05 фев 10:21
Янгиликлар
Теннисимиз жар ёқасида - Умид Аҳмаджоновга очиқ хат!
Бугун ўзбек тенниси жар ёқасида эканлигини ҳаммамиз жуда яхши тушуниб турибмиз. Бунга бир нечта сабаблар бор. Келинг бу ҳақида батафсил гаплашсак.
Бугунги кунда ўзбек теннисида Денис Истоминдан бошқа етакчимиз йўқ. Бу фақатгина эркаклар теннисидаги ҳолат. Аёллар теннисида эса ҳеч ким йўқ десак ҳам бўлади. Рейтингда "ТОП200"ликда зўрға жон сақлаётган Сабина Шарипова... У ҳақида нима ҳам дердик. Базида "Сабинахон теннисда ҳам Инстаграмдагидек фаол бўлганида, аллақачон "ТОП50"да юрган бўларди" деб юборасан киши. Аёлларимиз орасида Ирода Тўлаганова, Оқгул Омонмуродовалардек олтин авлод вакилларидан сўнг, ҳали улар даражасидаги теннисчилар чиқишига кўзим етмай турибди. Майли айб уларда эмас. Балки имконият даражасида ҳаракат қилишаётгандир, бу ёғи бизга қоронғу.
Оддий мисол. Бошқа яккалик спорт турларини олайлик: бокс, кураш, дзюдо, оғир атлетика, каратэ, теэквондо ва ҳоказо... Кўз тегмасин, санаб ўтилган спорт турларининг барчасида медалларимиз етарлича. Олимпиада ўйинларида ҳам яхши натижаларни қўлга киритиб келмоқдамиз. Фақатгина, теннисимиз боши берк кўчага кириб бормоқда. Камина тенниснинг ашаддий мухлисиман. Аниқроғи, ўзбек теннисининг мухлисиман. Шу сабабдан ҳам, тепса-тебранмасдек ўтирган федерация вакилларини кўриб жим тура олмадим.
Ўзим Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида туғилганман ва шу шаҳарда истиқомат қиламан. Шаҳар спорти жуда яҳши ривожланган. Аҳолиси 100 минг кишидан кўпроқ. Тошкентдан 50 км узоқликда жойлашган. Футбол бўйича Суперлигада ўз жамоамиз бор (АГМК). Ундан ташқари, футзал, волейбол, баскетбол ва яна бошқа кўплаб спорт турларида олий лигада жамоаларимиз мавжуд. Кичкинагина шаҳарчамизда учта футбол стадиони мавжуд. Бу албатта қувонарли ҳолат.
Яна теннисга қайтамиз. Шаҳримизда учта теннис спорткомплекси мавжуд. Бири тупроқли, иккитаси эса хард кортларга мўлжалланган. Ҳар бир спорт комплексида камида тўрттадан корт мавжуд. Қани эътибор? Қани академия? Ҳайрон қоласан одам. Тайёр шуғулланадиган жойлар! Аммо, малакали мутахассислар йўқ. Бир ой машғулотлар бўлса, икки ой болалар дам олишади. Фалончи мураббий малакасини оширгани ўқишга кетди, ёки мураббий бор эди Россияга кўчиб кетди деган гапларни эшитиб қоламиз. Бу мен яшайдиган ҳудуддаги шароит холос. Эътибор беринг-a, бу Тошкент вилоятидаги шароит. Бошқа вилоятларни гапиришнинг ҳожати ҳам йўқ менимча. Федерациянинг кўзи қаерда, бу кортлар нимага қурилган ўзи, машғулотлар ўтилмаса, тепадагиларга нимага ойлик тўланяпти ўзи...
Ха, пойтахтда ҳаммаси яхши. Республика Олимпия захиралари теннис мактаби мавжуд. Бу ерда малакали мутахассислар жамланган. Терма жамоа ўзагини ташкил қилувчи теннисчиларимизнинг саксон фоизи мана шу мактаб тарбияланувчилари ҳисобланади. Бошқа вилоятларчи? Бошқа вилоятларда ҳар бир ота-она фарзандини пойтахтга олиб келиб, теннис сабоқларини ўрганишига қурби етармиди? Йўқ албатта...
Ўсмирлар теннисига назар солсак. Айни пайтда 18 ёшгача бўлган ўсмир йигитлар рейтингида Ўзбекистондан жами 2000-2003 йиллар оралиғида 21 нафар теннисчи мавжуд. Йил охирида 2000-йилда туғилган теннисчилар профессионал теннисга қадам қўйишлари лозим. Демак, ўртача 4-5 нафар теннисчи профессионалга айланади деган гап. Бу жуда кам. Аёлларимизда унданда оғир аҳвол. Рейтингда атига 13 нафар қизимиз мавжуд, бу аянчли ҳолат. Ушбу ҳолатни кўра-била туриб, бир филмдаги машҳур ибора ёдимга тушаверади. Бу кетишда кризисга учрашимиз аниқ!
Интернетда www.tennis.uz сайти мавжуд. Бу сайт федерациянинг расмий сайтими-йўқми бундан ҳабарим йўқ тўғриси. Орангизда теннисга озгина бўлсада қизиққан инсонлар бўлса, мана шу мақолани ўқиб бўлгандан кейин ушбу сайтга кириб кўринглар. Сайт фақат бир йилда бир маротаба "Тошкент Челленжер" турнирини ёритади холос. Қойил-е! Замон, техника ривожланиб бораётган бир вақтда шу сайтни ҳам эплаб ишлатолмайдилар. Эринмасангиз, таққослаш учун www.tennis.kz сайтига ҳам кириб кўринг. Мен эринмадим, қўшниларимизга қойил қолдим. Катта теннисчилардан тортиб, ўсмирларгача ҳамма янгиликларни вақтида тақдим этиб туришади.
Агар Сиз бошчилигингизда вилоятларда ҳам теннисга кенгроқ эътибор қаратилса, юртимизда ушбу спорт турини ҳам тез орада ривожланиб кетишини кузатишимиз мумкин бўлади. Чунки, бизда иқтидорли болалар етарлича, фақат уларга тўғри тарбия берилса бўлгани. Мевасини албатта яқин йиллар орасида кўришимиз мумкин бўлади. Агар коррупциясиз ишланса нималар бўлиши мумкинлигини ёш футболчиларимиз кўрсатиб беришди. Бу гапларни қоғозга туширишимга, www.olamsport.com сайти орқали мурожаат қилаётганимга ҳам шу ёшларимиз сабабчи аслида.
Озгина математик ҳисоб-китоб қилиб кўрсак. Мамлакатимизда 12 та вилоят мавжуд. Ҳар бир вилоятдан йилига атиги бир нафар яхши теннисчи етишиб чиқадиган бўлса ҳам, умумий ҳисобда бу кўрсаткич 12 нафарни ташкил қилади. Бу беш йилда 60 нафар яхши теннисчи дегани. Уларнинг 10 фоизи дунё рейтингида кучли 200 ликка кирган тақдирда ҳам, фақат Истоминга қараб қолмаймиз. Ўтган йилги "Дэвис кубоги"нинг плей-офф баҳсларини эслаб кўринг. Дунё теннис етакчилари ҳисобланган Федерер, Вавринкасиз Тошкентга келган Швейцарияни ҳам юта олмадик. Роса алам қилди тўғриси. Чунки, баҳсларда Денис Истомин жароҳат сабаб иштирок этолмади. Истоминни ҳам боғлаб бермаган аҳир. Уч-тўрт йилда у ҳам катта теннисни тарк этади. Шунда аҳволимизга маймунлар йиғлайди. Тўғри, бизда Жўрабек Каримов бор. Ёш, истеъдодли, келажаги порлоқ теннисчимиз. Камида Истоминнинг йўлини берсин унга. Аммо, ўйлаб қарасак яна ўша аҳвол. Биргина ўйинчига қараб қоламиз бу кетишда. Жўрабекка ўхшаган теннисчилардан йилига 12 нафар чиқиши лозим аслида. Шунда, терма жамоада рақобат ҳам кучаяди. Ўйлайманки, ҳамма ўз ишини ситқи дилдан амалга оширадиган бўлса бу ишларни бемалол бажарса бўлади.
Сўзим охирида юқорида айтилган гаплар баъзи бир инсонларга оғир ботган бўлса, улардан узр сўраб ўтирмайман. Чунки, ҳақиқат шунақа аччиқ бўлади. Эътиборингиз учун раҳмат!
Ҳурмат билан Ҳусниддин Мирзалиев
Фикрлар