UZ

Сўнгги янгиликлар

20:57Айтжан Халмаханов жаҳон чемпионатининг кумуш медалига сазовор бўлди 0 18:36Ямаль нима учун "Олтин тўп"ни ололмади? “France Football” бош муҳаррири изоҳ берди 0 17:49Кудерметова Гуанчжоудаги турнирда индонезиялик теннисчига қарши кортга чиқди 0 17:012027 йилнинг илк UFC турнири эълон қилинди + ПОСТЕР 0 16:07Бугун Синдаров Clutch Chess турниридаги иштирокини бошлайди 0 15:16Остон Ўрунов яна жароҳат олди 0 14:31Волкановски Топурия билан реванш ўтказишга тайёр 0 13:10Каспаров Жавоҳир Синдаровнинг Гукешга қарши жаҳон тожи учун баҳси ҳақида гапирди 0 12:08Жасур Алижонов Рамазон Темиров қаерда хато қилганини айтди 0 11:30Sofascore. "Нефтчи" ва "Пахтакор" футболчилари кечаги учрашувлар учун неча баҳога лойиқ кўрилди? 0 10:45Айтжан Халмаханов Жаҳон чемпионлиги учун финалда курашади 0 09:48Тошкентда стол тенниси бўйича Осиё чемпионати якунланди 0 09:03Хайме Мунгия барибир Никита Зон билан жанг қиладиган бўлди 0 19:56Сафонов, Батраков , Захарян, Головин, Миранчук... Россия терма жамоаси Ўзбекистон билан ўйин учун қайдномасини маълум қилди 0 19:20Разамбек Жамалов тизза жароҳати сабаб Жаҳон чемпионатини ўтказиб юборади 0

28 июл 17:25
Янгиликлар

Шахмат

Гукеш ва Синдаров ўртасидаги Жаҳон тожи учун баҳс қачон ва қаерда ўтказилиши расман эълон қилинди

Амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммараджу ва даъвогар Жавоҳир Синдаров ўртасидаги ФИДЕ Жаҳон чемпионати–2026 баҳси 25 ноябрдан 15 декабрга қадар Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтади.

Мусобақа бошланадиган вақтда Ҳиндистон вакили Гукеш ҳам, Ўзбекистон вакили Синдаров ҳам 20 ёшда бўлади. Шу тариқа, ушбу баҳс шахмат тарихидаги энг ёш жаҳон чемпионлиги учун учрашув сифатида қайд этилади.

ФИДЕ муваққат президенти Вишванатан Ананд мазкур қарор юзасидан шундай деди:

«ФИДЕ Жаҳон чемпионати баҳсига мезбонлик қилиш истагини Ҳиндистон, АҚШ ва Кипр каби бир қатор давлатлар билдирди. Барча таклифларни синчиклаб кўриб чиққанимиздан сўнг, баҳсни нейтрал ҳудудда ўтказиш ва уни миллатлар ҳамда маданиятларни бирлаштириб келган тарихий анъаналарга эга Женева шаҳрида ташкил этишга қарор қилдик. Биз бутун жаҳон шахмат ҳамжамиятини Швейцарияда кутиб олишни интиқлик билан кутяпмиз. Маҳаллий мухлислар жаҳон даражасидаги шахматни жонли томоша қилиш имконига эга бўлишади, дунё бўйлаб миллионлаб мухлислар эса энг олий шахмат унвони учун кечадиган баҳсни онлайн кузатишлари мумкин бўлади».

Швейцария шахмат федерацияси президенти Андре Фёгтлин ҳам Женева мезбон сифатида танланганини юқори баҳолади:

«Бу Швейцария шахмати учун ҳақиқатан ҳам ўзига хос кун. Бриссагодан кейин орадан 22 йил ўтиб, жаҳон миқёсидаги шахмат мусобақаси яна Швейцарияга қайтмоқда. Биз учун бу шунчаки қувончли хабар эмас — мамлакатимиз шахмати тарихидаги муҳим бурилиш нуқтаси бўлиб, бизга катта илҳом ва мотивация бағишлайди».

Фёгтлиннинг таъкидлашича, бундай йирик мусобақага мезбонлик қилиш катта шараф билан бирга улкан имконият ҳамдир.

«Бу Швейцарияда шахматнинг оммавийлигини янада ошириш ва янги авлодни ушбу спорт турига жалб этиш учун ноёб имкониятдир. Яқин ҳафталар давомида ушбу мегамусобақадан мамлакатимизда “шоҳона ўйин” оммалашувини кучайтириш мақсадида қандай фойдаланаётганимиз ҳақида мунтазам маълумот бериб борамиз», — деди у.

Баҳс ҳақида

ФИДЕ Жаҳон чемпионати баҳси — Жаҳон чемпионати циклининг энг юқори босқичи бўлиб, унда амалдаги жаҳон чемпиони ҳамда чемпионлик учун курашиш ҳуқуқини қўлга киритган даъвогар ўзаро тўқнаш келади.

Амалдаги чемпион сифатида Гукеш 2024 йил декабрь ойида Сингапурда қўлга киритган тожини ҳимоя қилади. У 18 ёшида хитойлик Дин Лижэньни классик баҳсларнинг ўн тўртинчи ва ҳал қилувчи партиясида мағлуб этиб, шахмат тарихидаги 18-жаҳон чемпиони ҳамда энг ёш жаҳон чемпионига айланган эди.

Жавоҳир Синдаров эса 2026 йил Кипрда бўлиб ўтган ФИДЕ Даъвогарлар турнирида ғолиб чиқиб, жаҳон чемпионига қарши ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди. Ўзбекистонлик гроссмейстер мусобақа якунланишига бир тур қолганидаёқ биринчи ўринни кафолатлади. Бу натижа унинг 2025 йилги ФИДЕ Жаҳон кубогидаги ғалабасидан кейинги яна бир йирик ютуғи бўлди.

Женевадаги ушбу баҳс шахматнинг янги авлодидаги энг ёрқин юлдузлардан иккисини жаҳон чемпионлиги унвони учун ўзаро қарши қўяди.

Баҳс формати

ФИДЕ Жаҳон чемпионати баҳси 14 та классик партиядан иборат бўлади.

Биринчи бўлиб 7,5 очко тўплаган шахматчи ғолиб деб эълон қилинади ва шундан кейин қўшимча партиялар ўтказилмайди.

Агар 14 та классик партиядан сўнг ҳисоб тенг бўлса, жаҳон чемпиони тай-брейк баҳслари орқали аниқланади.

Рейтинг: +1   

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг