14 ноя 10:17
Янгиликлар
Саккизта медалга эга Ўзбекистон делегацияси IV Ёшлар ёзги Олимпия ўйинларида нечанчи ўринни эгаллади?
Мазкур нуфузли комплекс мусобақада Ўзбекистон делегацияси 11 та спорт турида 19 нафар спортчи билан иштирок этди. Якунда Ўзбекистон терма жамоаси 2 та олтин, 4 та кумуш, 2 та бронза медали билан дунёнинг 204 иштирокчи давлати орасида роппа-роса 20-ўринни эгаллади. Биз сингари 2 нафари чемпиони бор Испания ҳамда Хитой Тайпейи терма жамоалари кумуш ва бронза медаллари ҳисобига мос равишда 18 ва 19-ўринларни банд этишди.
Делегациямизга олтин медалларни боксчиларимиз Сабрина Чакоманова (-54 кг) ва Рушанабону Исоева (-60 кг) тақдим этишди.
Таққослаш учун, Ўзбекистон 2018 йил Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида ўтган III Ёшлар ёзги Олимпия ўйинларида 4 та олтин, 5 та кумуш, 5 та бронза медали билан 206 давлат орасида 12-ўринни эгаллаган эди.
Ташкилий қўмита барча давлатларга жуда кам квоталар тақдим этгани боис, Олимпия ўйинларида мамлакатлар ихчам таркиб билан қатнашди. Масалан, дзюдо мусобақасида бор йўғи бир нафар ҳамюртимиз татамига чиқди. Боиси, бизга бошқалар сингари айнан биттагина квота тақдим этилган эди.
IV Ёшлар ёзги Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари:
Олтин медаллар
Бокс: Сабрина Чакоманова (-54 кг), Рушанабону Исоева (-60 кг).
Кумуш медаллар
Учхатлаб сакраш (енгил атлетика): Шаҳзодбек Холмуродов
Найза улоқтириш (енгил атлетика): Паризода Талабова
Дзюдо: Жўрабек Эшпўлатов (-100 кг)
Таэквондо: Асадбек Самандаров (-55 кг).
Бронза медаллар
Қиличбозлик (сабля): Наргиза Утебаева
Сузиш (200 метрга брасс): Муҳаммадисмоил Раҳмонов
IV Ёшлар ёзги Олимпия ўйинларида кутилганидек, Хитой спорт делегацияси 18 та олтин, 8 та кумуш, 7 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Япония 11 та олтин, 8 та кумуш, 9 та бронза билан иккинчи поғонадан жой олган бўлса, кучли учликка 8 та олтин, 4 та кумуш, 2 та бронза медали билан Россия спорт делегацияси якун ясаб берди.
Топ-10`таликдан Миср (6 та олтин, 1 та кумуш, 5 та бронза), Эфиопия (5-3-0), Сенегал (5-0-7), Франция (4-5-4), Кения (4-2-0), ЖАР (3-5-3) ва Хорватия (3-4-0) терма жамоалари жой олди.
Қизиқ томони шундаки, жами 61 давлат делегациялари камида 1 та Олимпиада олтин медалига эга чиқди. Бу квоталарнинг камлиги билан боғлиқ ҳолат. 204 давлатдан 99 таси камида 1 та бронза медалини расмийлаштирди.
























Фикрлар