28 апр 15:17
Янгиликлар
Рўзиқул Бердиев "Насаф" ва "Пахтакор"нинг ОЧЛ гуруҳ босқичидаги ўйинлари ҳақида гапирди
ОЧЛнинг кейинги босқичини ҳал қилган «Насаф» жамоаси бош мураббийи Рўзиқул Бердиев турнир ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Бизнинг гуруҳдан ўрин олган жамоаларнинг барчаси кучли эди. Шунга қарамасдан, бизнинг футболчилар руҳий томондан яхши тайёргарлик кўрди ва уларга қарши яхши ўйин кўрсата олишди. Олдимизга кейинги босқичга чиқиш вазифаси қўйилганди ва буни биз жуда ажойиб тарзда амалга оширдик»,-деди «Аждарлар» бош мураббийи.
- «Насаф» жамоасининг Ўзбекистон чемпионатидаги стартидаги ўйини билан, ОЧЛдаги ўйини кескин фарқ қилди. Ниманинг эвазига бундай ўзгаришлар бўлди?
- Жамоа қанча кўп ўйинга эга бўлса, шунча ўйин амалиётга эга бўлади. Буни йигитлар ўйинларда кўрсата олишди. Таркибимизда қанча жароҳатлар бўлишга қарамасдан, йигитлар катта иштиёқ билан ўйнашди ва шу сабабли кейинги босқичга чиқдик. Фурсатдан фойдаланиб, барча ўзбек мухлисларини бу кичик ютуқ билан табриклайман.
- Насруллаев ва бир нечта футболчилар жароҳат олди. Сиз учун қайси чизиқлардаги йўқотишлар қийинчиликлар туғдирди?
- Охирги икки йил ичида Шерзод бизни етакчимизга айланди. У бизга керакли чизиқда ҳаракат қилади, чунки чап қанот ҳимоясида бизда бошқа ўйинчи йўқ эди. Шунинг учун, Алибек билан Шерзоднинг қанотини ёпишга ҳаракат қилди. Давронов ёш бўлишига қарамасдан, анча яхши ҳаракат қилди ва бизнинг ишончимизнинг оқлади. Шерзод Насруллаев ва Ғолиб Ғайбуллаевнинг йўқлиги ўйинимизга яхшигина таъсир қилди.
- Кейинги босқичга чиқилди ва кейинги рақибга қарши анча вақт бор. Кейинги рақибингиз ҳақида...
- Биз навбатдаги рақибимиз ҳақида кеча билди. Кейинги босқичдаги рақибимиз Саудия Арабистонининг «Ал-Шабаб» жамоаси. Ҳозирда жамоа миллий чемпионатда тўртинчи поғонада кетаётган экан. Уларнинг бир нечта легионери бор. Биз Саудиянинг жамоасига қарши майдонга тушдик ва уларнинг барча жамоаси яхши савияда эканлигини билдик. «Ал-Шабаб»га қарши ўйин ҳам осон бўлмайди, бироқ ОЧЛдаги ўйинимиз орқали анча тажрибага эга бўлдик ва уларга қарши яхши ўйин кўрсатамиз деб ўйлайман.
- Гуруҳ босқичининг сўнгги туридан аввал «Насаф» йирик ҳисобда мағлуб бўлмаса, кейинги босқичга чиқиши аниқ эди. Бу жамоанинг ўйинига таъсир қилмадими?
- Манимча, бу ҳолат озгина таъсир қилди. Буни футболчиларимнинг ўйинидан сездим. Шу сабабли, кийим алиштириш хонасида бу ҳақида жуда кўп бор таъкидладим. Биз ҳали мақсадимизни 100 фоиз ҳал қилмаган эдик ва уларни руҳан жиддий тайёрлашга ҳаракат қилдим.
- «Пахтакор» ўйини ҳақида...
- «Пахтакор»нинг бир нечта ўйини кўрдик. Уларнинг ўйини ҳақида гапирадиган бўлсам, улар анча яхши ўйин кўрсатишди. Уларнинг ўйинларда яратган вазиятлари бутун мавсумга етса керак. «Пахтакор»дан бироз омад юз ўгирган бўлса ҳам керак. Лекин биз ва «Пахтакор» ОЧЛ баҳсларида яхши даражани кўрсата олдик.
Фикрлар