UZ

Сўнгги янгиликлар

16:06Жозе Альдо Макгрегор - Чендлер жангида кимга мухлислик қилишини айтди 0 15:45Cўнгги лицензион турнирда иштирок этадиган эркин курашчиларимиз таркиби маълум 0 15:24Чендлер Махачев ҳақида: "Мен унинг ўрнида бўлганимда..." 0 15:02"Интер" эгалари ўзгариши мумкин 0 14:41Енгил атлетика. Ёшларимиз илк кунда 4 та медаль қўлга киритишди 0 14:20Марлон Вера кейинги жангини ноябрь ойида UFC собиқ чемпионига қарши ўтказмоқчи 0 13:58Ислам Махачев бўлажак рақиби Дастин Порье ҳақида фикр билдирди 0 13:37"Манчестер Юнайтед" ходимлардан пул тежашни яна бир йўлини топди 0 13:16Спорт вазирининг навбатдаги ташриф манзили мамлакатимизнинг энг жанубий ҳудуди бўлди 0 12:55Арман Царукян Ислам Махачевга жавоб қайтарди 0 12:34Элина Свитолинада кутилмаган мағлубият 0 12:13"Кальяри" Шомуродовни олиб қолмоқчи. "Рома" терма жамоамиз сардорига нарх белгилади 0 11:52Собиқ UFC чемпиони Лига билан яна 8 та жанг учун шартнома имзолади 0 11:31Лицензия учун сўнгги имкониятдан фойдаланадиган аёллар кураши жамоамиз таркиби маълум 0 11:10Ига Свёнтек Мадрид WTA 1000 турнири учинчи даврасига чиқди 0

07 июн 22:51
Янгиликлар

Футбол

Ўзбекистон ўртоқлик учрашувида йирик ҳисобда ғалаба қозонди

Теглар :  Футбол
ФИФА куни доирасидаги навбатдаги кунда Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда КХДР билан ўртоқлик учрашуви ўтказди.

Эктор Купернинг Ўзбекистон терма жамоаси рулидаги 14-учрашувида рақиблик қилган КХДР аргентиналик мутахассис учун бегона эмас. Чунки ўтган йили кузда ҳам айнан Тошкентда меҳмон бўлган КХДР Марат Бикмаевнинг дубли эвазига мағлуб этилганди.

Купер бошқарувида таслим этилган жамоалар рўйхатида биринчи бўлиб турган КХДР иккинчи бор рақиблик қилди.

Ўтган ҳафта Туркияга қарши ўртоқлик ўйинини ўтказган Ўзбекистон терма жамоаси сафида мазкур баҳсда Купер қатор ўзгаришларга қўл урди. Хусусан Туркия билан ўйинда бошланғич таркибга киритилган Суюнов, Кримец, Сайфиев, Ҳошимов, Мусаев, Рўзиев ва Шомуродов бу гал захирада қолдирилди. Уларни ўрнини Қувватов, Турсунов, Алижонов, Комилов, Алибоев, Ибрагимов ва Абдухолиқовлар эгаллашди. Туркия билан беллашувда бошланғич таркибда бўлган тўрт нафар футболчи, яъни Исмоилов, Ҳамробеков, Аҳмедов ва Машарипов КХДР билан баҳсни яна асосий таркибда бошлади. Шунингдек, КХДР билан баҳсни асосий таркибда бошлаган Қувватов, Турсунов, Комилов, Алижонов ва Алибоев Туркияга қарши учрашувда захирадан ҳам майдонга туширилмаганди. Ўтган гал захирадан майдонга туширилган ва бугун бошланғич таркибга қўйилган футболчилар сони иккитани ташкил қилди: Достон Ибрагимов ва Темурхўжа Абдухолиқов.

Туркия билан ўйинда бошланғич таркибга туширилган учала "Пахтакор" аъзолари Суюнов, Сайфиев ва Кримец бу гал ўйин қайдномасидан ўрин олишмади. Купер йиғинга 26 нафар футболчини жалб этгани боис, учрашув қайдномасига қоида бўйича 23 нафар футболчи жойлаштирилади. Ўтган гал эса Ботирали Эргашев, Икром Алибоев ва Достон Турсунов иштирок этишмаганди.

Қисқа қилиб айтганда, Купер ўтган баҳсга нисбатан таркибда 7та ўзгаришни амалга оширди. Шунингдек, Достон Турсунов ва Ирагимов илк маротаба терма жамоа сафида бошланғич таркибга қўйилди.

КХДР эса мазкур ўйин учун Тошкентга маҳаллий чемпионатда иштирок этувчи футболчиларни жалб этди. Эндигина жамоа рулига келган Юнг Жонг Су кўплаб янги футболчиларга имкон берди.

Қайд этиш керакки, мазкур жамоаларнинг бошланғич таркибларининг ўртача ёши: Ўзбекистон (26,2) ва КХДР (26,8)

Қайд этиш керакки, КХДР қишда БААда ўтган Осиё Кубоги мусобақасида энг ёмон натижани қайд этган ва шундан сўнг 120 кун ичида илк маротаба йиғилиб, ўртоқлик баҳсини ўтказаётган жамоа бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур ўйинда стадион мухлислар билан деярли лиқ тўлди ва учрашувдан аввал ажойиб мозайка хосил қилинди.

Бевосита ўйинга тўхталадиган бўлсак, баҳсни терма жамоамиз хотиржамлик билан бошлади. Тўп назоратига эгалик биз тарафда бўлган бўлсада, учрашувдаги илк хавфли вазиятни рақиблар содир этишди. Учрашувнинг 9-дақиқасида Чоэ Жу Сонг томонидан берилган зарбани Қувватов бартараф этиб юборди. Шундан сўнг вакилларимиз ўйин тизгинини ўз қўлларига олишди. Бизнинг илк ҳужум эса стандарт вазиятлари орқали бошланди. Дастлаб Одил Аҳмедовнинг боши билан берган зарбасига аниқлик етишмаган бўлса, иккинчи уринишда Аҳмедов яна боши билан дарвозани "ўққа" тутишга уриниб кўрди. Бироқ унинг боши билан берган зарбаси дастлаб ерга тегиб кейинчалик дарвоза тўсини тепасидан ўтиб кетди.

КХДР жамоаси вакиллари тўпни ҳимоядан олиб чиқишда жуда кўплаб техник хатолар ва ноаниқ узатмаларни амалга оширишди. Натижада рақибнинг техник нўноқлиги оқибатида қатор ҳужумларимиз ривож олди. Яна бир хавфли вазият жарима зарбасидан сўнг вужудга келди. Машариповнинг жонли девордан ўтказган тўпи дарвоза тўрининг орқа тарафидан тегди. Кейинги вазиятда эса КХДР футболчиларининг навбатдаги қўпол хатосидан сўнг Машариповга нисбатан қоида бузилди ва пенальтидан Аҳмедов ҳисобни очувчи голни киритди - 1:0.


Айнан пенальтидан урилган голдан сўнг вакилларимиз футболчилари ишонч кўтарилди ва нисбатан ҳужумдаги режаларни ҳаяжонсиз амалга оширишга интилишди. Лекин ҳужумдаги ижодкорлик ва позицион ҳужумлар ташкил этишда биринчи бўлимда жамоамиз кутилган ўйинни намойиш этишмади. Асосан рақибнинг ҳимоядаги "брак"лари натижасида ҳужумларимиз кескинлашиб, рақиб дарвозаси олдида хавф туғдирилди. Шулардан бири 36-дақиқада Темурхўжа Абдухолиқов томонидан самарали якунланиши мумкин эди. Бироқ рақиб хатосидан унумли фойдаланиб, Абдухолиқовни тўп билан таъминлаган Ҳамробековинг узатмасидан сўнг Темурхўжа дарвозани пойлашда адашди. Бу эса терма жамоамизнинг биринчи бўлимдаги охирги хавфли вазиятига айланди.

Биринчи бўлимда КХДР футболчиларининг даражаси яққол кўринган бўлса, терма жамоамиз тўлиб тошган стадионда мухлислар кутган чиройли, ҳужумкор ўйинни тўлиқлигича намойиш этишга улгурмай танаффусга йўл олишди.

Иккинчи бўлимда ҳам ўйин сценарийси ўзгармади. Ҳудудий устунлик вакилларимиз томонида бўлди. КХДР эса дарвозамиз олдида хавф солишда биринчи таймдаги каби фаол кўринмади. Аксинча, ўз хатолари қурбонига айланди. Бу сафар эса хатолар салмоғи анча катталашди. Оддий вазиятлардаги техник хатолар эвазига мазкур баҳсдаги фарқ таблода ҳам акс этди. Аввалига қарши ҳужумни ривожлантирган Аҳмедов қанотдан очилиб борган Ибрагимовни тўп билан таъминлади, Достон эса марказдан очилиб келаётган Темурхўжа Абдухолиқовни топди ва "Локо" ҳужумчиси захирага олинишига саноқли сониялар қолганида майдонни гол билан чиройли тарк этди - 2:0.

Учинчи гол эса КХДР ҳимоячисининг дарвозабонга узатган тўпи ва кипернинг қўпол хатоси ҳамда захирадан тушган Игорь Сергеевнинг бўш қолган дарвозани ишғол этиши билан якунланди ва таблодаги ҳисоб йириклашди - 3:0.


Киритилган голлардан руҳланган ва илҳомланган футболчиларимиз ҳужумда янада кескинроқ ва фаолроқ кўринишди. Захирадан учрашувга қўшилган футболчилар ҳам ўйинимизни жонланишига ўз хиссаларини қўшишди.

Баҳс якунига яқин эса терма жамоамизнинг навбатдаги ҳужуми голга айлантирилди. Игорь Сергеевнинг голли узатмасидан сўнг Достон Турсунов беллашувдаги якуний ҳисобни ўрнатди - 4:0.


Ўйин ҳақида хулоса қиладиган бўлсак, баҳсда жамоалар даражаси ўртасидаги фарқ яққол кўринди. Биринчи бўлимда бу кўпроқ КХДР футболчиларининг нўноқ ўйинларида кўринган бўлса, иккинчи таймда ҳисобда ҳам тўлиқлигича акс этди.

Шу тариқа Эктор Купер терма жамоамиз рулидаги 14-учрашувида ўзининг 6-ғалабасини тантана қилди. Эътиборлиси, ушбу ғалабаларнинг иккитаси айнан Тошкентда КХДР (2:0, 4:0) устидан қўлга киритилди. Шунингдек, аргентиналик мутахассис қўл остида ўртоқлик беллашувида Қатар (2:0), ўртоқлик турнирида Хитой (1:0), Осиё Кубогида эса Уммон (2:1) ва Туркманистон (4:0) терма жамоаларини мағлуб этишга эришдик.

Яна эътиборли тарафи, Купер мазкур йиғинган жалб этган жами 26 нафар футболчидан иккита баҳсда (Туркия 0:2, КХДР 3:0) 23 нафарини ўйинда синаб кўришга эришди. Йиғинга чақирилган футболчилар орасидан фақатгина дарвозабонлар Жавоҳир Илёсов, Ботирали Эргашев ва ҳимоячи Олег Зотеев ҳозирча майдонга тушишгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 11 июнь куни терма жамоамиз Тошкентда Сурияга қарши ўртоқлик ўйинини ўтказади.



Ўзбекистон - КХДР 4:0
7 июнь 2019 йил. Тошкент. "Миллий" стадион. 20:00.

Ҳакамлар: Чоримурод Қурбонов, Полвон Полвонов, Аҳмад Бекназаров (учаласи Туркманистон)

Голлар: Одил Аҳмедов 28 пенальти, - 1:0. Темурхўжа Абдухолиқов 65, - 2:0. Игорь Сергеев 68, - 3:0. Достон Турсунов 90+2, - 4:0.

Ўзбекистон: 12.Санжар Қувватов, 2.Хожиакбар Алижонов (6.Давронбек Ҳошимов, 46), 3.Достон Турсунов, 4.Акром Комилов, 5.Анзур Исмоилов, 7.Одилжон Ҳамробеков, 8.Икром Алибоев (19.Остон Ўрунов, 66), 9.Одил Аҳмедов (21.Сардор Мирзаев, 84), 10.Жалолиддин Машарипов (17.Қувондиқ Рўзиев, 84), 11.Темурхўжа Абдухолиқов (15.Игорь Сергеев, 66), 22.Достон Ибрагимов (23.Хуршид Ғиёсов, 74)
Захира: 1.Жавоҳир Илёсов, 13.Олег Зотеев, 14.Элдор Шомуродов, 16.Ботирали Эргашев, 18.Фозил Мусаев, 20.Ислом Тўхтахўжаев.
Бош мураббий: Эктор Купер.

КХДР: 18.Син Хёк, 3.Жанг Кук Чол, 6.Ри Тонг Ил, 7.Чое Жу Сонг, 8.Хан Таэ Хёк, 9.Ким Йонг Ил, 13.Сим Хён Жин (14.Хонг Жин Сонг, 62), 15.Ри Ун Чол, 17.Ри Чанг Хо, 19.Рим Кванг Хёк (12.Сонг Жонг Хёк, 80), 23.Ри Йонг Чол
Захира: 21.Ким Кванг Чол, 1.Ри Мёнг Гук, 2.Ри Жонг Мин, 4.Сонг Кум Ил, 5.Сонг Чол Унг, 10.Ким Ил Гванг, 11.Жонг Ил Гван, 16.Хён Чол Бом, 20.Пак Хён Ил, 22.Жо Сол Сонг.
Бош мураббий: Юн Жонг Су.

Огоҳлантиришлар: Ри Чанг Хо 26, Чое Жу Сонг 41, Ри Ун Чол 45.


Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг