30 авг 16:12
Янгиликлар
"ASIAN FIGHT-2017"га бағишланган матбуот анжумани ҳақида батафсил
Ушбу жанг кечасида 9 нафар ўзбек спортчимиз жаҳон спортчиларига қарши рингга чиқадилар. Бугун Ўзбекистон миллий кутубхонасида мазкур тадбир ташкилий қўмитаси вакиллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Жамшид Хожиакбаров ва Сабина Бердиевалар олиб борган тадбирда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси вакили Назиржон Худойқулов, Ўзбекистонда шарқ яккакурашларини ривожлантириш маркази раиси Эдуард Ли, Ўзбекистон пенчак силат федерацияси раийи Азиз Жўрабоев, "ЎзМобайл" директори Владимир Кравченко ва маркетинг бўлими раҳбари Акмал Умаровлар, шунингдек, 9 сентябрь куни жанг ўтказадиган спортчи Муҳаммадали Тоштурғуновлар иштирок этишди.
Матбуот анжуманини Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси вакили Назиржон Худойқулов бошлаб берди:
"Ассалому алайкум. Энг аввалро барчангизни яқинлашиб келаётган байрам билан чин қалбимдан муборакбод этаман. 9 сентябрь куни фармонга асосан "Asian Fight-2017" мусобақаси бўлиб ўтади. Ушбу тадбир пенчак силат федерацияси ва шарқ яккакурашларини ривожлантириш маркази билан бирга ташкил қилинмоқда. Бундан мақсад юртимизда шарқ яккакурашларини ривожлантириш. Умид қиламанки, ушбу турнир кўтаринки рухда ўтади".
Шундан сўнг сўз Ўзбекистон шарқ яккакурашлари ва жанг санъатини ривожлантириш маркази раиси Эдуард Лига берилди:
"Марказимиз бундай йирик тадбирларни ташкил қилиш тажрибасига эка. Биз бунгача кикбокс, дзюдо, каратэ, таэквондо бўйича ҳам йирик мусобақаларни ташкил қилганмиз. Мақсадимиз, шарқ яккакурашларининг профессионал йўналишини Ўзбекистонда ҳам ривожлантириш. Мамлакатимиз яккакурашлар бўйича етакчи мамлакатлар сарасига киради. Сизларни мана шундай йирик тадбир ўтказилаётгани билан табрикламоқчиман".
Ўзбекистон пенчак силат федерацияси президенти Азиз Жўрабоев:
"2015 йилда Ўзбекистонда пенчак силатнинг профессионал лигасини тузишни режалаштиргандик. Мана, фаолиятни бошлаб олдик. Спортчиларни мусобақага танлашда уларни юқори натижага эришганига алоҳида эътибор қаратганмиз. Жаҳон ва Осиё чемпионатларида ғолибликни қўлга киритиб бўлган спортчиларни кўчада қолиб кетмаслигини ёки спортдан узоқлашиб кетмаслигини истардик. Шарқ яккакурашларини ривожлантириш маркази билан маслаҳатлашиб, уларни ўз федерациямизда бирлаштирдик. Ушбу спортчилар бошқа яккакурашларда ҳам катта ютуқларни қўлга киритганлар. Масалан, Малаязияда микст силат бўйича бўлиб ўтган турнирда спортчиларимиз Ҳасанхон Баратов ва Исроил Расуловлар чемпионлик камарларини қўлга киритганлар. Бу катта мусобақа эди. Буни жуда катта натижалигини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозим. Шундан сўнг биз ҳам катта тадбир ташкил қилишни мақсад қилдик. Буни Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси ҳамда шарқ яккакурашларини ривожлантириш маркази қўллаб-қувватлади. "УзМобайл" компанияси ёрдам берди. Шунингдек, бошқа ҳомилйлар ҳам қўллаб-қувватладилар. Уларга миннатдорчилик билдирмоқчиман".
"УзМобайл" компанияси директори:
"Бу ерда эканлигимдан хурсандман. Байрам билан барчани табриклайман. Мана шундай турнирга расмий ҳамкор бўлиш биз учун шарафдир. Бундан жудаям хурсандман. Биз бундай тадбирларни қўллаб-қувватлашга доимо тайёрмиз".
Жанг оқшомида рингга чиқадиган спортчи Муҳаммадали Тоштурғунов: "Насиб қилса ушбу шоу мустақиллигимизнинг 26 йиллигига совға бўлади. Биз спортчилар ҳам шунга ҳаракат қилмоқдамиз. Ўрта Осиёда бундай тадбир илк маротаба ташкил қилинмоқда. Бу катта тадбир бўлади. Шунингдек, жуда кўп томошабинлар олдида масъулият ҳам катта бўлади. Мақсадимиз, фақат ва фақат ғалаба қозониш. Жангга қаттиқ тайёргарлик кўряпмиз. Ўз ватанимизда бўлиб ўтадиган турнирда юзимиз ёруғ бўлиши учун меҳнат қиляпмиз. Насиб қилса, бу байрам совғаси бўлади".
Шундан сўнг журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлари билан матбуот анжумани иштирокчиларига мурожаат қилдилар:
- Энг аввало мана шундай катта тадбир ташкил этилаётгани билан сизларни ҳам табриклайман. Саволим шундан иборатки, бундай шоу тадбирларни келажакда анъанавий тарзда ўтказиш бўйича режалар борми?
- Бундай тадбир Ўзбекистонда биринчи маротаба ўтказилмоқда. Уни анъанавий тарзда ўтказишни мақсад қилганмиз. Биринчиси шоу сифатида ўтказилмоқда. Кейингилари рейтингга қараб, анъанавий тарзда ташкил қилинади. Жаҳон чемпионатини ҳам Ўзбекистонда ўтказиш истагимиз бор.
- Жанг оқшомида рингга чиққан спортчиларга бериладиган мукофот пули қандай бўлади?
- Спортчилар профессионаллардир. Улар ҳаваскорлардан фарқли равишда ўз ишини усталари ҳисобланадилар. Спорт улар учун даромад манбаи, касб ҳисобланади. Улар албатта мукофотланадилар. Ҳомийлар ва федерация томонидан пул ажратилади. Миқдори? Даромадга қараб белгиланади. Олдиндан бир нарса дея олмайман. Бу тижорий тадбир ҳисобланади.
- Пенчак силат бўйича Ўзбекистон терма жамоасини шакллантириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
- Федерация қошида лига тузишдан мақсад ҳам шу. Бу ерга ўз спорти усталарини таклиф этганмиз. Улар билан тадбирларни давомий тарзда ўтказмоқчимиз.
- Микст силат қоидалари қандай бўлади?
- Микст силатга кураш усуллари қўшилган. Қонун қоидаларида ММАдан фарқли равишда партер ҳолатида бироз ўзгаришлар бўлади. ММАда ётган ҳолатда тизза ва тирсак зарбаларини бериш мумкин. Профессионал силатда эса бундай ҳолатда фақат кураш усулида ҳаракат қилинади. Партерда қўлда зарба бериш мумкин. Қўлқоплар бўлади. ММАга нисбатан жароҳат олиш эҳтимоли камроқ бўлади. Тўқнашувда 10 секунд ичида спортчиларда ҳаракатланиш бўлмаса, улар ажратиб олинади.
- Саволим Муҳаммадали Тоштурғуновга. Муҳаммадали, сиз асосан кикбокс билан шуғуллангансиз. Жанг вақтида партерда қийналмайсизми?
- Мен асосан кикбокс билан шуғулланганман. Бундан ташқари эркин кураш, жанговор самбо, шунингдек, универсал жангларда қатнашганман. Универсал жанг бўйича жаҳон чемпионати совриндориман. Хабарингиз бўлса, UFC, ММА жангчиларида ўз спорт тури бор. Масалан, мен курашчи билан кураш тушсам ютқазишим мумкин. Агар унга кураш услубида ҳаракат қилишда йўл бермасам, рақибни ўз ноғорамга ўйната оламан. Айни пайтда, 9 сентябрь кунги рақибимни жангларини кўриб чиқяпман. Рақибим ҳам мени кузатаётганлиги аниқ. У асосан қўл ва оёқда жанг қиладиган спортчи ҳисобланади. Микст силатда 4-5 хил спорт турини мукаммал билган спортчи иштирок эта олади.
- "Asian Fight-2017" турнирида Жан Клод ван Даммнинг ўрни қандай? У Ўзбекистонда нималар қилади?
- Мусобақа учун режа тузаётганимизда мухлисларимизни нима билан қизиқтира олишимиз мумкинлиги ҳақида савол бор эди. Халқни эътиборини тортиш учун айнан жаҳон юлдузини танладик. Айнан ван Дамм сабабли ҳам бизда айни пайтда ажиотаж кузатилмоқда. У нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда машҳур. Уни дунё ОАВ вакиллари ҳам кузатадилар. Унинг ташрифи мусобақага бўлган қизиқишни янада оширади. Тадбирга М1 федерацияси раҳбари ҳам ташриф буюриши кутилмоқда. Чипталарни сўраб қўшни мамлакатлар Қозоғистон, Қирғизистондан ҳам қўнғироқлар бўлмоқда. Жаҳон чемпиони ҳисобланган Маҳмуд Муродов сабаб Прагадан 20 нафардан ортиқ мухлис ташриф буюрмоқчи. Бундай тадбирлар орқали Ўзбекистонни янада танитиб оламиз. Ван Даммни кўриш имконияти доим ҳам бўлавермайди. Бунгача уни фақат ТВ орқали кўрганмиз.
- Ушбу мусобақада Суннат Илясовнинг қандай вазифани бажармоқда?
- Мусобақани ўтказишда Ўзбекистон пенчак силат федерацияси профессионал лигаси раиси Суннат Илясовнинг ҳиссаси катта бўлмоқда. У федерациямизга ўз маслаҳатлари билан катта ёрдам бермоқда. Спортчиларни танлаб олишда ҳам унинг ҳиссаси бўлди.
- Тадбирга Федор Емельяненко келиши ҳақида маълумот берилганди...
- Бошида Емельяненко ушбу тадбирга келиш учун оғзаки розилигини билдирганди. Кейин эса орада жанг ўтказиб, мағлубият учради. Шу нарса таъсир қилдими билмадим, вақти тиғизлигини айтиб, келоломаслигини маълум қилди.
- "УзМобайл" компанияси нима учун айнан микст силат турнирига ҳамкор бўлишни лозим топди?
- Компаниямиз бундай тадбирларда иштирок этишга доимо тайёр. Мақсадимиз, ушбу тадбир орқали ёшларга спортга қизиқишни орттириш. Нима учун пенчак силат? Биз бошқа кўплаб спорт турларида ишлаганмиз. Бокс, кикбокс тадбирларида ҳам бўлганмиз. Мақсад айнан қайсидир спорт турини қўллаш эмас, Ўзбекистонда спортни ривожланишга ёрдам бериш. Компаниямиз нафақат пенчак силат, балки, бошқа спорт турларида ҳам ишлашга тайёр.
- "Бунёдкор" стадионини тўлдириш имконияти қандай? Стадион 9 сентябрь куни тўлади деб ўйлайсизми?
- Мусобақа ёдда қоладиган бўлишини истаймиз. Турнир навбатдаги тадбирларга трамплин вазифасини бажариши керак. Тадбирга қизиқиш катта. Чипталарнинг энг арзони 50 минг сўм. Қиммати эса 300 минг сўм бўлади. Ушбу нархлар жойга, шароитга қараб белгиланган. Менимча, бу қиммат нарх ҳисобланмайди.
Матбуот анжуманини Жамшид Ҳожиакбаров ва Сабина Бердиевалар олиб боришди
- Тадбир ТВ орқали жонли эфирда намойиш этиладими?
- Трансляция бўйича "Миллий ТВ" ҳамкоримиз ҳисобланади. Тадбир жонли эфирда намойиш этилмайди. "Миллий ТВ" орқали ёзиб олинган ҳолатда кўрсатилади. Ушбу турнирнинг ахборот ҳамкорлари "Миллий ТВ, "Орият Доно" радиоси, "Olamsport.com" ҳамда "Championat.asia" сайтлари ҳисобланадилар. Айнан улар таббирни эксклюзив ёритиш имкониятига эга бўладилар. Биз мухлисларимиз ушбу тадбирни стадионга келиб, жонли равишда кўришларини истаймиз.
- Тадбир қандай қоидалар асосида бўлади? Риндами? Неча раунд ва неча дақиқадан иборат бўлади?
- Жанглар 6 бурчакли рингда ўтказилади. Хар бир жанглар уч раунд бўлади. Бир раунд 5 дақиқа давом этади. Барчаси профессионал қоидалар асосида ташкил қилинади.
- 9 сентябрь кунги режа қандай?
- Тадбир соат 18:00да бошланиши режалаштирилган. Унга қадар эса томошабинлар ўзбек эстрадаси юлдузлари иштирокидаги чиқишлардан баҳраманд бўлишлари мумкин бўлади. Шоуга кўплаб ўзбек шоу-бизнеси вакиллари таклиф қилинган. Очилиш маросимидан сўнг жанглар бошланади. Орада Россия эстрадаси юлдузи "Лок Дог" иштирок этади. Шунингдек, Тожикистондан ҳам санъаткорлар келади. Алан Черкасов бошловчи сифатида таклиф қилинган. Ушбу тадбир учун маҳсус куй басталанган.
Азиз Тўхтамуродов
Фото: Толибжон Қосимов
Маросимдан олинган суратларни томоша қилинг
Фикрлар