19 май 13:10
Янгиликлар
Боку-2017 кундалиги. Ишқибозлик қилишга қўйилмаган рингдаги олтин лаззати икки карра тотли!
Рио Олимпиадасидан кейинги бу йирик мусобақада тўртинчи ўринда кетаётганимизга, кўпчиликда савол уйғонаётган бўлса ажаб эмас. Олимпиадада бу жамоалар ичида биз биринчи ўринда эдик, нима учун ҳозир тўртинчи.
Бошқа иштирокчи мамлакатлардан фарқли равишда, Ўзбекистон делегациясини мусобақада иштирок этиши, Боку-2017 бошланишига роппа-роса бир ой қолганида маълум бўлди. Футболдан фарқли ўлароқ, спортимизнинг аксар федерацияларининг 2 йиллик режаси аввалдан маълум бўлади. Ким, қайси мусобақага боришидан тортиб, қаерда, қандай йиғинлар ўтказилишигача. Шу боисдан Ўзбекистон делегацияси учинчи таркиб билан турнирга ташриф буюрди. Фақат таэквандо, каратэ ҳамда курашда асосий таркимибизни кўришимиз мумкин эди. Курашчиларимиз эса 2 кун аввал Ҳиндистонда бўлиб ўтган Осиё чемпионатидан ташриф буюришди.
Туркия, Озарбайжон ва Эрон делегациялари эса асосий таркибда мусобақада иштирок этаяптилар. Туркия шарафини 336, мезбонларни 325 нафар спортчи ҳимоя қилаяпти. Эрондан эса 158 нафар спортчи мусобақага ташриф буюрди. Ўзбекистон делегациясида 102 нафар спортчи. Яна бир маълумот, Эрон билан тенгма-тенг кетаётган бир пайтимизда, мусобақада бугундан Эроннинг миллий спорт тури, Зорхана ҳам қўшилди. Миллий спорт турини ривожлантиришга бел боғлаган эронликлар, рақибларига ўзлари пул тўлаб мусобақага таклиф қилдилар. У ердан 5-6та олтин медалларни ўз ҳисобларига ёзиб қўйишларини башорат қилиш қийин эмас.
Агар мусобақада иштирок этишимиз йил бошида маълум бўлганида, делегациямиз сони бундан бир неча кишига кўп бўларди. Ҳеч бўлмаса асосий таркибда мусобақада қатнашар эдик.
Энди асосий мавзуга ўтамиз. Кеча бокс ўйинларининг сўнгги куни эди. 10та вазн тоифасида жангларга киришган спортчиларимиздан 5 нафари ярим финал йўлланмасини қўлга киритдилар. Уч нафари эса финалга қадар етиб борди.
Биринчи бўлиб 56 кг вазн тоифасида Абдулхай Шораҳматов туркманистонлик боксчи, Ёқуб Мередовга қарши рингга кўтарилди. Бу баҳсда шубҳасиз бизнинг боксчи фаворит эди. Якунда шундай бўлди ҳам, 5:0.
Бокс кечаси учун ташриф буюрган, Ўзбекистон мухлислар клубининг фаол ишқибозларидан бири Улуғбек ака барча жангларда спортчиларимизни миллий ДЎППИМИЗда қўллаб-қувватлаб турди. Биринчи жангда биров индамади, иккинчисида эса Алиёр Норалиев мисрлик Муҳаммад Исломга қарши рингга чиқди. Унда ҳам ишқибозимизга эътироз бўлмади. Биринчи раундда африкалик боксчи бўш келмади. Аммо унинг кўп зарбаси мўлжалга тегмади. Иккинчи ва учинчи раундларда ҳамюртимиз фаолликни оширди ва керакли очколарни тўплаган ҳолда ғолиб чиқди.
Учинчи жангдаги рақибимиз озарбайжонлик боксчи Темерлан Абдуллаев эди. Бобо-Усмон Ботуров ва Темерланнинг жангидан сал аввалроқ Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев рингни тарк этиб бўлган эди. Президент ундан аввал бўлиб ўтган учта жангни аренада туриб томоша қилди.
Финалда мезбон ва ўзбек. Улуғбек ака ўз услубида ишқибозлик қилишда давом этади, аммо... Мусобақа ташкилотчиларидан тортиб, мухлисларигача унга қарши. Бақирмасликни, жангни жим томоша қилишни айтадилар. Ўзлари эса тинмай бақирадилар, турадилар, сакрайдилар. Алам... Бу аламни фақат олтин ғалаба билан енгиш мумкин эди, бошқаси кам. Ҳудди буни сезгандек Бобо-Усмон рақибини аяб ўтирмади. Битта, иккита, учта зарба рақиб нокаут ҳолатига яқинлашиб қолди. Биринчи раунд-ку, амаллаб якунланди. Иккинчисида шифокор ёрдамига мухтожлик сезди. Бошқа мураббий бўлганида аллақачон сочиғини отиб юборарди. Лекин ғурури йўл қўймади уларни. Шифокор ҳам қўрқди шекили, спортчини аяб ўтирмади, рингга қайтиши кераклигини айтди. Бундай баҳсда сал рақибини аяш ҳам мумкин эди. Аммо кичик устунликда ғолибликни қўлга киритиб бўлмасди, ғолибликни мезбонга бериб юборилиши мумкин. Бобо-Усмон аллақачон техник нокаут ҳолати қайд этилиши керак бўлган баҳснинг учинчи раундида Темурланни нокдаун қилди. Қоши ёрилиб, бир кўзи шишиб кетган озарбайжонлик спортчи бир амаллаб жангни якунлади. Бу жанг ғолиби, шубҳасиз Бобо-Усмон эди!
Шундай бўлсада мезбонлар ҳакамнинг сўнгги қарорини интиқлик ва умид билан кутишди. Ҳеч бўлмаса қон чиқмаганда ғолибликни мезбонга бериб юборишарди, аммо бу жангдаги зарбалар ҳар қандай адолатсизликдан устун бўла олди. Ҳаваскор бокс аренасида яна бир бор ЎЗБЕКнинг байроғи ҳилпиради!
Финал жангларини томоша қилиш учун Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Шерзод Мирагламович ҳам ташриф буюрган эди. Мусобақа якунига етгач, МОҚ Бош котиби Ойбек Омилович, МОҚнинг эсдалик кўкрак нишонини Шерзод Мирагламовичга тақдим этди.
Қувончли хабарларни келиши давом этди. Таэквандочиларимиз, Умида Абдуллаева кумуш, Никита Рафалович эса олтин медални қўлга киритди. Александр Свечников эса найза улоқтириш мусобақасида жаҳон рекордини янгилаган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди. Надия Дўсанова ҳам ҳисобимизга яна битта олтин медални қўшиб қўйди.
Озарбайжон, Боку
Нодирхўжа Юлдашев
Фикрлар