14 ноя 12:00
Янгиликлар
Остон Ўруновни Эроннинг бошқа клуби сотиб олмоқчи
Эроннинг “Ҳамшаҳри Онлайн” нашри хабар беришича, табризликлар “Персеполис”нинг икки футболчиси – Остон Ўрунов ва Амирҳусайн Маҳмудийни трансфер қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
“Трактор” бош мураббийи Жавод Некунам жамоанинг ярим ҳимоя чизиғини кучайтиришни истамоқда. Мутахассис аввалги интервьюларидан бирида Ўруновнинг трансфери ҳақида ўйлаётганини билвосита билдирган эди.
Қайд этилишича, “Трактор”нинг бу позицияда футболчи излашига Меҳди Торабининг жиддий жароҳат олгани ҳам сабаб бўлган. Унинг майдонга қачон қайтиши ҳозирча номаълум.
Шунингдек, табризликлар “Персеполис”нинг ёш ярим ҳимоячиси Амирҳусайн Маҳмудийга ҳам қизиқиш билдирмоқда. Бироқ ушбу футболчини “Гул Гуҳар” клуби ҳам ўз сафига қўшиб олмоқчи.
Нашрнинг таъкидлашича, “Персеполис” футболчиларини арзон нархга сотиш ниятида эмас. Шу боис “Трактор”нинг мазкур трансферларни амалга ошириши молиявий келишувларга ҳам боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, Некунам аввалроқ Ўруновнинг “Персеполис” билан амалдаги шартномаси борлигини ва ҳозирча уни сотиб олиш бўйича расмий таклиф юборилмаганини маълум қилган эди.
Фикрлар