15 ноя 18:41
Янгиликлар
Белбоғли кураш. Кучлилар Фарғонада аниқланди
Спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг тақвим-режасига мувофиқ ташкил этилган мазкур мусобақада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 200 нафарга яқин энг сара поовонлар вазн тоифалари бўйича ғолиблик учун баҳс олиб боришди.

Мусобақанинг биринчи кунида эркаклар белбоғли курашнинг классик йўналиши бўйича 9 та вазн тоифасида куч синашган бўлса, кейинги кунларда эркаклар ва аёллар эркин йўналишдаги беллашувларда иштирок этишди.
Шунингдек, мусобақа доирасида тантанали очилиш маросими ҳам ташкил этилди. Унда Фарғона вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Нодиржон Ҳакимов ҳамда белбоғли кураш бўйича катталар терма жамоаси бош мураббийи Шавкат Мирзақулов сўзга чиқиб, иштирокчиларни қутлашди ва уларга беллашувларда омад тилашди.

Қизғин ва муросасиз кечган мусобақа якунида умумжамоа ҳисобида энг кўп медалларни қўлга киритган Фарғона вилояти жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Наманган вилояти полвонларига насиб этган бўлса, Тошкент вилояти жамоаси учинчи ўринни банд этди.
Шу тариқа, миллий спортимиз ривожига хизмат қилувчи мазкур мусобақа кучли полвонларни аниқлаш ва мамлакат миллий терма жамоасига муносиб номзодларни аниқлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.






Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади
Фикрлар