28 июл 01:10
Янгиликлар
Ўзбекистонлик спортчилар Париж Олимпиадасининг биринчи кунини медалсиз якунлади (Барча натижалар)
Дастлабки кунда жами 10 нафар спортчимиз ва футбол бўйича терма жамоамиз баҳсларда иштирок этди.
Медаллар учун курашда дзюдочиларимиз, сузувчиларимиз ва велоспортчимиз имкониятни бой бериб қўйди.
Биринчи кундаги иштирокимиз ҳақида қисқача:
Дзюдо:
— Достон Рўзиев (60 кг) илк босқичда, Ҳалимажон Қурбонова (48 кг) нимчорак финалда мағлуб бўлди;
Академик эшкак эшиш:
— Анна Пракатень 7:37.80 натижа билан маррага иккинчи бўлиб етиб келди ва чорак финалга йўл олди;
Сузиш:
— Анастасия Зелинская ҳам, Илья Сибирцев ҳам 400 метрга эркин усулда сузиш дастурининг саралашидан ўта олмади;
Велошоссе:
— Ольга Забелинская индивидуал вақт учун алоҳида старт дастуридаги медаллар учун курашда 32,4 км масофани 43 дақиқа 53.51 сонияда босиб ўтди ва 35 нафар спортчи орасида 23-натижани қайд этди;
Бокс:
— Нигина Ўктамова мисрлик рақибаси жангга чиқмагани сабабли автоматик равишда кейинги босқичга йўл олди;
Футбол:
— Ўзбекистон эркаклар ОТЖ гуруҳ босқичидаги иккинчи тур беллашувида Мисрга 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди;
Спорт гимнастикаси:
— Кўп курашдаги саралашда иштирок этган уч нафар вакилимиз — Абдулла Азимов, Ҳабибулло Эргашев ва Расулжон Абдураҳимовдан фақатгина Азимов финал йўлланмасини қисман сақлаб қолди. У захира лицензиясини қўлга киритди.
Ушбу саҳифа орқали ўзбекистонлик спортчиларнинг қайд этаётган натижаларидан хабардор бўлиб туришингиз мумкин бўлди.
1:06. Спорт гимнастикасида эркаклар ўртасидаги кўп кураш баҳсларининг саралаши якунланди. Саралашнинг 3-субдивизионида Ўзбекистон терма жамоасининг 3 нафар вакили иштирок этди. Жумладан, Абдулла Азимов 79.964 очко билан 28-натижани қайд этди ва захирадаги иккинчи йўлланмага эга чиқди. Яъни, эндиликда Азимов финалга йўл олган 24 нафар спортчидан бирортаси иштирок эта олмаса, навбат бўйича иккинчи бўлиб, унинг ўрнини тўлдириши мумкин бўлади. Ҳабибулло Эргашев эса 78.498 очкони қўлга киритган ҳолда 41-натижани қайд этди. Яна бир спортчимиз Расулжон Абдураҳимов фақатгина параллель брус машқида қатнашиб, 14.466 очкога эга чиқди. Бу натижа унга финалга йўл олиши учун камлик қилди.
23:00. Париждаги "Берси" аренасида спорт гимнастикаси бўйича эркаклар ўртасида кўпкураш дастурида саралаш беллашувлари старт олмоқда. Унда Ўзбекистон терма жамоасининг уч нафар вакили — Абдулла Азимов, Ҳабибулло Эргашев ва Расулжон Абдураҳимов иштирок этади.
21:55. Футболчиларимизнинг Мисрга қарши ўйини якунланди. Ўйинда 0:1 ҳисобида мағлуб бўлдик.
21:40. Афсуски футболда ҳозирча ҳисоб ўзгармаяпти - 0:1.
21:03. Ўйинда иккинчи бўлим старт олди.
20:47. Ўзбекистон - Миср ўйинининг биринчи бўлими 0:1 ҳисобида якунланди.
20:29. Ҳисоб тенглашганди. Аббосбек Файзуллаев ўйинда мувозанатни тиклаган эди, бироқ гол офсайддан урилган деб топилди.
20:11. Футболчиларимиз эрта гол ўтказиб юборди. 0:1.
20:00. Футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Мисрга қарши ўйинини бошлади.
19:45. Футболчиларимиз Мисрга қарши ўйинга сўнгги тайёргарликларни олиб бормоқда.
19:03. Ольга Забелинская иштирокидаги баҳс ўз якунига етди. Спортчимиз 32,4 км масофани 43 дақиқа 53.51 сонияда босиб ўтди ва 35 нафар спортчи орасида 23-натижани қайд этди.
18:22. Бу орада футболчиларимизнинг Мисрга қарши ўйин учун бошланғич таркиби аниқ бўлди.
18:15. Нигина Ўктамова автоматик тарзда кейинги босқичга чиқди. Унинг мисрлик рақибаси жангга чиқишдан бош тортди. Боксчимиз автоматик тарзда кейинги босқичга йўл олди. Энди у навбатдаги жангини КХДР вакиласи Чолми Пангга қарши баҳс олиб боради.
18:10. Ольга Забелинская стартга чиқди. У 32,4 км масофани босиб ўтиши керак.
17:42. Велоспортда шоссе баҳслари бошланди. Терма жамоамиз аъзоси Ольга Забелинская стартга чиқмоқда.
15:15. Спортчиларимизнинг кейинги чиқиши 17:30 да бошланади. Унда велоспортчимиз Забелинская стартга чиқади.
15:08. Сузувчимиз Илья Сибирцев ўз гуруҳида 3:51.52 натижа билан маррага учинчи бўлиб етиб келди. Бу натижа финалга чиқиш учун камлик қилади.
14:55. Афсуски -48 кг вазнли дзюдочимиз Ҳалимажон Қурбонова иккинчи босқичда швециялик рақибасига иппон эвазига ютқазиб қўйди.
14:30. Бу вақтга келиб сузувчимиз Зелинскаянинг финалда иштирок эта олмаслиги маълум бўлди. У саралаш якунларига кўра саккизликка кира олмади.
14:22. Сузувчимиз Анастасия Зелинская 400 метрга эркин сузиш баҳсларида саралаш гуруҳида 4:31.71 натижа кўрсатди ва ўз гуруҳида учинчи бўлиб етиб келди.
13:43. Академик эшкак эшиш. Анна Пракатень саралашда чиқди ва 7:37.80 натижа билан маррага иккинчи бўлиб етиб келди. Спортчимиз чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Энди у 30 июль куни чорак финалда чиқиш қилади.
13:22. -48 кг вазнли дзюдочимиз Ҳалимажон Қурбонова озарбайжонлик рақибасидан устун келди. Энди у 1/16 финалда швециялик рақибасига қарши татамига чиқади.
13:19. Дзюдо. -60 кг вазн тоифасида Достон Рўзиев Украина шарафини ҳимоя қилаётган спортчи, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Дилшод Холматовга қарши баҳс олиб борди ва афсуски Golden Score'да имкониятни бой берди.
Бугун мусобақада иштирок этадиган спортчиларимиз рўйхати:
13:00 дан сўнг: Достон Рўзиев (дзюдо)
13:00 дан сўнг: Ҳалимажон Қурбонова (дзюдо)
13:15: Анна Пракатень (академик эшкак эшиш)
14:12:Анастасия Зелинская (сузиш)
14:45: Иля Сибирцев (сузиш)
17:30: Ольга Забелинская (велоспорт)
19:00: Нигина Ўктамова (бокс)
20:00: Ўзбекистон - Миср (футбол)
23:00: Расулжон Абдураҳмонов (спорт гимнастикаси)
23:00: Хабибулло Эргашев (спорт гимнастикаси)
23:00: Абдулло Азимов (спорт гимнастикаси)
Соатлар Тошкент вақти билан кўрсатилган.
Фикрлар