UZ

Сўнгги янгиликлар

19:41Майк Мэлотт UFC 336 турнирида иштирок этади 0 19:03Манба: Каннаваро Мексика ёки АҚШ клубларини бошқариш имкониятини кўриб чиқмоқда 0 18:25Guangzhou Challenger: Ҳумоюн Султоновни чорак финал остонасида тўхтатишди 0 17:44"У кучли зарба берадиган жангчи". Кавана жанг олдидан Рамазон Темиров ҳақида гапирди 0 16:55Жанибек Алимханули WBO камари учун жанг қилади 0 16:06"Сабаҳ" — жорий мавсум ушбу натижага эришган EЧЛдаги биринчи жамоа! 0 15:17Хргович Уордлига фаолиятини якунлашни маслаҳат берди 0 14:18Шакур Стивенсон Zuffa Boxing’дан кетганини эълон қилди 0 13:19Шожҳаҳон Эргашевни Озарбайжон ва Қирғизистондан жангга чорлашди 0 12:28Ламин Ямаль жорий мавсум Топ-5 лигаларда биринчи бўлиб ушбу натижага эришди 0 11:37Йэн Гэрри шу йилнинг охиригача яна жанг қилади — манба 0 09:46Жавоҳир Умматалиевнинг жанг санаси ва манзили ўзгарди 0 09:01Жаҳон чемпионатида қатнашадиган Ўзбекистон cпорт курашчилари маълум 0 20:46"Ғазалкент" клуби яна бир компания билан ҳамкорлик бошлаганини эълон қилди 0 19:00"Ортга йўл йўқ эди". Магомед Анкалаев Перейра қарши жангдаги мағлубият сабабини айтди 0

08 мар 09:30
Янгиликлар

Болалар спорти

Болалар спорти. Спортсевар ғузорликлар!

Биз бугун Ғузор тумани спорти ҳақида мухтасар тўхталмоқчимиз.

Баҳром Авазов, Шерали Жўраев каби донгдор курашчилари, ўз анъаналарига эга “Шўртан” футбол клуби, қолаверса, хотин-қизлар гандбол жамоаси, республика спартакиадаларида мунтазам равишда юқори ўринларни эгаллайдиган спортсевар педагоглари билан доимо кенг жамоатчилик эътиборини ўзига тортадиган чўл ҳудудида спортга берилаётган эътиборни қаламга оламиз.

Сир эмас, Янги Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини таъминлаш — давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Корхона ва ташкилотларда “Ходимлар гимнастикаси” машғулотларининг йўлга қўйилиши, кўпгина муассасаларларда “Спорт тарғиботчиси” штатларининг жорий этилиши ҳам шундан.

Биргина “Отам, онам ва мен” оилавий спорт мусобақалари ўтказилишининг ўзи ҳам кўплаб оилаларда спортга бўлган қизиқишни оширди. Албатта, бу омиллар ҳудудлардаги спорт мактабларининг гавжумлашишига катта туртки бўлди.

Муҳтарам Юртбошимизнинг 2020 йил октябр ойидаги Қашқадарё вилоятига ташрифларида ғузорлик спортсевар ёшларнинг таклифларини инобатга олиб, туман ҳокими ва сектор раҳбарларининг ташаббуси билан ташкил этилган Ғузор туман олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослашган мактаб-интернати ана шундай масканлардан.

2021 йилда туманнинг “Ярғунчи” маҳалласидаги собиқ бўш турган саноат-транспорта касб-ҳунар коллежи биносида ўз фаолиятини бошлаган таълим муассасасида 250 нафардан ортиқ ўғил-қиз спортнинг олтита тури бўйича малакали тренерлар қўл остида спорт маҳоратини оширмоқдалар. 

Мактаб-интернатида спортнинг 6 та тури бўйича фаолият юритаётган 20 нафар тренерлардан эришган натижаларига кўра қисқа вақт ичида 10 нафари малака тоифаларини оширган бўлса, ўтган икки ярим йил мобайнида 20 нафар спортчи-ўқувчилар Республика Чемпионати ғолиб ва совриндорлари бўлишгани жамоанинг ахиллик билан ишлаётганидан далолатдир.

Баҳром Авазовга ҳавас билан эгнига яктак илган Бекмурод Ҳамидов, Темур Кенжаев, Хурсанд Бобомуродов, Элноза Темирова, Севинч Тошпўлатова каби миллий курашчилар республика мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлиб, спорт усталигига номзодлик талабини бажаришди.

Енгил атлетика бўйича мураббий Исҳоқ Бобошариповнинг ўз касбини севиши, шогирдларини доимий равишда шаҳарма-шаҳар мусобақаларга олиб бориши бежиз кетмаяпти. Унинг шогирдларидан Жавоҳир Абдурасулов, Жавоҳир Тиловов, Севинч Сафарова мамлакат биринчилигида ғолиб бўлиб, олий ўқув юртига имтиёзли қабул қилиш йўлланмасини қўлга киритди. 

Бир неча бор Ўзбекистон чемпиони бўлган дзюдочи Арслон Раҳмоновнинг мазкур таълим муассасасида мураббий бўлиб иш бошлаши яна бир истиқболли режанинг амалга ошгани бўлди. Айни пайтда мактаб-интернатида 76 нафар атлет айнан дзюдо бўлимида таҳсил олмоқда. 

Албатта, спортчи-ўқувчиларни мактаб-интернатида муносиб таълим олиши, яшаши ва овқатланиши, спорт билан белгиланган тартибда шуғулланишлари учун Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, туман ҳокимлиги, вилоят спорт бошқармаси томонидан етарлича шарт-шароитлар яратилмоқда, амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳеч эътибор берганмисиз, сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳолининг ўртача умр кўриш кўрсаткичлари олдингиларга қараганда анча яхшиланди. Отахон-у, онахонлар орасида 80-90 ёшга кирса-да, ҳаракатлари тетик ва бардам, ўзлари соғлом ва бақувват кексаларимиз кўп.

Масалан, Қашқадарёнинг чапдаст фахрий полвонларидан Абдурашид Мирзаев ёши 80 га кирса-да, ҳамон шогирдлари билан кураш гиламида машқ қилиб чарчамайди. Ёки Қарши туманидан бўлган алп Маман полвон Таниев 87 ёшга кирса-да, кексаликни бўйнига олмайди. 

Бир қарасангиз, далада, бир қарасангиз боғида юмуш билан машғул эканини кўрасиз. Бу нимадан? Бу юртимизда инсон қадрининг юксалаётгани ҳамда жисмоний тарбия ва спортнинг бебаҳо неъмат эканига яққол мисолдир. Спортга берилаётган эътиборга намуна.

Биз Абдурашид полвон бободан “Кексайганда бунчалик ғайрат ва шижоатни қаердан оласиз?” деб сўраганимизда фахрий полвон, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози “Насиб бўлса, юз ёшда ҳам курашмоқчиман. Давлатимиз ғамхўрлигини қалбдан ҳис қилиб, болажонларнинг спортга ташналигини кўриб, яна ва яна ишлагим келаверади” деб жавоб қайтарганди.

Ҳа, устозлар ҳақ гапни айтади. Дарвоқе, мазкур олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича давлат ихтисослашган мактаб-интернетида меҳнат жамоасининг ишни тўғри ташкил этаётгани ва малакали мураббийлар қўл остида машғулотларга зўр бераётган спортчи-ўқувчиларнинг мусобақаларда эришган натижалари боис, 2023 йил  якунида Қашқадарё вилояти ҳокими томонидан "Йилнинг энг яхши спорт-таълим муассасаси" номинацияси ва кубогини қўлга киритган.

Демак, жорий йилги ютуқлар янаям кўпяди боиси, шу масканда меҳнат қилаётган устозлар ва спортга ошно болалар учун бу каби эътибор- эътироф уларни мақсад ва марра сари етаклаверади.

Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг