27 апр 15:09
Янгиликлар
Осиё ўйинлари мезбонлиги учун Ўзбекистонга икки рақобатчи пайдо бўлди
Қатарнинг Доха ва Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳарлари 2030 йил бўлиб ўтадиган XXI Осиё ўйинларини ўтказиш тўғрисида расмий буюртма беришди. Ушбу мамлакатлар Миллий Олимпия қўмиталарининг тендер ҳужжатларига Доха ва Ар-Риёд шаҳарлари ҳамда ушбу давлатлар ҳукуматларининг Осиё ўйинларини қабул қилишга тайёр эканликлари баён этилган рамий мурожаатлари илова қилинган.
Бу ўринда 2006 йилда Дохада XV Осиё ўйинлари бўлиб ўтганлигини, аммо Саудия Арабистонида ООКнинг расмий мусобақлари умуман ўтказилимаганлини эслаб ўтиш мумкин.
Осиё Олимпия Кенгашининг президенти шайх Ахмад аль-Фахад ас-Сабах шундай баёнот берди: “ООК 2030 йилги Осиё ўйинларини ўтказиш учун иккита яхши буюртма олганлигидан мамнун. Бу Осиёда Олимпия ҳаракатига ишонч далолатидир ва бизнинг жаҳон даражасида йирик кўламда спорт тадбирларини ўтказиш бўйича обрўмизни янада оширади. Ушбу буюртмалар туфайли бизда эндиликда 2030 йилги Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича барқарорлик ҳамда бўлажак ўн йил давомида спорт ҳаракатимизда изчиллик мустаҳкамланди. Бу, шунингдек, Осиёнинг глобал Олимпия ҳаракатида асосий шерик эканлигини тасдиқлайди. Бу Миллий Олимпия қўмиталаримизга, бизнинг маъмуриятимизга ва, энг аввало, спортчиларимизга қисқа, ўрта ва узоқ муддатли аниқ истиқбол режаларини тузиш имконини беради”.
Маълумки, XIX Осиё ўйинлари 2022 йилда Хитойнинг Ханчжоу, XX Осиё ўйинлари 2026 йилда Япониянинг Айти-Нагоя шаҳарларида бўлиб ўтади. ООК 2020 йил 23 январда барча 45 та Миллий Олимпия қўмиталарига 2030 йилдаги XXI Осиё ўйинларига тендер ўтказилиши маълум қилинган фармойишни юборган эди.
XXI Осиё ўйинлари мезбони ва ташкилотчисининг танланиши Хитойнинг Санье шаҳрида VI Осиё соҳил ўйинлари арафасида – 2020 йил 29 ноябрда бўлиб ўтадиган ООКнинг Бош Ассамблеясида ҳал этилиши кутилмоқда.
Аввалги Осиё ўйинлари қуйидаги шаҳарларда бўлиб ўтган: 1951, Нью-Дели, Ҳиндистон; 1954, Манила, Филиппин; 1958, Токио, Япония; 1962, Жакарта, Индонезия; 1966, Бангкок, Таиланд; 1970, Бангкок, Таиланд; 1974, Теҳрон, Эрон; 1978, Бангкок, Таиланд; 1982, Нью-Дели, Ҳиндистон; 1986, Сеул, Корея; 1990, Пекин, Хитой; 1994, Хиросима, Япония; 1998, Бангкок, Таиланд; 2002, Пусан, Корея; 2006, Доха, Қатар; 2010, Гуанчжоу, Хитой; 2014, Инчхон, Корея; 2018, Жакарта-Палембанг, Индонезия.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонлиги учун даъвогар сифатида эълон қилинганди.
Фикрлар