонларнинг кўплигини кўриб турибман. Суннат Ильясовни шулардан бири деб биламан. Мен Ўзбекистон билан 15 йилдан буён танишман. Бу юрт, унинг меҳмондўст халқи, ўзига хос урф-одатлари ҳақида эшитган эдим. Мана энди буларнинг барини ўз кўзим билан кўриб турибман. Эсимда 2003 йил Бутунжаҳон ММА федерациясининг навбатдаги мусобақасида оддий бир ўзбек ўғлони барча рақибларини мағлубиятга учратиб, чемпион бўлганди. Ваҳоланки, мен Бразилия, Россия ёки бошқа юрт вакиллари ғолиб бўлади деб ўйлагандим. Ана шунда Ўзбекистонга бўлган қизиқишим ортди. Кўряпсизми, биргина спортчи муваффақиятининг  моҳиятини. Энди тасаввур қилинг, ўша вақтда жаҳонда неча миллионлаб инсонлар ММА чемпионатини кузатиб боришган. Уларнинг Суннат орқали худди мен каби, Ўзбекистонни таниганлигига шубҳам йўқ. Энди саволингизга келсак, ўйлайманки, яқин келажакда ММА Ўзбекистонда ҳам оммавий спорт турларидан бирига айланади.


- Бироз Бутунжаҳон ММА федерация борасида маълумот бериб ўтсангиз?

Мастер Ли:- Ҳозирда Бутунжаҳон ММА федерациясига 180 та мамлакат аъзо саналади. Штаб квартирамиз Сеул шаҳрида жойлашган. Биз ташкил топганимизда хеч қандай UFC, Bellator бўлмаган. Қолаверса, улар ташкилот ҳам эмас. Шунчаки промоушен холос! 


- UFC, Bellator ҳақида гап очдингиз. Ҳозирда жаҳоннинг энг кучли жангчилари айнан ушбу йўналиш мусобақаларида иштирок этмоқда. Энди айтингчи, сизнинг ташкилотингизга  аъзо бўлган таниқли спортчиларни санаб ўта оласизми?

Мастер Ли: - Албатта, жуда кўп кучли жангчиларимиз бор, уларнинг аксарияти ҳозирда сиз санаб ўтган йўналишларда жанг қилаяпти. Мисол учун, бразилиялик Акилла, Антонина ва Валентина Шевченко мана Суннат... Ҳозир санасам вақт етмаса керак. Биласизми, ўша вақтлар Жанубий Кореяда Суннатнинг махсус фан клуби ҳам бор эди.


- Трансляция ҳақида нима дея оласиз? 

Мастер Ли: Бизнинг жанг кечаларимиз, турнирларимиз деярли таркибимизга кирувчи 180 мамлакатнинг барчасида эфирга узатилади. Қолаверса, ўзимизнинг махсус каналимиз ҳам бор!


- Айтингчи, юртимиз ҳакамларининг Бутунжаҳон ММА федерацияси жанг кечаларида иштирок этиш имконияти қай даражада?

Мастер Ли: - Албатта,имконияти бор. Бунинг учун фақат ўз устиларида ишлаш зарур!

Суннат Ильясов: Бу борада ҳам ўз режаларимизга эгамиз. Мазкур ташкилотнинг етакчи мутахассислари ва ҳакамлари юртимизга ташриф буюриб, семинарлар ўтказиш кўзда тутилган. Қолаверса, ўзига хос имтиҳонлар ташкил қилиниб, савияли ҳакамларни тарбиялаб борамиз деган умиддамиз!


- Лекин расман федерация мавжуд эмаску?

Суннат Ильясов: - Тўғри, мавжуд эмас, лекин ушбу ташкилотнинг вакили сифатида бу ишларни амалга ошириш имкониятига эгаман. Аста-секин барчасини амалга ошириб борамиз. Вақти келиб федерация ҳам ташкил қилинар. Мен бир спортчи сифатида ММАга боримни берганман. Ҳозир мамлакатимизда ҳам шу спорт турига қизиқиш юқори, шундай экан нега уни ривожлантирмаслигимиз керак? Кўриб турибмиз юртимизда ҳам кўплаб ММА йўналишидаги клублар фаолият олиб бормоқда. Ажойиб спортчилар етишиб чиқаяпти. Федерация эса мана шу спортчиларимизнинг фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг хуқуқларини ҳимоя қилиш учун керак. Бу борада дастлабки қадамларимизни ташлаганмиз.


- Дастлабки қадам деганда “Asian Fight”ни назарда тутмадингизми?

Суннат Ильясов: - Албатта, буни ҳам назарда тутдим.


- Лекин бу жанг оқшоми кўплаб эътирозларга сабаб бўлди?

Суннат Ильясов: - “Мевали дарахтга тош отилади” деган халқимизнинг ажойиб нақли бор. Ўша эътироз билдирган инсонлар буни атрофлича кузатган. Агар буни ичида бўлишганида тўғри тушунишган бўларди. Буни илк маротаба ўтказдик ва табиийки камчиликлар бўлди. Албатта, буларнинг барини таҳлил қилдик, хулосалар чиқардик. Кимга ишониш мумкин, кимга эса йўқ, бунга амин бўлдик. Бир сўз билан айтганда, бу биз учун дарс бўлди. Лекин битта айтар гапим бор, бизни танқид қилганларнинг ўзлари шундай мусобақа ўтказа олишдими ёки бундай ишга қўл ура олармикан деган савол туғилади.   Албатта, бу фикрим оддий мухлислар ёки журналистларга қаратилмаган. Улардан баъзи бир ноқулайликлар учун узр сўраймиз. Яна шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, шахсан менинг ҳеч кимга хусуматим йўқ. Мен учун амал ҳеч нимани англатмайди. Мақсадим, мамлакатимизда шундай спорт турини оммавийлигини ошириш, қўлдан келганча ёш спортчиларимизга ёрдам бериш, манфаат эса асосий нарса эмас. Буни шунчаки баландпарвоз гапга йўйманг. Аравани ҳар томондан тортганимиз билан бирор бир нарсага эриша олмаймиз. Бу дунё ўткинчи, амал, мол-давлат кетгувчи, душманликдан нима наф? Келинг, бирга ишлайлик. Бир мушт бўлайликки, ўзбеклар деганда зир титрасин рақиблар!


- Бу сўзлар айнан кимларга қаратилган?

Суннат Ильясов: - Бирор бир инсонга қаратилмаган. Умумий тарзда айтиб ўтдим. Шундай саволларни беряпсизки, худди, ўша танқидчилардан бирига ўхшайсиз (кулади). 


- Танқид келажак меваси. Агар танқид лозим бўлса албатта, бу ишни амалга ошираман. Агар бу спортимиз ривожи учун хизмат қилса...

Суннат Ильясов: - Ўринли танқид учун хурсанд бўламан. Чунки, бу бизни янада тўғри йўналишда иш олиб боришимизга хизмат қилади. 


- Мастер Ли юртимизга ташриф буюриб, кўзлаган мақсадингизга эришдингизми?

Мастер Ли: - Ҳар икки мамалакат, яъни Жанубий Корея ва Ўзбекистон нафақат спорт борасида балки, иқтисод, борингки барча соҳада ҳамфикр саналади. Урф-одатларимиз ҳам бир-биримизга яқин. Дунёда энг меҳмондўст халқ ҳам айнан шу икки миллат десам янглишмаган бўламан. Шу омиллар юртингизни бевосита ўз кўзларим билан кўришга туртки берарди. Ана шундай имконият Суннат Ильясовнинг таклифи билан амалга ошди. Ўзининг ажойиб режалари билан ўртоқлашиб, мени нафақат спорт борасидаги балки, туризм ва бизнес лойиҳаларда ҳам ҳар икки томон учун фойдали бўлган мақсад ва вазифаларига ишонтира олди. Ўйлайманки, яқин вақтлар мобайнида самарали ишларга қўл урамиз ва бу албатта, ўз мевасини беради. Негаки, бу ерга келиб, барчасини ўз кўзим билан кўрганим менга катта ишонч берди.


Аҳмад ЭШМАТОВ сухбатлашди

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг