12 ноя 13:55
Янгиликлар
Осиё Миллатлар кубоги. Ёш шахматчиларимиз ҳиндистонлик гроссмейстерларга муносиб қаршилик кўрсатишди
Хабар берганимиздек, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада эркаклар ўртасида тўрт, аёллар ўртасида беш шахматчи билан қатнашяпти. Жамоавий мусобақа швейцарча тизимда, тўққиз турдан иборат бўлади. Ҳар бир шахматчига партия учун 90 дақиқа берилади, ҳар бир юришдан кейин эса соатига 30 сония қўшилади.
Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Осиё Миллатлар кубогининг биринчи турида фаластинлик шахматчиларга қарши баҳс олиб бориб, ишончли 4:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Шахматчиларимиз 2-турда юлдузли таркибга эга Ҳиндистон терма жамоасига қарши муносиб дона суришди. Номдор гроссмейстерларга қарши кечган муросасиз баҳсда 3 та дуранг қайд этилди. Фақат Абдумажид Ботиралиев рақиби Пранешга имкониятни бой берди. Якуний ҳисоб - 1,5:2,5.
ҲИНДИСТОН — ЎЗБЕКИСТОН - 2,5:1,5
Ниҳал Сарин (GM 2720) — Ҳумоюн Бегмуратов (GM 2517) - 0,5:0,5
Пранав (GM 2679) — Баҳром Бахриллаев (IM 2400) - 0,5:0,5
Пранеш (GM 2673) — Абдумажид Ботиралиев (FM 2368) - 1:0
Аравиндҳ Читамбарам (GM 22673) — Шерали Равшанов (FM 2365) - 0,5:0,5
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ҳам Осиё Миллатлар лигаси мусобақасини ишончли ғалаба билан бошлаганди. Қизларимиз Покистон терма жамоасидан 4:0 ҳисобида устун келишган эди. Афсуски, 2-тур Қозоғистон терма жамоасига 1:3 ҳисобида ютқазиб қўйдик. Афруза Ҳамдамова ва Гулруҳбегим Тохиржонова рақибалари билан дуранг ўйнашган бўлса, Нилуфархон Имомқўзиева ва Умида Омонова мағлубият аламини тотиб кўришди.
ҚОЗОҒИСТОН — ЎЗБЕКИСТОН - 3:1
Меруерт Камалиденова (IM 2400) — Афруза Ҳамдамова (WGM 2447) - 1:0
Ксения Балабаева (WGM 2396) — Гулруҳбегим Тохиржонова (IM 2349) - 0,5:0,5
Элназ Калиахмет (WIM 2383) — Умида Омонова (WGM 2310) - 1:0
Зарина Нургалиева (WIM 2292) — Нилуфархон Имомқўзиева (WFM 2305) - 0,5:0,5
Айни дақиқаларда 3-тур учрашувлари ўтказилмоқда. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 2-турдан сўнг 2 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра 6-ўринни эгаллаб турибди. Мўғулистонлик шахматчиларга қарши дона сураётган Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси эса 2 очко билан 8-поғонадан жой олган. Россия, Қозоғистон, Ҳиндистон ва Хитой 100 фоизлик натижа билан пешқадамлик қилмоқда.

Фикрлар