19 май 18:14
Янгиликлар
U-20 ЖЧ: Мундиаль мезбони ва дастлабки рақиб Аргентина билан танишамиз!
Эътиборли жиҳати, мусобақанинг очилиш ўйини Аргентина ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтади. Турнир бошланишига қадар биз сизга “А” гуруҳидан ўрин олган Аргентина, Янги Зелландия ва Гватемала термалари ҳақида батафсил маълумот бериб ўтамиз. Демак, илк рақиб ва мезбон жамоа Аргентина билан яқиндан танишиб чиқамиз.
Аргентина U-20 термаси ҳақида
Аргентина терма жамоаси бу ёш тоифасида энг муваффақиятли мамлакат бўлиб, улар ушбу мусобақада 6 маротаба ғолиб бўлган ва бу натижа турнир рекорди ҳисобланади. "Альбиселестелар" 1979 йилдан бери ўтказилган 23 та ЖЧнинг 17 тасида иштирок этган.
Аргентинанинг 20 ёшгача бўлган терма жамоаси таркибида Диего Марадона, Валтер Самуэль, Макси Родригес, Серхио Ромеро, Эстебан Камбиассо, Хавиьер Тейоли, Роман Рикельме, Фернандо Гаго, Пабло Пиатти, Луис Ислас, Лусиано Галетти, Рамон Диас, Сави Ламела, Серхио Агуеро, Анхель Ди Мария, Лионель Месси, Хавьер Савиола, Пабло Аймар, Мануель Ланзини, Оскар Ругерри, Франко Костансо каби таниқли футболчилар ҳаракат қилган.
Аргентинанинг биринчи чемпионлик даври 1979 йилга тўғри келган ва ўша йилги чемпионатнинг “Олтин тўпи” Марадонага насиб этганди. Қайд этиш жоизки, 2005 йилги мундиалда, Месси бошчилигидаги жамоа Колумбияда бўлиб ўтган ЖЧда 3-ўринни қўлга киритади. Шунингдек, жаҳон биринчилигининг энг яхши тўпурари соврини ҳам, “Олтин тўпи” ҳам Мессига насиб этганди.
Ҳозирги таркиб ва тўпурарлар
20 ёшгача бўлган Аргентина терма жамоасининг бугунги кундаги трансфер нархи 50.5 миллион еврога баҳоланган. Айни дам улар ФИФА рейтингида пешқадам. Терма жамоа таркибидаги энг қиммат футболчи “Манчестер Сити” аъзоси Максимо Перроне бўлиб, унинг қиймати 10 “лимон”ни ташкил этади. Кейинги ўриндан “Велес Сарсфилд” ҳимоячиси Валентин Гомез ўрин олган. Гомезнинг трансфер суммаси 4.5 миллион еврога тенг. Кейинги ўринларда “Интер” футболчиси – Валентин Карбони, “Росарио Сентрал” ҳужумчиси – Алехо Велиз, “Сан Лоренцо” аъзоси – Агустин Гиай ҳамда “Ювентус” вингери – Матиас Соулеларни учратиш мумкин. Тўрттала ўйинчиларнинг ҳам нархи 4 миллион евродир.
"Альбиселестелар" таркибида “Барселона”, ”Ювентус”, “Лацио”, “Спортинг”, “Манчестер Сити”, “Бока Хуниорс”, “Ривер Плейт” каби таниқли клуб футболчилари тўп суради. Мусобақанинг асосий юлудзи бўлиши кутилган Гарначо мундиалда қатнашмайдиган бўлди.
Аргентина U-20 термаси тарихидаги энг яхши тўпурар Лионел Мессидир. 7 карра “Олтин тўп” соҳиби ёшлар терма жамоси сафида 14 бор гол уришга муваффақ бўлган. Ундан кейинги ўринларни Фернандо Кавенаги (12 та) ва Хавьер Савиола (11 та) банд этиб турибди. Қолаверса, Диего Симеоненинг ўғли Жованни Симеоне ҳисобида 10 та, Диего Марадона ҳисобида 7 та ва унинг куёви, Агуеро ҳисобида эса 6 та гол мавжуд.
Бош мураббий ҳақида
Бугунги кунда Аргентина U-20 терма жамоасини жаҳон футболининг номдор вакилларидан бири Хавьер Маскерано бошқармоқда. Маскерано жамоани 2022 йил 1 январда қабул қилиб олган. Ўшандан буён ёш "альбиселестелар" Хавьер қўл остида 16 та учрашув ўтказиб, 9 ғалаба, 1 дуранг ва 6 мағлубият қайд этди. 38 ёшли мураббийнинг футболчилик даври ҳақида гапирадиган бўлсак, у фаолиятини “Ривер Плейт”да бошлаган. Кейинчалик, “Коритианс”, “Вест Хэм”, “Ливерпуль”, “Барселона”, “Хебей Чайна” клубларида давом эттириб, 2021 йил “Эстудиантес”да “бутсаларини михга илди”.
Клублар сафидаги умумий статистикаси 649 учрашувда 5 голни ташкил этади. Аргентина миллий терма жамоасидиги дебюти 2003 йил содир бўлган. Энг охирги ўйини бўлса 2018 йилга тўғри келади. Миллий жамоада ўтказилган 15 йил оралиғида Маскерано 147 баҳсда майдонга тушиб, 3 бор рақиб жамоа посбонларини ранжитишга эришган.
Ҳабиб Жўрабоев тайёрлади
Фикрлар