12 июл 13:45
Янгиликлар
ИНТЕРВЬЮ: Маҳмуд Мурадов фуқаролик олгани, Емельяненко ва Хабиб, сўзларининг нотўғри талқин қилиниши ва бошқа масалалар ҳақида
Халқаро самбо федерацияси веб-сайтига берган интервьюсида у дунё тан олиниши йўлида дуч келган қийинчиликлари, болалар учун бепул спорт заллари қуриш режалари ва Фёдор Емельяненкога бўлган муносабати ҳақида гапирди.
- Жанговар самбо сизнинг асосий базангизми?
- Унчалик эмас. Мен зарбага кўпроқ эътибор бераман ва кикбоксинг мен учун асосий спорт тури эди. Мен Россияга кўчиб ўтганимдан кейин самбога келдим. Отам билан бахтсиз ҳодиса юз берди ва 17-18 ёшимда акам билан Томскга ишлаш учун кетишимиз керак эди. У ерда мен самбо мусобақаларида иштирок этишни бошладим.
- Нега кейинчалик аралаш жанг санъатига урғу бердингиз?
- Мендан бу ҳақда тез-тез сўрашади ва мен жанг санъатлари мени ўзи танлади, деб жавоб бераман. Аллоҳ ҳар кимга қандайдир имконият беради. Агар унга итоат қилсангиз, демак, муваффақиятга эришасиз. Албатта, кўп одамлар ўзларининг мақсадларини топа олмаётганликларидан шикоят қиладилар. Мен учун ҳам шундай эди. Мен кичкина шаҳарчадан, кичик залданман, у ерда ҳатто иссиқ сув йўқ эди ва томидан чакки ўтарди. Мен машғулотларни Томскда бошладим ва уларни қолдирмасликка ҳаракат қилардим, спорт залида кийимларимни ювдим, чунки мен базада яшардим ва квартира ижарага олиш имконияти йўқ эди. Пул топиш учун қурилиш майдончасида ишлаганман. Кейин улар мени пайқашди ва хавфсизлик агентлигида ишлашга таклиф қилишди. Мураббийим туфайли CCМ'дан ҳужжат олишга муваффақ бўлдим. Шаҳар атрофида хотиржам юришни бошладим.
- Дастлаб сиз на Россия, на Ўзбекистон фуқаролигини олмагансиз шундайми?
- Ҳа. Аммо кейинчалик мамлакатимизда президент ўзгариб, маълум вақт давомида Ўзбекистонда яшаб келганларга фуқаролик беришни бошлади. Олдин бу мумкин эмас эди. Кейин менинг ота-онам паспорт олишди, мен ҳам. Бу менинг ҳаётимни жуда осонлаштирди, чунки бундан кейин мен бутун дунё бўйлаб парвоз қила олдим, МДҲ атрофида эркин юра бошладим. Визалар ҳамма жойда керак эди. Ҳозирда Чехияда яшаш ҳуқуқим бор, у ерда рафиқам ва қизим яшайди.
- Бирор нарсага эришганингиздагина, баъзи одамлар сизга нисбатан кўпроқ мойил бўлишларини англаш қийин бўлдими?
- Мен буни хотиржамлик билан қабул қиламан, менга барибир. Ўзимнинг йўлимни биламан ва мен билан бирга бўлганлар, мен ютқазганимда ҳам, нотўғри иш қилганимда ҳам мени қўллаб-қувватлаган ва ишонган инсонлардир. Ўшанда мендан кетганлар энди келиб, яқин бўлишни хоҳлашади. Улар мени аҳмоқ ва ҳеч нарсани тушунмайди деб ўйлашади. Аммо ҳаёт менга жуда кўп нарсани ўргатди, айниқса, атрофингизни керакли одамлар билан ўраб олиш зарур. Қодир Аллоҳ сизга синов учун кўнгилсизлик, сўнгра ўн баравар яхшироқ мукофот беради. Ва у сиз имкониятдан қандай фойдаланаётганингизга ҳам қарайди. Масалан, аввал сиз касал бўлиб, кейин кучлироқ бўласиз. Ва У бу кучни қаерга сарфлаётганингизни кўриб чиқади. Агар сиз ҳамма нарсани тўғри қилсангиз, У яна мукофотлайди. Шунинг учун, мен муҳтожларга ёрдам беришга ҳаракат қиламан.
Ҳозир менда 30 кишидан иборат катта жамоа бор ва мен уларни турар жой, озиқ-овқат билан таъминлашим зарур. Бизда нафақат пойтахтдан, балки бутун Ўзбекистондан келган жуда яхши болалар бор. Улар бирор нарсага эришишни хоҳлашади, аммо барчанинг ҳам имконияти йўқ. Менга юқори мартабали одамлар ёрдам беришини яширмайман. Мен шерикларимни қўллаб-қувватлайман ва улар, ўз навбатида, қачондир ёшларига ёрдам беришади. Ҳамма билан бўлишишга одатланиб қолганман. Дўстларим эса бу менинг заиф томонимлигини айтишади.
- Одамлар буни суистеъмол қиладими?
- Бундай воқелар ҳам бўлади, лекин мен қандай бўлсам шундайлигимча қоламан.
- Жанговор самбо бўйича мусобақаларни трибунадан томоша қилётганингизда қандай ҳис-туйғуларни бошдан кечирасиз? Ўзингиз гиламчага чиқишни хоҳлайсизми?
- Йўқ. Мен ўн йилдан буён аралаш яккакураш турлари билан шуғулланаман, энди мен учун улар фақатгина мавжуд, бу спорт менга жуда ёқади. Жиу-житсу ва самбо билан шуғулланган болалар бизнинг ёнимизга келишади. Улар турли хил жанг санъатлари ўртасидаги фарқни намойиш этади. Шу билан бирга, жанговар самбо бўйича кўплаб одамлар аралаш яккакураш бўйича яхши натижаларни кўрсатмоқдалар. Аммо болалигимда Фёдор Емельяненко менинг кумирим эди. Мен унинг шаҳарни айланиб чиқаётгандек, совуққонлик билан жангга киришишига доим ҳайрон бўлардим. Ҳаяжонсиз чиқиб келади ва худди шу тарзда ютади. Бундай одамлар миллиондан битта учрайди. Ҳозирда жангчи ғалаба қозонади, қувонади ва жанг олдидан бирон бир гап айтади. У октагондаги ҳамма нарсани кўрсатди. Хотиржам ва жуда тақводор. Бу тўғри, одам ишониши керак, мен одамларни динлари, миллатлари ва ирқлари бўйича ажратмайман, мен учун ҳамма бир хил.
- Сиз учун Емельяненко эски мактаб вакили, ҳозирда ундайлар камми?
- Албатта, у ва менинг ота-онам мени рағбатлантирадиган ягона одамлардир. Аллоҳга шукур, энди ота- онамга ҳеч нарса керак эмас, лекин мен ҳар доим уларга муносиб бўлган нарсаларини беришни хоҳлардим.
- Агар сизни жанговар самбо бўйича Осиё чемпионатида иштирок этди деб тасаввур қилсак, у ерда юқори ўринни эгаллашингиз эҳтимоли қандай?
- Олдиндан нимадир дейиш қийин. Аммо ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради. Агар ҳозир мени у белашувга қўйишганида, мен руҳан тайёр бўлардим деб ўйлайман. Биласизми, менинг психологиям жуда барқарор, ҳатто шифокорлар ҳам буни айтишади. Мен нега аралаш яккакурашлар билан шуғулланаётганимни биламан. Бу менга юқори мартабали амалдорлар, федерациялар раҳбарлари ёки Олимпия қўмитаси ватанпарварлик билан спортни тарғиб қилиш зарурлиги ҳақида гапирганда туртки беради. Чет элга борганимда, бу одамлар ортимда эканлигини биламан.
Аммо менга қарши чиқадиган рақиблар психологик нуқтаи назардан қийин бўларди. Улар кучли спортчилар, аммо менга нисбатан бўлган қўрқув ёки ҳурмат туфайли уларга очилиш осон эмас. Аммо Алистер Оверим ёки Фёдор Емельяненкони телевизордан томоша қилганимда ҳам худди шундай ҳис-туйғуларга дуч келганман.
- Энди сизни ҳайратга соладиган кумирлар қолмадими?
- Йўқ. Албатта, мен Фёдор Емельяненко ва Хабиб Нурмагомедовларни ҳанузгача ҳурмат қиламан. Иккинчиси - ҳамма учун барча нарсани исботлаганлиги сабабли, ваъдасига содиқ қолган ҳолда спортни тарк этди.
- Чорлов пайдо бўлиши билан у қайтиб келиши мумкинлигига ишонасизми?
- Йўқ. Менимча у бошқа синовда деб ўйлайман.
- У футбол билан жиддий шуғулланмоқчими?
- Менимча, Хабиб жамоани сотиб олиши мумкин. Эҳтимол, у майдонга тушади, бир нечта ўйин ўтказади. Аммо бу PR-компания доирасида бўлади, бошқа нарса эмас. Ахир бундай янгиликлар тезда бутун Америка бўйлаб, бутун МДҲ бўйлаб тарқалади ва Россияда у энг машҳур одамлардан бири ҳисобланади. Улар ҳар бир қадамни, ҳар бир баёнотни кузатадилар - ҳатто мен унинг интервьюсини томоша қиламан ва ниманидир ўрганаман. Аммо бундай машҳурлик билан сизнинг баёнотларингиз бузилиб кетиш хавфи доимо мавжуд.
- Ўзингиз сўзларингиз нотўғри талқин қилинаётганига тез-тез дуч келасизми?
- Албатта, шундай бўлади, лекин мен бунга нормал ҳолат деб қарайман. Бирор нарса кесиб ташланади, таржима қилинади. Масалан, улар Конор Макгрегор билан жанг қилмоқчи эканлигимни ёзишди. Ва мен шунчаки, агар керак бўлса, керакли вазнни ташлашга тайёрлигимни айтдим. Аммо у Флойд Мейвезер билан учрашиши мумкин эди. Биз Флойд билан яхши алоқадамиз ва у узоқ вақтдан бери мени аралаш яккакураш қоидалари бўйича жанг қилиш учун чақиради. Мен учун бу PR ва молия нуқтаи назаридан ажойиб вариант бўлади.
- Айни пайтда кўплаб самбочилар аралаш яккакураш турлари бўйича чиқиш қилишмоқда. Келажакда улар доминантлик қилишлари мумкинми?
- Ҳа деб ўйлайман. Чунки бу аралаш жанг санъати билан бир хил. Боксчига жанг қилишни ўргатиш қийин, курашчига муштни ўзлаштириш жуда осон. Даниэль Корьме қандай уришини кўринг. Кўпгина йигитларнинг нокаутли зарбалари бор.
- Жорий йилнинг январь ойида Эндрью Санчесни мағлубиятга учратганингиздан сўнг, сиз октагондан сакраб чиқиб, Дана Уайтга томон югурдингиз. Унга нима дедингиз?
- У менга обуна бўлмаганини айтдим (кулади).
- Бўш трибуналарда жангчи курашиш қанчалик қийин?
- Менда бундай ҳолат бўлмаган, аммо бу мен учун аҳамиятсиз. Албатта, мухлислардан қувват олинади аммо агар улар трибунада бўлмаса, ҳануз телевизор экранларида бўлса ҳам, улар мени қўллаб-қувватлаётганини биламан. Нима учун октагонни тарк этаётганимни биламан. Менинг байроғим бор, улар менга ишонишади. Баъзан, мен бозор бўйлаб юраман, ва 80 ёшли буви мени тўхтатади, ўпади, бағрига босади, у менинг жангимни томоша қилганини айтади. У ҳақиқатан ҳам менга мухлислик қилади, барча рақибларимнинг исмларини билади. Бу энг муҳим нарса.
- Мусобақаларда кўплаб жанговар спорт турларида рақибни нокаут қилмаслик одат тусига кирган, аммо аралаш яккакурашларда бундай эмас. Ушбу қоидани қабул қилиш сизга қанчалик қийин бўлди?
- Агар мен рақибимни нокаут қилмасам, у буни амалга оширади. Шунинг учун мен бошқа спорт турига бормайман. Агар машина ишласа, нима учун бирор нарсани ўзгартириш ёки қўшиш керак? Эртами-кечми восита ишламай қолади. Одамларда ҳам шундай. Ҳар ким ўзи севган иш билан шуғулланиши керак. Мен аралаш яккакурашни яхши кўраман, яқинда Ўзбекистондаги биринчи халқаро ташкилотни очдим.
- Сизнинг вазифангиз ёш спортчиларига уларда йўқ нарсаларни беришми?
- Менда бўлмаган нарсаларни бериш. Мен бу спорт билан анчадан бери шуғулланаман, турнирларни қандай ташкил қилиш ҳақида тасаввурим бор. Мамлакатнинг юқори лавозимли расмийлари ҳамма нарса адолатли ва юқори даражада бўлиши мумкинлигини кўриши керак.
- Янги спорт заллари қуришни режалаштиряпсизми?
- Ҳа, болалар учун бепул заллар қуриш режалаштирилган. Бизда ўзига хос менталитет, меҳмонларга нисбатан алоҳида муносабат мавжуд. Афсуски, бу вақт ўтиши билан йўқолади. Ва залда улар ёмон одатларни ўргатишмайди. Ҳали ҳам ахлатни олиб кетишим ёки полни артишим мумкин. Буларни қилиш мен учун уятли эмас. Ҳа, мен Маҳмуд Мурадовман, лекин мен ҳамма кабиман. Шунинг учун, мен аввало шогирдларимга интизомни сингдирмоқчиман.
- Нега самбо бўйича Осиё чемпионатига келишга қарор қилдингиз?
- Биринчидан, Осиё самбо уюшмаси раҳбари Алламжон Муллаев менга яхши муносабатда, у менга доим маслаҳат ва ёрдам беради. Иккинчидан, маҳаллий йигитлар мени кўришдан хурсанд бўлишади. Мен ҳар доим вақтим бўлганда ёшларни рози қилишга ҳаракат қиламан.
- Жаҳон чемпионатига боришни режалаштиряпсизми?
- Агар улар қўнғироқ қилсалар, мен бораман, қўнғироқ қилмасалар ҳам (кулади). Албатта, агар Москвадаги аралаш яккакурашлар мусобақасига тайёргарлик халақит бермаса. Ахир, бу мен учун деярли уй мусобақаси, Ўзбекистондан меҳмонлар кўп бўлади, мен ўзимни кўрсатишим лозим.
- Москвада Халқаро САМБО маркази қурилмоқда. У ерда жанг ўтказишга қандай қарайсиз?
- Нега йўқ? Бундай тўқнашувда ота-онам ва қариндошларим иштирок этишлари мумкин эди. Бу мен учун Ватанимда жанг қилиш каби, негаки Россияда ўзбеклар кўп. Яқинда Москвада мухлислар билан бўлган учрашувим шунчалик шов-шувга сабаб бўлдики, ҳаммада ҳам етарли жой йўқ эди.
Сарвиноз Раҳмонқулова таржимаси
Фикрлар