22 мар 16:20
Янгиликлар
«Менга телбага муносабат қилгандек қарашларини истамаганман». Хабиб уч йил ичида инглиз тилини ўрганди ва шундан кейин ёрқин жангчига айланди
У мақсади сари интилди. Хабибни даҳшатли вазн ташлашлар, доимий машғулотлар ҳамда тартиб-интизом чемпионга айлантирди. У фаолиятининг энг қийин даврларида ҳам ўзини йўқотиб қўймади. Нурмагомедов 2014 йилда кўплаб жароҳатлар олди ва икки йил жангларда қатнаша олмади. Россиялик спортчи кетма-кет олтита ғалабани қўлга киритганига қарамасдан, уни унутиб юборишларидан қўрқиб, тушкунликка тушиб қолди. Аммо Хабиб вақтдан унумли фойдаланди. Икки йил давомида инглиз тилини ўрганди, ҳамда бошқа инсон бўлиб жанг майдонига қайтди.
Россиялик жангчилар инглиз тилини ўрганмайдилар - бу уларнинг фаолиятига зарар келтиради. Хабиб таржимон орқали мулоқот қилди, шу сабабли қийинчиликларга дуч келди
Одатда АҚШга ташриф буюрган россиялик жангчилар инглиз тилини билмайди. Ривожланаётган дунё учун бу тажрибасизликдир, ҳаттоки Африканинг камбағал шаҳарларидан ва Яқин Шарқдан UFC'га келаётганлар тил ўрганиб келади. Таржимон орқали мулоқот қилишни Федор Емельяненко бошлаб берган эди - 15 йил давомида АҚШда фаолият юритганига қарамасдан у инглиз тилида оддий гапларни ҳам гапира олмаган. Бу спортчининг фаолиятига жиддий зарар етказади.
Тил билиш - ММАда жангчининг асосий қуроли. Баъзида матбуот анжуманида айтилган яхши иборалар спортчини юлдузга айлантиради. Доно фикрлар гапириш шарт эмас, балки муваффақиятли ҳазиллар, ҳаттоки ноқулай сўзлар ҳам машҳурликка олиб келиши мумкин. Забит Магомедшарипов Кайл Бочниак билан бўлган жангдан сўнг Дана Уайтга мурожаат қилиб, ўрганган гапларини такрорлай олмади. Бу жангчига ҳеч қандай зарар етказмади, аксинча мухлислари сафини кенгайтирди ва “ху из нейс” (Who is next?) ибораси машҳур мемга айланди.
Лекин кўпчилик россиялик жангчилар ўзларининг нотўғри фикрида туришади: жим бўлиб вазифангни бажарсанг, натижага эришасан. Бу ҳар доим ҳам қўл келмайди: бутун фаолиятинг давомида жим бўлиб, ўрта даражада қолиб кетишинг мумкин. Хабиб бошқалардан фарқли ҳолда, буни тезда тушуна олди.
Нурмагомедов Америкага келганда 23 ёшда эди. У инглиз тилини билмаганлиги сабабли, Ред Фурй гуруҳи менежери Сем Карден (Шамил Карданов) унга таржимонлик қилди. Хабибгача гуруҳда Вячеслав Василевиский, Михаил Малютин ва бошқа ёш жангчилар бўлган. Карданов уларга Америкага келишига ёрдам берган, тил ўрганишга ҳам даъват қилган. Ҳаттоки, у оддий русча сўзларни инглиз тилига таржима қилиб, ўйин ҳам тузган эди.
«Қош», «ликопча», «қошиқ» - оддий сўзлар, бироқ ёш жангчилар учун қийинлик қилган. Василевиский ва Малютин инглиз тилидан озгина хабардор бўлган бўлсалар, Хабиб ҳеч нарсани билмаган. У ўйин давомида фақатгина «уй» ва «қиз» сўзини топа олган. Жангчилар ўртасида тортишувлар ҳам юзага келган:
- “Уй” инглизчада нима дейилади?
- Home.[ Василевиский]
- House.[Хабиб]
Иккала вариант ҳам тўғри, фақат қўлланиши жиҳатидангина фарқ қилади, бироқ Хабиб танқид қилишни бошлар эди:
«Бу ўйин «Телбаданда телба»? Йўқ! «Телбаларнинг ҳам энг телбаси!», дейилади».
Хабиб инглиз тилини билмаганлиги сабабли Махачкала иқтисодиёт коллежидан ҳам ҳайдалишига сабаб бўлди.
Абдулманап Нурмагомедов “У инглиз тилини билмаганлиги учун четлатилган эди. Аммо унинг устози Хабибни бутун дунё анжуманларида нутқ сўзлаётганини эшитиб, уни ҳайдагани учун кечиришини сўрайди. Ишонинг, мен билим олишни биринчи ўринга қўяман. Ўғлимга ҳам “Олдин ўқиш, кейин спорт», деб айтаман», - деганди.
Хабиб жароҳат олганидан кейин тил ўрганишни бошлади. У фаолияти тугади деб ўйлаган эди, бироқ ҳаммаси янада яхши томонга ўзгарди
2014 йилда тиззасидан жиддий жароҳат олди. Бу нафақат ММАдаги, балки спорт оламидаги тузалиш учун камида ярим йил кетадиган жиддий шикастланиш ҳисобланади. Шу сабабли кўплаб футболчилар фаолиятини тугатган ва Хабиб ҳам бу ҳолатини: «Ўша пайтда жароҳатим туфайли спорт билан узоқ муддат шуғуллана олмаслигимни билмаганман. Операциядан кейин, 9 ой ўтиб машғулотларга қайтишим мумкинлигини айтишди. Чунки оёқнинг аввалги ҳолига қайтиши учун кўпроқ вақт керак. 2000 йилларда шу ҳолга тушган спортчиларнинг ҳеч бири қайтмади. Биринчиси Роналдо бўлди, у қайтди ва жаҳон чемпионатида ғалабани қўлга киритди. Бу тиббий жиҳатдан ютуқ эди», дея эсга олади.
Хабиб фаолиятини қайта давом эттира олмаслигидан қўрққан. Отаси уни қўллаб-қувватлади, у вақтдан фойдаланиб тил ўрганишни бошлади:
«Ривожланишинг учун нафақат яхши жанг қилишинг, балки сўзлашишни ҳам билиш кераклигини тушуниб етдим. Сен машҳур бўласан, сени одамлар кузатишни бошлайди, бироқ инсонларга мен иккита сўзни бир-бирига боғлаб гапира олмайдиган телбага ўхшаб кўринишни истамадим.
Даволаниш жараёнида уялмасдан ўзим тил ўргандим, мулоқот қилдим. Ҳаракатдан тўхтамаслигим кераклигини ҳис қилдим. Интервью бериш учун керак бўладиган сўзларни ёдладим. Аммо грамматикани янада яхши билишим лозим. Жароҳатимни Лас-Вегасда даволашаётган пайтда инглиз тилида нутқим сезиларли даражада ўсган ва мен гапираётган вақтларимда ўзимдан хурсанд бўлар эдим. Ўз устимда янада кўпроқ шуғулланишни бошладим».
2015 йилга келиб Хабиб секин бўлсада, таржимонсиз мулоқот қилишни бошлади. 2016 йилга келиб эса, ажойиб интервью беришга муваффақ бўлди: Конорни жангга чақирди, Диаснинг биродарларини уйсиз деб атади. Нурмагомедовнинг талаффузида камчиликлар бўлгани билан грамматик жиҳатдан муаммо йўқ эди.
AKA'даги сафдоши Даниель Кормье инглиз тилини ўрганишда Хабибга ёрдам берди. Улар кўп мулоқот қилишди ва бу жангчининг фойдасига ишлади.
Хабиб “Кормье - инглиз тилидан устозим? У жуда қиммат, унинг бир соатлик дарси 15 минг рубль туради»,-дея ҳазил қилган эди.
Тил ўрганиш орқали Хабиб чўққига кўтарилди. У одамлар ҳалигача эсда сақлайдиган ажойиб ибораларнинг муаллифига айланди.
Нурмагомедов «Болалигимда инглиз тилини ўқиганман. Менда оз бўлсада манба бор эди, бироқ асосийсини Америкада ўргандим. 10 йиллаб Америкада яшаган жангчиларни кузатганман ва уларнинг тил ўрганмасдан фақат ўзининг она тилида гаплашишини тушунмайман», - деб айтган.
Хабиб инглиз тилида гаплашишни бошлаганида, унинг фаолияти чўққига қараб юксалишни бошлади. Ғалабага эришганида одамларнинг эътиборига тушди, унинг ибораларини ҳалигача эсда сақлашади:
“Send me location”;
“Dana, I will smash your body”;
“He tapped like a chicken”;
Кормье тил ўрганиш Хабибнинг фаолиятига ёрдам берганини “Хабиб UFC камарини қўлга киритганидан кейин ўзгармади. У инглиз тилини ўрганганидан кейин ўзгарди. У энди мулоқот қилишни бошлаганда қийинчиликларга дуч келди ва бунга қарамасдан тўхтамади. Мана шу учун ҳам биз уни яхши кўрамиз», - деб таъкидлайди.
2016 йил Майкл Жонсонни мағлуб қилганидан кейин, Хабиб ўзининг режаси ҳақида айтади:
«Мен камтар бўлишни истаган эдим, бироқ ортиқча гап кўпайганлиги учун жим тура олмайман. UFCнинг пиар-машинаси қанчалик кучлилигини биламан. Мен сизларнинг жўжангиз билан камар учун курашмоқчиман. Россияликлар 150 миллион, ирландияликлар эса бор йўғи 6 миллион. Ҳозир бу ерда менинг мухлисларим деярли йўқ, лекин жангимни минглаб одамлар томоша қилаётгани аниқ. Жо Роган, сен спортдаги энг яхши таҳлилчилардан бирисан, нима деб ўйлайсан, камар учун жангга лойиқманми?»
Роган унинг жангга тайёрлигини таъкидлайди.
Чемпион ҳозирда 6 та - рус, инглиз, турк, араб, кумик ва авар (она тили) тилларини билади.
Вазн ташлаш керак - Хабиб деярли 20 килограммгача вазн ташлади. Боксдагидек кўтарилиш керак - Хабиб яхши жангчига айланди. У чемпион гапириши ҳамда одамларга шоу кўрсатиши кераклигини тушунди ва буни ҳам амалга оширди. Айнан шу хусусиятлари сабабли у спортни мағлубиятсиз тарк этди ва бу уни бошқа жангчилардан ажратиб туради. Агар спортчи ўн йиллаб машғулотлар қилса ва матбуот анжуманларига қатнашганда жанг ўтказиладиган мамлакат тилини билмасдан иштирок этса, у яхши жангчи даражасига эриша олмаслиги мумкин.
Аммо вазият ўзгаряпти: оғир вазн тоифасидаги UFC жангчиси Александр Волков инглиз тилида интервью беришни бошлади, Петр Ян тил ўрганмаган бўлсада, матбуот анжуманларида ва ижтимоий тармоқларда ҳали ҳам фаол, Маҳмуд Мурадов жангдан сўнг инглиз тилида фикрларини баён қилмоқда. Бироқ Хабиб жангчилар учун камтарлик ҳамма вақт ҳам фойда келтирмаслигини кўрсатиб берди.
Sports.ru сайти асосида Озода Қаюмова тайёрлади
Фикрлар