07 июл 14:26
Янгиликлар
Токио-2020 Олимпиадаси тақвими: мусобақа қачон ва нечта спорт тури бўйича ўтказилади? Олимпиадада Россиянинг мақоми қандай бўлади?
Мусобақалар қаерда бўлиб ўтади? Нечта медаллар жамланмаси ўйналади? Япония қандай қийинчиликларга дуч келмоқда ва пандемия йилнинг асосий воқеасига қандай таъсир ўтказмоқда? Биз энг муҳим саволларга Олимпиада арафасида жавоб берамиз.
Ўйинлар қачон бўлиб ўтади ва трансляцияларни қаерда томоша қилиш мумкин?
Аслида Токиодаги XXXII Олимпия ўйинлари ўтган йили ўтказилиши керак эди, аммо 2020 йил март ойининг охирида Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) мусобақани бир йилга қолдирганини эълон қилди. Сабаб - COVID-19 пандемияси. Гарчи мусобақа 2021 йилда ўтказилаётган бўлсада, маркетинг туфайли “Олимпиада-2020” номи ўзгартирилмади.
Бир йил ўтган бўлсада, коронавирус ҳали ҳам долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Шунга қарамай, ХОҚ Олимпия ўйинларини белгиланган муддатда ўтказишни режалаштирмоқда. Очилиш маросими 23 июль куни Токиодаги Янги Миллий стадионда бўлиб ўтади. Маросимнинг бошланиши Тошкент вақти билан соат 16:00 да. Худди шу куни эшкак эшиш ва камондан отиш бўйича беллашувлар бошланади, очилиш маросимидан икки кун олдин (21 июль куни) футбол ва софтбол мусобақалари бошланади.
24 июль куни биринчи медаллар жамланмаси ўйналади, шу кундан бошлаб то ёпилиш маросимигача ҳар куни спортчилар совринли ўринлар учун кураш олиб боришади. Медалларнинг катта қисми ёпилиш маросимидан бир кун олдин, яъни 7 августда тарқатилади (34 тўплам).
Ўйинларнинг ёпилиш маросимига ҳам пойтахтнинг асосий стадиони мезбонлик қилади. У 8 августда Тошкент вақти билан 16:00 да бошланади. Олимпия ўйинларини Россияда марказий каналлар намойиш этади: "Россия 1" ва "Матч ТВ". Трансляция қандай тарқатилиши ҳозирча номаълум.
Тўрт йилликнинг нуфузли турнирини мамлакатимизда МТРК тизимидаги телеканаллар намойиш этади. Беллашувларнинг асосий қисми “Спорт” телеканали орқали жонли эфирда узатилади. Шунингдек, “Тошкент” ҳамда “Дунё бўйлаб” телеканалларида ҳам жонли трансляциялар амалга оширилиши режалаштирилган.
Олимпиада мусобақалари қаерда бўлиб ўтади?
Токиода рекорд даражадаги Олимпия иншоотлари бўлади - умумий 42 та. Беш йил олдин Риода 37 та, 2012 йил Лондон Олимпиадасида 31 та спорт мажмуаси бор эди. Шу билан бирга, Япония пойтахтида бирданига бир нечта турдаги объектлар мавжуд: уларнинг бир қисми - 1964 йилги Олимпия ўйинларининг мероси бўлса, иккинчиси замонавий бинолардир. Икки даврнинг туташган жойида ўтмиш ва келажакни бирлаштириш рамзи сифатида Олимпия шаҳарчаси жойлашган. Бундан ташқари, 42 та объектдан атиги 8 таси янги, яна 10 таси вақтинчалик бинолардир.
Қадимги бинолар орасида ХV асрда қурилган император саройи ажралиб туради. Марафон иштирокчилари ва спортча юриш қатнашчилари учун марра мана шу ер бўлади. Масалан, аввалги Формула-1 трекида велоспорт мусобақаси бўлиб ўтади.
Мусобақалар нафақат Токиода, балки яқин шаҳарларда ҳам ўтказилади: Йокогама, Сайтама, Сендай, Касима ва Саппоро. У ерларда футбол учрашувлари бўлиб ўтади. Фукусима бейсбол ва софтбол баҳсларига мезбонлик қилади, елканли спорт бўйича мусобақалар эса Эношима оролида бошланади. Чиба пляжи серфингчиларни кутмоқда.
Рекорд даражадаги медаллар жамланмаси ва янги спорт турлари
Токиода 33 та спорт туридан 339 та медаллар жамланмаси ўйналади. Таққослаш учун: Рио-2016 да 28 та спорт турида 306 та, Лондон-2012 да эса 26 та спорт турида 302 та медаллар жамланмаси ўйналган. Париждаги навбатдаги Олимпиадада ҳам камроқ медаллар ўйналади (329).
Токиода 3х3 баскетбол ва БМХ фристайл спорт турлари Олимпия ўйинлари дастурида дебют қилади ва мэдисон велотрекка қайтади. Пекин-2008 дан бери биринчи марта бейсбол ва софтбол дастурга киритилди. ХОҚнинг янги сиёсатии туфайли мезбон мамлакат тақвимга янги спорт турларини қўшиши мумкин. Японлар бу имкониятдан қуйидаги спорт турларини киритиш орқали фойдаланди: карате, қояга кўтарилиш, серфинг ва скейтбординг.
Жаҳон миқёсидаги тенгликни таьминлаш мақсадида Олимпиада дастурига кўплаб аралаш баҳслар қўшилди: сузиш, енгил атлетика, дзюдо ва камондан отиш (эркаклар ва аёллар ўртасида микст).
Энг кўп медаллар енгил атлетика (48), сузиш (37) ва велоспортда (22) ўйналади.
Ўйинларда 205 мамлакатдан 11 мингдан ортиқ спортчилар иштирок этиши кутилмоқда.
Муаммолар: коронавирус ва тебранган бюджет
Албатта, Токио Олимпиадаси ташкилотчилари учун асосий муаммо бу коронавирус пандемияси. Япония тўртинчи тўлқин билан курашмоқда. Шу билан бирга маҳаллий аҳоли ушбу ёзда Олимпиаданинг ўтказилишини қўллаб-қувватламайди: сўровномалар кўрсатганидек, японияликларнинг ярмидан кўпи мусобақани бекор қилиш ёки бошқа вақтга қолдиришни ёқламоқда.
Яна бир муаммо - молия. Дастлаб Олимпиаданинг буджети 7 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб унинг умумий қиймати 25 миллиардга етди. Bloomberg тадқиқотига кўра, агар ўйинлар бекор қилинса, Япония 13 миллиард йўқотади. Иқтисодиётга 1,38 миллиард доллар кам маблағ тушади, чунки чет эллик мухлислар уйда қолишади.
Эҳтимол, об-ҳаво муаммоларни ҳам қўшиш мумкиндир, сабаби ўйинлар энг иссиқ ойларда ўтказилади. Агар 1964 йилда мусобақа октябрь ойида бўлиб ўтган бўлса, 2021 йилда улар Олимпия ўйинлари учун халқаро спорт тақвимини қайта тузиш ғоясидан воз кечишди. Фақат спортча юриш ва марафон иштирокчилари учун истисно қилинган. Стартлар тонг отиши билан бошланади, шунда спортчилар иссиқнинг энг юқори даражасида қолишмайди.
Пандемия туфайли қандай чекловлар жорий этилди?
Албатта, ХОҚ ва Токио-2020 ташкилий қўмитаси коронавирусга қарши эҳтиёт чораларини ишлаб чиқди. Очилиш маросими иштирокчилари сони қисқартирилиши мумкин. Йил бошида 11 минг иштирокчининг ўрнига 6 минг иштирокчи варианти муҳокама қилинди. Шунингдек, мансабдор шахсларнинг делегациялари ҳам чекланган бўлади. Бундан ташқари, Токиода чет эллик мухлислар бўлмайди. Ташкилотчилар японияликларнинг ўзлари трибуналарни тўлдиришади деб умид қилмоқдалар, аммо якуний қарор ҳали қабул қилинмади.
Спортчилар ва Олимпиаданинг барча иштирокчилари (мураббийлар, мутахассислар, ҳакамлар, журналистлар) учун ХОҚ махсус қоидалар ишлаб чиқди. Спортчилар ҳар доим ниқоб тақиб юришлари шарт, мухлислар ўзларини қарсаклар билан чеклаб, қичқириқдан тийилишлари сўралади.
Олимпия ўйинларида иштирокчиларининг мусобақаларга томошабин сифатида киришига йўл қўйилмайди, овқатланиш вақтлари минимал даражага туширилиши керак, жамоат транспорти ва маҳаллий муассасаларга бориш тақиқланади. Ҳар куни спортчилар коронавирусга қарши тест топширишади, Олимпиада олдидан барча алоқаларни қайд этиб бориш шунингдек, махсус дастурда рўйхатдан ўтиш зарур.
Россия Токио Олимпиадасига қандай мақомда боради?
Спорт арбитраж суди (CАS) WADA`нинг Россияга қарши санкцияларини қисман қўллаб-қувватлади. Икки йил давомида (2020 йил декабридан) Россия ўз байроғи остида Олимпия ўйинларида иштирок эта олмайди. Чекловлар Пхёнчхан-2018 каби жиддий эмас. Токиода Россия жамоалари РОҚ байроғи остида (Олимпия ҳалқалари устидаги уч рангли рангда олов) чиқиш қилишади. Титрлардаги одатдаги RUS ўрнига RОC - Russian Olympic Committee қисқартмаси бўлади.
Бу сафар Россия Рио-2016 га қараганда камроқ спортчи билан иштирок этади. Енгил атлетика баҳсларида Олимпиадага атиги 10 нафар спортчи қабул қилинди. Оғир атлетикада вазият янада ёмонроқ - у ерда Россияда атиги 2 та квота мавжуд. Мана шундай таркиб билан ҳам Россия медаллар рейтингида кучли бешлик учун кураш олиб бориши айтилмоқда. Сабаби, сув спорти, гимнастика ва қиличбозлик бўйича етакчилар Токиога йўл олишмоқда.
Токио Олимпиадасига тобора оз фурсат қолмоқда. Шундай экан бизни кузатишда давом этинг.
Бир неча кундан сўнг Ўзбекистоннинг Токио Олимпиадасидаги имкониятларини муҳокама қиламиз.
Хуршида Абдикулова тайёрлади
Фикрлар