14 авг 20:00
Янгиликлар

Дебютдан чемпионлик жангигача: Хамзат Чимаевнинг UFC’даги беш йили қандай ўтди?
Ўн кун ўтиб у яна чиқади — ва навбатдаги рақибини йўқ қилади.
UFC янги жангчини эмас, балки янги кучни қўлга киритди. Бу портлаш вазн тоифалари ва сценарийларга сиғмасди. Ундан қўрқишарди, унинг учун дуо қилишарди, тушунишга ҳаракат қилишарди — лекин у чегара ва вазнларни тан олмасдан фақат олдинга интилади.
Яқинда Хамзат Чимаевнинг UFC’даги дебютига беш йил тўлди. Энди эса у биринчи чемпионлик жангида иштирок этиш арафасида — рақиби ўрта вазн чемпиони Дрикус дю Плесси.
Бу беш йилда нималар бўлди? Ва нима учун, жанг натижасидан қатъи назар, Чимаев барчанинг ёдида қолади?
Илк чиқиш: одамлар орасидаги бўри
2020 йил 15 июль. Абу-Дабидаги “Жангчилар ороли”. Бўш арена, ҳар бир нафас эшитилади. Экранда — келиб чиқиши чечен бўлган швед ярим ўрта вазн жангчиси. Исми? Ҳеч ким эслаб қолмади. Айтилиши? Қийин. Тахминлар? Йўқ.
Уч дақиқадан сўнг эса уэльслик Жон Филлипсга кислород етишмай қолади. Саккиз дақиқадан сўнг эса таслим бўлади.
Ўн кундан сўнг ирландиялик Рис Макки ҳам таслим бўлади. UFC тарихида ҳеч ким ўн кунда икки марта ғалаба қозонмаган эди. Илгари рекорд Чейз Скеллига тегишли бўлиб, у 13 кунда иккита ғалабага эришган.
Чимаев UFC’га табиий офатдек кириб келди. Ортиқча сўзсиз, "разведка"сиз. Октагонга гўё бошқа ишлари бор, шошилинч келгандек кириб, ишларини тугатиб, кетади. Рақибни ерга уради, босади, бўғади. Деярли зарба ўтказмайди. Икки жангда 192 зарба берган бўлса, икки маротаба ўтказиб юборган.
У бузилган инглиз тилида ҳаммага тушунарли бўлган сўзларни айтарди: “I come to smash everybody” (“Мен ҳаммани майдалаш учун келдим”). Бу ибора унинг шиорига айланди. Лекин бу фақат мақтанчоқлик эмасди — бу режа, услуб ва тамойил эди. У жангни бир томонлама зўравонликка айлантирарди.
Навбатдаги "қурбон” — Жералд Миршерт ҳам атиги 17 сонияда енгилди. 66 кунда уч ғалаба — UFC тарихида бундан олдин ҳеч ким бундай қилмаган. Уч жангда учта рекорд.
Чимаев тезда қизиқарли фигурага айланди: кимдир учун у янги Хабиб, кимдир учун тажовузкор ҳукмдор, кимдир учун спортнинг охири ва бутунлай бошқа нарсанинг бошланиши. Лекин у уларнинг ҳеч бири эмасди. У шунчаки одамлар орасидаги бўри эди — ниқобсиз, иккиланишсиз, мағлубиятсиз.
Жангчи ва сирли шахс
Хамзат Чеченистонда туғилган, Швецияда ўсган, курашчидай гапиради, жиннидек уради ва тақводордек ибодат қилади. У ҳеч қандай маданий қолипга сиғмайдиган образга айланди. Шунинг учун ҳам у янги тўлқиннинг рамзи бўлди.
Хабиб кетгач, "маънавий етакчилик тахти" бўш қолди. UFC’га мусулмон дунёсидаги янги қаҳрамон керак эди — кучли шахсият, лекин бошқача услубда. Чимаев насиҳат қилмасди, “Аллоҳ” сўзини ҳар иккинчи жумлада айтмасди. У фақат чиқарди ва "йиртиб ташларди".
Унинг нутқи оддий, талаффузи қийинроқ, қараши совуқ. Фақат ният бор эди. Ҳеч қандай “яқинда қайтаман”, “UFC’га раҳмат” йўқ. Фақат: “Мен ҳаммани ўлдираман. Менга бир кечада учта рақиб беринг”.
У Хабибга ўхшамасди — на характери, на ҳаракатлари. Хабибда — интизом, Чимаевда — инстинкт. Хабибда — назорат, Хамзатда — вайрон қилиш. Лекин унинг образи медиа жиҳатдан ҳам кучлироқ чиқди. У кўча жангчисига ўхшарди, ғазабли жангчидай ибодат қиларди ва раҳбардек гапирарди. Унинг жангсиз чиқишлари ҳам ўзгача воқеликларга айланиб кетарди.
UFC ҳам шуни ҳис қилди: Чимаевни алоҳида реклама қилиш шарт эмас — у ўзи шу ишни қила олади. Нигоҳлар тўқнашуви ёки матбуот анжуманидаги бир гап — ва барчаси ўзи юриб кетади.
Оғир синовлар ва қайтиш
Барчаси тезда тугаб қолиши ҳам мумкин эди.
2020 йил охирида, чўққига кўтарилган пайтда Чимаев йўқ бўлиб қолди. Аввалига — жароҳатлар, кейин — коронавирус ҳақида хабарлар. Кейинчалик қонли йўталиши ва машғулотни тугата олмаган ҳолатлар бўлгани маълум бўлди. Бир куни Instagram’да шундай ёзди: “Менимча, фаолиятим тугади. Аллоҳ соғлиғимни олди — мен буни қабул қиламан”.
У ёш, мағлубиятсиз ва ёввойи бўлса ҳам, бир пайтнинг ўзида сукутга чўмди. UFC уни қутқаришга ҳаракат қилди, Лас-Вегасда даволашди, Швецияга олиб боришди. Савол эса очиқ қолди: барчага ҳужум қилган “машина” қайтадан одам сифатида қайтиши мумкинми?
2021 йил октябрида у қайтди — Ли Цзинлянга қарши. Бу жангни жанг деб ҳам бўлмайди. Хамзат рақибини бутун октагон бўйлаб кўтариб юриб, Дана Уайтнинг оёғи остига ташлади ва уч дақиқада бўғиб таслим қилди. Ташкилотдагиларнинг кўнгли хотиржам бўлди. Бўри тирик эди.
Навбатдаги қадам - "қоплар"га қарши жанг эмасди. 2022 йил апрелида ўтказилган UFC 273 турнирида Чимаев Гилберт Бёрнсга қарши чиқди. Бу рақиб унга тенг даражада жанг қила оладиган ҳақиқий ёввойи эди. Бу сафар Чимаев биринчи марта тўлиқ устунлик қила олмади — у ҳақиқий кураш олиб борди. Юздан зарба ўтказиб юборди, режани йўқотди, чарчади. Оғзидан қон келди. Секундантларга қўпол муносабатда бўлди.
Лекин шу тўполонда ҳам очиқ жанг қилишдан чекинмади, ҳакамлар қарори билан ғалаба қозонди. У фақат йўқ қилиб ташловчи эмас, балки чидамли жангчи эканлиги ҳам кўринганди.
Чемпионлик йўли
Чимаев 77 ва 84 кг орасида жанг қилади — икки вазн орасида қолган. Иккала вазн ҳам унга тўлиқ тегишли эмас. UFC уни қаерга жойлашни билмасди, лекин у камар хоҳларди.
Нейт Диасга қарши жанг олдидан вазн қила олмагани унинг обрўсига путур етказди. Кевин Холландни икки дақиқада бўғиб енгди, лекин саволлар қолди.
2023 йил октябрида P4P собиқ қироли, собиқ чемпион Камару Усманни ҳакамлар қарори билан енгди. Лекин беш раундлик жанг бўлганида натижа бошқача бўлиши мумкинлиги ҳақида гаплар бўлди.
Орадан бир йил ўтиб Роберт Уиттакерни биринчи раундда рақибини енгди — унга чуқур жароҳат етказди, Роберт ҳатто тишларини имплант билан алмаштиришга тўғри келди.
Камар учун сўнгги қадам
Беш йиллик босиб ўтилган йўлдан сўнг Хамзат Чимаев биринчи марта камар учун жанг қилади — Дрикус дю Плессига қарши. Бу нафақат спорт, балки рамзий тўқнашув: чидамли, рақибини синдириб ташлайдиган Африка қаҳрамони ва мусулмон, агрессия ва юқори ишончга эга бўлган Кавказ бўриси.
Дю Плесси — чидамли, тактик ва рақибни жароҳатлашга уста. Хамзат — тезкор ҳужумчи, муросасиз курашчи ва агрессив рақиб.
Хамзат учун ғалаба - нафақат камар, балки ўзини бутун дунёга танитиш имконини беради. Оддий жойдан келиб, қиролга айланади. Мағлубият эса - якун эмас, янги дарс бўлади ва ундаги оловни янада алангалатади.
Хамзат Чимаев — оддий жангчи эмас. У бир авлод учун рамз. Кавказ, Европа ва Яқин Шарқдан чиққан минглаб ёш жангчилар учун у орзу ва эркинлик рамзи.
17 август куни Чикагода ўтказиладиган жангдан сўнг камар олмаслиги ҳам мумкин, лекин у аллақачон UFC қоидаларини ўзгартирди. Кейингилар учун йўл очди ва спортни ичидан ўзгартира олди.
sports.ru сайти асосида тайёрланди
Фикрлар