29 ноя 09:34
Янгиликлар
Нодирбек Абдусатторов ғалаба эвазига Лондон турнири пешқадамига айланди
Ҳамюртимиз илк турда мезбон гроссмейстер Шрейас Ройал устидан ғалаба қозонганидан кейин кетма-кет икки партияда рақиблари билан дуранг ўйнаганди. Нодирбек кеча ўтказилган 4-турда ниҳоят яна зафар қучди. Бу сафар у қора доналарда ўйнаганига қарамай, англиялик 39 ёшли Гавейн Маророа Жонсни таслим этди.
Чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири, 4-тургача якка карвонбоши бўлиб келган америкалик Левон Аронян украиналик Василий Иванчук билан дуранг ўйнади. Нодирбек 3 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра биринчи ўринга кўтарилиб олди. Аронян ҳисобида ҳам 3 очко бор. Америкалик Энди Вудворд ҳамда қаторасига иккинчи ғалабасини қўлга киритган украиналик Игор Самуненков 2,5 очкодан жамғариб, учинчи ва тўртинчи ўринларни банд этган.
"Мастерс" гуруҳида 10 нафар гроссмейстер тўққиз тур давомида ғолиблик йўлида ўзаро баҳс олиб боради. Бугун ўтказиладиган бешинчи турда Абдусатторов оқ доналарда ҳиндистонлик Ниҳал Сарин билан ҳисоб-китоб қилади. Левон Аронян эса оқ доналарда Гавейн Маророа Жонсга қарши ўйнайди.

Фикрлар