01 авг 14:30
Янгиликлар
Ўзбекистонлик боксчининг промоутери бўлган афсонавий Дон Кинг ҳақида нималарни биламиз?
Бугун бокс промоутерларининг "қироли" ҳақидаги қизиқарли маълумотларга эга бўласиз.
Болалик йиллари
Дональд (Дон) Кинг - 1931 йил 20 август куни Огайo штатининг Кливленд шаҳрида туғилган. Доннинг ота-онаси Кларенса ва Хетти Кинг бўлган. Кингнинг отаси 10 ёшида бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этади. Боқувчисиз қолган оила рўзғорини онаси ижтимоий ҳимоялар ёрдамида тебратади. Дон Кинг барча камбағал болалар сингари бой ва ҳеч нимага муҳтож бўлмасдан яшашни орзу қилади. Орзуни рўёбга чиқариш мақсадида юридик соҳа бўйича ўқишни бошлайди.
"Қироллардек яшаш миямдан бир сонияга чиқмаган. Ёшлигим ночорликда ўтди. Ҳашаматли ресторанлар, қиммат буюмлар, гўзал қизларни кўрганимда, уларнинг ҳаммаси меники бўлиши кераклигини ўйлар эдим", - деб эслайди ёшлигини Дон.
Дон Кинг тўғри йўл билан кўп пул топиш қийин эканлигини тезда англайди. Шу боисдан бўлса керак, ўқишни ташлаб, иложи борича тезроқ пул топиш ҳаракатига тушади. Дўсти Жорж билан биргаликда бир нечта ишга қўл уради, хатто "Олтин қўлқоп" бокс мусобақасида ҳам иштирок этади. Аммо, омадизликка учраб, биринчи раунддаёқ мағлуб бўлади. Шундан сўнг, у бор эътиборини қимор ўйинлари орқали пул топишга қаратади.
У аввалига лотарея ўйинларини ўтказди, кейинчалик эса казинода ишлади. Ишлари юришиб кетган 20 ёшли Кинг Кливленднинг қора танлилари орасида энг нуфузли кишисига айланди. Кингнинг бу ишлари ўзига хавф туғдиришни бошлади. Ёш "тадбиркор" 20 марта полиция ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Ҳаттоки, 1954 йили казиносини ҳимоя қилиш учун ўғрига қарата ўқ ҳам узади. Дон Кинг фаолиятини янада кенгайтириш билан банд бўлган бир пайтда, аниқроғи, 1959 йили хавфли ташкилот билан келишолмай қолади. Кунларнинг бирида Кингга ўқ узилади, лекин бахтига жароҳат хавфли бўлмайди.
Ҳар қандай ёмонликнинг охири бўлганидек, Кинг ҳам барча қилмишлари учун товон тўлайди. Шерикигини ўлдириб қўйган Дон 3 йилу 11 ойлик қамоқ жазосига маҳкум этилади. У қамоқхонада жуда кўп китоб ўқиди. Жазо муддати якунига яқинлашгани сари, унинг қамоқдан ташқаридаги режалари ҳам пишиб борарди. Унинг мақсади энди бокс соҳасини гуллатиш эди.
Бойлик сари йўл
Кинг 1971 йил қамоқдан чиқиши билан тезда бокс оламидаги машҳур промоутерлар билан алоқалар ўрнатишни бошлайди. Аммо, пул муаммоси уни қийнайди. Бахтига эски қадрдонлари қўллаб юборишади. Дон Кинг 1972 йили танишлари ёрдамида Муҳаммад Али билан учрашади ва афсонани хайрия жангида иштирок этишга кўндиради. Унинг бу жангдан мақсади пул эмас, балки пиар эди. Дон бу ишни қойилмақом тарзда уддалади. Алининг жангидан 80 000 доллар фойда кўрилди. Лекин бўлажак промоутерлар қироли фойдадан бир цент ҳам олмади ва барча пулни шифохона қурилишига сарфлади. Омад шоҳсупасига зинама-зина чиқаётган Дон барча катта пуллар супероғир вазнда эканлигини англаб етди. Шу сабабли энг кучли супероғир вазн боксчилари билан алоқалар ўрнатишни бошлади. Ўтган асрнинг 70-йилларида супероғир вазнда Жорж Форман ҳамда Жо Фрейзер даври эди. Кинг амалдаги чемпион Фрейзерга менежерлик қилади. 1973 йилнинг январида узоқ кутилган "Катта Жорж" жангини ташкил қилишга эришди. Кутилмаганда, Форман амалдаги чемпиони мағлуб этди. Бу вазиятда Кинг секингина Фрейзерни ташлаб, Форман томонга ўтиб олади.
1974 йили Кинг "Don King Prodousrions" промоутерлик компаниясига асос солди. Шу йилнинг ўзида "Аср жанги" дея эътироф этилган Муҳаммад Али ва Жо Фрейзер ўртасидаги жангни ташкил қилади. Бундай жанг сўзсиз катта пул талаб қиларди. Кинг солиқлардан қутилиб қолиш учун жангни Африканинг маркази - Зоирда ўтказишга қарор қилади. Зоирда жанг бўлиши Кингга кутилмаганда жуда катта омад олиб келди. Ҳар икки боксчи ҳам қора танли бўлгани учун мухлислар ва раҳбарларга жанг қизиқарли эди. Кинг ҳар икки спортчига кафолатланган 5 миллион доллар беради. Унинг ўзи эса бундан ҳам кўпроқ ишлаб топишга эришади. Кинг 1975 йили яна бир даҳшатли жангни ўтказишга эришган. "Манила триллери" деб ном олган жангда Али Фрейзерга қарши рингга чиқади. Дон доимгдек, катта пул сарфлашдан қочиш сабабли жангни дунёрнинг бошқа бурчаги - Филиппинда ўтказди. Жанг кутилганидан ҳам омадли чиқади ва айнан шу жангдан сўнг Кингни бутун дунё тан олди. "Don King Prodousrions" промоутерлик компанияси фаолиятини кенгайтиришни бошлайди. 70-йилларнинг бошида супероғир вазн тоифасидан ташқари бошқа тоифаларнинг энг кучли боксчилари - Алексис Аргуэлло, Ларри Холмс, Роберто Дюран, Вильфред Гомес, Сальвадор Санчес, Уилфред Бенитес билан шартнома имзолайди. Бу боксчилар қаторига кейинчалик Рикардо Лопес, Хулио Сезар Чавес, Жеральд Макклеллан, Терри Норрис, Карлос Зарате, Рикардо Майорга, Мелдрик Тейлор, Бернард Хопкинс, Азума Нельсон, Феликс Тринидад, Майк Тайсон каби боксчилар қўшилади.
"Бу соҳада фаолиятимни бошлашдан аввал боксчилар катта жангларда иштирок этмаган ҳамда яхшигина гонорар олмаган. Боксни қўлга олганимдан кейингина дунё бокси ҳақиқий жангларни кўришни бошлади", - деган эди Кинг.
"Кинг ақл бовар қилмас даражада ақлли. Дон кўпчиликка аҳмоқдек кўриниши мумкин, лекин у жуда ҳам ақлли сиёсат олиб борган", - деган эди HBO Sports собиқ президенти Сет Абрахам.
Дон Кинг ҳақида қизиқарли фактлар:
* Дон икки марта "Бокс шон-шараф зали"га киритилган
* Кинг 600 дан зиёд чемпионлик жангларини ташкил қилган
* Унинг боксдан топган соф даромади 400 миллион долларни ташкил этади
* Доннинг бир қизи ҳамда икки нафар асраб олган ўғиллари бор
* Кинг сиёсатга ҳам жиддий равишда аралашган, у Барак Обаманинг сайлов олди компаниясига кўмак берган. Трампга эса қарши чиққан.
* Кинг номидан ноқонуний фойдалангани учун 2005 йилда ESPN каналини судга берган
* 2012 йили Шимолий ҳамда Жанубий Кореяни бирлаштиришга уриниб кўрган
* Кинг бир йилда энг кўп чемпионлик жанги ташкил этиш бўйича рекорд ўрнатган: 1994 йилда 47 та чемпионлик жанги!
* Кинг "Шайтонинг адвокати" фильмида эпизод ролида кўриниш берган
* У бир неча маротаба судга чақирилган, лекин ҳар сафар сувдан қуруқ чиққан
Бонус маълумот: Афсонавий Дон Кинг ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Мамажоновнинг ҳам промоутери бўлган. У хатто Тошкентда Баҳодир учун чемпионлик жанги ташкил қилиб беришга уринган. Аммо, бу чемпионлик жанги амалга ошмай қолганди.
Ниғмонхўжа Нозимов тайёрлади
Фикрлар