31 мар 09:18
Янгиликлар
Фабио Каннаваро: "Мундиалда барчаси бошқача бўлади"
"Жуда яхши ўйин бўлди. Кўплаб вазиятларимизни кўкка совурдик. Асосий вақтда ютишимиз учун барча имкониятимиз бор. Ўйинни назорат қилдик ва рақибга босим ўтказдик. Бундай жамоаларга қарши ўйнаш ҳар доим осон эмас. Жамоам намойиш этган ўйиндан жуда ҳам хурсандман. Сабаби қисқа вақт ичида кўп нарсаларга улгурмаймиз. Бугун майдонда характер кўрдик, руҳиятли ва жиддий ўйин. Йигитларга бошқа ўртоқлик ўйинлари йўқлигини кийиниш хонасида айтдим", - деди Фабио Каннаваро.
- Габонга қарши ўйинда ҳимоямиз кўплаб хатоларга йўл қўйган эди. Бугунги ўйиндаги ҳимоячиларнинг ҳаракатларига баҳо бериб ўтсангиз. Умумий икки учрашувда ҳимоя чизиғи намойиш этган ўйиндан қанчалик қониқдингиз?
- Жиддий ўйин бўлди. Рақибга имконият бермадик. Баҳсни яхши бошладик ва рақибга ҳар доим прессинг қилдик. Яккакурашларда ғалаба қозондик. Буларнинг барчаси осон бўлмади. Бугун йигитлар жуда яхши ўйин ўтказишди. Ҳимоячилар ёлғиз равишда ўйинни юта олишмайди. Шунинг учун ярим ҳимоячилар ва ҳужумчилар билан бирга тўғри ўйнаш керак. Ҳимоя жамоа сифатида жуда яхши ишладик.
- Стандарт вазиятлар ва бурчак зарбаларимиз борган сари хавфлироқ тус олмоқда. Стандарт вазиятлардан тўғри фойдаланиш терма жамоамизнинг навбатдаги мақсадими?
- Стандарт вазиятлар устида ишлашга вақтимиз кўп эмас. Лекин имкон қадар иш олиб бордик. Янги маълумотлар топиб, футболчиларга тақдим этдик. Жамоамизда икки нафар футболчи ҳам жуда яхши зарбага эга. Отабек Шукуров ва Азизбек Ғаниевлар узоқ масофадан жуда яхши зарба беришади. Ушбу аспектлар устида иш олиб боришимиз керак.
- Қайси футболчи жорий ФИФА кунларида сизни яхши томонлама ҳайрон қолдирди?
- Барча ўйинчилар ўзини жуда яхши кўрсатди. Ўтган баҳсда ҳам яхши ҳаракат қилган эдик, аммо концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли "жиннича" хатоларга йўл қўйгандик. Бугун футболчилар мен сўраган барча кўрсатмаларни бажаришди.

- Дастлабки 15 дақиқада юқори прессинг қилдик. Танаффусдан сўнг эса жамоа чарчаб қолгандек туюлди. Жисмоний жиҳат устида қандай иш олиб бормоқчисиз?
- Бу нормал ҳолат. Баъзи ўйинчиларни ўзгартирдик. Интенсивлик бошқача эди. Футболчиларга ҳам имконият бердик. Жисмоний ҳолатимиз янада яхшиланади деган умиддаман. Яна бир нарсани унутмайлик, Суперлигада энди тўртинчи тур якунланди. Ҳали мавсум яримига ҳам етиб келмади. Мавсум ярмига келганда фарқни кўрасиз.
- Майдон марказида муаммолар бордек. Ҳамробеков - Шукуров тандеми сусайиб қолгандек. Ушбу камчиликка қандай ечим топмоқчисиз?
- Қандай муаммо кўрдингиз?
- Рақиблар тезкор паслар орқани марказни ёриб ўтишди...
- Менимча, улар жуда яхши ўйнашяпти. Майдон марказини фақатгина икки футболчига топширсак, барча зоналарни ёпиш иложсиз бўлиб қолади. Вингерлар, қанот ҳимоячилари, ҳимоячиларимиз бирга ҳаракат қилиши керак. Агар иккита таянч ярим ҳимоячиси билан ўйнай оламиз деб ўйласак. Катта хато бўлади ва бунинг иложи йўқ.
- Абдувоҳид Неъматовни асосий таркибда майдонга тушириш пенальтилар сериясига тайёргарликмиди ёки Юсуповда жароҳат бормиди?
- Йўқ. Мен ўйиндан анча олдин бундай қарорга келгандим. Ўйиндан олдин дарвозабонлар мураббийи билан гаплашган эдим. Икки ўйинни икки хил дарвозабон билан ўтказамиз деган қарорга келгандик. Агар имконият бўлса, иккинчи учрашувнинг сўнгги 20 дақиқасида учинчи дарвозабонга имконият берардик. Олдинда ушбу ғоямиз бор эди.

- Терма жамоага кўпроқ ёш футболчиларни жалб этишда қандай ишларни бажаряпсиз?
- Мен имкон қадар кўпроқ футболчиларни кўриб олишга ҳаракат қиламан. Бироқ барчани кузатиб боришнинг иложи йўқ. Тўлиқ Республикани қамраб олиш қийин, афсуски. Ёшлар терма жамоалари мураббийлари билан биргаликда скаутинг ишларини олиб боряпмиз. Биз иложи борича ёшларга имконият беришга ҳаракат қиламиз.
- ЖЧдан олдинги сўнгги йиғин ҳақидаги хулосаларингиз? Ҳозирги ҳолатда мундиалга қанчалик тайёрмиз?
- Мундиал бошқача бўлади. Бизнинг рақибларимиз бошқа бўлади. Темп, об-ҳаво ва барчаси бошқача бўлади. Ўртоқлик ўйинларини мундиал билан солиштира олмаймиз. Қадамба қадам янгиликлар қилиб боряпмиз. Ўзгаришларга қўл урмоқдамиз.
- МТЖ ЖЧдан олдинги йиғинни 5-май куни бошлаши кутилмоқда. Апрель ойида эса Суперлиганинг еттита тур ўйинлари ўтказилиши режалаштирилган. Жуда зич тақвимда футболчиларнинг жароҳат олиш эҳтимоли юқори бўлади. Зич тақвим эса айнан сизнинг истагингиз ва режангиз туфайли тузилди. Ушбу жиҳат сизни қанчалик хавотирга солмоқда? Масалан, сўнгги Осиё Кубогидан олдин кўплаб етакчи футболчиларимиз жароҳат олиб, мусобақада иштирок эта олмаганди...
- Бу нормал ҳолат. Чемпионат бошланганида жароҳатланган футболчилар бўлиши одатий ҳол. Биз майда йиғиламиз. Икки ҳафталик йиғин ўтказиб, иккита назорат ўйини ўтказамиз. Легионерларни футболчилар ҳам йиғилганда қўшилганидан сўнг яна бир ҳафта давомида машғулот олиб борамиз. Шу ҳафта давомида яна бир назорат ўйинини ташкил этамиз. Кейин эса Канадага учиб кетамиз. Ўртоқлик ўйинларидаги иштирок учун. Ушбу вақт давомида барчасини назорат қилишга ҳаракат қиламан. Ўйинчиларнинг ҳолатини яхшилашга интиламиз. Жароҳатлар жуда катта фактор. Шу сабабли тиббий штабни яхшиладик. Жисмоний ҳолатимизни кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз. Жароҳатлар сонини максимал тарзда камайтиришни хоҳлаймиз. Футболчилар юқори темпда ўйнай олишига ёрдам беришни мақсад қилганмиз. Агар тўғри овқатланиб, тўғри машғулот олиб борса, тўғри ухласа футболчининг фаолияти ўн йил эмас, ўн беш йил давом этиши мумкин. Фарқ мана шундай ҳолатларда сезилади. Футболчиларга нисбатан қабул қилаётган қарорларим, уларнинг соғлигига берилаётган ортиқча эътибор баъзи инсонларга ғалати туюлаётгандир. Бироқ мен футболчилар ҳақида ўйлаяпман ва улар узоқ йиллар давомида футбол ўйнашини кўзлаганман. Барчага раҳмат, кўришгунча.

Фикрлар