03 сен 09:46
Янгиликлар
Жаҳон чемпионатининг энг яхшилари маълум, улар орасида бизникилар...
Афсуски, улар орасида ўзбекистонликлардан ҳеч ким йўқ. Лекин чарм қўлқоп усталаримиз биз учун энг яхшилари. Шаҳрам Ғиёсов, Иқболжон Холдоров энг яхши бўлишга муносиб номзод эди. Лекин мусобақа ташкилотчилари ва Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси (AIBA)нинг қарори ўзгача бўлди.
Украина терма жамоасига ягона олтин медални тақдим этган Олександр Хижняк Гамбургдаги жаҳон чемпионатининг энг яхши боксчиси деб топилди. -75 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Хижняк финал жангида қозоғистонлик Абилхан Аманкулни яққол устунлик билан мағлуб этди.
Жаҳон чемпионатининг энг яхши жамоаси сифатида ҳақли равишда Куба терма жамоаси эътироф этилди. Озодлик ороли вакиллари 5та олтин медални қўлга киритишди. Хоанис Аргилагос (49 кг), Йосбани Веития (52 кг), Энди Крус Гомес (64 кг), Хулио Сесар ла Крус (81 кг) ва Эрисланди Савон (91 кг) жаҳон чемпионига айланишди.
Жаҳон чемпионатининг энг яхши ҳаками номинациясида АҚШ терма жамоаси бош мураббийи Билли Уолш ғолиб бўлди. Унинг шогирдлари жаҳон чемпионатида 3та медал қўлга киритишди. Дак Рэган (56 кг) кумуш медал билан тақдирланган бўлса, Фредюс Рохас (64 кг) ва Трой Исли (75 кг) бронза медалига сазовор бўлишди.
“Ҳалол ўйин” (Fair Play) соврини бу сафар арманистонлик боксчига насиб этди. 27 ёшли Артём Арутюнян Рио-2016 Олимпиадасида ҳам бронза медалини қўлга киритган эди. Гамбургдаги жаҳон чемпионатида у мағлубиятни ҳам худди ғалабадек хурсандчилик билан қарши олди.
Фикрлар