27 май 11:18
Янгиликлар
Чемпионлик сари йўл. Зангиота руҳи мададкор бунда!
Бунинг акси бўлиб, иш фақат қоғоздагина бўлса, у жойда ютуқдан кўра кўпроқ камчиликка дуч келасиз.
Хўш, Зангиота туманидаги 1- сон спорт мактабидаги аҳвол бу жиҳатларнинг қайси бирига мос келади? Биз спорт мактабида бўлиб, иш жараёнлари билан яқиндан танишдик. Икки йил муқаддам қуриб топширилган спорт мажмуасидаги шароитлар юқори даражада экани кишига дастлабки илиқ таассуротни улашади.
Бир нечта турлар билан шуғулланиш имконини берадиган спорт залида эса машғулотлар қизғин.
—Мактабимизда оммавий спортни ривожлантириш билан бирга мамлакат ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларига аъзолар ҳамда номзодларни етиштириб беришдек масъулиятли иш устувор вазифа қилиб белгилаб олинган,—деди биз билан суҳбатда спорт мактаби директори Луиза Тўрабекова.— Шунинг учун нафақат олимпия, балки ноолимпия спорт турлари бўйича ҳам машғулотлар йўлга қўйилган. Жами 44 нафар мураббий 1372 нафар спортсевар ўғил-қизга сабоқ бераётир.
Мавжуд шароитлардан оқилона фойдаланиш ва ўқувчи спортчиларнинг билим ва кўникмалари ўсиши, маҳорати ошиб бориши учун спорт мактабида тез-тез йирик мусобақалар ўтказиш қўйилган. Масалан, регби бўйича 2024 йилда U-14 мамлакат кубоги баҳсларига мезбонлик қилган бўлсак, яқинда, аниқроғи март ойида Ўзбекистон чемпионатини ҳам қабул қилдик.

Бугун мамлакатимизда эътибордан четда қолаётган спорт турининг ўзи йўқ. Бемалол айтишим мумкинки,Зангиота регби спорт турининг республикада юрагига айланади ҳали. Бизда умидли ёшлар камолга етмоқда.
Бизнинг замонавий дизайндаги ёпиқ сузиш ҳавзамиз ҳам бор. Шу боис 2025 йилда сузиш спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпионатини (U-13) ўтказдик.
Умуман олганда спорт мажмуамизда сузиш, синхрон сузиш, стол тенниси, таэквонда WTF, муай-тай, эркин кураш, дзюдо, миллий кураш мусобақаларини ўтказиш имкониятига эгамиз.
—Яқинда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев футбол бўйича миллий терма жамоа аъзолари билан учрашувда ҳар бир маҳаллада футбол майдони барпо этилиши ҳақида айтиб ўтди. Келинг, Зангиотадаги маҳаллалар ва улардаги спорт шароитлари ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз...
—Дарҳақиқат, замон билан ҳамқадам бўлишимиз —давр талаби. Бугунги Янги Ўзбекистон боласи соғлом ва баркамол бўлиши, яхши шароитларда шуғулланиши лозим.
Туман миқёсида маҳаллаларда 70 та спорт объекти мавжуд. Шундан 25 та футбол, 4 та мини футбол, 4 та сунъий қопламали майдон, 12 та волейбол, 4 та баскетбол майдони, 24 воркоут майдончаси мавжуд. Бундан ташқари, сўнгги йилларда спортнинг оммавийлигини ошириш мақсадида “Туркистон”, “Ўратепа” ва “Ибрат” маҳаллаларида стритбол-воркаут ҳамда “Навбаҳор”да воркаут спорт майдончалари қуриб берилди. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 2026-йил 1-мавсум доирасида Убай Мусаев футбол ўйингоҳига 1.6 млрд сўм миқдорда пул маблағи ютишга муваффақ бўлинди.

Яна шунингдек, йил бошида аҳоли ва қишлоқ ҳўжалигини рўйхатга олишда фаол иштирок этган учта маҳалла аҳолиси ҳам спортни тарғиб қилиш мақсадида воркаут майдончаси қуриб бериш билан тақдирланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Зангиотада спортни севишади. Қаранг, тумандаги 6 та хусусий спорт клубида ўғил-қизлар шуғулланаётир. Шунингдек, тумандаги 120 нафар жисмоний тарбия ўқитувчиси орқали 40 та мактабда спорт клублари ривожлантирилиб, 129 та гуруҳ ташкил қилинди. Уларда 2000 нафардан ошиқ ўқувчи машғулотларда иштирок этмоқда.
Бевосита оммавийлик ортидаги натижаларга назар ташласак, ўтган йилги “Президент олимпиадаси” мусобақаларида спортчиларимиз совриндор бўлди. Жумладан, Мубина Ҳусанова ҳамда Мубина Пўлатова бокс бўйича , Данил Муҳитдинов ва Кудрет Сарсенбоев эркин кураш бўйича шоҳсупага кўтарилишди...
Профессионал спортни оммавийликдан айри ривожлантириб бўлмайди. Мураббийларимиз “Туман ҳокими олимпиадаси” дан тортиб “Президент Олимпиадаси”га бўлган кўп босқичли мусобақаларни диққат билан кузатиб боришяпти. Шу тариқа янги номлар кашф этилади...

Луиза Тўрабекова билан суҳбат чоғида у истиқболли режалари билан бирга спортни янада ривожлантириш йўлидаги таклифларини ҳам айтиб ўтди:
— 2020 йилда жаҳон ва Осиё чемпионатларида олти нафар спортчимиз соввриндор бўлган бўлса, 2025 йилда уларнинг сони 34 нафарга етди. 2020 йилда миллий терма жамоаларга 15 нафар спортчи етказиб берилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 185 нафардан ошди.
Натижаларни яхшилаш мақсадида туманимизда тез-тез малакали мураббийлар иштирокида “Тренинг тур” семинарларини ўтказишни таклиф қиламан. Бунинг ёш мутахассисларга фойдаси катта бўлади.
Биз умидли спортчиларнинг ҳам дил сўзларини йзиб олдик.
—Келажакда миллионлаб ўзбек спорт ишқибозларига қувонч улашмоқчиман,— дейди биз билан суҳбатда эркин кураш бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпиони бўлган Абдуқодир Сарсенбоев.—Бунинг учун жаҳон чемпиони ва Олимпия ўйинлари ғолиби бўлишни бош мақсад қилганман.
—2025 йилда Японияда ўтган Сурдлимпия ўйинлари таэквондо бўйича кумуш медал насиб қилди, —яна бир спортчи Ҳожиакбар Ҳокимов.— Аммо шунинг ўзи ҳам гуруҳимизда шуғулланувчилар сонининг ўсишга таъсир қилди. Янги-янги ўғил-қизлар келишмоқда. Шароитларнинг аъло даражада экани, мусобақаларга ўз вақтида маблағ ажратилиши, қолаверса, ғалабаларга муносиб рағбат ва эътибор берилаётгани бунга бош сабаб, деб ўйлайман...
Биз Зангиотадаги спорт мактаби фаолиятида ўрганса арзигулик ишлар, ютуқлар, ташаббуслар борлигига гувоҳ бўлдик. Энг муҳими, қурилган спорт иншоотлари бўш қолмаяпти. Аксинча, аҳоли билан ҳамжиҳатликда янги-янги имкониятлар яратиляпти. Янги майдончалар бунёд этилаётир...
Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади




Фикрлар