17 окт 15:40
Янгиликлар
КАТТА ИНТЕРВЬЮ: Ғанишер Раҳматуллаев спорт шарҳловчилари, теннис, "Заковат" ва яна кўплаб мавзулар ҳақида
Журналист Евдоким Раимов Ғанишер Раҳматуллаев билан катта суҳбат ташкил этди.
Интервьюнинг ўзбек тилидаги вариантини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Ғанишер ака, кўпчилик сизнинг Спорт ТВдаги шарҳловчилик фаолиятингизни эслайди. Аммо, кейин йўқолиб қолдингиз. Ҳозирда нима билан шуғулланяпсиз?
Теннис билан тинимсиз 40 йилдан бери шуғулланаман. Ҳозир эса шуғуллантиряпман. Спортчилар билан эмас-ку, кўпроқ ҳаваскорлар билан. Чунки ҳаммасига вақт етмайди. Кўп вақтим сериалларда суратга тушишга сарфланади. Қандайдир актёр бўлиб қолдим, буни ўзим ҳам тушунмаяпман (кулади). Мени сериаллар, фильмларга чақиришяпти, роллар таклиф қилишяпти. Айнан ойнинг сўнггида битта сериал, октябрда яна биттаси чиқиши керак. Шундай экан, медиани унчалик ҳам тарк этмаганман.
Бундан ташқари, биз ҳар ҳафта квизлар ўтказамиз. Бу мамлакатимизда машҳур бўлган Паб-квиз форматидир. Аслида, биз бундай нарсаларни олиб кирган биринчи инсонлардан бири бўлдик. Бундан ташқари, мен Наргиз Закированинг концерт директориман.
Эшитишимча, теннис фаолиятингизни жароҳат сабаб якунлагансиз. Теннисчи сифатида қандай энг ёрқин муваффақиятларингизни қайд эта оласиз?
Биринчидан, мен Спорт устаси унвонини Совет давридаёқ олганман, айнан ўша патда Иттифоқ парчаланган эди. Биз энг юқори нуқтамизга чиқдик. Ўйнашим мумкин эди. Аммо, ўшанда давлат томонидан шароит ва ёрдамни ҳис қилмадим. Шу билан бирга, пауза форма ва ўйин даражасига таъсир қилди. Мусобақаларни 1993-1994 йилларда тиклашди. Бу йўқотилган икки йил эди. Узоқ танаффусдан сўнг шуғулланишни бошласанг, жароҳат эҳтимоли кўпроқ бўлади. Биринчи, кейинроқ иккинчи ва учинчи жароҳат пайдо бўлди. Албатта, қанчадир вақт ўйнадим, аммо керакли натижага эришиб бўлмади. Гарчи юқори бўлмаса-да, ATP рейтингида бўлганман.
Ўсмирлар ўртасида, Иттифоқда ўнталикда бўлганман. Ўзбекистон Республикаси чемпионатини ютганман, финаллар бўлган. Сўнгра мураббийликка ўтдим ва бунда натижалар қизиқарлироқ бўлди.
Мантиқан, кўплаб спортчилар мураббийликка кетишади. Аммо, сизнинг фикрингизча, мураббий бўлимнинг энг яхши тарафи нима? Нега мураббийликка талаб яхши?
Спортчилар фаолиятларини якунлаганларидан сўнг фақат мураббийликка кетишмайди. Хафа бўлишмасин-у, бу ҳаётий ҳақиқат: ёмон спортчи ҳакам бўлади, яхшиси эса мураббий. Сабаби улар спортни билишади, спортни севишади ва нимадир бера оладилар. Яъни, спортчи бўлган мураббий шогирдлари билан ўзи амалга ошира олмаган нарсани қилишга уринади. Шу энг зўр томони. Масалан, сиз бола билан ишлайсиз, унга натижаларга эришишида ва юқорига кўтаришга ёрдам берасиз. Ҳар бир эришилган муваффақиятдан завқоласиз. Ҳеч кимга сир эмаски, теннис моддий нуқтаи назардан яхши даромад келтиради.
Мураббийлик фаолиятингизда қайси шогирдларингиз APT, WTA даражасига қадар кўтарилган?
Фарруҳ Дўстовни айтсак, у билан 1997 йилда ишлаганман. Бир йиллик муддатдан сўнг, у дарҳол порлади. Ўз ёшида мамлатакатда биринчи бўлди ва ўзидан икки-уч ёш катталар ичида учликка кирди. Айнан ўша пайтда Сасун Шашкури (эронлик бизнесмен ва теннис промоутери, Кремль Кубогини ташкил қилгани билан кўпроқ танилган)га алоқага чиқдик. Учрашув ташкил этишни сўрадим. Кўриклардан сўнг Фарруҳнинг келажаги борлиги маълум бўлди ва унга четга чиқиш учун «яшил чироқ» беришди. Шундай бўлдики, Фарруҳ дунёнинг энг яхши юзталигида ўйнади. Бу жуда ажойиб факт. Агар теннисчи дунёнинг топ-100талигига кирса – бу аллақачон даража ҳисобланади. Шундан сўнг 10 йилдан ошиқ вақт давомида Денис Истомин билан бирга терма жамоанинг етакчиси бўлди, у ҳозир ҳам шу соҳада. Унинг фаолиятида ўз ҳиссамни қўшганимдан фахрланаман.
Бундан ташқари, кўплаб шогирдларим Ўзбекистон Республигаси биринчиликларида ғолиб чиқишди, яна кимдир ITF, WTA, ATP даражасида ўйнади. Шогирдларим дунёнинг энг яхши ўнталигига киришди ва орзуларим амалга ошди дея олмайман. Бундай бўлмади. Аммо, кўплаб шогирдларим йирик мусобақалар, жумладан Катта Дубулға турнирларида ўйнашди. Бу ҳам яхши натижа деб ўйлайман.
Яқинда Ўзбекистон термаси Дэвис Кубогида японларни мағлуб этди. Истоминдан ташқари у ерда кўзи чақнаб турган ёшларни кўрдим. Аммо, Истомин ярим кучи билан ўйнагандек туюлди. Шунга қўшиласизми?
Ёш етиб келганини тушуниш керак. Денис 36 ёшда. Бу одатда фаолиятни якунлайдиган ёш. Ўйинчи сифатида, унга катта ҳурмат билан қарайман, аммо унинг бутун маҳоратига қарамай, барибир чегара бор. Бошдан юқори сакраш бироз қийинроқ. Қолаверса, рақиб ҳам анча жиддий эди. Японлар доим яхши ҳаракат қилишган. Бу Истоминнинг ўйнашни хоҳламаганидан эмас. Шунчаки унинг ҳозирги жисмоний ҳолати фаолиятининг чўққисида бўлгани каби эмас. Буни тушуниш керак. У тажрибаси орқали қайсидир маънода терма жамоага ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда.
Афсуски, ҳозирда унинг ўрнини босадиган ҳеч ким йўқ. Масалан, Фомин, бошқа ёш йигитлар бор. Уларга ҳурматни сақлаган ҳолда айтаман, улар у даражадаги ўйинчилар эмас. Ҳозирда бизда Ўзбекистон терма жамоасини биринчи гуруҳда Жаҳонга олиб чиқадиган бундай ўйинчилар йўқ. Фарруҳ билан Денис шундай савияда бўлган дейлик. Ҳатто улар билан ҳам Жаҳон гуруҳига чиқишни уддасидан чиқа олмаганмиз. Кўп марта плей-оффга чиққанмиз, мен ҳатто саноғида ҳам адашиб кетаман, Жаҳон гуруҳига эса бирор марта чиқмаганмиз. Ҳозирда терма жамоанинг даражаси олдингидек эмас.
Денис Истоминни уч сўз билан таърифлаб беринг.
Бу ўйинни ҳис қиладиган инсон десак бўлади. Мен унга ишонаман, у жасур йигит. У олган жароҳатидан сўнг (турнирлар орасида йўлда оғир автоҳалокатга учради – изоҳ.) қайтди ва муваффақиятли эришди. Бу ҳаммага ҳам берилмайди. Қайсидир маънода у омадли йигит ҳам. Унинг фаолияти нимадан бошланган? У Осиё чемпионатини ютди ва AustralianOpen'да иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. Тажрибасиз ўйинчи 1-2 даврада яхши ўйнади, ундан ортиқ эмас. Ҳаммасига тўғри кўз билан қараш керак. Шунчаки мағлубиятга учраш ва қаердадир йўқолиб қолиш қизиқарли бўлмасди. У эса илк ўйиндаёқ Рожер Федерерга тўқнаш келди. Ушбу ўйинни бутун дунё кўрди, у элитага шундай портлаш билан кирди. Ҳа, у учта сетни ҳам ютқазди (AustraliaOpen-2006'нинг илк давраси, 1/64 финал. Истомин Федерерга 2-6, 3-6, 2-6 ҳисобларида ютқазди – изоҳ), аммо бу факт. У фаолиятидаги илк ўйинни Федерерга қарши ўтказди. Биринчи рақамли теннисчига қарши. Федерер – афсона. Бундай ўйин эса доимо ёдда қолади. Истомин жуда омадли, жуда жасур ва шунчаки яхши йигит.
Фарруҳ Дўстов. У кўп йиллар давомида Истоминнинг соясида қолди. Ҳозирда эса терма жамоа сардори. У сизда нимаси билан ёдда қолди?
Фарруҳ жуда иқтидорли йигит. Мен Фарруҳ билан ишлаганимда, у ва Истоминнинг фарқи Дўстов фойдасига жуда катта эди. Ўшанда Фарруҳ ўз тенгдошларининг барчасидан бир бош устун эди. Назаримда, у анча юқори даражада ўйнаши мумкин бўлса ҳам, бироз итальян клубларига ўрганиб қолганди. Клуб теннисининг ўрта даражасида қолган ҳолда, кўплаб йирик турнирларда иштирок этмади. Менимча, бу бироз ёмон таъсир кўрсатди. Агар Фарруҳ Денисдек APTTour мусобақаларида иштирок этганида эди, менимча, ҳозирги ютуқларидан кўпроғига эришарди. Аммо, бунга қарамай, у дунёнинг биринчи юзлигига кирди.
Сардор бўлиш ҳақида нима дейиш мумкин? Нега энди йўқ? У тажрибали одам. Олдин айтиб ўтганимдек, терма жамоада кўп йиллар ўйнади. У Денис билан биргаликда ўйинлар сони бўйича рекордчи. Тажрибанинг ўрнини босиб бўлмади. Шу билан бирга, у тизимни, йигитларни яхши билади. Унинг сардорлигида ажабланарли нарса йўқ.
Агар аёллар тенниси ҳақида гапирсак, Ирода Тўлагановадан сўнг Оқгул Омонмуродовани кўрдик. Аммо, бизнинг эркаклар теннисимиз билан солиштирса, ҳали ҳам контраст мавжуд. Аёллар тенниси ортда қолгандек. Бу нима билан боғлиқ?
Қаранг, эркаклар теннисида топ-100да биздан иккита одам бўлган – Денис Истомин ва Фарруҳ Дўстов. Аёллар теннисида ҳам иккитаси кирган – Ирода Тўлаганова ва Оқгул Омонмуродова. Қолаверса, Омонмуродова ўз вақтида 50-ўринни эгаллаганди, бу жуда муносиб натижа. Лекин бундан ташқари, бизда йигитлардан кўра кучлироқ қизлар термаси бор эди. Бундай ҳолатларни бир неча бор ўтказиб юбордик ва ривожланишга йўл қўйилмади. Булар 1988-90 йилларда туғилган теннисчилар, кучли терма. Влада Экшибарова, Диана Нарзиқулова, Диляра Саидхўжаева, кейин Альбина Хабибуллина, Александра Колесниченко ва Нигина Абдураимова пайдо бўлди. Аслида, ўсиши мумкин бўлган яхши жамоа эди.
Бугунги кунда эса на у, на бошқа терма жамоа асоссиз тарзда заиф натижалар кўрсатмоқда. Бизда молиявий ҳолат камроқ эканлиги ва теннисга эътибор камайганини тушунаман. Аммо, шунга қарамай, янги теннисчиларни етиштириш мумкин эди. Бизда имконият бор, шунчаки ундан фойдаланиш ва у билан ишлаш керак.
Шунингдек, топ-100 рейтингига кирган Варвара Лепченко ҳам ўйнаган. Нега у АҚШга кетган. Бу кўчиш эдими?
Бу одатий кўчиш эди. Унинг ота-онаси АҚШга доимий яшаш учун кўчиб кетишди. Лепченконинг кетишини теннисга алоқаси йўқ. Дарҳол айтаман, у шу ерда ҳам биринчи рақамли эди. Шу ерда ҳам яхши ўйнади. У ерда эса айтган нарсам содир бўлди. Имкониятлар очилганда, инсон яхшироқ очилади.
Федерерни барча даврларнинг энг буюк теннисчиси дейиш мумкинми?
Шубҳасиз. Шарҳловчи ва мураббий сифатида, доим унинг ўйинларидан роҳатланганман. Шахсан мен бундай ўйнаганларни билмайман. Балки, яқин 100 йилда бундай теннисчиларни кўрмаймиз. Федерер – теннис классикаси. Идеал техника. Шунингдек, Рафаэль Надаль ҳам бор. Станислас Вавринка дунёнинг учинчи ракеткаси бўлганда, ундан ўзини қандай ҳис қилаётганини сўрашган. У Ер сайёрасида биринчи рақам эканлигини айтиб жавоб қайтарган. Ундан "Адашмаяпсизми? Сиз рейтингда барибир учинчисиз" дейишганида, у айтган: "Мен одамлар орасида биринчиман, чунки, Надаль ва Федерер – одам эмас. Улар қандайдир одамлардан юқори". Бу Федерер ва Надаль ким эканлигини аниқлашни таъминлайди. Уларнинг натижалари ўзлари ҳақида далолат бериб туради.
Теннис Худоси ва Марат Сафин ҳақида жуда ҳам машҳур теннисча ибора бор. Сизнингча, топ-теннисчи бўлиш учун қандай сифатларга эга бўлиш керак?
Худо инсонга ўйинда ҳаракат қилиш қобилиятини бериши керак. Теннисни юз минглаб инсонлар ўйнайди, аммо биз бир нечтасинигина биламиз. Теннисда нимагадир эришиш учун меҳнатсеварлик билан ишлаш керак. Мен 40 йилдан бери шуғулланаман ва теннисда қандай қилиб натижага эришишни жуда яхши биламан. Теннис осон ва чиройли спорт туридек туюлади. Аммо, бу оғир меҳнат.
Ва албатта, омад элементи. Ҳамма нарсада. Сиз тўпни ўйинга киритаётганингизда, шамол эсади, у тўрга тегади ва учиб кетади. Шундай майда нарсалар. Ёки турнир сеткасида ўтиш мумкин бўлган ўйинчилар тушиши. Омад роль ўйнайдиган шундай кўплаб вазиятлар бор. Аммо, биринчи навбатда – теннисчининг имкониятлари ва ишлаш қобилияти.
Ҳозирда Олимпга ёш испан Алькарас кирди. Нима деб ўйлайсиз, унинг келажаги борми? У йўқолиб қолмайдими?
Доим тахмин қилишдан қўрқаман. Айтганча, Федерер пайдо бўлганда ҳеч ким ҳеч нарсани тахмин қилмаган. Бу йигит эса Надаль билан бирга яқин 20 йилликни ўзиники қилди ва ҳеч кимга бермади. Сиз буни тахмин қила олмайсиз.
Айтайлик, ота-оналар келишади ва сўрашади? "Бу боладан нимадир қилса бўладими?". Ҳеч қачон бундай саволга жавоб бермайман. Аксинча, агар қайсидир мураббий болангиз ўйнаб кетади деб айтса, бу мураббийга ишонманг дейман. Ҳеч ким олдинда нима бўлишини билмайди. Худо қандай берса, шундай бўлади! Агар бу йигит меҳнат қилса ва тўғри йўналишда ишласа, муваффақиятга эришиши мумкин. Эскича кўринаётган бўлишим мумкин, аммо яқин келажакда Федерер, Надаль ва ҳатто Жоковичнинг ўрнини боса оладиган ўйинчиларни кўрмаяпман. Аммо, бу ерда рақобат факторини ҳам ҳисобга олиш керак. У йилдан йилга кучаймоқда. Жуда кўп мамлакатлар бу жараёнга кириб кетишган. Барча мамлакатларда ушбу спорт турида жадал суръатлар билан ривожланмоқда, кортлар қурилмоқда, турнирлар ўтказиляпти. Ҳозирда тақвимга тегиш деярли имконсиз. ATP, WTA, ITF тақвимга қандайдир турнирни кирита олмайди, сабаби улар жуда кўпайиб кетди. Айтайлик, олдин турнирга йўлланмани қўлга киритиш учун 32 иштирокчидан иборат тўрдан ўтиш керак эди, кейин 64та бўлди, кейин 128та, ҳозир яна ҳам кўпроқ, ундан олдин ҳам саралаш қўшилди. Ҳозир йўл шунчаки узунроқ. Ҳозирда юқори мақсадлар билан бундай йўлдан ўтиш 20 йил олдингига қараганда қийинроқ бўлиб қолди.
Шундай қилиб, рақобат туфайли юлдуз Эмма Радукану USOpen 2021'даги ажойиб иштирокидан сўнг йўқолиб қолганми?
Ҳозирда юқорида туриш жуда ҳам қийин. Сабаби у учун бир неча нафар теннисчилар эмас, балки юзлаб ва минглаб ўйинчилар қадам ташлашмоқда. Ҳар қандай 25, 50, 100 минг долларлик соврин жамғармасига эга турнирни олинг... ўшанда уларнинг барчаси бир хил даражада муносиб ўйнаётганини кўрасиз. Шунчаки, кимнидир кўпроқ омади келади, кимдадир тажриба кўпроқ. Кўплаб турнирларни кетма-кет ютиш - жуда қийин, деярли имконсиз.
Унчалик ёқимли бўлмаган яна битта мавзу. Бу бутун дунёдаги теннис билан боғлиқ. Теннис футболдан ҳам кўра кўпроқ келишилган ўйинларга тўла дейишади. Ўзбек футболида бундай воқеалар кўп бўлган. Бунгай қандай фикр билдирасиз?
Бунга доим салбий муносабатда бўламан, бўлганман ва бундай кейин ҳам шундай бўлади. Агар биз спорт ҳақида гаплашсак, барчаси ҳаққоний бўлиши керак. Ҳозирги вақтда спорт бизнесга айланди. Менга теннисчиларнинг даромади уларнинг сарфларини қопламаётганини тушунтириб беришди: ҳаражатлар катта, турнирларнинг соврин жамғармаси кичик. Уларга тотализаторда ўйнашларига тўғри келмоқда. Агар сен пул ишлаш учун ўйинни шунчаки совға қилиб юборган бўлсанг, теннисни тугатишинг керак. Бу спорт эмас - қимор. Спорт казинога айланиб кетмоқда. Мен бунга мутлақ қаршиман. Агар кимнидир овлашса, буни муносиб жазо эканлигини тушунаман. Бизнинг баъзи спортчиларимиз ҳам шу йўлдан кетгани жуда ачинарли. Бу ҳақда эшитсам, хафа бўламан. Бу нотўғри, бундай бўлиши керак эмас.
Теннис билан шуғулланиш қимматми?
Агар сиз болани умумий ривожланиш учун теннис билан шунчаки шуғулланишга бермоқчи бўлсангиз, унда кичик гуруҳларда шуғулланиш мумкин. Бу нисбатан мақбул нархлар. Маълумки, бу футбол билан шуғулланишдан кўра бироз қимматроқ бўлади. Бу ерда фақат асбоб-ускуналар қимматроқ туради, яна корт ижараси ҳам. Аммо, қандайдир натижа, мураббийнинг якка ишлашини хоҳласангиз, харажатлар албатта ошади. Аммо, болаларини олиб келадиган ота-оналарга доим шундай дейман: "Болангиз буюк спортчи бўлмаса ҳам, соғлом инсон бўлади". Бола банд бўлади. Иши йўқ болани эҳтимолий жиноятчи деб ҳисоблайман. Унинг теннис ёки бошқа спорт турида бўлишининг фарқ йўқ, аммо у шуғулланади. У қандайдир фойдасиз ва кераксиз нарсалар ҳақида ўйламайди. Бу хоҳ теннис бўлсин, хоҳ амалий санъат, қўшиқ айтиш, бунинг фарқи йўқ. Теннис ҳам бошқа спорт турлари билан бир хил. Гольф, теннис ва от спорти доим элита ҳисобланган. Буни биз ўйлаб топмадик - доим шундай бўлган. Ва бу спорт турларида доим талаб бўлган.
Ўзбек теннисининг келажаги борми?
Ҳаммасида келажак бор, албатта (кулади). Фақатгина бунинг устида ишлаш керак. Мен Теннис Федерацияси раҳбарияти билан бир неча бор гаплашганман ва ҳозир буни тасдиқлайан: Дэвис Кубоги ёки Федерация Кубогида қандайдир мўлжиза орқали муваффақият қозонишга уриниш керак эмас. Очиғини айтиш керак, ҳозирда бунинг учун ҳеч нарса йўқ. Ўйинчилар йўқ. Аммо, буни қилиш мумкин. Бунинг учун, барча кучни болалар теннисини ривожлантиришга ташлаш керак. Теннисни оммабоп қилмас эканмиз, бизда теннис кортлари болалар билан тўлмас экан, натижаларга эриша олмаймиз. Қанча кўп бола теннис билан шуғулланса, бизда шунча кўп танлов бўлади. Мисол учун пирамиданинг пойдевори қанча катта бўлса, унинг юқори нуқтаси ҳам шунча баланд бўлади. Агар асос кичкина бўлса, тепаси ҳам юқори бўлмайди, сабаби пирамида барқарор эмас. Шу сабаб ушбу спорт турини оммалаштириш керак, болалар билан болалар боғчасиданоқ, мактабдаги илк синфларданоқ шуғулланиш керак, болаларга сармоя киритиш зарур. Шуни тушуниш керакки, шундай қилинса, биринчи натижалар яқин 7-10 йилда пайдо бўлади. Аммо, биз буни ҳозир қилмасак, 10 йилдан кейин бу масалаларни прогнозларда кўриб чиқамиз.
Сиз шарҳловчи Александр Елагин билан танишмисиз?
У ҳақида эшитганман, аммо таниш эмасман.
Нега буни айтяпман... унинг иккинчи касби - театр актёрлиги. Сизни санъатдаги фаолиятингиз орқали ҳам билишади. Кинодаги фаолиятингиз ҳақида гапириб беринг. Умуман бу қандай бошланди?
Бу воқеа ўз-ўзидан бошланди. Менга режиссёр ёрдамчиси Бақо Содиқов қўнғироқ қилди ва менга қизиқишларини айтди. "Беҳбудий" фильмини суратга олишмоқчи эди - бу тарихий фильм. Табиийки, мен ҳайрон қолдим. Чунки, мен кинога космонавтикадек муносабатим бир хил, яъни ҳеч қандай. Маълум бўлишича, Бақо Содиқов менинг дастурларимни томоша қилган ва уни нимадир ўзига тортган. Унга шундай кўринадиган персонаж керак бўлган. Мен ҳатто ҳеч нарсани ўйнашим ҳам керак эмас эди. Яъни, суратга олиш майдончасига чиқиб, доим қилиб юрган ишимни қилишим керак эди. Бу менинг биринчи тажрибам эди. Жуда ҳам ёқди. Шундай бўлдики, параллел равишда менга бир сериалда, кейин бошқасида ўйнашни таклиф қилишди. Мен рад қилмадим, сабаби менга ҳақиқатдан ҳам жуда қизиқ бўлди. Бу актёр бўлишни хоҳлашим ва мен ҳақимда актёр сифатида гапиришлари учун эмас. Менга ҳар доим янги нимадир нарса қилишга қизиқаман. Бу ҳолатда кино менга олдин бегона бўлган йўналиш бўлди. Ўзимни синаб кўрдим ва кейин сериалларда янги роллар таклиф этишди. Менда битта катта сериалда бош роль бор ва ҳозирда яна 10та фильм серияси намойишга тайёрланмоқда.
Бошқа фаолиятларингиздан кўра кино кўпроқ гонорарлар олиб келадими?
Йўқ, албатта. Катта гонорарлар олиш учун таниқли ва талабга эга актёр бўлиш керак. Айни дамда мен ўзимни актёр деб ҳам атай олмайман. Ҳа, ролларга таклиф қилишмоқда, аммо бу ҳали актёр бўлганимни англатмайди. Гонорар шартларини белгилаш ҳуқуқига эга эмасман. Табиийки, тўловлар келишиб олинади, чунки теннис мураббийи сифатидаги бандлигим қандайдир тарзда қопланиши керак.
Спорт ТВ. Сиз бошқа спорт турларида ҳам ишлаши мумкин бўлган энг яхши спорт шарҳловчилардан бири эдингиз. Нега кетдингиз?
Олдинлари актёрлар нега уларга кинодан кўра театрда ўйнаш қизиқроқ эканлигини айтишганда тушунмасдим. Менга кино кўпроқ томоша қилинади ва кўпроқ халқ сени биладигандек туюларди. Шарҳловчи сифатида уларнинг сўзларини тушундим. Театр – бу ҳудди жонли эфирдек. Кино – барибир ёзиб олинган бўлади, унда 25та дублга тушасиз ва ундан бирини танлашади. Бизда иш ҳам бор эди. Мен ёзувга ишлашга тоқат қила олмадим. Жонли эфирда кўрмасанг, эртасига ёзиб олинган нарса сенга қизиқ бўлмайди. Барча натижани билган бўлади. Инсонларга қизиқ бўлмаган нарсани шарҳлашни унчалик хоҳламадим. Сўнгги пайтларда ёзувлар учун кўп ишланди. Жонли эфирлар деярли йўқ эди.
Спорт канали "Футбол" каналига айланишни бошлади... футболга қаршилигим йўқ. Ҳар бир спорт турининг маълум вақт чегараси бор. Бошқаларга ишлашга бериш ва четга чиқиш вақти келди деб ўйлайман.
Телеканал теннис ўйинларини тез-тез кесилган ҳолда берганини тушунаман. Аммо, энг эсда қоларли ўйин ҳақида сўрамасам бўлмайди.
Телевидениядаги 25 йиллик фаолият ва ҳар йилига 50тадан турнир ўтказилишини ҳисобга олганда... Нечта турнирларни шарҳлаганимни тасаввур қила оласизми? Шу вақт ичида кўплаб ўйинларни шарҳладим, уларнинг кўпи жонли эфирда. "Катта дубулға" ва Олимпия ўйинларида. Аммо, менга ўзимизнинг турнирларда ишлаш кўпроқ ёқди. Афсуски, 2000 йиллар бошида тугатилган Ўзбекистон Президенти Кубоги, TashkentOpen, Дэвис Кубогининг жонли трансляциялари. Бу қизиқ эди, чунки мен бевосита стадионнинг ўзида эдим. Шахсий рекордим Президент Кубогида ўрнатилди - 10 дақиқалик иккита танаффус билан 8 соат 15 дақиқалик жонли эфир.
Вау!
Шундай ўйинлар эсда қолади. Уларда қандайдир бошқача ишлайсиз. Бизда бирлашган гуруҳ бор эди. Режиссёр Вали Ёқубов. У билан ишлаш шунчаки идеал эди. Чарчаш билинмасди...
Катта трансляцияларда ишлаш бўйича катта тажрибангизни ҳисобга олганда, Олимпиаданинг очилиш маросимларида ишлаганмисиз?
Бир неча бор Олимпия ўйинларининг расмий маросимларида ишлаш бахтига муяссар бўлганман. Лондон, Рио-де Жанейро, Сочидаги қишки Олимпия ўйинлари, Осиё Ўйинлари. Уларда ҳам ишлаш қизиқ. Умуман олганда, бошқа спорт турларида ишлаш мен учун жуда қизиқ эди. Масалан, бадиий гимнастика - катта завқ! Бошида нега бу ерга келганимни тушунмаганман. Аммо, бошланганда, бу спорт турини шарҳлаш қизиқ бўлган. Спортчиларимиз билан спорт гимнастикаси бўйича Осиё чемпионатини жонли эфирда шарҳладим. Мен билан шарҳни Олимпия чемпионлари Светлана Богинская ва Оксана Чусовитина олиб боришди. Бундай лаҳзалар жуда ҳам эсда қолади. Бу эҳтимол, шарҳловчилик ишининг лаззатидир.
Лондон-2012 Олимпиадасининг очилиш маросими. Унинг энг зўр бўлганига қўшиласизми?
Бундай демаган бўлардим. Масалан, Пекин Олимпиадасида ҳам ишлаганман ва у ҳам ўзига хос тарзда ажойиб ўтганди. Лондондагида Жеймс Бонд вертолётда қироличани олиб келганида ҳам қизиқ бўлган. Ҳамма жойда қайсидир лаҳзалар қизиқарли ва чиройли чиқди. Рио-де-Жанейрода ушбу мамлакат тарихи, ҳиндуийлар, карнавалларга урғу берилиши тушунарли эди. Буларнинг барчаси ранг-баранг ва чиройли бўлади. Хитойликлар барчасини пиротехника электроникани максимал тарзда жалб қилган ҳолда қилдирлар. Лондондаги Олимпиада яхшироқ бўлди дея олмайман.
Шунда барчаси ўзига хосми?
Барчаси ўзи хос. Сочидаги Олимпиада ҳам. Айниқса ёқилмаган бешинчи ҳалқа билан. Бир неча соат қолганда бизга юборилган сценарий қўлда бўлиб туриб, импровизация доим бўлгани энг қизиғи эди. Сценарийда бўлмаган нимадир нарса рўй берганди. Шарҳловчи жуда серқирра инсон бўлиши керак деб ҳисоблайман. У спорт ҳақида тушунчага эга бўлиши керак ва уни севиши керак. Санъат, сиёсат, география, тарих ҳақида. Шарҳловчининг билим доираси жуда катта бўлиши керак. Агар шарҳ давомида фақат спорт ҳақида гапирсангиз қизиқарли бўлмайди. Буни шундоқ ҳам барча ўтириб, тушуниб туради. Шарҳловчи мутлақ кенг маълумотларга эга бўлиши керак, шунда трансляцияни эшитиш ва кўриш қизиқ бўлади.
SportTV'да сиз билан бирга теннисни Комилжон Жумаев шарҳлаган. У ҳозирда "Металлург" футбол клубининг матбуот котиби ҳисобланади. У ҳам универсал шарҳловчими?
Жумаев билан узоқ муддат ишладик. У билан жуда яхши муносабатдаман. Ҳа, у универсал. Менга инсоннинг қўрқмаслиги ёқади. Унга от спортини шарҳлашни айтинг - у от спортини шарҳлайди. Бошқа қандайдир спорт тури? Муаммосиз. Микрофон ва янги нимадир олдида унда қўрқув йўқ. Энг асосийси, камчиликларга қарамай, унга қўнғироқ қилиб, теннисдаги вазиятлардан бирида уни нотўғри баҳолаганини айтардим. Бу оддий иш соатлари. Аммо, у катта луғатга эга. У ҳар қандай вазиятдан чиқишни билади. Кўпгина шарҳловчиларда пауза ёки техника сигнал бўйича панд бергани каби, унда ҳеч қандай муваффақиятсизлик бўлмаган. Теннисда ўйинчи жароҳат олганда паузалар бўлади. Футболда ҳам баҳсли вазият содир бўлганда ва ҳакам мониторни кўришга йўл олган пайт, шундай ҳодиса бўлади. Ўйинлар давомидаги паузалар шарҳловчининг даражасини аниқлаб беради. Ўйин вақтидаги ҳаракатларга келсак - кўрган нарсангизни шарҳлайсиз. Ҳеч нима рўй бермаганда ва паузаларни тўлдириш керак бўлган пайт - мана шу шарҳловчиликнинг ҳақиқий санъати. Агар у [шарҳловчи] паузаларни тўлдиришни билмаса, у муваффақиятсизликка учрайди ва эфирда тинчлик содир бўлади. Тинчлик томошабин учун бўшлиқ каби оддий расмдир. Жумаевда эса шундай сифат бор. У вазиятдан чиқа олади ва ҳар қандай нарса ҳақида гапиришни билади. Масалан, қандайдир ҳикоя айтиб бериш. У томошабиннинг зерикиб қолишига йўл қўймайди.
Ўзбекистондаги спорт каналлари тармоғи кўпроқ вақтни футбол ва якка курашларни кўрсатиши, теннисга эса камроқ вақт ажратиши сизни хафа қилмайдими...
Ҳар қандай телеканал томошабинга қарайди. Нима бўлишидан қатъий назар, тушуниш керакки, футбол энг оммавий спорт тури. Бу миллионлар ўйини, мен ҳатто миллиардлар ўйини деган бўлардим. Футболда кўпроқ вақт ажратилиши нормал ҳолат. Бу жуда мантиқий. Шунчаки бошқа спорт турларини бутунлай олиб ташлаш креак эмас. Акс ҳолда, уни СПОРТ ТВ эмас, "Футбол" канали деб номлаб қўйинг ва тамом.
Турли интервьюларда сиз ҳозирги таниқли билимдонлар билан "Заковат"да қандай ўйнаганлингизни ўқидим. Қандай қилиб интеллектуал ўйинларга қизиқиб қолдингиз?
Бу борада ҳаётда омадим бор. Қандайдир воқеалар янги турдаги фаолият фойдасига ишлайди. Бир кулгули ҳолат рўй берганди. "Заковат" асосчиси Абдурасул Абдуллаевнинг боласи бизда ЦСКАда теннис билан шуғулланарди. Кортда туриб, машғулотлар қилдирдим. Кимдир ўтириб, кроссворд топди. Менга қандайдир саволлар беришди ва мен жавоб бердим. Яъни ҳарфлар сонига қарамасдан, саволларга жавоб бердим.
"Заковат" асосчиси Абдурасул Абдуллаевга маслаҳатчи сифатида ёрдам бердим. Кейин шундай пайт келдики, менга жамоада ўйнашни таклиф этишди. Мен эса рад этмадим. Биринчи ўйиним режиссёрлар жамоасида бўлди, ўшанда жамоада ҳозирда магистр бўлган ёш Бобур Ёқубов, шунингдек Зульфиқор Мусоқов ўйнаган. Ўша ўйинда ғалаба қозондик. Сўнгра бир қанча ўйинлар ўйнадим, кейин тасодифан янги жамоа тузишга тўғри келди ва мен унинг сардори бўлдим. Яхши жамоа бўлди. У ерда Мурод Ҳамроев ва Жобир Аҳмедовлар ўйнашди.
Қолаверса, кўплаб таълим муассасаларида ишлаганман. Бу InterHouse лицейи, ҳозиргача хусусий мактабларда ишлайман ва интеллектуал ўйинлар олиб бораман. Бола сифатида келган жуда кўп инсонлар ҳозирда яхши ўйинчилар бўлишган. Ўзлари ўйинлар ташкил этишмоқда. Кимгадир бундай қилиш учун туртки берилгани яхши.
Интеллектуал ўйинларда қатнашиш бўйича бироз тажрибам бор. Аммо, тажрибали ўйинчи сифатида сизга савол туғилади: тўғри жавоб учун кўпроқ билим керакми, ёки мантиқ?
Умуман олганда, бошида квизлар оммавий иштирок этиш учун ташкиллаштирилган. Профессионал ўйинчилар, мутахассислар ва интеллектуаллар учун эмас деган маънода. Улар шунингдек Англия ва Францияда паб-квизларни ташкил этишди. Шундан сўнг бу бизга етиб келди. Бугунги кунда ҳар қандай хоҳловчи одам ўйнаши мумкин. Албатта, ўйинда маълум тажрибага эга бўлганлар ғалаба қозонади. Сабаби, катта билимга эга бўлсангиз ҳам, ўйин ҳеч қандай натижа бера олмаслигингиз мумкин. Ўйиннинг ўзига хос қоидаси бор: вақт чегараси, саволнинг ўзига хос тузилиши ва жамоавий ишлашнинг катта аҳамияти. Квизлар барибир шахсий эмас, жамоавий ўйиндир. Бу ерда тинглашингиз ва бунга ишонсангиз, ўз фикрингизни билдира олишингиз керак. Ва табиийки маълум миқдордаги билим ва мантиқ, яъни ҳаммаси биргаликда бўлиши керак. Агар буларнинг барчаси бўлмаса, натижа ўртача бўлади.
НТВдаги "Менинг ўйиним"да икки бор иштирок этгансиз. Ўз кучингизни русча "Нима? Қаерда? Қачон?" синаб кўрмаганмисиз?
Элита клубидаги билимдонлар билан жуда яхши муносабатларим бор. Александр Друзь, Александр Рубин, бир мунча вақт Борис Бурда билан дўстлашгандик, ҳозир эса қандайдир алоқа йўқолган. Балаш Касумов билан яхши муносабатларим бор. Аммо, телевизион лойиҳада иштирок этиш масаласини кўтармадим, айниқса у ерга талпинмадим. "Менинг ўйиним"да ҳам ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолдим. Мени таклиф этишди, Москвага келдим ва ўйнадим. Кейин иккинчи марта ҳам. Аммо, бу ҳақиқатдан ҳам қизиқ эди. Ўша пайтда мен "Менинг ўйиним"ни ўзбек тилида ўтказди, сўнгра уни бошқа ном билан рус тилида олиб бора бошладим.
Бошловчи бўлиш бир нарса, ўйинчи сифатида бу тарафда бўлиб, саволларга жавоб бериб, энг муҳими тезлик билан қилиб ўзингни ўйинчи сифатида синаб кўриш... Албатта, бу ерда маълум бир адреналин ва ҳаяжон бўлади. Саволга жавобни билган пайтларимда қандайдир ўчиб қолган ва буни сўзда айта олмаган пайтлар бўлган. Шу билан бирга, кечаси мени уйғотсангиз, ушбу саволга ҳеч қандай муаммосиз жавоб бера олардим. Бундай аламли вазиятлар бўлади. Аммо, бу мен учун жуда яхши ўйин тажрибаси бўлган.
Таниқли хонанда Наргиз билан ҳам ишлайсиз. Унинг истеъдодига ҳурматни сақлаган ҳолда айтиш мумкинки, у эстрадада кеч юлдуз бўлганга ўхшайди...
Наргиз ҳақида 80-йиллардаёқ илк қўшиқларини куйлаган билишган. Унинг иқтидорли хонанда эканлиги ўша пайтдаёқ маълум эди. У кўплаб лойиҳаларда иштирок этган, масалан ўша пайтда Юрмаладаги машҳур конкурс. Аммо, бу ҳаёт, унда иммиграция бўлди, бошқа давлатга кўчиб ўтди. Табиийки, у ерда барчасини бошидан бошлашга тўғри келди ва албатта, у ҳақида ҳеч ким билмасди (гап АҚШ ҳақида кетмоқда - изоҳ). У ерда кимдир таниши учун буни исботлаш керак эди. Айтганча, у Америка лойиҳаларида ҳам иштирок этган. Шундай бўлганки, у Америка ва Россия лойиҳаларида финалга чиққан. Ўйлайманки, у яна бошқа лойиҳаларда, масалан, Британиядаги лойиҳаларда иштирок этиши ва яхши натижаларга эришиши мумкин эди. Ўша пайтда у Россия лойиҳаларида қатнашиш керак деб ҳисоблаган. Натижа барчага маълум (Наргиз 2013 йилда Американинг TheX-Factor лойиҳасида саралашнинг уч босқичидан ўтган, аммо ташкилотчилар қўнғироқ қилишмаганидан сўнг, Россиянинг "Голос" телевизион лойиҳасига йўл олган - изоҳ)
Агар сизга кимдир билан кофе ичиш таклиф этилса, у ким бўларди?
Ким билан суҳбатлашишни хоҳлардим? Нафақат 10 дақиқа, балки Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)ни ҳеч бўлмаганда кўриш имконияти бўлса ва шунчаки ёнида ўтирсам эди. Агар шундай имконият бўлса, буни энг бахтли оним деб ҳисоблардим. Бошқа барча одамлар худди биз каби. Худди шу иллатлар, камчиликлар билан. Албатта, улар нимадирни ўргантишлари ёки нимадир дейишлари мумкин. Аммо, мен учрашишни хоҳлаган ягона шахс - бу Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.).
Рожер Федерердан ташқари топ-3 теннисчилар
Надаль, Сампрас ва Штеффи. Род Лайверни ҳам қўшиш мумкин. У "Катта дубулға"ни икки бор ютган ягона ўйинчи. Жисмоний ҳолат ва бўйини ҳисобга олсак, у мўжиза кўрсатди. Мартина Навратилова - шунчаки буюк спортчи. Учталикни аниқлаш қийин. Сампас ва Граф - буюк спортчилар.
Ўзбекистонни 25 йилдан кейин қандай кўрасиз?
Мен мамлакатимиз ривожланган, яхши иқтисодиётга ва ҳаёт даражасига эга бўлган мамлакат бўлишини орзу қиламан. Асосийси - жанжал ва урушларсиз тинч мамлакат... Ушбу мамлакатда ҳар қандай миллат ва динга мансуб бўлган инсонлар яшаши учун. Бу ер жаннат бўлиши учун...
Савол футбол билан боғлиқ, лекин бу анънавий саволим бўлиб, интервьюнинг барча меҳмонларидан сўрайман: Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионатига чиққан пайт неча ёш бўласиз?
(кулади) Тўғрисини айтганда, Ўзбекистон терма жамоасида аллақачон яхши имкониятлар бўлган. Агар футбол атрофидаги барча негативни олиб ташлаб, футболни қолдирсангиз... Тез орада буни ўз кўзим билан кўришим мумкин. Ўзбек футболидаги инсоний иллатларни йўқ қилиш керак. Бу очкўзлик, порахўрлик ва раҳбарларга пахта қўйиш. Шундай нарсаларни олиб ташлаб, тоза спортни қолдириш керак. Бизнинг давлатда истеъдодли футболчилар кўп. Улар яхши даражада. Бизнинг футбол жуда кучли эканлигига ишончим комил. Майли, бу қўпол эшитилар, аммо ўзбек футболидаги барча чириган нарсаларни олиб ташласак, шунда ҳаммаси яхши бўлади. Тўғрисини айтсам, шу келишилган ўйинларни ўқиб, Ўзбекистон чемпионатини томоша қилишни тўхтатдим. Бу футбол эмас.
Спортни тинч қўйинг. Бу бизнесга айланганини тушунаман. Футболчилар ўзларини кўрсатиш учун ҳақиқатдан ҳам ўйнашга беринг. Ва шунда кўпроқ пул топасиз. Бу асрда терма жамоамизни Жаҳон чемпионатида кўришимни аниқ биламан.
Евдоким Раимов суҳбатлашди
Алишер Остонов таржимаси
Фикрлар