31 янв 08:04
Янгиликлар
Ўзбекистонлик фигурали учиш афсоналарининг фарзанди АҚШ чемпионига айланди! Унинг ота-онаси Олимпиада иштирокчилари. Миша Гедан сўнг, Ўзбекистонда фигурали учиш жарга қулаган(ми?)
2004 йилда АҚШнинг Виржиния штатида туғилган, шу давлат фуқароси бўлмиш 18 ёшли Илья Малинин куни кеча ота касби — фигурали учиш бўйича АҚШ биринчилигида чемпионликни қўлга киритди!
Сиз Ўзбекистонга боғлиқ бўлган бу спортчи ҳақида кўп маълумотга эга бўлмасангиз керак. У АҚШ терма жамоаси сафида катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати иштирокчиси, катталар ўртасида бир нечта Гран-прилар ғолиби. Шунингдек, Малинин расмий тўртлик акселдан (4A) фойдаланган тарихдаги биринчи фигурали учувчидир. Унинг энг катта ютуқларидан бири — Илья эндиликда катталар ўртасида АҚШ чемпиони ҳисобланади (ютуқлари ҳақида батафсил гаплашамиз).
Биз учун қизиқ томони, Малининнинг ота-онаси Ўзбекистон номидан бир нечта нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, совриндор бўлишган.
Отаси Роман Скорняков:
1997-2003 йилларда Ўзбекистон чемпиони;
1998-2002 йилларда Ўзбекистон номидан қишки Олимпиадада иштирок этиб, ҳар иккисида 19-ўринни эгаллаган;
1999 йилги қишки Осиё ўйинларида Ўзбекистон номидан иштирок этиб, кумуш медалга эга чиққан (!)
Шунингдек, 1997-1998-йилги Осиё кубогида ҳам Роман иккинчи ўринни расмийлаштирган.
Суратда: Роман Скорняков
Онаси Татьяна Малинина эса:
1993-2002 йилларда Ўзбекистон чемпиони;
1999 йилда "Тўрт қитъа" мусобақасининг тарихдаги илк ғолибаси (!)
1999 йилда қишки Осиё ўйинлари олтин медали соҳибаси;
2002 йилги қишки Олимпиада иштирокчиси ҳисобланади.
Суратда: Татьяна Малинина ва унинг ўғли Илья Малинин
Роман Скорняков ҳақида
Роман Скорняков 1976 йилда Россиянинг Екатеринбург шаҳрида таваллуд топган. 1995-1996 йилларда Россия чемпионатида иштирок этган ва шундан сўнг Ўзбекистонга келиб, байроғимиз остида мусобақаларда қатнашишни бошлаган. Беш йил кетма-кет Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган. Қизиғи, машғулот учун деярли шароит йўқ бўлган учун Роман Екатеринбургда шуғулланган, аммо ҳар йили мамлакат чемпионати ўтказилган юртимизда ғолибликка эришган. Қизиқ, Скорняковга бизда рақобатчилар бўлганми? Аммо Романнинг иқтидорига зиғирча шубҳа билан қарашга ҳаққимиз йўқ, дея оламан. Тўғри, у жаҳон биринчилиги ёки қишки Олимпиадаларда совринли ўринларни эгалламаган, бироқ Жанубий Корея каби қишки спорт турлари ривожланган мамлакат спортчиларига Осиё кубоги, қишки Осиё ўйинларида муносиб рақобат туғдира олган.
1998 йилда Роман АҚШнинг Дейл-Сити шаҳрига кўчиб ўтади ва ўша ерда севимли спорт тури билан шуғуллана бошлайди. У ҳозир ҳам Дейл-Ситида истиқомат қилади. Фарзандлари Илья ва Елизаветага фигурали учиш спортининг сир-асрорларини ўргатиб келади. Унга бу ишда суюкли рафиқаси Татьяна Малинина ёрдам беради.
Оилавий сурат
Татьяна Малинина ҳақида
Татьяна Малинина 1973 йилда Россиянинг Новосибирскида туғилган. У дастлаб ўзи туғилган Новосибирск шаҳрида отаси қўлида ушбу спортни ўрганади. СССР ва Россия биринчиликларида иштирок этади. 1993 йилда эса Ўзбекистон терма жамоаси вакиласига айланади. Шу йилдан то 2002 йилгача мамлакат чемпионлигини ҳеч кимга бермайди (!). У 1998 йил бошигача Ўзбекистонда машғулот ўтказиш учун шароит йўқлиги туфайли Первоуралскда шуғулланади. 1998 йилда эса бир гуруҳ ўзбекистонлик фигурали учувчилар (улар орасида Роман Скорняков ҳам бор эди) мураббий Игорь Ксенофонтов бошчилигида Дейл-Ситига боради (Виржиния, АҚШ). Татьяна ўша йилларда ўзи иштирок этган NHK Trophy (1998, Саппоро), сўнгра Санкт-Петербург Гран-присида муваффақият қозонади.
Шунингдек, ўша йили у "Тўрт қитъа" мусобақасининг тарихдаги илк ғолибасига айланади, қишки Осиё ўйинларида олтин медални қўлга киритади.
Игорь Ксенофонтов 1999 йилда вафот этганидан сўнг, Татьяна бўлажак турмуш ўртоғи Романнинг қўлида шуғуллана бошлайди. Яна икки мавсум юқори формада мусобақаларда иштирок этган Татьяна 2002 йилда ҳаваскор спортдаги фаолиятини якунлайди.
Роман ва Татьяна 2000 йилда турмуш қуришган. Ҳозирда уларнинг ўғли Илья (2004) ва қизи Екатерина (2015) бор. Спортчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг Татьяна турмаш ўртоғи Роман билан биргаликда ўзлари истиқомат қиладиган Дейл-Ситида мураббий қила бошлашган. Ҳозирда улар Виржиния штатининг бошқа бир шаҳри — Рестонда ишлашади.
Буни ўқиш шарт!
Уларнинг фахрланса арзийдиган ўғли Илья ўсмирлар ўртасида уч карра, катталар ўртасида бир бор АҚШ чемпиони, бир қанча Гран-прилар ғолиби, катталар ўртасида жаҳон чемпионатининг энг яхши ўн нафар спортчиларидан бири (9) ҳисобланади.
Уларнинг фахрланишига сабаб, ўғлининг рақобат жуда кучли жойда бундай натижаларга эришаётгани бўлса, бизнинг фахрланишимизга сабаб, байроғимиз остида иштирок этган спортчиларимизнинг мураббийлиги остида бундай натижаларга эришилаётганидир!
Ҳа, кўп, жуда кўп нарсалар мураббийларга боғлиқ. Қанийди, ўша Америкадаги шароитлар ўзимизда яратилганида, ҳозир яна бир Миша Ге кашф этилар, балки, ундан-да яхшироқ спортчига, икки нафар мураббийга эга бўлармидик!? Балки, Роман ва Татьянани мураббий сифатида олиб келганимизда, қишки спорт турларида фақатгина Комилжон Тўхтаевгагина эмас, бошқа спортчиларга ҳам мухлислик қилармидик!?
Мураббий деганимга яна бир маълумот ёдга келди, барчамиз мухлислик қилган афсонавий (ҳар ҳолда Ўзбекистон учун) Миша Ге ҳам айни дамда Японияда мураббийлик билан шуғулланяпти. 2018 йилда фаолиятини якунлаган собиқ спортчимиз ҳам тобора пастлаётган ўзбек фигурали учиш спортига нажот бўлиши мумкин эди.
Умуман олганда, сиз яқин беш-ўн йилда яна Миша Ге сингари тажрибали спортчиларимизнинг халқаро мусобақалардаги чиқишларини кузатамиз деб ўйлайсизми? Шахсан менда шубҳа бор. Аммо бу нотўғри бўлиб чиқишини жуда-жуда истайман, оддий Ўзбекистон мухлиси сифатида.
Алишер Никимбаевнинг маълумотидан илҳомланган ҳолда Диёр Мавлонов тайёрлади
Фикрлар