UZ

Сўнгги янгиликлар

19:16ОЧЛда қатнашадиган "Андижон" икки легионерни ўз сафига қўшиб олмоқчи 0 18:55Рамазон Темиров октагонга чиқадиган UFC турнирининг марказий жанги маълум бўлди 0 18:32"Tashkent Select" узоқ танаффусдан кейин яна ғалаба қозонди 0 18:10Промоутер Фьюрининг фаолиятини якунлаши эҳтимоли ҳақида гапирди 0 17:48Аббос Файзуллаев: "Уйғонганимда бутун вужудим оғриган пайтларим бўлди" 0 17:24Дана Уайт ваъда қилган 2025 йилдаги ақлдан оздирадиган мегажанг қайси спортчилар ўртасида кечиши маълум бўлди 0 17:01Владимир Путин МДҲ давлатларини БРИКС ўйинларида қатнашишга чорлади 0 16:39Юлдузли кард йиғилмоқда. Суҳроббек Атажанов ҳам Тошкентда жанг қилади (ПОСТЕР) 0 16:16"Пахтакор"нинг Туркиядаги ўқув-йиғин машғулотлари давомидаги рақиблари маълум 0 15:54Собиқ жаҳон чемпиони: "Баҳодир Жалолов Усикни ҳам мағлуб эта олади, фақат..." 0 15:32"UFC Макгрегорнинг кетишига йўл қўймайди" - Эдди Альварес 0 15:10WBC рейтинги янгиланди. Ўзбек боксчиларининг ўрни қандай? 0 14:48Суперлиганинг 5 та, Про лиганинг 1 та клубига трансфер тақиқи қўйилди 0 14:24Отабек Холматов собиқ Жаҳон чемпиони билан реванш жангини ўтказмоқчи 0 14:01"100 минг доллардан арзонга уйимдан чиқмайман" - Жон Жонс 0

06 май 18:18
Янгиликлар

Дзюдо

Катта интервью. Азизжон Камилов ўзбек дзюдосининг олимпия истиқболлари ҳақида

Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Aзизжон Камилов ўз интервьюсида ҳозирги чекловлар ва ноаниқлик шароитида, спорт ташкилотини ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, республикада дзюдонинг оммавийлигини ошириш режалари билан ўртоқлашди.

– Азизжон Ёқубжонович, дунё бўйлаб коронавируснинг тарқалиши муносабати билан, ХОҚ Токиодаги Олимпия ўйинларини 2021 йилга кўчирилишини эълон қилди. Сизнинг мазкур қарорга муносабатингиз қандай бўлди?

– Аввало, мамлакатимиз ҳукуматига, ҳатто ҳозиргидек оғир дамларда ҳам спортни қўллаб-қувватлаш, спортчилар карантин даврида спорт билан хавфсиз шуғулланишлари учун барча шароитларни яратиб бераётгани учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ўз ўрнида биз спортчилар Токио Олимпия ўйинларига янада жиддий тайёргарлик кўришимиз ва аввалгидан ҳам кўпроқ ишлашимиз керак. Энди бевосита саволингизга келсак, мен бу янгиликни хотиржамлик билан қабул қилдим ва буни тўғри тушундим. Сабаби, бу жуда оқилона ва кутилган қарор эди. Дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакат спортчилари Токиода йиғилишлари керак ва бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас эди. Асосийси, бу қарор ХОҚ томонидан глобал хавфсизлик учун қабул қилинган - айни дамда инфекцияни енгиш ҳаммасидан муҳимроқдир.


– Олимпиада бир йилга сурилди. Бу ҳолатда Ўзбекистон терма жамоаси тўрт йилликнинг асосий стартига қандай тайёрланмоқда?

– Биз спортчиларимизнинг ўқув жараёни узилмаслиги учун барча зарур чораларни кўрган ҳолда йигитларни 2021 йилдаги муносиб натижаларга тайёрлашда давом этяпмиз. Олимпиаданинг сурилиши спортчиларнинг бўшашиб, дам олишлари учун баҳона бўлмаслиги керак эди ва бундай бўлмади ҳам. Бизнинг жамоамиз ҳозир ҳам том маънода стартда тайёр турибди.


– Дзюдочиларимизнинг тайёргарлиги ва спорт формаси, шунингдек, Олимпия ўйинлари лицензияларини қўлга киритишга асосий даъвогарларимиз ҳақида нима дея оласиз? Улар ўзларини қандай ҳис қилишмоқда?

– Дзюдочиларимиз ўртасидаги рақобат ҳақиқатан ҳам жуда юқори. Ўйинларга яқинлашаётганимиз сайин ҳар ойда кураш янада кучайиб боради. Буни ҳар бир спортчи ҳис қилади ва умуман олганда бу тушунарли ҳолат. Гап шундаки, бизда ҳақиқатан ҳам жуда кўп истеъдодлар бор. Шунинг учун йигитлар астойдил машқ қиладилар ва жисмоний кўрсаткичларини диққат билан кузатадилар. Биз барча вазн тоифаларида кучли даъвогарларга эгамиз, бу аслида камдан-кам учрайдиган ҳолат. Масалан, Дюссельдорфда бўлиб ўтган "Катта Дубулға" турнири ғолиблари ўзларининг юқори чўққиларида ажойиб натижаларни намоён этишмоқда: Давлат Бобонов (-90 кг) ва Муҳаммадкарим Хуррамов (-100 кг), Париждаги “Катта Дубулға” кумуш ва бронза медали соҳиблари Шарофиддин Болтабоев (-81 кг) ва Ҳикматиллоҳ Тўраев (-73 кг), шунингдек Токиодаги Жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори Шарофиддин Лутфуллаев (-60 кг). Шу билан бирга, муносиб натижаларни намойиш этадиган аёллар жамоасини ҳам унутмаслик керак.


– Келаси йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиадада мураббийлар штаби ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси олдига қандай вазифалар қўйилган?

– Мақсадимиз жуда юқори ва бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Биз Олимпия ўйинларидан камида 3-4 та медални, шу жумладан энг юқори пробалиларини ҳам олиб келишни кутяпмиз. Айтмоқчи бўлганим, мураббийлар штаби, раҳбарият ва спортчилар зиммасига катта масъулият юкланган. Шу билан бирга, ҳар бир киши танланган стратегияни амалга ошириш учун биргаликда, қатъий ва юқори масъулият билан ишлайди.


– Дзюдо ривожида минтақаларнинг ютуқлари ҳақида гапириб беринг. Ўзбекистоннинг спорт марказлари сифатида ҳудудларнинг мустаҳкамланиши қандай натижаларга олиб келиши мумкин?

– Мамлакатимизда дзюдо спорт турига катта эътибор қаратилаётгани қувонарлидир: масалан, ихтисослаштирилган мактаблар тажрибали мураббийлар томонидан муваффақиятли бошқарилмоқда. Бу ерда шуни таъкидлаш керакки, иқтидорли ёш спортчилар кўп. Бу йил International Judo Federation (IJF) билан биргаликда 40 га яқин шундай мактабларни очишни режалаштиряпмиз. Бу шубҳасиз ушбу спорт турининг оммавийлигини оширади ва энг муҳими республикага янги чемпионларни тақдим этади.


– Ўзбекистонлик дзюдочилар учун муҳим воқеалардан бири бу Жаҳон чемпионатининг Тошкентда ўтказиш имкониятининг юзага келгани бўлди. Мусобақага тайёргарлик қандай кетмоқда ва унинг санаси маълумми?

– Бу биз учун ҳақиқатан ҳам катта воқейлик. 2021 йилда дзюдо бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг Ўзбекистонда ўтказилиши бизни руҳлантиради. Мусобақани ўтказишга тайёргарлик қизғин кетмоқда: ҳозир биз IJFнинг Тошкент чемпионатидаги иштироки Олимпия ўйинларига саралаш босқичи бўлади деган қарорига умид қилмоқдамиз. 


– Азизжон Ёқубжонович, сизда бундай кенг кўламли ва жиддий тадбирни ўтказиш ғояси қандай пайдо бўлди?

– Албатта, бу шунчаки, ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Ўтган йили Тошкентда дзюдо бўйича Гран-при турнирини юқори савияда ўтказа олдик. Буни халқаро экспертлар, мусобақага ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар ҳам эътироф этишди. Бу каби катта мусобақаларни халқаро талаблар даражасида ўтказа олишимизни исботлай олдик. Айнан шу омиллар сабаб бўлиб, жаҳон чемпионати мезбонлиги учун ўз номзодимизни илгари сурдик. Шу йил бошида Тошкентда Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳамда Халқаро дзюдо федерацияси ўртасида 2021 йилги дзюдо бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ўтказиш бўйича шартнома имзоланди.


– Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер Ўзбекистонга келганидан кейин "Ҳумо Арена" спорт мажмуасига ташриф буюрди. Унинг янги арена ҳақидаги фикри қандай бўлди?

– Жаноб Визер кўп тармоқли “Ҳумо Арена”га юқори баҳо бериш баробарида катталар терма жамоамизнинг мусобақалардаги иштироки, уларга яратилган шароитлар ҳақида илиқ фикр билдирди. 


– Албатта, Ўзбекистон дзюдо федерацияси халқаро мусобақаларни ҳар доим юқори даражада ўтказиб келган. Бунга Тошкент Гран-приси яққол мисол. Лекин жаҳон чемпионати умуман бошқа даража. Шу маънода айтингчи, биз кўпроқ нимага эътибор қаратишимиз ва қайси томондан тайёргарлик кўришимиз керак?

– Албатта, спорт ва имиж даражи бўйича жаҳон чемпионатини Гран-при билан таққослаб бўлмайди. Лекин бизнинг ажойиб жамоамиз бор. Биз республика спорт раҳбарияти ва кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланаётганимизни ҳис қиламиз. Масъулиятимизни яхши англаймиз ва энг муҳими, Ўзбекистон жиддий спорт қудратига эга давлат эканлигини яна бир бор ўзимиз учун ҳам, бутун дунё учун ҳам исботламоқчимиз. Жаҳон чемпионати мамлакатда дзюдо машҳурлигининг ўсишига ва бундан ташқари сайёҳлик йўналишининг ривожига катта туртки бўлишига шубҳа йўқ. Буни англаб, шуни айта оламанки, биз буни уддалай оламиз.

– Чемпионат бошланишининг санаси аниқми? Бўлажак жаҳон чемпионатининг PR-компанияси ва рекламаси қачон бошланади?

– Ҳозир биз санани аниқлаш бўйича IJF билан музокаралар босқичидамиз. Мусобақа санаси расман тасдиқланганидан сўнг тўғридан-тўғри PR-компанияга ўтамиз.


– Бўлажак жаҳон чемпионатининг талисмани, яъни туморини танлаш ҳақида нима дея оласиз? Ва умуман тумор бўладими?

– Албатта бўлади. Ҳар бир мусобақанинг рамзи бўлганидек, биз ҳам бунга алоҳида эътибор қаратганмиз. Шу масала устида ҳам ишлаяпмиз. 


– Хорижлик мураббийлар - Илиас Илиадис ва Тому Торининг Ўзбекистондаги фаолиятини таҳлил қилиб, уларнинг фаолияти ҳақида нима дея оласиз? Мураббийлар жамоага қўшилиб кета олишдими? Сиз кутган натижани беришяптими?

– Биласизми, Илиас Илиадис - тирик спорт афсонаси, ажойиб дзюдочи, Олимпия чемпиони ва моҳир мураббий. Жамоамиз бош мураббийи сифатида у спортчиларни жуда теран ҳис қилади, ажойиб муҳитни яратади. Тому Тори Япониядаги машҳур Кодокан мактабининг битирувчиси ҳисобланади. Шу жиҳатдан тажрибаси катта ва спортчиларга бу йўналишда кўп ёрдам беряпти. Йигитларни меҳнатга ундайди. Натижаларимиз ҳам ижобий томонга ўзгарди. Жамоадаги муҳит ҳам жуда яхши. Бу ҳам мураббийларнинг хизмати.


– Илиас Илиадис билан қанча муддатга шартнома имзоланган?

– Натижалардан кўнглимиз тўляпти. Спортчилар ҳам Илиадис билан ишлашдан хурсандлар. Аслида шартнома шу йилнинг октябрида якунига етиши керак. Лекин биз ҳамкорликни давом эттиришни режалаштирганмиз. Зеро, олимпия ўйинлари ҳам 2021 йилга қолдирилди.


– Бугунги синовли кунларда спортчиларга, мураббийларга тилакларингиз...

– Бу жуда оғир давр. Аммо, мен ҳар қандай инқироз ҳолатини ҳам имконият сифатида кўришга одатланганман. Шундан келиб чиқиб, федерациямизнинг ҳар бир ходимини хотиржам бўлмасликка, спортчилар ва мураббийларни тушкунликка тушмасдан, машғулотларни тўлиқ куч билан давом эттиришга чақираман. 


Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг