UZ

Сўнгги янгиликлар

09:13Карлос Алькараз Мадрид "Мастерс"да чемпионлик ҳимоясига киришди 0 08:52Девин Хейни Райан Гарсияга қарши жангдан қанча гонорар ишлаб олди? 0 08:31Шин Шимкентда 1/2 финалга чиқди 0 08:10Ла Лига. Арда Гюлер "Реал"га ғалаба тақдим этди 0 07:49Баланд ҳилпирасин Ватан байроғи! Кўзгуда Навоий ЯКСТИСМ 0 07:28UFC Луисвилл турнирининг марказий жанги эълон қилинди 0 07:07Ўзбекистон велоспорт федерацияси Париж-2024 Олимпиадасида иштирок этувчи илк спортчи номини маълум қилди 0 21:36Футзал. Ўзбекистон пенальтилар сериясида Эронга ютқазди 0 21:32Богдан Гусков топ рақибга қарши жанг олдидан тарозига чиқди (ФОТО) 0 21:14U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон Саудия Арабистонини мағлубиятга учратиб, ярим финалга йўл олди 0 19:25Де ла Хойя Хейнига: "Гарсия билан реванш бўлмайди" 0 19:02Футзал. Осиё Кубогида Ўзбекистонга ютқазган Вьетнам ўтиш ўйинида Қирғиз Республикасига ҳам мағлуб бўлди 0 18:41Арман Царукян дисквалификация қилиниши мумкин 0 18:20"Ролан Гаррос"нинг мукофот пули оширилмоқда 0 17:58Альдо бокс жангида иштирок этмоқчи 0

18 фев 20:40
Янгиликлар

Бокс/ММА

"Uzbek Tigers" янги мавсумда иштирок этадими? МОҚ раҳбари масалага ойдинлик киритди

Февраль ойига келиб, ўтган йилнинг худди шу вақтида кузатилгани каби, «Uzbek Tigers» жамоасининг келгусидаги тақдири борасида турли гап-сўзлар тарқала бошлади.

ОАВда Ўзбекистон бокс федерацияси жамоани молиялаштиришни тўхтатишга қарор қилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Kun.uz мухбири айни масалага аниқлик киритиш учун Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджоновга бир нечта саволлар билан мурожаат қилди.

– Охирги уч мавсумда Бутунжаҳон бокс сериясида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган «Uzbek Tigers» жамоаси ўтган ҳафтада тарқатиб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу маълумот қанчалик тўғри?

– Аввало, шуни таъкидлашни истардимки, Бутунжаҳон бокс серияси (WSB) мусобақасининг ўзбек бокси тараққиётида тутган ўрни жуда муҳимдир. Маълумки, ушбу турнир орқали янги номлар кашф этилади, кучли боксчилар сараланади. Шунингдек, мазкур мусобақа боксчиларимиз учун Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинларига муносиб тайёргарлик кўриш вазифасини бажариши билан ҳам аҳамиятлидир. Чунки турнирда Куба, Россия, Қозоғистон каби бокс оламидаги етакчи мамлакатларнинг чарм қўлқоп усталари ҳам иштирок этадилар ва боксчиларимиз уларга қарши жанглар орқали ўз маҳоратларини тоблаб борадилар.

Бевосита саволингизга келсак, «Uzbek Tigers» мусобақанинг янги мавсумида ҳам баҳсларда қатнашади. Ўзбек бокси мухлисларига байрам кайфиятини улашиш мақсадида юртимиз мезбонлик қиладиган жанглар республикамизнинг энг йирик ва муҳташам ареналарида ташкил этилади. Жумладан, келаси ойда фойдаланишга топшириладиган «Ҳумо» кўп тармоқли аренаси, шунингдек, «Миллий» стадионида ҳам минглаб мухлислар боксчиларимизнинг маҳоратларига бевосита гувоҳ бўлишлари мумкин.

Ўз навбатида, Миллий олимпия қўмитаси «Ўзбек йўлбарслари»нинг самарали фаолият олиб бориши учун мамлакат бокс федерациясига керакли ёрдамни кўрсатишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр. Жамоага барча шарт-шароитлар яратиб берилади.


– WSB`нинг янги мавсумида қандай ўзгаришлар кутилмоқда? Турнир февраль ойида старт оларди, лекин 9-мавсум ҳалигача бошланмагани сабаб гўё AIBA бу турнирни тўхтатиши ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда.

– AIBA бу йилдан бошлаб WSB турнири форматига ўзгартириш киритишни мақсад қилган. Хабарингиз бор, Токио-2020 Олимпия ўйинларида эркаклар ўртасидаги баҳсларда вазн тоифалари сони 10тадан 8тага туширилди ва шунинг ҳисобига аёллар вазн тоифаси 5тага оширилди. Шундан келиб чиққан ҳолда Бутунжаҳон бокс сериясида ҳам вазн тоифалари 8тага туширилиб, иккита лигага ажратилмоқда. Яъни енгил (52, 57, 63, 69 кг) ҳамда оғир (75, 81, 91, 91+ кг) вазнлар. Мусобақада иштирок этувчи мамлакат ҳар иккила лигага ҳам ўз жамоасини қўйиши мумкин.

Бу сафарги мусобақа Токио–2020 Олимпия ўйинларига лицензия бериши боис, AIBA жамоавий беллашувларни 2019 йилнинг октябридан бошлаб, 2020 йилнинг февралига қадар ўтказишни режалаштирмоқда. 2020 йилнинг 29 май – 6 июнь кунлари бўлиб ўтадиган мусобақада эса WSB лицензион турнири ва якка тартибдаги финаллар бўлиб ўтиши керак. Мазкур мусобақа орқали Олимпиадада иштирок этувчи сўнгги 16 йўлланма эгаси аниқланади. Шундай экан, AIBA бу мусобақани тўхтатиш эмас, аксинча уни янада ривожлантириш чоралари ҳақида ўйлаяпти.


– 2019 йилда ўзбекистонлик боксчилар олдида турган энг муҳим мусобақалар қайсилар? Юлдузли таркиб аъзоларининг аксарияти профессионал боксга ўтгани натижаларга қанчалик таъсир этиши мумкин?

– Жорий йилда боксчиларимиз бирйўла иккита йирик ва нуфузли мусобақада иштирок этишади. Апрель ойида Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида катталар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтса, Россиянинг Екатеринбург шаҳри сентябрь ойида жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Ҳозирда терма жамоамиз аъзолари узлуксиз ўқув-машғулот йиғинлари орқали мазкур муҳим мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўришмоқда.

Екатеринбургдаги жаҳон чемпионатида Токио–2020 Олимпия ўйинлари учун дастлабки лицензиялар ўйналади. AIBA жаҳон чемпионатида лицензия ола билмаган давлатлар учун кейинчалик минтавий лицензион турнирлар ҳам ташкил этишни режалаштирган. Осиё ва Океания минтақаси учун ана шундай лицензион турнир эса келаси йили баҳорда бўлиб ўтади.

Шуни алоҳида таъкидлашни хоҳлардимки, Ўзбекистон бокс бўйича жаҳоннинг энг қудратли державаларидан ҳисобланади. Рио-2016 Олимпиадасида ўзбекистонлик боксчилар умужамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашгани ҳам фикримизни исботлаб турибди. Шундай экан, Токио Олимпиадасида ҳам ўзбек чарм қўлқоп усталари энг юқори ўринлар учун кураш олиб боришларига ишончим комил.

Саволингизни иккинчи қисмига келсак, баъзи спортчиларимизнинг профессионал боксга ўтиб кетгани терма жамоамиз таркибини кучсизлантиради, деган фикрдан йироқман. Чунки ўзбек боксида жуда кучли рақобат юзага келган. Ҳар бир иқтидорли ва кучли боксчига захира вариантлари мавжуд. Лекин шунга қарамай биз Осиё чемпионатининг баъзи вазн тоифаларига проф боксда фаолият олиб бораётган юртдошларимизни ҳам жалб қилишимиз мумкин. Масалан -75 кг ва +91 кг вазн тоифаларида Исроил Мадримов ва Баҳодир Жалоловларни Бангкокдаги мусобақада терма жамоамиз таркибида кўришингиз мумкин.

Бу, биринчидан, терма жамоамиз таркибида рақобатни янада кучайтирса, иккинчидан мураббийлар учун лицензион мусобақа саналган жаҳон чемпионати олдидан профессионал рингда шуғулланаётган боксчиларимизнинг жисмоний ва функционал ҳолати, руҳий тайёргарлигини яна бир бор синовдан ўтказиб олиш имконини беради.

Биз Токио–2020 Олимпия ўйинларида профессионал боксда фаолият олиб бораётган ҳамюртларимиз хизматидан ҳам фойдалана оламиз; албатта, агар уларнинг тайёргарлиги талабга жавоб берса.



Маълумот учун, "Uzbek Tigers" ушбу мусобақада илк маротаба 2016 йилда (VI мавсум) иштирок этган. Ўшанда жамоа гуруҳ босқичида Пуэрто-Рико, Озарбайжон ва Қозоғистон жамоаларидан устун келган. Чорак финалда Россия вакиллари мағлуб этилган. Ярим финалда эса кубалик чарм қўлқоп усталарига имконият бой берилиб, боксчиларимиз 3-ўрин билан чекланишган.

2017 йилда (VII мавсум) жамоа Хитой, Қозоғистон ва Россия шарафини ҳимоя қилувчи боксчиларга қарши баҳс ўтказиб, гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаган. Чорак финалда эса яна Куба боксчиларига мағлуб бўлган.

2018 йилги (VIII мавсум) баҳсларда эса гуруҳ босқичини Америка гуруҳида бошлаган боксчиларимиз Куба, Венесуэла ва Колумбия вакилларига қарши рингга чиқиб, иккинчи ўринни эгаллашган. Бироқ, ташкилотчилар қоидаларга ўзгартириш киритиб, чорак финал баҳсларини бекор қилишган. Шу сабабли "Uzbek Tigers" иштирокини эрта якунлаганди.

Рейтинг: +1   

Фикрлар

   
19 фев 09:53:51
Dilshot Solihov
Qozoqlar 49 kg dayam bizdan farqli ravishda bo'kischi obargan bizda esa Balgariyaga bu vazinda bo'kischi olib borilmagan mani hovotirga sovotgan vazin yani kelajakda 63 kg bu vazinda Alyor Noraliyov hamda Shumqor Abdurasulovlarning unchalikham imkoniyatlari yahshi emas ! Iqboljon Xoldarov 69 da emas balki shu vazinda ringa ko'tarilsa yahshi bo'lardi!
   
19 фев 09:27:00
Angren.
Bek фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
Админларимиз қилмаган ишни амалга оширишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Демак, Болгарияда давом этаётган турнир ўзининг қизғин палласига кирди. Бугун бўлиб ўтган ярим финал жангларида фақат Шунқор Абдурасулов (бунгача 4та боксчимиз мусобақа билан хайрлашган) Қозоғистонлик Закир Сафиуллинга имкониятни бой берди. Қолган 4 нафар боксчимиз финалда иштирок этади. Энг қизиғи 56 кг.да ўзбекча финал яъни, Абдулхай Шорахматов ва Миразизбек Мирзахалилов жангига гувох бўламиз. Шунингдек, 52 кг.да Файзов Худайназар мусобақа мезбони 2 карра Европа чемпиони Даниел Асеновга қарши, 69 кг.да Бобоусмон Батуров Қозоғистон вакили Абалайхан Жусуповга қарши жанг ўтказади. Энг кўп финал иштирокчиси Қозоғистонда 5 та ва бизда 4 иштирокчи эртага финалда иштирок этади. Бунгача 4 боксчимиз Санжар Турсунов, Алиёр Норалиев, Фанат Қахрамонов ва Хуршид Абдуллаевлар мусобақа билан эрта хайрлашган. Фанат Қахрамонов ва Хуршид Абдуллаевлар мусобақада ўта қониқарсиз қатнашишди яъни унча номдор бўлмаган боксчиларга имкониятни бой беришди. Санжар Турсуновдаям ўсиш деярли кузатилмаган. Чунки у қария Василий Левитга яққол мағлубиятга учради. Алиёрдаям қандайдир ўзига ишонч етишмади. Абдулхай Шорахматов ва Миразизбек Мирзахалилов жуда юқори классда жанг ўтказишди. Улар ушбу вазнда иштирок этган ҳар қандай дунё даражасидаги боксчиларга сабоқ бериб қўйишди.
Маълумотлар учун рахмат. Нима бугандаям натижалардан кунглим тулгани юк. Козокларни яна олдинга утказиб юборяпмиз. Алиёр ва Санжардан купрогини кутган эдик.
   
19 фев 00:09:48
Bek
Angren. фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
Админлар нима учун Болгарияда утаётган турнир хакида маълумот бермаяпслар? Ёки маълумот тополмаяпслами? Жудаям ачинарли холат.
Админларимиз қилмаган ишни амалга оширишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Демак, Болгарияда давом этаётган турнир ўзининг қизғин палласига кирди. Бугун бўлиб ўтган ярим финал жангларида фақат Шунқор Абдурасулов (бунгача 4та боксчимиз мусобақа билан хайрлашган) Қозоғистонлик Закир Сафиуллинга имкониятни бой берди. Қолган 4 нафар боксчимиз финалда иштирок этади. Энг қизиғи 56 кг.да ўзбекча финал яъни, Абдулхай Шорахматов ва Миразизбек Мирзахалилов жангига гувох бўламиз. Шунингдек, 52 кг.да Файзов Худайназар мусобақа мезбони 2 карра Европа чемпиони Даниел Асеновга қарши, 69 кг.да Бобоусмон Батуров Қозоғистон вакили Абалайхан Жусуповга қарши жанг ўтказади. Энг кўп финал иштирокчиси Қозоғистонда 5 та ва бизда 4 иштирокчи эртага финалда иштирок этади. Бунгача 4 боксчимиз Санжар Турсунов, Алиёр Норалиев, Фанат Қахрамонов ва Хуршид Абдуллаевлар мусобақа билан эрта хайрлашган. Фанат Қахрамонов ва Хуршид Абдуллаевлар мусобақада ўта қониқарсиз қатнашишди яъни унча номдор бўлмаган боксчиларга имкониятни бой беришди. Санжар Турсуновдаям ўсиш деярли кузатилмаган. Чунки у қария Василий Левитга яққол мағлубиятга учради. Алиёрдаям қандайдир ўзига ишонч етишмади. Абдулхай Шорахматов ва Миразизбек Мирзахалилов жуда юқори классда жанг ўтказишди. Улар ушбу вазнда иштирок этган ҳар қандай дунё даражасидаги боксчиларга сабоқ бериб қўйишди.
   
18 фев 22:17:41
Angren.
Админлар нима учун Болгарияда утаётган турнир хакида маълумот бермаяпслар? Ёки маълумот тополмаяпслами? Жудаям ачинарли холат.
< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг