28 янв 15:02
Янгиликлар
Коби Брайантнинг ёрқин хотирасига бағишланади. Энг рақобатли дўстлик...
Спорт - бу курашлардан иборат аслида. Азалдан ҳар қандай спорт турида буюк рақобатлар юзага келганини биламиз: Роналдо-Месси, Пакьяо-Мейвейзер, Тайсон-Холифилд, Конор-Хабиб, Федерер-Надаль…
Биламан, бу рўйхатни сиз ҳали узоқ давом эттиришингиз мумкин, аммо биз бугун сўз юритмоқчи бўлганимиз…
Қуйида сиз билан Леброн Жеймснинг дўсти, марҳум Коби Брайантга берган ваъдаси ва уни қандай бажарганини кўриб чиқамиз.
Леброн 2003 йилда NBA'да дебютини ўтказди. Коби эса 2016 йил фаолиятини якунлади. Ўтган 13 йил ичида улар мухлисларга олам-олам завқ улашишди. Бу йиллар мобайнида «Қора Мамба» 2 марта, 2009-2010 йилларда чемпион бўлди, 2012-2013 йилларда эса «Қирол Жеймс». Рақобатнинг сўнгги йилида Леброн NBA'да учинчи чемпионлигини тантана қилди, Коби эса фаолиятини якунлади.
Бу йиллар оралиғида улар бир-бирига энг ашаддий рақиблар эди. Ҳеч қурса, футболда Месси-Роналдо ўзаро ёмон муносабатда эмас, қолганларини эса ўзингиз яхши биласиз. Аммо баскетболдаги бу икки рақиблар ростакамига дўстона муносабатда эди. Улар АҚШ термаси сафида 2008 ва 2012 йилги Олимпиада чемпионлигини ҳам қўлга киритишган. NBA'да эса бир-бирининг рекордларини янгилаётган бу шоввозлар ҳеч қачон ўзаро низога боришмаган.
Бунга кўпроқ Брайант сабабчи бўлса керак, доим кулиб турадиган, ҳушчақчақ, ҳазилкаш, очиқкўнггил инсон эди. Мен уни футболдаги Роналдиньога ўхшатаман. Такрорланмас ва ўзгача гўзаллик касб этувчи ҳаракатларидан ҳам кўра, инсонийлик жиҳатдан - ҳаттоки қўполлик ишлатган рақибга ҳам кулиб қараб туришини бразилиялик афсонага менгзайвераман.
Кобисиз ўтган бир йил Лебронга жуда зерикарли туйилди шекилли, кейинги – 2018 йилда Уни излаб Лос-Анжелесга, Брайант бутун фаолияитини бағишлаган «Лейкерс» жамоасига борди.
Шу тариқа Жеймс «Лейкерс» учун ўйнай бошлади. «Қора Мамба» эса «Mamba sports academy» номли ўз мактабини очиб, қизи Жанна ва унинг тенгдошларига баскетбол сир-асрорларини ўргата бошлади.
Аммо бешафқат тақдир Кобининг бу ишларини давом эттиришга «руҳсат бермади». 2020 йил аввалида Леброн NBA тарихида энг кўп очко жамғарган баскетболчилар рўйхатида 3–ўринда турган Брайантни қувиб ўтди. Биринчилардан бўлиб Коби уни ижтимоий тамоқлар орқали табриклади ва иккинчи ўринга кўтарилишида омад тилади.
Афсуски, бу унинг сўнгги твити эди…
2020 йил 26 январь, Калифорния штатидаги Калабасас шаҳарчасида бортида Коби ҳамда 13 ёшли қизчаси Жаннадан ташқари 7 киши бўлган вертолёт қулаб тушди ва барча йўловчилар вафот этишди.
Леброн Леймс ҳам кўп куттирмасдан ижтимоий тармоқларда чиқиш қилди. У ҳақида ёзишга уринаётганда у ва Жаннани эслаб йиғлаб ёзолмаётганини, дўстини соғинаётгани ва уни жуда яхши кўришини айтган Леброн унинг меросини давом эттиришга ваъда берди (мавсумни Коби учун чемпионлик билан якунлашга ваъда деб қабул қилганди кўпчилик ўшанда). Шунингдек, бу йўлда ўзини кўкдан қўллаб туришини сўраган Жеймс постини – «Яна кўрушгунча менинг акам» сўзлари билан тугатган эди.
Шундан сўнг, «Стэплис Центр» (ҳозирги Crypto.com арена) даги илк ўйин 31 январь куни «Трэйл Блэйзэрс» жамоасига қарши ўтди. Шу куни марҳум спортчининг хотира кечаси ўтказилди. Майдонга барча ўйинчилар 8 ва 24 рақамли либосларда тушиб келишди. Майдондаги барча ўриндиқларга ҳам мазкур либосларни қўйиб чиқишди. Сўнг марҳум хотирасига 1 дақиқалик сукут сақлашди ва Коби ҳақида видеоролик қўйилди. Шу куни сўз олган Леброн: «Мен жамоадошларим билан бирга унинг меросини нафақат бу йил, балки ўзимиз севадиган баскетбол ўйинини ўйнай олсак, давом эттираверамиз, чунки Коби Брайант шуни хоҳлайди», – деган эди.
Ўйин бошлангач эса «Лейкерс» 24 сония, рақиб «Трэйл Блэйзэр» эса 8 сония ҳужум қилмади.
7 февралдаёқ ваъдасини бажаришга киришиб кетган Леброн «Рокетс»га қарши баҳсда Брайант услубида данк амалга оширди. Эътиборлиси, ушбу данк ҳам айнан 3-чоракда, қарши ҳужумдан кейин амалга оширилганди.
17 февраль. «All Stars». Леброн жамоаси Яннис жамоасига қарши. Чикаго шаҳридаги «Юнайтед-центр» ўйингоҳида Леброн томон 2-рақамли, Яннис томон 24-рақамли либосларда ҳаракатланишди.
24 февраль. «Лейкерс» лигадаги энг асосий рақиби «Селтикс» (энг кўп чемпион бўлишда бостонликлар битта кўп натижага эга эди) билан ўйнади. 114-112 ҳисобида Леброн жамоадошлари ғалабани қўлга киритиб, уни Коби ва Жаннага бағишлашди. Тақдир ҳаммасини бир-бирига узвий боғлаганди. Иккинчи ой, йигирма тўртинчи сана. «Мамбасита» 2-рақамда, «Қора Мамба» 24-рақамда ўйнаган ва камига бу санадаги ўйин Бостон шаҳри жамаосига қарши. Қизиқ, тўғрими..?
7 март куни «Лейкерс» плей-офф масаласини ҳал қилгач, Леброн эски ваъдасини ёдга олиб пост қўйди ва янада кўпроқ ишлашини айтди, аммо 12 март NBA'даги охирги ўйин куни бўлди. Ўртага Covid, карантин кабилар аралашиб чемпионат рестарти шу йилнинг 31 июлига қадар чўзилди. Ҳар тугул, Кобининг туғилган кунига совға қилса бўлади. Бир кун олдин эса «Қирол» Инстаграмига пост қўйди - «Марафон давом этади, бугун тунда ва ҳар доим. Олға!», - каби сўзлар билан қуйидаги расмни жойлади.
Рестартни ҳамшаҳарларига қарши ғалаба билан бошлаган «Лейкерс» кейинги босқич йўлланмасини ҳал қилиб бўлгани сабабли қолган ўйинларга жиддий эътибор бермади. 1/8 босқичида «Трэйл Блэйзэрс» га дуч келган Лос-Анжелесликлар Афсонанинг туғилган кунига қадар 2-1 ҳисобида олдинда эди. Тўртинчи ўйин «AdventXels Arena»да бўлиб ўтди ва унга Леброн дўстининг либосида ташриф буюриб, мазкур ўйинда ҳам 115-135 ҳисобида ғалаба қозонди. Яна бир тасодиф - эътибор берган бўлсангиз, Кобининг хотира ўйини ҳам айнан портлендликлар билан ўтказилган эди.
Шундан сўнг, плей-оффнинг кейинги босқичларида «Рокетс» ва «Наггетс»ни 4-1 ҳисобида мағлуб этиб, конференция ғолиблигини қўлга киритди. Эндиги навбат ўн еттинчи NBA чемпионлигига. Бу йўлда Жеймс қадрдон жамоаси, «Ҳитс»га қарши баҳс олиб борди. Якунда эса 4-2 ҳисобида майямиликларни таслим этиб, БEРГАН ВАЪДАСИНИНГ УСТИДАН ЧИҚДИ. 12 октябрь куни чемпионликни тантана қилган Леброн Жеймс 15 октябрда ўз Instagram саҳифасига қуйидаги постни жойлади.
"Умид қиламанки, сенинг фахрингга эришдим. Сени яхши кўраман ва сени соғиндим чемпион!"
26 январь афсонавий баскетболчи энг яхши Дада, шунингдек намунали оила бошлиғи, футболнинг энг машҳур мухлиси Коби Брайант вафот этганига 2 йил бўлди. Нафақат NBA ва нафақат баскетбол олами, балки бутун дунё спорт аҳли сени соғиняпти. Афсуски, ўзинг айтганингдек «MAMBA OUT».
Наврўзбек Мамазиёев тайёрлади
Фикрлар
Иккинчи хурмат килган баскетболчим бу албатта Kobe Bryant.