21 апр 20:45
Янгиликлар
YouTube'даги машҳур блогер Ўзбекистонда: у ўзбек бокси, юртимизга ташрифи ва навбатдаги жаҳон чемпионати ҳақида гапирди
Ижтимоий тармоқда ўзининг қизиқарли чиқишлари билан ном қозонган блогер юртимизда бир қатор лавҳаларни ҳам тайёрлади. Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати фурсатдан фойдаланиб, Станислав Соколов билан интервью ташкил этди.
Ушбу интервьюни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
- Ўзбекистонга ҳуш келибсиз Станислав. Юртимизга ташрифдан кўзланган асосий мақсадингиз қандай эди?
- Ўзбекистонлик мураббийлар билан ижтимоий тармоқлар орқали гаплашиб турамиз. Улар билан юзма-юз кўришишни истагандим. Мураббийларингизни жуда яхши танийман, улар ҳам мени яхши билишади. Терма жамоа атрофидаги воқеаларни, уларнинг жаҳон чемпионати, Олимпия ўйинларидаги иштирокларини кузатиб бораман. Улар билан келиб, шахсан танишишни истагандим.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг маданиятини, кўрмоқчи эдим. Бу ернинг ажойиб ва мазали овқатларини татиб кўрмоқчи бўлдим. Илк маротаба бу ерга келишим. Орада Самарқанд шаҳрига ҳам бориб келдим.
- Ўзбекистонга сафарингиз давомида кутилмаган ходисаларга дуч келдингизми? Айнан нималар сизни ажаблантирди?
- Мени бу ерда ўз яқинларидек кутиб олишди. Меҳмондўстлик юқори даражада. Бу ҳақида аввал ҳам эшитгандим. Ҳозир Рамазон ойи экан. Кечки вақтга бориб, барча бирга йиғилади ва ифторлик қилади. Мени ҳам таклиф этишди. Бу мен учун жуда қизиқ бўлди.
Ифторлик маросимининг ёққан жиҳати - инсонлар бирга йиғилиб, бир стол атрофида йиғилишади. Бир-бирлари билан гаплашиб ўтиришади, дуолар қилишади. Бизда жуда камдан-кам ҳолатда бундай бўлади.
Шунингдек Чирчиқ ва Самарқанд шаҳарларида, Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омбори томонларда бўлдим. Бу ерда юрар эканман, ҳар қадамда чемпионларни кўраман. Бу жуда ажойиб. Бир томонда жаҳон чемпиони, бошқа томонда эса Осиё чемпиони, Олимпия ўйинлари совриндорлари.
Терма жамоа ўқув-машғулот йиғинлари ўтказадиган Янгиобод базасига ҳам бордим. У ернинг ҳавоси ажойиб экан. Муҳит ҳам зўр эди. У ерда боксчиларнинг тайёргарлик жараёнини кўрдим. Залларни томоша қилиб, тасвирга олдим. Катталар, аёллар, ўсмирлар терма жамоалари машғулотларни давом эттиришмоқда.
- Бир неча кун олдин каналингизга Элшод Расулов ҳақида видео жойлаштирдингиз. У ҳозирда аёллар терма жамоасида фаолият олиб бормоқда. Унинг мураббийлик салоҳиятини қандай баҳолайсиз?
- Ҳа, у ҳақида видео тайёрлагандим. Аввалига уни яхши таний олмадим. Олдин барча боксчилар шлемда жанг қилишарди. Мен тезкор, ажойиб усулга эга ўзбекистонлик боксчини эслардим. У кимлиги аниқ ёдимда ҳам йўқ эди. У билан бир стол устида ўтириб, суҳбатлашгандик. У суҳбат давомида Бивол, Бетербиев каби боксчилар билан жанг қилгани ҳақида гапириб берди. Мен эса шундан сўнг уни эслай бошладим ва унинг жанглари кўз олдимга кела бошлади. Кейин унинг жангларини излаб, томоша қилиб чиқдим ва эсимга тушди. Унинг бой тажрибаси аёллар терма жамоасида ўз самарасини беришига ишонаман. Унда фақатгина Олимпия ўйинларининг медали йўқ. Қолган барча нуфузли мусобақаларда у медалларга эга бўлган.
- Ўзбекистон терма жамоасининг машғулотларида қандай ноодатий жиҳатларни кўрдингиз?
- Машғулотлар барчаси тизимли йўлга қўйилган. Умуман олганда машғулотлар кўп жойда бир ҳил олиб борилади. Аммо мени ҳайратлантиргани, бу ердаги тартиб бўлди. Боксчиларнинг ўзини тутиши, мураббий ва шогирдлар ўртасидаги муносабат ёқди. Боксчилар мураббийларнинг ҳар бир сўзларини диққат билан тинглашади, уларга қулоқ солишади. Китоблар ўқиб, шахмат ўйнашади. Бу ақлий ривожланишда катта аҳамиятга эга.
- Каналингизни кузатганимда бу мавзуга алоҳида эътибор бераман. Ўзингизга ҳам шу саволни бермоқчиман: Ўзбекистон ва Қозоғистон бокси ўртасидаги фарқни таққослай оласизми?
- Бу провокацион савол. Бугунги кунга келиб, Осиёда Ўзбекистон ва Қозоғистон тенг кучга эга терма жамоа. Профессионал боксда эса Ўзбекистон бироз олдинда деб ўйлайман. Чунки, сизларда Риодан кейиноқ профессионал боксда ҳаракатлар бошланган. Қозоғистон эса бироз кечроқ. Улар бу борада ҳам ривожланишмоқда.
Олимпия бокси ҳақида гапирсак, ҳар икки мамлакат ҳақиқий бокс мамлакати. Ака-ука мамлакатлар. Рингда улар ўртасида ҳақиқий жанг бўлади.
Каналда ўзбек ва қозоқ бокси ҳақида мавзу бўлса, кўплаб муҳокамалар бўлади, кўп мухлислар томоша қилишади. Ҳар икки мамлакатда ҳам одамлар боксни тушунишади, диққат билан кузатишади. Қозоғистонда масалан
Агар бундай рақобат бўлмаганида ривожланиш бўлмасди. Сўнгги мусобақалардан келиб чиқсак, уларнинг ҳар иккиси ҳам - топ терма жамоалар. Олимпиададан сўнг Қозоғистон ўз таркибни янгилади. Ўзбекистон терма жамоасида ҳам янги қон олиб кирилганини кўряпмиз.
Мендан Ўзбекистонда нима учун боксчилар билан эмас, мураббийлар билан кўп гаплашаётганим ҳақида сўрашди. Мураббий Раҳматжон ака (ҳа, меҳмон суҳбат давомида айнан ака деб айтиб ўтди - муаллиф) Рўзиохунов билан суҳбатлашдик. У инсон менга кўплаб масалалар, ҳусусан Фанат Қаҳрамонов билан юз берган ҳолат ҳақида гапириб берди. Унда тайёргарликка вақт бўлмагани, рейтинг бўйича Олимпиадага борганини айтди. Самарқандга борганимда Фанат билан ҳам гаплашдим. Жуда яхши, камтар йигит экан. Аммо Токио саралашида рўй берган вазият ҳақида унинг ўзи гапирмади. Буларнинг барчасини Раҳматжон ака гапириб берди. Мусобақага тайёргарлик кўрмагани, кутилмаганда Туркиядан яна лицензион мусобақа бўладиган Амманга қайтиб боргани, бир кун ичида 7 кг вазн ташлашга тўғри келганини билдим.
Боксчилар билан гаплашсанг, бутун дунёдаги совринларни қўлга киритишни исташлари ҳақида гапиришади. Мураббийлар эса барча вазиятдан хабардор ва қизиқ ҳолатларни айтиб беришади. Бундай маълумотлар учун Тўлқин Қиличев, Раҳматжон Рўзиохуновга раҳмат. Биз доим мулоқотдамиз. Шунингдек, Фаррух Қиличев билан ҳам фикр алмашиб турамиз.
- Бугунги деярли янгиланган таркибимиздан кимларни биласиз? Уларнинг Париж Олимпиадасидаги имкониятлариничи?
- Ҳозир Олимпиадага ким бориши сирга ўхшаяпти. Аммо ҳозирги таркибдан икки нафар кучли боксчини аниқ кўрсата оламан. Биринчиси, агар Олимпия ўйинларига борадиган бўлса - Баҳодир Жалолов. Аммо ҳозирча унинг бу борадаги режалари ноаниқ. Ва албатта Абдумалик Халаков. Ушбу икки боксчиларга шубҳа қилмайман. Жалолов юқори даража. Абдумаликда эса боксчига керак бўлган барча нарса бор. Агар у рухий томонлама тўғри тайёрланса, барчаси идеал бўлади. Ушбу икки боксчи - потенциал медаллардир.
- Баҳодир Жалоловнинг профессионал боксдаги кележаги ҳақида нима дея оласиз?
- Бу ҳам жуда қизиқ ҳолат. У жуда катта, йирик. Чапақай ва рақиблар учун қийин. Шундай вазнга эгалигига қарамай, оёқда жуда яхши ҳаракатланади. Профессионал боксдаги жангларини муддатидан олдин якунламоқда. Сўнгги жанглардан бирида у рақибини 47-сонияда нокаутга учратиб қўйди. Профессионал рингда унга ўхшаган йигитлар деярли йўқ. У аста-секин профга мослашяпти. Уни жиддий жангларга тайёрлаб боришмоқда. Ўйлайманки, яна 5 та жангдан сўнг топ даражага яқинлашади.
- Келаси йили биз катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатини қабул қиламиз. Ўша мусобақа вақтида ҳам Ўзбекистонга келасизми?
- Буни жудаям истайман. Агар имкониятим бўлса, албатта келаман. Мусобақага таклиф қилишди. Насиб қилса келмоқчиман.
- Ўзбекистон жаҳон чемпионати мезбонлигини қай даражада уддалай олади деб ўйласиз?
- Сизда юқори даражали мусобақаларни ўтказишда катта тажриба бор. Бунгача "Ҳумо Арена"да профессионал бокс оқшомлари ташкил этилди. Шунингдек U-22 Осиё чемпионати ҳам ташкил этилди. Залнинг безатилиши, боксчиларнинг чиқиб келиши, чироқлар... Бу нарсалар боксда катта аҳамиятга эга. Масалан, яқинда Таиландда мусобақа якунланди. У ерда трансляция бўйича муаммолар бўлди, ташкилий томонлама камчиликлар кузатилди. Сизда эса барчаси бошқача ўтди. Профессионалларча ёндошув кўриниб турди. Бу ишни уддалаганлар, ташкилотчиларнинг меҳнати таҳсинга сазовор. Ташкилотчиларни шахсан танимайман, аммо уларнинг бажарган меҳнатини алоҳида қайд этишимиз лозим. Мусобақа давомидаги "картинка" ёқди. Ташкилотчилик юқори даражада бўлди. Ушбу тажриба асосида сиз жаҳон чемпионати мезбонлигини жуда яхши уддалайсиз деб ўйлайман.
- Станислав, вақт ажратиб интервьюга розилик берганингиз учун раҳмат. Суҳбат сўнгида ўзбек боксига ва мухлислар учун тилакларингиз...
- Ўзбек бокси учун янада кўпроқ ғалаба, кўплаб медаллар, камроқ жароҳат тилайман. Мураббийларни эшитиш, уларнинг гапига қулоқ солиш муҳим. Мураббийлар кўпинча кадр ортида қолиб кетишади. Улар катта ҳажмда иш олиб боришмоқда. Боксчилар, мураббийлар, функционерларга тасанно. Ғалаба қозонганда ҳам барча бирга ютади, мағлубиятни ҳам барча бирга жамоавий қабул қилади. Ўзбек боксига мана шундай ҳамжиҳатликнинг бардавом бўлишини тилайман.
Азиз Тўхтамуродов суҳбатлашди
Фикрлар