UZ

Сўнгги янгиликлар

21:36Эртага 4 нафар боксчимиз Осиё чемпионатида рингга кўтарилади (рўйхат) 0 21:14Элит ОЧЛ. ​Остон Ўрунов гол урган баҳсда "Персеполис" камбэк намойиш этди 0 20:51Ўзбекистон томони Осиё Олимпия кенгашидан Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларини бир йилга кечиктиришни сўрагани маълум бўлди 0 19:02Алжемейн Стерлинг: "Фаолиятимни UFC чемпиони сифатида якунлашни истайман" 0 18:39Арман Царукян: "Умид қиламанки, UFC 310дан сўнг буни эълон қилишади" 0 18:18"Реал" Асенсиога шартнома таклиф қилади 0 17:55Фьюри Усик билан реваншда неча кг вазн билан чиқиши айтилди 0 17:33Отабек Умаров бошчилигида боксчиларимизнинг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлиги кўриб чиқилди 0 17:20Пара Осиё ўйинлари-2025 ҳам Тошкентда ўтказилмайди 0 17:10Макгрегорнинг рафиқаси эрининг зўрлашда айбланганига қандай муносабат билдирди? 0 16:48Осиё Олимпия кенгаши ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари мезбонлиги нима сабабдан Тошкентдан олинганига изоҳ берди 0 16:48Муҳаммад Салоҳ Рунига етиб олди 0 16:25"Чемпион бўлганимдан сўнг Оливейрага реванш бераман" - Царукян 0 16:02Мадримов нокаутга учратган Магомед Курбанов Тим Цзюни жангга чорлади 0 15:39UFC собиқ чемпионининг навбатдаги жанги санаси ва манзили маълум бўлди 0

29 сен 10:41
Янгиликлар

Бокс/ММА, Қизиқарли!

Ўз жонига қасд қилиш, қабрдан қазиб олинган жасад, 13 йилдан бери сир бўлиб қолаётган тергов иши. Артуро Гаттининг ўлими бокс тарихидаги энг катта жумбоқлардан бири бўлиб қолмоқда

Ҳа, бу расман ўз жонига қасд қилиш, лекин ҳаммаси кўринганидек эмас.

Ҳатто боксга қизиқмайдиган инсон ҳам Артуро Гатти ҳақида эшитган бўлиши аниқ. Икки вазн тоифасида жаҳон чемпиони, ёрқин ғалабалар ва қонли мағлубиятларни бошидан ўтказган Гатти ажойиб жанг услуби билан мухлислар эътиборни қозонган.

Унинг жанглари мухлисларда катта қизиқиш уйғотган ва кўп бора "Йил жанги" дея эътироф этилган. Ҳатто Гаттининг ўлими ҳам сенсацияга айланган ва қизиғи, шу кунга қадар сирлилигича қолмоқда. 

Артуро Гатти катта акасининг ортидан боксга кириб келади. Вақт ўтиши билан Жо Гатти "Чақмоқ", Артуро эса "Момақалдироқ" лақабини олади.

Артуро 1972 йилда Италиянинг Кассино шаҳрида туғилган. Аммо Италияда узоқ яшамади. 1977 йилда отаси Жованни Гатти бутун оиласи - рафиқаси, икки ўғли ва қизи билан Канаданинг Монреаль шаҳрига кўчиб кетди. У ерда ака-ука Артуролар спорт билан шуғуллана бошлашди. Кичкина Артуро футбол ва хоккейни танлади, Жо Гатти эса муштлашишга эътибор қаратди ва ҳатто бир оз муваффақиятга ҳам эришди. У ярим ўрта вазн тоифасида Канада чемпиони бўлиб, АҚШга кўчиб ўтиш орқали профессионал боксчига айланди.

Бу келажакдаги чемпионнинг, яъни Артуронинг фаолияти бошланишига йўл очиб берди. Акасининг телевидениедаги чиқишларини томоша қилар экан, ёш Артуро жанг санъатига қизиқа бошлайди. Болакай биринчи марта бокс залига 8 ёшида боради ва бу спорт ҳаётининг мазмунига айланади. Ака-укаларнинг биргалиги тахаллусда акс этган: Жо "Чақмоқ" номи билан танилган, шунинг учун миллий чемпионатда ғалаба қозонганидан кейин Артуро ундан кейин бўлгани учун "Момақалдироқ" лақабини олган.

Аллақачон ҳаваскорлар ўртасида Гатти ўз услубида бокс туша бошлади: очиқ, хавфли ва муросасиз. Бу ўз самарасини бера бошлади ва Артуро ўсмирлар ўртасида икки карра Канада чемпионига, шунингдек энг енгил ва енгил вазн тоифаларида учта "Олтин қўлқоп"га эга бўлди.

Аммо ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Гатти Гильберто Отелога қарши кечган ёрқин жангда мағлуб бўлади. Унинг ҳаваскор боксдаги порлаган пайтлари 1992 йилда Испанияда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига тўғри келди. Бироқ, Гатти бошқа йўлни танлади. Олимпиадани кутмасдан, у профессионал боксга йўл олди.

Унинг услуби рингдан ташқарига чиқди ва миллионлаб мухлислар уни олқишлашди.

1991 йил 11 июнь куни профессионал рингда Артуро бутун дунёга ким эканлигини кўрсатди. Бўлажак чемпион Хосе Гонсалесни "йўқ қилиши" учун уч раунд кифоя қилди. Шу тариқа Гаттининг профессионал боксдаги қонли ва муросасиз "фильми" бошланди. Бу вақт ичида у 40 ғалаба, 31 нокаут ва 9 мағлубиятни қайт этди. Гатти ярим енгил вазнда (IBF йўналиши бўйича, 1995 - 1998) ва ярим ўрта вазнда (WВC йўналишида, 2004 - 2005) жаҳон чемпиони бўлди. 1997, 1998, 2002 ва 2003 йилларда The Ring талқинига кўра "Йил жанги" номинациясига лойиқ топилди.

Артуронинг карьерасида бир нечта жанглар алоҳида ажралиб туради. Лекин барча ёрқин жанглари ҳам ғалаба билан якун топмаган. 1996 йил 23 мартда Гатти биринчи марта IBF чемпионлик камарини Уилсон Родригесдан ҳимоя қилади. Иккинчи раундда италиялик нокдаунга учрайди. Олтинчи раундда эса Гатти ақл бовар қилмас чап хук зарбасини йўллайди ва Родригесни нокаутга учратади.

2001 йилда Артуро яна бир афсона - Оскар Де Ла Хойя билан жанг ўтказган.

Жанг бошидан Оскарнинг устунликни ўз қўлига олади ва бу биринчи раунддаёқ ўз самарасини беради. Оғир сериядан сўнг Гатти йиқилади, аммо ўрнидан туриб, ўжарлик билан курашни давом эттиради. Де Ла Хойянинг босими тўхтамади ва бешинчи раундга келиб унинг аниқ зарбалари 62 фоизини ташкил қилди. Артуронинг бурчагидаги мураббийлар охиригача боришга қарор қилган боксчининг соғлиғини сақлаб қолиш учун оқ сочиқни ташлашга мажбур бўлишди. Оғир мағлубиятдан сўнг Артуро фаолиятида танаффус қилишга мажбур бўлади. Бу вақт ичида Гатти мураббийлар штабини ўзгартиради.

Артуро Гатти - Микки Уорд қарама-қаршилиги

Микки Уорд иштирокидаги уч эпизодли жанговар фильм Гатти номини чинакамига абадийлаштирди. 13 ойдан камроқ вақт ичида улар 3 та жанг ўтказди ва уларнинг иккитаси "Йил жанги" деб топилди.

Биринчи жангда Уорд кучлироқ бўлиб чиқди. Ажойиб жангда Микки Гаттини очколар ҳисобида мағлуб этади ва бу кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Натижада олти ойдан кейин реванш жанги ташкил этилди. Реваншнинг учинчи раундида Уорднинг қулоқ пардаси йиртилишига қарамай, Микки курашни давом эттирди ва 10 раунд иродали бокс намойиш этди. Якунда эса жанг Артуро фойдасига ҳал бўлди. 1:1 ҳисоби ҳеч қайси боксчига ярашмас эди ва трилогияда очколар ҳисоби билан Гатти Уорддан устун келди.

30 раунд натижаларига кўра Артуро ғалабага эришган. Аммо кўпчиликнинг фикрича, рингда ким кучлироқ эканлигини аниқлаш истаги боксчиларни унчалик ташвишга солмаган. Танқидчиларнинг фикрича, трилогиянинг амалга ошишига оммавий ахборот воситаларида ёритилиши ва натижада боксчиларнинг катта гонорар олиши сабаб бўлган. Гатти бу жанглардан сўнг кўп марта текширувлардан ўтган. Лекин айнан Микки Уорд билан бўлган трилогия уни дунёда, ҳатто боксдан узоқ бўлган одамлар орасида ҳам машҳур қилган.

"Момақалдироқ" сўнгги жангини Алфонсо Гомесга қарши ўтказган. 

Гомес Артурони 7-раундда муддатидан олдин мағлубиятга учратган. Артуро кучли эди, аммо самарали эмас. Унинг услуби рингдан ташқарига чиқди. Гатти рингда чиқишдан олдин ҳеч қачон рақибларининг кўзига қарамаган. Бундай майда деталлар ва томошалар учун у миллионлаб мухлислар эътиборини тортган. Аммо тактика ва техникадаги бўшлиқ туфайли Гатти 9 марта мағлубиятга учраган. 

Артуронинг бокс техникаси мукаммал эмас эди. Гаттининг устунлиги - олдинги қўл билан бош ва танага кетма-кет зарба йўллаш эди. Артуро масофани қисқартиргандан кейин кучли сериялар билан ишлашни афзал кўрар эди. Артуро ўрта ва яқин масофада ўзини чинакам эркин ҳис қилган.

Бу ерда унинг кучи ва чидамлилиги унга устунлик берар эди. Гатти ринг бўйлаб юқори тезликда жанг қилишда муаммога дуч келмаган. Аммо кўпинча аниқлик иккинчи ўринга тушиб қолган ва қарши ҳужумларда Артуро заифлашиб қолар эди. 

Гатти фаолияти давомида кўп нарсаларни ўтказиб юборган. Аста-секин рингда бошдан ўтказганлари ўз таъсирини кўрсата бошлайди ва чемпион ранг-баранг нокаутларга учрайди. 

Бу ҳақида Артуронинг ўзи қуйидаги сўзларни айтган: "Мени йиқитишингиз мумкин. Лекин барибир ўрнимдан туриб, курашни давом эттираман".

Боксдан кетиш, гиёҳвандлик, кўпчилик учун сир бўлиб қолаётган ўлим сабаби

Фаолиятини тугатгандан сўнг, Гатти оиласи билан Монреалга кўчиб борган. У фаолиятини якунлаганидан кейин кўп вақтини иккинчи рафиқаси Аманда Родригес ёнида ўтказади (Аманда Родригес Гаттининг ўғли кичик Артуронинг онаси эди). Аммо оилавий ҳаёт қаҳрамонимизни ёмон одатлардан ҳимоя қила олмади. У боксдан кетгач спиртли ичимликларга ва гиёҳванд моддаларга берилиб кетди. У ҳатто собиқ қиз дўстига ҳужум қилгани учун қамоққа тушган. Одатий ҳаёт тарзидан ташқари мухлислар Артурони янги қийинчиликларга дучор қилди, бу эса қайсидир маънода рингдаги зарбалардан ҳам кучли эди.

"У учун боксни тарк этиш жуда қийин бўлган. Артуро нима қилишни билмасдан фақат ичар эди. У маст бўлганида бутунлай бошқа одамга айланган”, — деганди Родригес.

2009 йил июль ойида Гатти айтганидек, Бразилиянинг Пернамбуку шаҳрида "иккинчи асал ойини" ўтказади. Кўпчилик учун улар тушган суратда беғубор ва бахтли оиладек кўринар эди. Аммо аслида эр-хотин доимий равишда кичик жанжалларга дуч келишган. Аслида саёҳат муносабатларни яхшилашга хизмат қилиши керак эди. Режа амалга ошмайди, меҳмонхона ходимларининг таъкидлашича, эр-хотин доимий равишда тортишишган. Аманданинг ўзи саёҳатни гўзал деб таърифлаган, бироқ кейинчалик Гаттининг дўстларидан бири суҳбатнинг аудиосини тарқатиб юборган. Аудиода Артуро саёҳати қўрқинчли туш деб атаган.

Эр-хотин охирги оқшомни энг зўр ресторанда ўтказган. Ўша ерда воқеага гувоҳ бўлганларнинг сўзларига кўра, ҳаммаси силлиқ ўтган дейиш бироз қийин. Сабаби, Артуро жуда маст ҳолда бўлган. Эртаси куни собиқ боксчи синглисининг тўйига бориши керак бўлган, шунинг учун Гатти рафиқаси билан меҳмонхонага қайтади.

Эртаси куни эрталаб соат тўққизда Аманда йиғлаб хонасидан югуриб чиқади ва эри ўз жонига қасд қилганини полицияга маълум қилади. 2009 йил 11 июлда Гатти бўйнида қонга беланган камар билан ўлик ҳолда топилади. Табиийки, биринчи навбатда унинг хотинидан гумонга боришган. Бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони, Артуро Гаттининг яқин дўсти Аселино Фрейтас эр-хотин ажрашишни режа қилганини айтиб, вазиятни оғирлаштирди.

Гаттининг хотини Аманданинг таъкидлашича, Артуро ўз жонига қасд қилган. Кейинчалик ўлим сабаби "суицид" экани аниқланади. Шундай қилиб, уч ҳафта ўтгач, айбловлар олиб ташланиб, Родригес озодликка чиқади.

Шундан сўнг, кўп ўтмай Канада ҳукумати бу ишга қизиқиш билдирди. Иккинчи тергов иши 2009 йил 1 августда Квебекда бўлиб ўтади. У ерда бразилиялик мутахассислар марҳумнинг танасидаги кўкариш изларини сезишмай, катта хатога йўл қўйишади.

"Биз пиццерияга боришга қарор қилдик. Биз бошида оилавий кечки таомни бошладик, аммо бу ҳам бошқа кўплаб оқшомлар каби тугади. Кейин Артуро маст бўлиб қолди ва унга ресторанда қола олмаслигимни, кетишим кераклигини айтдим. Агар хоҳласа, ўзи қолиши мумкинлигини айтганимдан сўнг жанжал бошланди. У мени урмади, лекин полга итариб юборди. Қўлларим ва иягимни жароҳатлаб олдим. Шундан сўнг у мендан 10 ойлик ўғлимни тортиб олди. Эрталаб соат иккида меҳмонхонада учрашганимизда унинг бошида жароҳат борлигини кўрдим. У тўртта йигит билан уришиб қолганини айтиб берди. У маст эмас эди, мен билган Артуро олдимда эди. У билан жанжаллашганимиздан кейин мендаги кўкарган жойларни кўриб қолди ва мендан буни ким қилганини сўради. Унга буни ўзи қилганини айтдим. У мендан яна сўради: "Демак, бизнинг орамизда ҳаммаси тугади?". Бунга бошқа чидай олмаслигимни айтдим.

Ярим кечаси чақалоқ мени уйғотиб юборди. Зинадан пастга тушганимда, Артуро полда ётганини кўрдим, лекин бунга эътибор берганим йўқ. Чунки, бундай ҳолат тез-тез бўлиб турарди. Бир-икки соатдан кейин уни ҳали хам ерда ётганини кўрдим. Кейин унинг олдига бориб, уйғотишга ҳаракат қилдим. У музлаб қолган эди. Мен ваҳимада эдим ва хонадан югуриб чиқиб, бақира бошладим", — дея бўлган воқеаларни эслади Аманда.

Эҳтимол, иккинчи тергов ишлари бўлмаганда, ҳеч ким боксчининг ўлимини текширишни бошламаган бўларди. Лекин ўз жонига қасд қилиш бироз шубҳали эди. Гатти узоқ вақтга бўлмаса ҳам Монреалда дафн қилинди.

2011 йил ноябрь ойида янги тергов иши бўлиб ўтади. Жангчининг оиласи эксгумация (мурдани қабрдан қазиб олиш ва текшириш) ва янги тергов иши ўтказишга рухсат берган. Бу ўз самарасини кўрсатади. Қонда спиртли моддаларни, мушакларни бўшаштирувчи Carisoprodol препаратини ҳам топдилар. Токсиколог-мутахассислар бу дори ақлдан озишга олиб келиши мумкинлигини таъкидлашган. Қўшимчасига тананинг ҳолати ва Артурода топилган қон ҳам шубҳаларни кучайтирган.

Аммо бу ишда қотиллик бўлган дейиш учун фақатгина битта далил — васиятнома эди. Биринчи тергов ишидан кўп ўтмай, Гатти никоҳни сақлаб қолмоқчи бўлиб, бутун мол-мулкини хотини ва боласи номига васият қилиб қолдиргани маълум бўлади.

Орадан 13 йил ўтди, лекин Артуро Гатти ўлимининг сири ҳалигача очилмаган. Тахминларга қарамай, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари буни ҳамон ўз жонига қасд қилиш деб ҳисоблашмоқда. Аммо Гаттининг вафот этиши ва рингда ҳеч қачон чекинмаган ҳақиқий жангчининг таслим бўлиши кўпчилик учун катта сирлигича қоляпти. Артуро Гатти вафотидан кейин 2012 йилнинг 10 декабрида Бокс шон-шуҳрат залига киритилган.

sports.ru сайти асосида Камрон Ҳасанов тайёрлади

Рейтинг: +2   

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг