24 фев 19:08
Янгиликлар
«У бизга 200 миллиондан ортиқ сармоя киритди». Хабибнинг 11 миллиард рублни ўғирлаб, 19 йилга қамалган миллиардер ҳомийси ҳақида
Хабиб Нурмагомедов UFC чемпиони бўлмасидан аввал унинг асосий ҳомийларидан бири Forbes рўйхатидаги миллиардер Зиявудин Магомедов эди. У нафақат Хабибга, балки бошқа жангчиларга ҳам ёрдам берди ва 2022 йилда 19 йилга қамалди.
Магомедов Россия ММАсининг муҳим ҳомийси эди. У Хабибга ҳомийлик қилган ва унинг келажаги буюклигини биринчилардан бўлиб тахмин қилган
Жангчиларнинг гонорарлари ҳақидаги очиқ маълумотларда унинг катта қисми тўловлар, мураббийларнинг маошлари ва солиқларга сарфланиши ҳисобга олинмайди. Шу билан бирга, UFC чемпионлигидан олдин Хабиб фақат бир марта - Эдсон Барбозага қарши 100 минг доллардан кўпроқ пул олган (жанг учун 80, ғалаба учун 80).
Нурмагомедов қиммат лагерлар учун пул тўлаган, нутриционистларнинг хизматларидан фойдаланган ва операцияни UFC ёрдамисиз амалга оширди. Бунга тадбиркор Зиявудин Магомедов билан дўстлиги ёрдам берди.
Forbes журнали 2017 йилда Магомедовни Россиянинг энг бой тадбиркорлари рўйхатида 63-ўринга қўйди - 1,4 миллиард доллар бойлиги билан у порт логистикаси, трансинжиниринг, қурилиш, агросанот, нефть ва газ қазиб олиш бўйича активларга эга бўлган «Сумма» қўшма компаниясини бошқарган. Зиявудин Магомедовнинг укаси Магомед бир нечта лойиҳаларда ўз акцияларига эга эди.
2015 йилда Зиявудин ММАга қизиқиб қолган ва UFC'дан акция сотиб олмоқчи бўлган. У ташкилот эгалари билан музокаралар олиб борди, лекин нархи оширилганлиги сабабли бу фикридан қайтди. Ва у Россиянинг Fight Nights Global промоушенига сармоя киритди - ҳозирда АМC Fight Nights (беш йил давомида 60-100 миллион доллар сарфлаш режалаштирилган).
Магомедов Доғистонда ўсган ва ўзи ҳомийлик қилган жангчилар билан тез-тез шуғулланиб турган
«Спортга қизиқишнинг илдизлари болаликдан келиб чиқади. Махачкалъа кўчаларида ўсишнинг ўзи спорт эди. Можаролар кўпинча эркакча ҳал қилинарди, баъзида бундай тўқнашувлар кунига бир неча марта содир бўларди. Аммо жанговар маҳоратни рингда намойиш қилган маъқул», - деб эслайди Магомедов.
2016 йилнинг кузида у Eagles ММА клубини яратди, унда Хабиб президент ва жамоа сардори, отаси Абдулманап эса бош мураббий бўлди. Магомедов Нурмагомедовнинг бош ҳомийси бўлган: Forbes нашрига берган интервьюсида у даромадининг ярмини Eagles'дан олишини тан олган, бироқ унинг миқдорини эълон қилмаган.
2017 йилнинг баҳорида Хабиб белидан операция қилинганида, тиббий ҳаражатларни Магомедов тўлаган. Бу Германияда яширинча бўлиб ўтди, чунки Нурмагомедов UFC уни соғлиги билан боғлиқ муаммолари бор жангчи сифатида кўришини истамаган (кейин у тез-тез жароҳат олиб турган).
Камил Гаджиев Григорий Дрозднинг подкастида Магомедов Хабибни доимо чемпион сифатида кўрганини ва буюк келажагини биринчилардан бўлиб тахмин қилганини эслади
«Чемпионлик жангидан бир ярим йил олдин Зиявудин у билан яқиндан мулоқот қила бошлади, Хабибнинг клуби ривожлана бошлади. Бир куни у менга:
-Тез орада Хаба ММАда шубҳасиз биринчи рақамга айланади.
-Лекин Федорчи?
-Кўрасиз, Федор иккинчи ўринга тушади.
-Қизиқарли позиция...
Кейин бунинг иложи йўқдек туюлди. Федордан илгарилаб кетиш мумкин эмасди, лекин ҳозир Хабиб ундан ўзиб кетди.
Магомедов бошқа жангчига - Сергей Павловичга (ҳозирги UFC'нинг оғир вазн тоифасидаги учинчи рақамли жангчи) ишонган. Гаджиев шундай деди: «У севимли жангчилардан бири эди. Зиявудин унинг Хабибдан кейин UFC чемпиони бўлишини айтган. Шунинг учун Сергейнинг атрофидаги воқеаларни кузатиш қизиқ. Сергей ҳақиқатан ҳам камар учун курашмоқчи».
Гаджиев ва Магомедов Fight Nights Global'ни жаҳон даражасига олиб чиқишни хоҳлашди - тадбиркор АҚШ ва Бразилияда промоушен ва режалаштирилган турнирлар учун тўловларни амалга оширди. Гаджиев Магомедов ҳибсга олингунга қадар Америкада ўз офисини очган ва жамоа йиққанди. Шунинг учун у ўз кучига ишонмай, лойиҳани бекор қилди:
«Биз аллақачон бош директорни, молиявий директорни топдик, офис расман очилди, пул бор эди ... Умуман олганда, ҳамма нарса бор эди... Зиявудин ўзини қамоқда кўрди.
«Менда у ерда курашиш учун етарли пул, тажриба борми? Албатта йўқ»- деб ўйладим. Бразилиядаги турнирни Ростовга кўчирдим».
Магомедов 19 йилга қамалган - футбол бўйича жаҳон чемпионати объектларини қуриш пайтидаги ўғирлик (фақат бу эмас). Уни Хабиб ва Абдулманап қўллаб-қувватлаган
2018 йилда Зиявудин Магомедов ва унинг укаси Магомед миллиардлаб маблағни ўзлаштирганликда гумонланиб, ҳибсга олинган эди. 2022 йилда улар қамоққа тушишди: Зиявудин - 19 йилга, Магомед - 18 йилга. Улар йирик объектлар қурилиши вақтида 11 миллиард рублдан ортиқ маблағни талон-тарож қилишда айбланган.
Ишда очилган айбловлар орасида спорт ҳам бор эди. Масалан, 2018 йилги Жаҳон чемпионати учун Калининграддаги «Арена Балтика» стадиони қурилиши вақтидаги ўғирлик.
Магомедов нафақат ММАга, балки хоккейга ҳам сармоя киритган - у «Адмирал» президенти эди. Ака-ука Магомедовларнинг тергов жараёнларида тадбиркор Геннадий Тимченко (КҲЛ директорлар кенгаши раиси ва СКА президенти), СССР терма жамоасининг собиқ хоккейчилари Александр Якушев ва Алексей Касатонов кўрсатма берди.
Хабиб 2018 йилда ҳам Магомедовни қўллаб-қувватлаган - октагонда UFC камарини қўлга киритгандан сўнг, у Путинга мурожаат қилганида:
«Қийин вазиятда катта акам - жамоамиз эгаси Зиявудин Магомедов менга ва Россиядан келган бошқа спортчиларга катта ёрдам берди. У ҳозир муаммода, лекин мен спортчилар у учун дуо қилаётганимизни билишини истайман.
Бу вазият тез орада ҳал бўлишига ишонаман. Умид қиламанки, миллий етакчимиз Владимир Владимирович Путин унга ёрдам беради. Мен уни сўнгги сайловлардаги ғалабаси билан табриклайман», деганди.
Кейинроқ Абдулманап Нурмагомедов ўғлининг бу ишига қуйидагича изоҳ берди: «Россияда сайловлар бўлганида Хабиб хорижда эди. Шунинг учун у Владимир Владимировични табриклади. Бизга 200 миллиондан ортиқ сармоя киритган одамни ҳам тилга олди. У бизга қилган яхшиликларини унутсак, биз қандай одамлармиз?»
Магомедовни доғистонлик ММА жангчиси Расул Мирзаев қўллаб-қувватлади - у тадбиркор оқланишига ишончи комил эди: «Ҳаётимдаги оғир дамларда Зиявудин Гаджиевич менга сўзда ҳам, амалда ҳам ёрдам берди! Бугун у оғир кунларни бошдан кечирмоқда. Тез орада ҳаммаси яхши томонга ўзгаришига бўлган ишончимиз унга куч бағишлайди деган умиддаман! У Доғистонга керак, Россияга керак!».
Бунга собиқ UFC ва Fight Nights Global жангчиси Али Багаутинов қўшилди: «Спортчи сифатида шаклланишимда Зиявудин мени қўллаб-қувватлаган. Қийин даврда у мени оиламнинг яқини ва отаси сифатида қўллаб-қувватлади! Ишонаманки, яқин келажакда бу инсон озод бўлиб, одамларга яхшилик қилиш имкониятига эга бўлади!»
Магомедов жангчиларга қимматбаҳо автомобиллар ва квартиралар берди. Бу билан Хабиб қонун билан муаммога дуч келган тадбиркорларни биринчи марта қўллаб-қувватлаётгани йўқ
Магомедов жангчиларнинг энг катта ҳомийларидан бири эди. У нафақат гонорарни тўлаган, балки совғалар ҳам қилган – 2016 йилда у Хабибга Mercedes-Benz AMG GT автомобилини совға қилган (мутахассисларнинг фикрича, нархи 11-13 миллион рублни ташкил этган).
«Москвага келгач, Зиявудин Магомедов мени меҳмон қилди, табриклади ва совға берди. Зиявудин Гаджиевич, умуман спорт учун қилаётган ишларингиз учун сизга катта раҳмат», - деб ёзди Нурмагомедов. Орадан олти ой ўтмай, Хабибнинг дўсти машинани сайрга олиб чиққанида, уни уриб юборди.
«Ҳозир у қайта таъмирланмоқда. Ростини айтсам, бу мени безовта қилмайди. Ҳаётда муҳимроқ нарсалар бор. Албатта, мен машинамни уриб олишни хоҳламайман. Аммо агар улар бузилса - энди нима бўлади, деб йиғламаймиз», - деди Хабиб. Магомедов ҳақида у шундай жавоб қайтарди: «Бу инсон мени қўллаб-қувватлади. Нафақат мен, у қўллаб-қувватлайдиган одамлар жуда кўп».
Бир йил олдин Магомедов эркин кураш бўйича кўп карра Олимпия чемпиони Абдулрашид Садулаевга Mercedes-Benz G-class автомобилини совға қилган эди. 2017 йилда - Fight Nights Global чемпиони Абусуфян Алихоновга Махачкаладан квартира берди.
«Зиёвудин Гаджиевич ҳар жиҳатдан устун инсон. Биринчи навбатда - интеллектда. Сиз у билан суҳбатлашсангиз сизга луғат керак, акс ҳолда сиз ҳеч нарсани тушунмайсиз. Зиявудин Магомедов мени Fight Nights Global чемпионлик камари билан табриклади ва спорт фаолиятимда янада улкан муваффақиятлар тилади. Шунингдек, Махачкаладаги квартира калитини топширди», деди Алиханов.
Хабиб бир неча бор жиноятда (жумладан, оғир жиноятларда) айбланган одамларни ҳимоя қилган. 2018 йилда БААда у қотиллик ва терроризмни молиялаштиришда айбланиб, халқаро қидирувга берилган собиқ спортчи ва сиёсатчи Сагид Муртазалиев билан кўришган.
Муртазалиевлар оиласи Доғистоннинг Сумадинский туманидан - Хабиб туғилган жой. Сагид 2000 йилги Сидней Олимпиадасида эркин кураш бўйича чемпион бўлганида Хабиб 12 ёшда эди.
2019 йилда Хабиб терроризмни молиялаштиришда айбланаётган Доғистонлик «Блокнот» журналисти Абдулмўмин Гаджиевни репост орқали қўллаб-қувватлаган. Аммо бу унчалик шов-шув бўлмаган – кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари Гаджиевни сиёсий маҳбус деб билишди ва уни озод этишларини талаб қилишди.
Фикрлар