18 сен 12:36
Янгиликлар
Интервью. Мурод Хонтўраев ҳар ойда жанг қилмоқчи, Емельяненко билан тўқнашув ва бошқалар ҳақида
Бунга мазкур йўналишдаги спортчиларимизнинг иштироклари, ўзига хос ютуқлари ҳам мисол бўла олади. Ҳозирги кунда, ҳамюртларимиз орасида ушбу спорт тури борасида энг машҳури шубхасиз Мурод Хонтўраев десак муболаға бўлмайди. Сўнги икки ой давомида энг кўп шов-шувга сабаб бўлган ҳам айни шу спортчимиз бўлди. Чунки, унинг Қозоғистондаги кутилмаган мағлубияти, ушбу жангдан сўнг қисқа фурсатда яна бир жанг ўтказиши ва ундаги ажойиб ғалабаси ҳақида турли хил гап-сўзлар урчиди. Биз ушбу масала юзасидан боғланиб, ўтказган ҳар икки жанги ва режалари борасида сухбат уюштирдик.
-Мурод қисқа муддатда иккита жанг ўтказдингиз. Умуман иккинчи жангни ўтказиш фикри, таклифи кимдан чиқди? Балки сизни мағлубиятдан кейинги холатингиздан рақиб томон фойдаланмоқчи бўлгандир?
-Бу фикр шахсан ўзимдан чиққан эди. Шунинг учун, рақиб томон ҳақида гап-сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Қозоғистондаги жангдан сўнг, мураббийим билан маслахатлашиб, яқин орада ўтказиладиган энг катта мусобақада иштирок этишни режага киритган эдик. Аслида, рақибим уч карра кикбоксинг бўйича жаҳон чемпиони Қайрат Эрбўлатов бўлиши керак эди. Унинг бироз бетоблиги боис, жанг 6 октябрга қолдирилди ва ўрнига Хасиков билан жанг олиб бордим. Бу жанга қадар бўлган Проценкога учралган мағлубиятга келадиган бўлсак, аввало бу спорт шундай экан бундай натижалар бўлиб туриши мумкин. Лекин бунинг ҳам ўзига яраша сир-асрори бўлади. Жангдан бир кун аввал, иссиғим 39 га чиқиб кетди. Дори-дармон, укол қилиб, жанга қадар тикланишга улгурдим. Лекин куч-қувватимни барибир мукаммал кўринишда эмасди. Бу билан ўзимни оқламоқчи эмасман. Ютқаздимми, демак тан олиш керак. Бу фикрларни илгари сурганимга сабаб, ўша куни имкониятим даражасида жанг олиб бора олмаганлигимни изохламоқчиман холос!
-Хасиков билан вазн ўлчаш маросимидаги ўзини тутиши, сизга нисбатан қилган хурматсизлиги, умуман олганда Павел Левко билан ҳам шундай холат кузатилган эди. Бу каби жараёнлар сизга адреналин бўладими, чунки, ҳар иккисини ҳам жуда қисқа вақтда таслим этгандингиз?
-Энди бу каби унчалик ном қозонмаган спортчилар жангдан аввал хурмача қилиқлар кўрсатиб, ўзини имиджини кўтаришга ҳаракат қилишади. Мухлислар эътиборига тушишни мақсад қилишади. Вахоланки, жангдаги мағлубияти, четдан кузатганларни кулгусига сабаб бўлади. Агар, тўполон қилмасдан хурмат билан ёндошса жанга мағлубияти ҳам табиийдек кўринади. Аввалдан ўзини кўрсатиб, нималардир қилишга уринса, мағлубиятидан кейин, ҳар бир мухлисни оғзидан учадиган биринчи жумла, “боринг шу экан, нега чиранасан” бўлиши аниқ тўғрими? Шундай экан бундай холатларга жиддий қарамайман. Ким бўлишидан, нима қилишидан қатъий назар рақибларимни хурмат қилган ҳолда, рингда, октагонда ўз ишимни қилишга ҳаракат қиламан.
-Проценко билан бўлган жангда мураббийингиз Нодир Қодировни йўқлиги ҳам мағлубитга сабаб бўлди деб айта оласизми?
-Қайсидир маънода тўғри деб айта оламан. Чунки, жанг мобайнида тегишли кўрсатмаларни олишга ҳаракат қилардим. Лекин юқорида ҳам айтиб ўтдим, мағлубиятни хеч нарса билан оқламоқчи эмасман!
-Аслида сизни Михтибек Мамасолиев билан жанг ўтказади деган миш-мишлар, промо роликлар чиқиб кетди. Бу борада қандай фикр билдира оласиз?
-Биласизми, бу жангчи марказий Осиё миқиёсида ўз ўрнига эга, номдор спортчи. Барчасига ўзининг ҳаракати, мехнати орқали эришган. У билан жуда қадрдонмиз. Охирги жангимда ҳам эътибор берган бўлсанглар, биринчи бўлиб, октагонга тушиб табриклади. Қачонки, у билан жанг қилишга тўғри келса, ўша вақтда биз рақиб бўлишимиз мумкин. Жангдан сўнг, яна дўстларга айланамиз. Шахсан мен шундай ўйлайман.
-Александр Eмеляненко, билан якунланмай қолган музокараларни давом эттириш имкони мавжудми, ёки энди у режангиздан ўрин олмаганми?
-Устозим Нодир ака Қодиров бошчилигида спорт формам мукаммал даражага чиққан вақти жуда кўп музокаралар олиб бордик. Аввалги интервьюмда ҳам айтиб ўтганман унинг қамоққа олиниши натижасида бу жанг бўлмаган эди. Ҳозир бир нима деб айта олмайман. Лекин мухлисларни ишонтириб айта оламанки, Александр Емеляненко, Кенни Гарнер каби номдор спортчилар билан албатта учрашаман.
-Мана неча йилдирки, ММА дасиз тажрибали спортчи сифатида, порлаб чиқаётган ёшларимиз, Нурсултон Рўзибоев, Махмуд Муродов, Анвар Бойназаровларни салохиятини қандай бахолайсиз ва уларга қандай маслахатлар берган бўлардингиз?
-Балки кулгули туюлар лекин мазкур спортчи укаларимзнинг баъзи бирлари мендан кўп жанг ўтказишган. Менга нисбатан яхши натижаларни қайд этишган. Буни тан олиш керак. Лекин шуни қўшимча қилиб қўймоқчиманки, мен тўқнаш келган жаҳоннинг кучли спортчилари Константин Ерохин, Евгений Ерохин, Мухаммад Ашуб даражасидаги рақиблар билан хали тўқнаш келишмади. Бундай рақиблар билан учрашишсин, улардан кучлилари билан тўқнаш келишсин ва ғалаба қозонишсин. Мен бунга тилакдошман. Анвар, Нурсултон, Махмуд юқори савиядаги жангчилар яқин вақтлар орасида уларни улкан натижалар қайд этишига шубха йўқ. Махмуд Муродов Bellator билан шартнома имзолаётганини эшитдим. Унга омад ёр бўлсин! Умуман ватанимиз шаънини ҳимоя қилаётган ҳар бир спортчимизни яратганни ўзи қўлласин!
-Асосан, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россияда жанглар олиб бораяпсиз, балки энди жиддий қадам ташлаш ва Беллатор ва UFC лар ҳақида ўйлаш вақти келгандир?
-Биласизми, МДҲ мамлакатлари орасида ММАни пойтахти аввал Қозоғистон бўлса, яқин икки йил мобайнида бу мақом Қирғизистонга кўчди. Дархақиқат, мазкур мамлакатлар юқори савиядаги мусобақаларни ташкил қилишаяпти. Биз бундай жангларда иштирок этишни хурсандчилик билан қабул қилиб келганмиз. Энди биласизми, UFC, Bellator бу борасида ҳозир бир нима дея олмайман. WFC, VEF, Fingt-Ningt йўналишларида эса, агар жароҳатлар безовта қилмаса, ҳар ойда биттадан жанг қилишни мақсад қилганман.
-Балки ўша фаолиятингиздаги икки мағлубият сабабчилари, Швелидзе ва Проценко билан реванш жангларини ташкил қиларсиз?
- Проценкога жангдан сўнг, икки хафта ёки 10 кундан кейин реванш ўтказиш таклифини айтганман. Лекин мураббийлари ва промоутерлари рад жавобини беришди. Швелидзега эса бир неча маротаба таклиф қилганман. Лекин ҳар доим бунга рози бўлмаган. Швелидзе билан бўлган жангни ўзинглар гувохи бўлгансизлар менга бирор марта ҳам зарба бера олмаган эди. Агар, ўзимнинг ноқулай ҳаракатим туфайли жароҳат олмаганимда бу жангни ютишим 100% аниқ эди.
-Сизнинг вазнингизда ҳамюртларимиз Александр Столяров, Азамат Баҳодурзода, Амин Эргашев, (Юсуф Ибрагимов муайтайни проф йўналишида фаолият олиб боради). Ушбу спортчилар билан бевосита бирор-бир мусобақада дуч келганмисиз, Умуман муносабатингиз қандай уларнинг фаолиятига?
- Албатта, Столяров, Амин Эргашев, Юсуф Ибрагимов яқин дўстларим бўлади. Азамат Баҳодурзода укамиз. Уларнинг баъзи бирлари билан ҳаваскор спортда дуч келганмиз. Баъзан мени қўлим баланд келган баъзида улар зафар қучишган. Бир сўз билан айтганда юртимиз баҳодирлари деганда шу йигитлар кўз олдимга келади. Албатта бу спортчиларимизга ҳам омад тилайман!
-Умуман ММА йўналиши жангчиларининг аксарияти кино оламида ҳам фаолият юритади. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Мурод Хонтўраев ҳам қачондир ўзбек жангари киноларида суратга тушиши мумкинми?
- Бу борада бир нима дейишим қийин. Фаолиятимни якунлаганда балки бу билан қизиқиб кўрарман.
- Энди мазкур йўналишга кириб келаётган ёшларга айтар сўзингиз...?
- Айнан мен кутган савол шу эди. Ёшларимиз шуни тушунишга ҳаракат қилишсин. Хеч қачон, мураббийни норизо қилиб, бирор бир натижани қайд эта олмайди. Нафақат мураббийи промоутери бир сўз билан айтганда жамоасига қарши бориб, фақатгина ўзига зарар қилади. “Дарахт бир жойда кўкаради” деган нақл борку халқимизда. Шундай экан, турли ваъдаларга учмасдан у учун жон куйдирадиган инсонлар билан ҳамкорлик қилишсин!
Аҳмад Эшматов суҳбатлашди
Фикрлар